muslim.uz

muslim.uz

السبت, 15 نيسان/أبريل 2017 00:00

ҲАР СЎЗНИНГ ЎЗ ЎРНИ БОР

Савол: Калималарни хато қўллашнинг ёки диний атамаларни ўзгартиришнинг зарари йўқми?

 

Жавоб: Калималарни янглиш қўллаш, кишига балки ёқимлидек кўринар, аммо диний калималарни бузиб ишлатиш асло мумкин эмас. Чунки инсон биргина сўзни нотўғри қўллагани оқибатида диндан чиқиб қолиши мумкин. Диний калималарни жой-жойида ишлата олмаслик диний илмларда нуқсони борлиги сабабидан бўлади. Ҳатто динга ҳеч алоқаси йўқ баъзи кимсалар маҳмадоналик учун диний калималарни ишлатади. Масалан, ўқишга келган йилини образли қилиб гапирмоқчи бўлиб “Мен қишлоғимдан Тошкентга ҳижрат қилганимда” дейди.

Шаҳид калимаси соф исломий атама. Динсизларга ва ғайридинларга нисбатан бу сўзни  ишлатиб бўлмайди. Шунингдек, яратмоқ, кадар, мўъжиза, кароматга ўхшаган сўзлар ҳам ўрни-ўрнида қўлланмоғи лозим. Пайғамбар бир иш кўрсатса, масалан, сувнинг устида юрса, бунга мўъжиза дейилади; авлиё у ҳам сувнинг устидан юриб кетса, бу каромат бўлади. Солиҳ бир мусулмон ғайриоддий ишни бажарса, бу унинг фаросати дейилади. Бундай ишларни кофирлар сеҳр дейдилар. Кофирларнинг фикрича, Дажжолнинг инсонларни ўлдириб тирилтириши ҳам бир сеҳр. Сеҳр жисмларнинг физикавий хусусиятларини, шаклларини ўзгартиради. Модданинг таркибини ўзгартира олмайди. Мўъжиза ва каромат иккисини ҳам ўзгартиради.

Демак, мўъжиза фақат пайғамбарларга хос хислат. Бунинг учун мўъжиза савдосини қилиб, бировни мақташ учун “мўъжиза яратти” демоқ ёки “еттинчи қаватдан тушиб кетди, мўъжиза туфайли омон қолди” демоқ уларнинг пайғамбар эканини сўзлаш бўлади. Бунда ниятга боқилмайди, сўзга боқилади. Учраган ҳар касни пайғамбар деявериш эса куфр бўлади. Аллоҳ таолодан бошқасига яратувчи демак, масалан, “асар яратдим” каби – Яратувчини бир инсон демоқ мусулмон учун бағоят таҳликали. Яратувчи ёлғиз Аллоҳ таолодир. Қуръони каримда: “...Огоҳ бўлингизки, яратиш ва буюриш Унга хосдир. Оламларнинг Рабби бўлмиш Аллоҳ барокатлидир” (Аъроф 54), дейилган.

Баъзи кишилар Аллоҳ таоло яратган ишларга масалан, кўзнинг, қулоқнинг яратилишига қараб мўъжиза дейдилар. Асалари уясида Аллоҳ деган ёзувни кўрса, уни ҳам мўъжиза дейдилар. Бундай дейиш хато. Уларни кўрганда Аллоҳнинг қудрати, Аллоҳнинг ҳикмати дейиш керак бўлади.

Музаффархон АЪЗАМОВ тайёрлади.
الجمعة, 14 نيسان/أبريل 2017 00:00

Юртбошимиз Самарқандга ташриф буюрди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев вилоятга ташрифини Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабрини зиёрат қилишдан бошлади. Зиёрат чоғида Қуръон тиловат қилиниб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари марҳум Биринчи Президентимизнинг охиратлари обод бўлишини сўраб дуо қилдилар. Кейин Давлатимиз раҳбари  Ислом Каримов дафн этилган ҳудудда барпо этилаётган ёдгорлик мажмуасида бораётган ишлар билан танишиб, лойиҳани янада такомиллаштириш, зиёратчилар учун қулайликларни ошириш бўйича тавсиялар берди.

Сўнгра Президентимиз диний уламолар билан биргаликда Имом Бухорий ҳазратларининг қабрларини зиёрат қилиб, Имом ал-Бухорий номидаги халқаро тадқиқот маркази лойиҳаси билан яқиндан танишди.

Учрашув чоғида Юртбошимиз буюк бобокалонимиз қолдириб кетган бой илмий-маънавий меросни пухта ўрганиш, уни авлодларга мукаммал тарзда етказиш мақсадида ташкил этилаётган тадқиқот маркази Ватанимиз уламолари зиммасига юксак масъулият юклаши, улуғ аждодимизнинг муносиб ворисларини тарбиялашда тинимсиз меҳнат қилишлари, мазкур жараёнга янгича, замонавий услубда ёндашиш талаб этилишини айтиб ўтдилар.

Музей, кутубхона, илмий мажмуани ўз ичига олувчи Марказ юртимизда динимиз софлигини сақлаш, халқимиз маънавиятини юксалтириш, бой тарихимизни дунёга янада кўпроқ танитишга хизмат қиладиган муқаддас маскан бўлиб қолиши таъкидланди.

– Муҳаддислар пешвоси бўлган буюк мутафаккир бобомиз Имом Бухорий мангу қўним топган ушбу масканда ўзига хос маънавий-руҳий муҳит мавжуд, –деди давлатимиз раҳбари. – Мажмуага зиёратга келган одам бу марказга ҳам кириб, маънавий озиқ олсин, боболаримиз ҳикматларидан ўрганиб кетсин. Шунда уларнинг калбида улуғ аждодларимиз билан фахрланиш туйғуси ривож топади, айни пайтда шундай буюк зотларнинг авлоди масъулиятини ҳис этади. 

Янги марказда буюк муҳаддислар Имом Бухорий, Имом Термизий; улуғ фақиҳлар Бурҳониддин Марғиноний, Абуллайс Самарқандий; калом илмининг буюк мутафаккирлари Абу Мансур Ал-Мотуридий, Абул Муин Насафий каби аждодларимизнинг бебаҳо меросини алоҳида-алоҳида ўрганиш ва илмнинг ушбу соҳалари бўйича мукаммал билимга эга бўлган етук мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш кўзда тутилаётгани айтилди. 

Шавкат Мирзиёев олимлар ва уламолар билан суҳбатда ушбу марказда тадқиқотчиларга Қуръони карим оятларини қироат билан ўқиш, тўғри талаффуз этиш, араб имлосида ёзиш – каллиграфия бўйича мамлакатимиз етакчи олимлари дарсларини йўлга қўйиш, хорижлик тадқиқотчилар учун малака оширишни таъсис этиш ҳақида сўзлади. 

Президентимиз Бухородаги Мир Араб мадрасасининг ҳам қадимги мавқеини тиклаш зарурлигини кўрсатиб ўтди. Мадраса биносини таъмирлаш ва замонавий технологиялар билан жиҳозлаш бўйича топшириқлар берди.  Шунингдек, юртбошимиз пойтахтдаги Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудида Ислом тараққиёт марказини ташкил этиш кўзда тутилаётганини ҳам айтиб ўтди.

Имом Бухорий мажмуаси атрофидаги савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини реконструкция қилиш зиёратчилар учун қўшимча қулайлик яратиб, ҳудуд инфратузилмасини янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишига эътибор қаратилди. 

Президентимиз Махдуми Аъзам зиёратгоҳидан Имом Бухорий мажмуасигача бўлган йўл бўйида икки қаватли замонавий уйлар ва ижтимоий объектлар қуриш, ҳудудни ободонлаштириш бўйича мутасадди раҳбарларга топшириқлар берди. 

Имом ал-Бухорий номидаги халқаро тадқиқот маркази юртимизда ислом дини ривожи йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг гултожи бўлмоқда. 

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакиллиги

 

 

 

 

الجمعة, 14 نيسان/أبريل 2017 00:00

Инсонийлик мезони

Жорий “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да олиб борилаётган кенг кўламдаги эзгу саъй-ҳаракатларнинг моҳияти ҳар бир хонадон аҳлини рози этиш, уларнинг оғирини енгил қилиш каби икки дунё саодатига эриштирувчи фазли улуғ тамойилга асослангандир. Бу каби хайрли ишларда имом-хатибларнинг ўрни ва хизматлари муҳим саналади. Чунки, имом барча эзгуликларнинг олдида пешқадам ва намуна бўлиб туришлиги керак.

11 апрель куни Тошкент шаҳар “Саид Ваққос ота” жоме масжиди имом-хатиби Фозилжон Убайдуллаев Учтепа тумани “Кўркамобод” маҳалласида яшовчи бир қанча боқувчисини йўқотган, эътиборга муҳтож оилалар, ногирон ва кексалар хонадонларини йўқлаб, уларнинг ҳолидан хабар олди. Имом-хатиб масжид маъмурияти ва ҳомийлар томонидан уй жиҳоз воситалари ва зарурий озиқ-овқат махсулотларини топширар экан, динимизда инсон шаъни, қадр-қимматининг азизлиги, айниқса, кўнгли яримта, меҳрга мухтожларнинг дуоси саодат калити эканлигини ва кундан-кунга обод бўлиб бораётган юртимизда ҳеч ким меҳр-мурувватдан четда эмаслигини айтиб ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати

الجمعة, 14 نيسان/أبريل 2017 00:00

Зикр – унутишнинг давоси

Бу ҳангомани кўпчилик эшитган чиқар. Хуллас, бир маст одам ўзининг соясиданми, бошқа бирор шарпаданми қўрқиб, кўнглига ваҳима тушибди-да Аллоҳга ёлвора бошлабди: “Ё Парвардигор, шу балодан қутқазсанг, ароқни қайтиб оғзимга олмайман”. Бир амаллаб ёруғроқ жойга чиқиб қараса, ҳеч нарса йўқ эмиш. Хатардан холи эканига ишонч ҳосил қилиб олгач: “Одам мастликда нималар демайди”, дермиш.

Бу ҳангома давраларда кулги учун айтиб юрилган эса-да, унинг замирида катта ҳикмат бор. Буни билган билади – билмаган кулиб юраверади...

Бинобарин, одамзод яралибдики, кўплаб одамлар қаттиқ қўрққанида ёки қийин вазиятга тушиб қолганида Роббимизни хотирлаб Унга ялвориб қолади.

“Қачонки, инсонга зарар етса, Бизга ёнбошлаган, ўтирган ёки турган ҳолида дуо қиладир. Ундан зарарини кетказсак, худди ўзига етган зарар ҳақида Бизга дуо қилмагандек, кетаверадир...” (Юнус сурасининг 12-ояти)

Олимлар инсон калимаси арабча “нисён”дан олинган дейдилар. Албатта, бизга Роббимиз берган ҳар хусусиятнинг ўз ҳикмати бор. Шунингдек,  унутиш ҳам ўрнида бўлса, инсонга фойдали бўлади. Фақат асл вазифамизни унутсак ва Ундан хабарсиз яшаб умр ўтказсак, бу – биз бандаларнинг фалокатимиз, заҳматимиз бўлади.

Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир” (Оли Имрон сурасининг 185-ояти), дейилади оят каримада.

Инсоният тарихида бу ҳақиқатни инкор этувчи кимса бўлмаган. Чунки Аллоҳ таоло бандаларига ана шу ҳақиқатни эслатиб қўйиш учун элчилар юборган. Сўнгги пайғамбари Муҳаммад Мустафога соллаллоҳу алайҳи васалламга туширилган Қуръони каримда: “Ҳеч бир жон эртага нима касб қилишини билмас. Ҳеч бир жон қайси ерда ўлишини билмас” (Луқмон сурасининг 34-ояти), дея марҳамат қилиб ўлимга ҳар доим тайёр туришимиз лозимлигини таъкидлаган.

Қуръони карим оятларининг асосий мавзуси Роббимизни ва Роббимиз қошига борадиган кунни ҳар доим хотирда тутишимиз ва шунга кўра ҳаётимизни яшамоғимиз кераклигидир.

Дунёни Роббимиз яратди ва ихтиёримизга берди. Фақат муайян бир вақтга қадар... ва ана шу вақт давомида ундан гўзал бир шаклда фойдаланишимизни истади. Унга буткул соҳиб бўлишимиз мавзусида сўз юритмади. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бундай амр қилдилар: 

“Дунёда бир ғариб, ҳатто йўловчи каби бўл! Оқшомга етганингда тонгни кутма. Тонгга етганингда оқшомни кутма! Саломат кунларингда хасталанадиган вақтинг учун, тириклик чоғингда ўладиган вақтинг учун тадбирли бўл!” (Бухорий, Термизий, ибн Можа)

Вақти-вақти билан бизлар ҳам бу дунёнинг абадий эмаслигини, бунда меҳмон эканимизни, асл юртимиз охирот дунёси эканини сўзлаймиз. Сўзлаймиз-у, фақат бу кўпчилигимиз учун сўз ҳолида қолади. Аксаран дунё ҳаётини фаровон кечириш учун югуриб-еламиз ва шу тариқа умримиз ниҳоясига етади.

Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳу ривоят этган ҳадисда:

“Расулуллоҳ ерга бир неча чизиқлар чиздилар ва уларни кўрсатиб: “Булар инсоннинг истак ва орзулари, буниси унинг ажалидир. Инсон орзулар қанотида яшаб юраркан, бир қараса, уларнинг энг яқини бўлган ўлим чизиғининг қаршисида турган бўлади”, дедилар” (Бухорий).

Ажал ҳар доим ортимиздан қувиб юргани ҳолда дунёдан орзу-ҳавасларимиз шу қадар кўпки, улар бизни ҳақиқатдан чалғитиб юборади. Баъзан бирор киши вафот этганда озгина сергак тортгандек бўламиз. Лекин ҳеч қанча вақт ўтмай ҳаммасини унутиб яна орзуларимиз ортидан югуриб кетамиз. Ҳолбуки, Аллоҳнинг Расули: “Завқларни пичоқ билан кесгандек кесинг, ўлимни кўп эсга олинг!” (Термизий, ибн Можа) деганларини биламиз.  

“Дунё сўнггига қараб бошини олиб кетмоқда. Охирот эса жадаллаб биз томонга келмоқда. Инсонлар орасида дунёни истаганлар ҳам, охиротни истаганлар ҳам бор. Сиз охиротни истаганлар сафида бўлинг. Эрта-индин деманг. Бугун ҳисоб куни эмас, иш кунидир. Аммо эртага иш куни бўлмайди, фақат ҳисоб куни бўлади”, дедилар ҳазрати Али розияллоҳу анҳу.  

Маҳалламизда тўрт-беш одам эрталаб йиғилишиб олади-да қош қорайгунча нарда ўйнайди. Ўтиб-қайтганда уларга раҳмим келиб: “Геморой орттириб оласизлар”, дейман. Ҳазилга йўйиб қўл силтаб қўйишади. Оҳ, агар шу одамлар шунча кўп вақтини илмга, ибодатга ёки бошқа савобли ишларга сарфлаганида қандай яхши бўларди, деб ачинаман. Зотан, бошқаларни ғийбат қилиб вақт ўтказиш, нарда, қарта ўйнаб вақтни бой бериш ақлли одамнинг иши эмас. Ақли бутун одамнинг қўли иш билан, тили ва қалби зикр билан машғул бўлади. Зотан, зикр – унутишнинг ягона давосидир. Қанча кўп зикр этсак, шунча кўп эслаймиз ва қанча кўп эсласак, шунча кўп эсланамиз, фазилатли инсонлар қаторига қўшиламиз.

Дамин ЖУМАҚУЛ,

журналист



 

Top