muslim.uz
Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг янги босқичи
Мустақиллик йилларида мамлакатда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти қуришга, халқ осойишта ва фаровон ҳаёт кечириши учун шарт-шароитлар яратишга, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг муносиб ўрин эгаллашига қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.
Бугунги кунда юртимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёв бошчилигида барча соҳаларда туб амалий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2001 йилда бошланган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ўзининг янги босқичини бошдан кечирмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармони асосида ишлаб чиқилган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг 2-устувор йўналиши қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш деб номланади. Кейинги беш йил мобайнида қуйидаги ишлар жумладан, суд ҳокимиятини чинакам мустақиллигини ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими самарасини ошириш, суд жараёнида тортишув тамойилини тўла қонли жорий этиш, юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар сифатини тубдан яхшилаш ишлари босқичма босқич амалга оширилиши режалаштирилган.
Мазкур Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган режалардан бири амалга оширилди яъни, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига Президентимиз томонидан 2017 йил 6 апрель куни имзоланди. Ушбу қонун 2 моддадан иборат бўлиб, унда 7 та ўзгартиш ва 1 та қўшимча назарда тутилган.
Қонуннинг мақсади, Ўзбекистон Республикасида суд тизимини такомиллаштириш ва унинг фаолияти самарадорлигини ошириш, судьялар корпусини янада мустаҳкамлаш ва суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳисобланади.
Қонуннинг 1-моддасида қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар назарда тутилган, биринчи ўзгартиш, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 80-моддаси 4-банди қуйидаги таҳрирда баён этилди: “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг раисини тайинлаш”. Мазкур ўзгартишдан мақсад, судьялар томонидан қарорлар қабул қилишда судлар мустақиллигини таъминлаши керак бўлган Олий суд кенгашини тузиш ва унинг раисини тайинлаш, профессионал судьялар корпусини шакллантириш, судьяларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир тадбирларни амалга оширишдир.
Иккинчи ўзгартиш, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 81-моддаси еттинчи қисмидаги «Олий хўжалик суди» деган сўзлар «Судьялар олий кенгаши» деган сўзлар билан алмаштирилди.
Учинчи ўзгартиш, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 83-моддасидаги «Олий хўжалик суди» деган сўзлар чиқариб ташланди.
Тўртинчи ўзгартиш, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси биринчи қисмининг 13 ва 14-бандлари қуйидаги таҳрирда баён этилди: «13) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг раиси лавозимларига номзодларни тақдим этади. 14) Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тақдимига биноан вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раислари ва раис ўринбосарларини, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисини тайинлайди ва лавозимларидан озод этади; Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг аъзоларини қонунга мувофиқ тасдиқлайди».
Бешинчи ўзгартиш, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 107-моддаси биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди: «Ўзбекистон Республикасида суд тизими Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судлари, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий ва маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари ва туман, шаҳар маъмурий судларидан иборат».
Ушбу ўзгартиш орқали маъмурий судларни, хўжалик судлари тизимида минтақавий апелляция судларини тузиш, судья ёрдамчиси лавозимини жорий этиш орқали судларни келгусида ихтисослаштириш ва уларнинг девонини мустаҳкамлаш назарда тутилган.
Биринчи қўшимча, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 110-моддаси: биринчи қисми «жиноий» деган сўздан кейин «иқтисодий» деган сўз билан тўлдирилди.
Олтинчи ўзгартиш, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 110-моддаси: учинчи қисмидаги «Қорақалпоғистон Республикаси олий судлари, вилоятлар, шаҳарлар, туманлараро, туман судлари ва ҳарбий судларнинг» деган сўзлар «қуйи судларнинг» деган сўзлар билан алмаштирилди.
Охирги яъни, еттинчи ўзгартиш, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 111-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилади:
«111-модда. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг органи бўлиб, у Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашади. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашини ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби қонун билан белгиланади».
Мазкур қонун жорий йилнинг 7 апрель санасидан қонуний кучга кирган бўлсада, лекин унинг 2-моддасида таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Олий судини ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судини бирлаштириш, маъмурий ҳамда иқтисодий судларни ташкил этиш тўғрисидаги қоидалар 2017 йил 1 июндан эътиборан амалга киритилади.
Юқорида биз таъкидлаган Ҳаракатлар стратегиясининг 2-устувор йўналишини амалга ошириш мақсадида келгусида суд-ҳуқуқ соҳасида янада кўпроқ ислоҳотлар амалга оширилади.
Ўзбекистон мусулмонлари
идораси ҳуқуқшуноси
И.Мардонов
Интернет таҳдидидан огоҳ бўлинг!
Кунимизни интернетсиз тасаввур қилишимиз қийин бўлиб қолди. Ҳар бир ишимизда интернетга мурожаат қиламиз. Бирор муаммога дуч келсак ҳам, кундалик юмушларимизда савол туғилса ҳам ана шу тармоқлардан жавоб ахтарамиз. Интернет худди очиқ дарвозага ўхшаб унга ҳар қандай ахборот оқими кириб келаверади. Ўз вақтини интернетга сарфлаётган ёшлар эса нафақат вақтини бой беради, балки ёвузлик тўрига илиниб қолиши ҳам мумкин.
Айниқса, экстремистик оқим вакилларига интернетнинг очиқ дарвозаси жуда қўл келмоқда. Бузғунчи оқимлар, ёшларга муаммоларига ёрдам беришни ваъда қилади ёки динни ўргатаман, деб аврайди. Табиийки, қизиққон ва интилувчан ёшлар қандай ёмон йўлга кириб қолганини ўзи ҳам англай олмай қолади. Ана шундай ачинарли вазиятга дуч келмаслик учун, аввало, ҳар бир ўғил-қиз илмли бўлишга интилиши лозим. Кўрган маълумоти ҳақида мулоҳаза юритиши, шубҳали туюлган ахборотлардан узоқ туриши муҳим.
Қолаверса, дин илмини ўрганишни ният қилган ёшлар учун юртимизда қанчадан-қанча ўқув юртлари фаолият юритмоқда.
Аллоҳ таоло ояти каримасида инсониятни огоҳликка чақириб:
“Эй мўминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирон хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда, бирон қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилган ишларингизга афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса олиб келган хабарни) аниқлаб-текшириб кўринглар!” деб марҳамат қилган. Ушбу оятнинг тафсирида уламолар бу каби вазиятда ўша маълумотнинг ҳақиқат эканини билгунча кутиш лозимлиги, шошилиб қабул қилиш мумкин эмаслигини айтганлар.
Чиндан ҳам, инсон қизиқувчан, у янгилик кутиб яшайди. Бироқ, интернетдан келаётган уйдирма маълумотларни қабул қилиб олиши унинг ўзига зарар етказиши мумкин.
Европа олимлари ёшларнинг илм олиши устидан тадқиқот олиб боришганда, натижа кўпчиликни ҳайратга солади. Ёшларда диний дунёқарашнинг шаклланиши кўп жиҳатдан глобал тармоқ – интернет орқали узатилаётган маълумотларга боғлиқ бўлиб қолаётган экан. Ғарб мамлакатларида истиқомат қилаётган кўплаб мусулмонлар кундалик ҳаётида дуч келаётган муаммоларига ўзлари амал қилиб келаётган ислом дини қандай муносабатда эканини билишни истайди. Бундай қизиқиш юртимизда ҳам учраб туради ҳамда кўплаб юртдошларимиз ўз саволларига сайтлардан жавоб олишга интилади... Демак, ҳар соҳада бўлгани каби интернетдан фойдаланишда энг муҳим шарт – баландпарвоз тавсиялару таги пуч ғояларга ишонмаслик керак. Айниқса, диний мазмундаги масалаларга дуч келганда аллақандай сайтлардан эмас, балки Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг muslim.uz портали ҳамда Айдарбек Тулеповнинг яқинда қайта нашр этилган “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китобида тавсия этилган диний идора тасарруфидаги сайтларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
Аҳолининг дунёқарашини шакллантиришда, ёшлар онгидаги бўшлиқни тўлдиришда интернетнинг ҳам ўзига хос ўрни бор. Шундай экан, назоратни аввало, ўзимиздан бошлашимиз зарур. Эътибор берайлик, биз кўп вақтимизни яқинларимизга эмас, ана шу тармоқлардаги мазмунсиз маълумотларни олишга ёки ўйинлар дарёсига ғарқ бўлишга сарф этмаяпмизми? Бекор кетаётган азиз вақтимизни фойдалироқ ишларга сафарбар этсак, ҳаётимизга мазмун кириши мумкиндир. Албатта, ҳушёрлик ва зийракликни ҳам ҳамиша қўлдан бой бермаслик муҳим аҳамиятга эга. Маҳмуд Замахшарий айтганидек, “Ҳушёр ва заковатли одам улдурки, унинг фикр доираси кенг, узоқни яқиндек кўра оладиган ғафлат уйқусидан йироқ, балки ҳамиша фикру зикри билан уйғоқ, махфий ишоратдан ҳам ўзига хулоса чиқара ола биладиган, сўқир кўздан ҳам ёш оқиза оладиган бўлур”.
Муҳаммадаъло МАДРАҲИМОВ,
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси
Озодалик – мўмин зийнати
Динимизда инсоннинг вужуди, кийими ва унга хос нарсалар поклиги билан бирга, унинг атрофидаги нарсалар ҳам пок бўлишига катта аҳамият берилади.
Абу Молик Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Поклик иймоннинг ярмидир», дедилар» (Муслим, Насаий ва Термизий ривояти).
Халқимиз азал-азалдан тозаликка, озодаликка риоя этиб келган. Орасталик бор ерда барака бўлишини таъкидлаган.
Инсон яшаётган манзилнинг озода бўлишининг ҳикмати шундаки, ҳовли ва уйлар нопок бўлса, бундан биринчи галда ўша хонадонда яшовчилар зарар кўради. Ахлат-чиқиндиларга бепарво хонадонлар жинлар тўпланадиган маконга айланади. Ҳовлиларда чиқинди йиғилиб қолиши, уйнинг шифтларида ўргимчак тўри бўлиши ва шунга ўхшаш нопок ишлар макруҳ амал ҳисобланади. Шунақа уй-жойлар бефайз ҳисобланади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ таоло покдир, поклик ва озодаликни ёқтиради. Сахийдир, саховатни хуш кўради. Покланинглар, ён-атрофларингни озода тутинглар, ҳовли, уй-жойларингизни тоза тутинглар”, дедилар. Бошқа бир ҳадисда: “Уйларингизда ахлат-чиқиндиларни қолдирманг, чунки ахлат-чиқиндилар жину шайтонларнинг хуш кўриб ўтирадиган жойларидир”. дея марҳамат қилганлар.
Нафақат, уй-жойларимизни, балки маҳаллаларимиз, кўчаларимиз, ишхонамизни озода тутсак қандай яхши. Эрта тонгда ишга бораётиб, кечқурун ишдан қайтаётиб ҳовли-кўчасига сув сепиб, супураётган уй соҳибаларини кўрганда кишининг баҳри дили очилади. Урф-одатларимизда саҳарлаб ҳовли- кўча супуриш озодалик билан бирга ишга бортаётган уй соҳибининг иши баракали, йўллари равон бўлишига ёрадм беради деб умид қилинган. Озодаликка биринчи галда экологияга самарали таьсир қилади, чиқиндиларнинг вақтида олиб кетилиши анча-мунча касалликларнинг олдини олади.
Покизаликка оид урф-одатларимиздан бу – умум халқ ҳашарларидир. Бунда барча баробар, ёшу қарининг иштирок этади. Ён-атроф озодалигига, баданимиз тозалигига, соғлигимизга эътибор беришимиз – буларнинг барчаси ибодатдир. Демак, қайсики ишда савоб ўша иш ибодат ҳисобланар экан.
Динимиз таълимотларида айнан поклик йўлида қилинган ҳар бир ҳаракат юқори баҳоланиши, улкан ажр-савоблар берилиши айтилган. Ўзимизни ва атроф-муҳитимизни поклай олсак, ҳаётимиз баракали, икки дунёмиз саодатли бўлади.
Севара ҒАНИЕВА,
Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус билим юрти мударрисаси
Гиёҳвандлик – келажак кушандаси
Асримиз вабоси сифатида тез суръатлар билан тарқалиб бораётган гиёҳвандлик балосининг жисмоний ва маънавий зарарлари тўғрисида дунё оммавий ахборот воситалари орқали кўпдан-кўп маълумотлар берилди, уни бартараф этишга бағишлаб кўп мамлакатларда, Ўзбекистонда ҳам қатор халқаро анжуманлар ўтказилди, гиёҳвандликка қарши чора-тадбирлар кўриш мақсадида кўплаб маҳаллий ва халқаро ташкилотлар таъсис этилди. Лекин, афсуски, бу бало ва офат манбаи ҳануз ортга чекинмаяпти.
Муқаддас динимизнинг барча кўрсатмалари одамлар орасида меҳр-муҳаббат инсоф-адолат, эзгулик алоқаларини ўрнатиш ва мустаҳкамлашга қаратилган. Шу сабабдан шариат инсоннинг жамият равнақига ҳисса қўшишига катта эътибор беради. Гиёҳвандлик инсоннинг иймонига, қолаверса, умуман инсонийлигига зиён етказади. Аллоҳ таоло пайғамбарларни юборишининг сабабларидан бири сифатида пок нарсаларнинг ҳалоллиги ва нопок нарсаларнинг ҳаромлигини умматларига билдириш эканини кўпгина оятларда баён қилган.
Динимиз ҳалол қилиб берилган нарса – пок; покиза ризқ топиш учун ҳаракат қилиш эса ибодатдир. Агар бунинг акси бўлса, ўша нарса ҳаром ва унинг истеъмол қилган кишилар гуноҳкор бўлади. Дарҳақиқат, инсонга зарар келтирувчи, айниқса, ақлни кетказувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсалар динимизда ҳаром қилинган. Ҳадисларда зикр қилинган бўшаштирувчилик сифати ажнабий тилларда наркотик деб номланган гиёҳвандлик моддаларининг ифодасидир.
Бошқа бир ҳадисда: “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир ва ҳар қандай хамр ҳаромдир”, дейилади. Бу ҳадисдан ҳам гиёҳвандликнинг ҳар қандай кўриниши ҳаром экани аён бўлади. Шунга кўра, маст қилувчи ичимликларнинг ҳукми, зарарлари, оқибатлари ҳақидаги барча оят ва ҳадислар гиёҳванд моддаларга ҳам тегишлидир. Гиёҳвандликнинг ўлимга олиб келишидан уни истеъмол қилган киши ўз жонига ўзи қасд қилган бўлади, деган хулоса келиб чиқади. Бу эса гуноҳи кабирадир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладиларки: “Ким ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ўша нарса билан азобланади”. Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон бўлгани учун ҳам уларга зарарли бўлган нарсаларни манъ қилган. Банда ушбу чегарадан чиқса ҳамда манъ қилинган нарсалардан сақланмаса, ўзига ва бошқаларга зарар етказади. Бу эса динимиз кўрсатмаларига зид амалдир.
Гиёҳвандликнинг зарарлари беҳисоб. У етказадиган зарарлар инсон жисмини қанчалик хароб қилса, худди шунгдек, шахс ва жамиятнинг мол-мулкига ва бойлигига ҳам мислсиз зарар етказади; тинч-тотув оилаларни бузиб, болаларни етим қилади; қашшоқлик, муҳтожликда яшашга мажбур этади. Охир-оқибат касаллик, қамоқхона ёки ўлим билан якунланади. Дунёда гиёҳванд моддаларини инсонлар истеъмол қилаётгани, кўплаб ёш авлод унинг қурбони бўлаётгани ва ундан моддий даромад орттириш мақсадида тижорат қилинаётгани ўта ачинарли ҳолдир.
Энг ачинарлиси шундаки, бу иллатга гирифтор бўлган кимсалар, топган пулини ҳаром ичимлик ва гиёҳванд моддаларни сотиб олишга сарфлайди, ўша заҳарни топиш учун ҳеч нарсани аямайдилар. Бор молу дунёсини, машинасини, уйини, ҳатто кийимини ҳам сотиб юбориш даражасига етади. Исрофгарчиликнинг бундан ёмонроқ кўриниши бўладими?..
Бу аср вабосидан авлодларимизни асраш йўлида мамлакатимизда жуда кўп чора-тадбирлар кўрилмоқда. Ҳукуматимизнинг бу соҳадаги чиқарган қарорларидан ташқари, оммавий ахборот воситалари ҳам унинг зарарли оқибатлари тўғрисида халқимизни огоҳлантириб бормоқда. Чунки бу иллатга қарши курашиш динимиз амри, виждонимиз нидоси, қонунларимиз олдидаги бурчимиздир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Сизлардан ким ёмон, мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, тили билан ҳам монелик қила олмаса, унда қалби билан қайтарсин, ана ўша иймоннинг заифлигидир”.
Демак, гиёҳвандликка қарши кураш ҳаммамизнинг бурчимиз экан. Бу қабиҳ ишни билгач, ўзини оиласини, яқинларини бутун инсониятни ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир киши гиёҳвандликка қарши курашда фаол бўлмоғи зарур. Шу қабиҳ иш ортидан тез бойиб олишни истаган одамлар қанчадан-қанча кишиларнинг умрига зомин бўлаётганига бефарқ қараб туриш мумкин эмас.
Бу разолат манбаи саналмиш гиёҳлар олий ўқув юртлари талабаларидан тортиб, бошланғич ва ўрта таълим даргоҳларигача кириб келаётгани, эркагу аёллар ўртасида баробар илдиз отиб фалак ёзаётгани ақл-идрокли кишиларни бефарқ қолдирмаслиги керак.
Ўткир МАҲМУДОВ,
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти мудирининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари
Ислом ва миллий қадриятлар
Турли халқлар ва миллатлар ҳаётига исломий қадриятлар кириб борганида дастлаб қаршиликка учраган. Ислом дини ўзининг инсонпарварликка асосланган қадриятлари тизимини тавсия қилар экан, муроса ва келишув йўлидан борган.
Бугунги замонавий қадриятшунослик фанида миллий қадриятлар кишиларнинг табиий, тарихий ва ижтимоий бирлигини таъминлайдиган этник маконда шаклланади. Ранг-баранг тарзда, турли шаклларда намоён бўлади, кишиларнинг онгига, ҳаёт тарзига ўзига хос тарзда таъсир қилади, дейилади. Шунингдек, миллий қадриятларни кишиларнинг ўзаро муносабатларида, ижтимоий фаолиятларида кўзга ташланиб туришидан ҳамда ана шу муносабат, фаолият, мақсад, эҳтиёж ва интилишлар учун маънавий асосдан билиб олса бўлади.
Ўзбек халқининг миллий қадриятлари ва уларнинг алоқадорлиги ифодаси бўлган қадриятлар тизими, миллатимизнинг тарих силсилалари, замона зайллари, турли ижтимоий ва сиёсий жараёнлар таъсирида шаклланиб келди. Миллий қадриятларимиз миллатнинг келиб чиқиш хусусиятлари ва ҳудудий макони билан боғлиқ ҳолда шаклланди. Қардош халқларнинг ижтимоий тараққиёти эса уларнинг миллий-ҳудудий қадриятлари равнақи билан узвий алоқадорликда давом этди. Шу тариқа миллатимиз ўзига хос ранг-баранг қадриятларни такомиллаштириб бориши натижасида, умуминсоний қадриятларни шакллантириб, унинг қирраларини ривожлантириб борди.
Миллий қадриятлар табиатига кўра, тор доирада тўхтаб қолмайди, балки равнақ топиб, турмуш жараёнида янгиланиб, бошқа халқлар қадриятларининг ютуқлари билан бойиб боради. Аёнки, ҳар бир эл, элат, уруғ ёки халқнинг урф-одатларида ўзига хослик бўлади. Ўзига хос қадриятларни бошқа жойда, бошқача тарзда яшаётган кишиларнинг тарозиси билан ўлчаш ёки бу масалада бошқаларнинг ҳакам бўлиши мақсадга мувофиқ эмас. Умуминсонийлик туйғуси фақат ўз халқи қадриятини ардоқлаш, кўз-кўз қилиш ва бошқалар орасига ёйиш учун интилишга асосланмайди, балки ҳар бир халқ, элат, уруғ қадриятларини қандай ҳолатда бўлса, шундайлигича қабул қилиб, уларни ҳурмат қилишдан бошланади.
Миллий қадриятларимиз ривожида ислом динининг аҳамияти ва ўрни жуда катта бўлиб, у миллий қадриятларимизни бойитди. Айниқса, халқимиз маънавий қадриятларининг такомиллашиб боришида ислом дини келтирган инсонпарвар ғоялар сезиларли даражада таъсир кўрсатди. Ислом дини келганидан кейин Марказий Осиё халқлари ҳаётида диний қадриятлар тизими янгиланди, заминимиздан кўплаб мутафаккирлар, қомусий олимлар етишиб чиқди. Шунингдек, бу дин ўзининг бунёдкорлик таомилига кўра кўплаб меъморий обидалар, шаҳарларнинг бунёд бўлишига сабабчи бўлди.
Миллий қадриятимизга айланган ислом дини ғоялари ва кўрсатмалари миллатимизнинг табиий-тарихий ривожи, ижтимоий турмуши, яшаш тарзи, ўтмиши, келажаги, маданияти, маънавияти, урф-одатлари, анъаналари, тили, у вужудга келган ҳудуд ва бошқалар билан узвий боғланган. У миллий қадриятларимиз билан хилма-хил шаклларда, бир-бири билан узвий алоқада намоён бўлди, ўзига хос миллий қадриятлар тизимини ташкил қилди. Бу тизимда табиий-тарихий бирликни таъминловчи қадриятлар – ягона эътиқодлилик, қариндошлик, маданий-маънавий яқинлик, ўтмиш ва маънавий мерос, она юрт туйғуси ва бошқалар барқарор ҳисобланади.
Бу борада марҳум Президентимиз Ислом Каримов асарларида қуйидаги фикрни келтирганлар: “Бизнинг мусулмончилигимиз, Аллоҳга, динимизга муносабатимиз баъзи миллий қадриятларимизда ҳам яққол кўринадики, ҳар бир мусулмон юртдошимиз уларга беихтиёр риоя қилади”.
Миллий қадриятларимиз таркибидаги баъзи исломий қадриятларимиз кишиларнинг яшаш жойлари, турмуш шароитлари билан боғлиқликда шаклланди. Шу сабабли ҳам минтақамизда бизнинг турмуш тарзимиз, шарт-шароитларимизга мос тарзда шариатнинг ҳанафийлик йўналиши ривожланди.
Халқимизнинг маънавий мероси, анъаналари, урф-одатлари, адабиёти, санъати билан умуминсоний қадриятларнинг миллий даражада намоён бўлиш шакллари исломий қадриятлар билан боғланиб кетган. Улар миллатимизнинг тарихий ривожланиш жараёнида авлоддан авлодга ўтиб келаётган маданий хусусиятлар ва жиҳатларда ўз аксини топади.
“Энг муҳими, биз бу ишларни намойиш учун эмас, иймонимиз, эътиқодимиз амри билан адо этамиз”, деган биринчи Президентимиз Ислом Каримов. Демак, дин бизнинг қон-қонимизга, онгу шууримизга шу қадар теран сингиб кетганки, уни ҳеч қандай куч, ҳеч ҳандай ташвиқот билан чиқариб бўлмайди.
Айтмоқчиманки, биз ўз миллатимизни мана шу муқаддас диндан айри ҳолда асло тасаввур қила олмаймиз. Диний қадриятлар, исломий тушунчалар ҳаётимизга шу қадар сингиб кетганки, уларсиз биз ўзлигимизни йўқотамиз. Хоҳ ёш бўлсин, хоҳ кекса бўлсин, ҳар бир ўзбек нимагаки муносабат билдирмасин, албатта, уни беихтиёр Яратгувчининг амри билан боғлайди” (Ислом Каримов).
Абдус Сомад Абдул Восит ТОЖИДДИНОВ,
Тошкент ислом институтининг 4-курс талабаси