muslim.uz
Тоға
Ҳамма халқларнинг қардошлик ришталарида тоғанинг рутбаси баланд. Айниқса, бизнинг ўзбекларда тоғага муносабат бутунлай ўзгача. Суннат тўйи қилса, тоға той етаклаб келади. Фарзандлар учун таълим даргоҳини танлаш, ўғил уйлаш, қиз чиқариш каби жиддий масалаларда ота-она қанчалик жон куйдирса, тоға ҳам улардан кам куйиниб югурмайди. Охир-оқибат, кўзланган режаларнинг бирортаси унчалик ўхшамай қолгудек бўлса балога қолган ҳам тоға бўлади.
Фарзандларимизнинг тоғалари кўп, илмли, одобли – яхши жойларда ишлайдиган, ўқийдиган кўркам йигитлар. Улар бизникига келса ёки бизникилар уларникига борса, жиянларининг қўлига бирор нима тутқазади. Шунда фарзандларимизнинг онаси тўлқинланиб кетади-да: “Тоғанинг бори яхши-да”, деб ака-укаларини алқаб қолади. Айниқса, у бот-бот акасидан миннатдор бўлиб, акам, умридан барака топсин, силаи раҳмни жойига қўйиб келяптилар – ҳар доим бизнинг, укаларимизнинг ҳолидан хабар олиб ёрдам кўрсатиб юради, бояқиш, дейди.
“Шунинг учун ҳам Аллоҳ унинг ризқини кенг қилиб қўйган-да. Ҳасан (розияллоҳу анҳу) Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Банданинг фарз намозни адо қилиши ва қариндошлари билан силаи раҳм қилиши учун юрган қадамидан кўра Аллоҳга маҳбуброқ иш йўқдир”, дейилган экан. Акангизнинг сизни, жиянларини йўқлаб келган ҳар бир қадамига ажру савоблар ёзилиб турибди”, дейман мен...
Бизнинг эса тоғамиз бўлмаган. Волидамиз туғилишидан бурун урушга кетган бобомиз шу кетганча қайтмаган. Онаизоримиз биргина фарзанд бўлиб қолаверганлар: на ака бор, на ука. Олти ёшга етганида оналари ҳам оламдан ўтиб буткул етим бўлиб қолганлар.
Биз – болалар отамизнинг, онамизнинг тоғаларини “тоға” деб улғайдик. Аммо ота-онанинг тоғаси кишига ўзининг тоғасидек бўлмас экан. Уларнинг олдига тоғамнинг олдига боряпман дея учиниб борсак, “Ҳа жиян, яхшимисан?” деб қўярди қуруққина қилиб.
Куни кеча ўғлимиз: “Тоғамникига бориб келишим керак эди-да”, деб қолди. Гапининг авзойидан тоғасидан нимадир ундириб келиш нияти борлигини пайқаш қийин эмас эди. Шу билан тоға-жиянлик мавзусида гап очилиб кетиб укам бундай деб қолди: “Санав (Санобар – амакимнинг қизи) икковимиз ўйнаб юрганда Яздонқул бобо келиб қоларди. Шунда Санав “Тоғам келди”, деб унга қараб югурарди. Мен ҳам орқасидан чопиб борардим. Яздонқул бобо Санавни кўтариб оларди-да, менга эътибор ҳам қилмасди. Нима қилишни билмасдан серрайиб қолардим. Ўзимнинг тоғам йўқлиги алам қиларди. Дагар тоға (Онамизнинг тоғасининг амакиваччасими, шунга ўхшашроқ) Россиядан қайтиб келганларида мени “жиянгинам” деб шундай эркаладики, мен худди ёш боладек бўлиб қолдим. Болалигимдаги аламларим ёдимга тушдими, беихтиёр кўзимдан ёш ҳам қўйилиб кетди”.
Унинг гапини эшитиб тўлқинланиб кетдим. Бизга насиб этмаган тоға неъматини фарзандларимизга етказганига шукр келтириб, укажонимнинг дардини аритиб кетгани учун Дагар тоғамиздан ниҳоятда миннатдор бўлдим ва охирати обод бўлишини сўраб дуо қилиб қолдим.
Дамин ЖУМАҚУЛ,
журналист
Абу Абдуллоҳ Найсобурий
Муҳаддис ва тарихчи Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Нуъайм ибн Ҳакам Зоббий 933-йили (ҳижрий 321) Найсобурда туғилганар. Ибнул Байъ номи билан танилганлар.
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ҳоким Найсобурий саҳиҳ тўплам ёзган муҳаддисларнинг улуғларидандир. Ўзларининнг “Мустадрок алас соҳиҳайн” асарлари сабабли машҳур бўлганлар. Аббосийлар давлатида яшаганлар. Ҳижрий 341-йили Ироққа сафар қиладилар. шунингдек Хуросон ва Мовароуннаҳр шаҳарларига сафар қиладилар. Ҳижрий 359-йили Найсобурда қози этиб тайинланадилар. Ва бир неча бор қайта қайта қозилик лавозимига тайинланганликлари сабабли “Ҳоким” деган номни оладилар. Кейинчалик у лавозимни илм ва китобларни таълиф қилишга вақт ажратиш учун тарк қиладилар.
Устозлари:
- Абу Бакр Қаффол Шоший;
- Дорақутний;
- Ибну Абил Фаворис ва улардан бошқа икки мингта атрофидаги улуғ зотлар.
Асарлари:
- “Тарихи Найсобур”;
- “Ал Мустадрок алас соҳиҳайн”, у китоб бошқа мустадроклар орасидаги энг машҳур китобдир;
- “Маърифату улумил ҳадис ва камийяти ажносиҳи”;
- “Иклил”;
- “Тарожумуш шуюх”;
- “Фазоилуш Шофиъий” ва улардан бошқа китоблар.
Саҳобалар ҳақида ёзилган китобларнинг энг машҳури, у Ҳоким Найсобурий ёзган китобдир. Сабаби у киши ўз асарларида саҳобаларни 12 даражага тақсимлаб келтирганлар:
1. Исломни Маккада биринчи қабул қилганлар. Унга мисол тўрт хулафои рошидин.
2. Дорун надвада Макка аҳлининг маслаҳат қилишларидан олдин исломни қабул қилганлар.
3. Ҳабашистон муҳожирлари.
4. Биринчи ақабада қатнашганлар.
5. Иккинчи ақабада қатнашганлар, уларнинг аксари ансорлар бўлган.
6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага киришларидан олдин, У зот билан Қубода кўришганлар.
7. Бадр аҳли.
8. Бадр ва Ҳудайбийя воқеъалари орасида ҳижрат қилганлар.
9. Ҳудайбийяда Ризвон байъатида қатнашганлар.
10. Ҳудайбийя ва Макка фатҳи воқеъалари орасида ҳижрат қилганлар: Холид ибн Валид ва Аъмр ибн Осс.
11. Макка фатҳидан сўнг исломни қабул қилганлар.
12. Макка фатҳида ва Ҳажжатул вадоъда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрган ёш болалар ва улардан бошқалар.
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Найсобурий ҳақларида Ҳофиз ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи: “У илм, ҳифз ва ҳадис аҳлидандир...ва яна У диндор, омонатдор, парҳезкор, ҳифзи мустаҳкам ва тақводор (вараъли)...” деганлар.
Ҳижрий 405-йили Сафар ойининг 3-куни (мелодий 1014-йили 2-Августда) вафот этадилар.
Манбалар асосида Тожиддинов
Абдуссомад Абдулбосит ўғли тайёрлади
Ҳаромда шифо йўқ
Аллоҳ таоло бандасига бир дард берар экан, ўша дарднинг шифосини ҳам беради. Аммо унга кимнидир ёки ниманидир сабабчи қилади. Шунинг учун ҳам касалликка шифо ахтариш ҳар бир мусулмонга вожиб. Лекин касалликларни даволаш шариатда рухсат этилган, ҳалол дори-дармонлар воситасида амага оширилмоғи лозим. Таассуфки, кейинги вақтларда нодонлик оқибатида ҳаром нарсаларни шифо бўлади дея турли касалликларга тавсия қилувчилар кўп учрамоқда. Улар ўзларининг адашгани камдек шифоталаб кишиларни хам адаштирмоқда. Бир томчиси ҳам ҳаром бўлган ароқни ошқозонга ёки винони камқонликка тавсия қилувчи тиббиёт бўйича билими ҳаминқадар бўлган саводсиз табиблар бор. Яна чўчқа гўшти ва унинг ёғини эритиб ичиш ёки баданга суркаш, айниқса, ёш болаларга яхши фойда беради дея ташвиқ қилгувчилар ҳам топилади. Бундан ташқари, айрим кимсалар инсоннинг пешобини кўп касалликка даво сифатида тавсия қилади. Ахир унинг томчиси кийимга тегса, нажас бўлади. Қандай қилиб шифо сифатида истеъмол қилиш мумкин?!
Шунингдек ит, илон, типратикон гўштини ҳам шифо сифатида буюрувчи чала табиблар учрайди.
Абу Бакр Сиддиқ р.а. дан ривоят қилинади: “Расулуллох с.а.в. айтдилар: “Ҳаромдан озиқланган ҳеч бир жасад жаннатга кирмайди” (Абу Аъло Базор ва бошқалар ривояти).
Абу Ҳурайра р.а. айтадилар: “Кишининг оғзига тупроқ солиши ҳаром луқма солишидан яхшироқдир”.
Расулуллоҳ с.а.в. айтдилар: “Қиёмат кунида айрим кишиларни олиб келишади. Уларнинг Тухома тоғига тенг келадиган яхшиликлари бўлади. Улар кетишгач Аллоҳ уларнинг яхшиликларини тўзғиган ғуборга айлантириб қўяди-да, ўзлари дўзахга улоқтирилади”. Расулуллоҳдан сўрашди: “Бундай бўлишининг боиси нима?” Расулуллоҳ жавоб бердилар: “Улар намоз ўқирдилар, рўза тутардилар, закот берардилар. Бироқ дуч келган ҳаром нарсани ердилар. Шу боис Аллоҳ уларнинг амалларини беҳуда қилади”.
Мўмин мусулмоннинг ейдиган таоми пок бўлмоғи, даволаниш учун истеъмол қиладиган дорилари шубҳадан холи бўлмоғи лозим.
Раҳмати кенг Аллоҳ таоло бандаларига ўзининг шариатига эргашиш йўлларини ҳам осон қилиб қўйган ва бу борада зарурат туғилганда баъзи бир нарсаларнинг риояси эътиборга олинишини шариатга киритган. Масалан, ҳозиқ табиб ана шу нарсадан шифо бўлишини тажрибасида кўрган бўлса, тиббиёт фанида ҳам шифо бўлишига оид аниқ маълумот бўлса, ўша нарсани шифо учун ишлатиш мубоҳ бўлади. Яъни, ихтиёри шифо истовчининг ўзида бўлади.
Аллоҳ барчамизнинг дори-дармонимиз ҳалолу пок бўлишини насиб айласин!
Х.ХОЛБОЕВ,
Бекобод туманидаги Улуғбек жомъе масжиди имом-хатиби
Саудия уламолари ҳайъатининг “такфир” тушунчаси ҳақидаги хулосалари (2-жузъ)
Саудия Арабистон Подшоҳлигидаги “Мўътабар уламолар кенгаши”нинг такфир (бировни куфрда айблаш) ҳақидаги баённомалари ва қарорларининг хулосаси:
2-жузъ
Ар-Риёз шаҳри 26.09.2016
- Такфирга шошилишнинг ортидан бировнинг қонини ва молини ҳалол ҳисоблаш , ўзаро мерос олишни ман қилиш, никоҳнинг бекор бўлиши ва бошқа – муртадлик сабабидан келиб чиқадиган – хатарли ишлар келиб чиқади. Ахир қандай қилиб мўмин кишига арзимас шубҳани деб кофирликда айблаш мумкин?
- Ҳокимлар ва ҳукуматларни кофирга чиқариш бошқалардан хатарлироқдир. Чунки унинг ортидан уларга қарши оммани қўзғатиш, уларга қарши қурол кўтариш, беқарорликни келтириб чиқариш, ноҳақ қон тўкиш, одамлар ва шаҳарларни ҳароб қилишдек ишлар келиб чиқади. Шунинг учун Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллалллоҳу алайҳи васаллам) бундан қаттиқ қайтариб: “... Фақат очиқ-ойдин куфрни кўрсангиз ва унга сизларда Аллоҳ таоло томонидан ҳужжат-далил бўлсагина (куфрга нисбат беришингиз дуруст)” деганлар.
- Бу бузуқ эътиқод – Такфирдан қуйидаги ишлар урчимоқда:
- Мусулмоннинг қонини тўкишни мубоҳ санаш;
- Обрўни тўкиш;
- Хусусий ва умумий мол-мулкларни тортиб олиш;
- Турар жойлар ва ташкилотларни портлатиш;
- Иншоотларни ҳаробага айлантириш.
- Такфирга шошилишнинг катта хатари бор. Бу борада Аллоҳ таоло: “Айтинг: “Раббим, албатта, фаҳш ишларнинг ошкораю пинҳонасини, гуноҳ (ишлар)ни, ноҳақ тажовузкорликни ва Аллоҳ ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарса(лар)ни Унга шерик қилишингизни ҳамда Аллоҳнинг шаънига ўзингиз билмаган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилди”, деган (Аъроф сураси, 33-оят).
- Набий (соллалллоҳу алайҳи васаллам) кофир бўлмаган шахсни куфрга нисбат беришдан огоҳлантириб бундай деганлар: “Қайси бир киши ўз биродарига “Эй кофир!” деса, бу гап иккисидан бирига тегур. Агар (биродари ҳақиқатда) у айтгандек бўлса (ўшанга), ундай бўлмаса, ўзига қайтиб, ўзи кофир бўлур”.
Саййид Муҳйиддин маҳдум ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси Аъзамов Баходиржон таржимаси
Умму Ҳабиба Рамла бинти Абу Суфён
Умму Ҳабиба Рамла розияллоҳу анҳонинг отасининг исми: Абу Суфён Сохр ибн Ҳарб ибн Умайя ибн Абду Шамс ибн Абдуманофдир.
Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳонинг онасининг исми: Софийя бинти Абул Осс ибн Умайя ибн Абду Шамс ибн Абдуманофдир.
Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо ҳижратдан ўттиз беш йил олдин (мелодий олти юз саксон тўққизинчи йили) Маккаи мукаррамада туғилганлар.
У Қурайш қабиласининг сардори, Макка шаҳрининг бошлиғи, ўша даврда мусулмонларнинг ашаддий душмани (кейинчалик исломни қабул қилиб саҳоба бўлган), Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам энг катта ғанимларидан бўлган Абу Суфённинг қизи эди. Унинг қавми Бани Абди Шамснинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қавми Бани Ҳошимга адовати кучли эди. Бу қавм Ислом даъватига ҳамда даъват соҳибига доимо тўсқинлик қилар эди. Абу Суфён Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз Парвардигори томонидан олиб келган бу муборак Ислом даъватини тўсишга бор кучи, имконияти билан қаршилик қилди-ю, лекин бу уринишида муваффақиятга эришмай, ҳасрату надомат ила умидини узди. Бу вақтда Макка аҳлидан кўпгина кишилар ва аёллар Исломни қабул қилишган, ҳаттоки Абу Суфённинг қизи Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо ҳам Ислом ҳидоятини топган эди. У ўз отасидан қўрқиб, бу азиз динини сақлаш учун эри Убайдуллоҳ ибн Жаҳш билан Ҳабашистонга кетган эди.
Ҳабашистонда Аллоҳ таоло унинг эрини залолатга мубтало қилиб, у (баъзи ривоятга кўра) Ислом динидан чиқиб, насроний динини қабул қилди. Буни билган Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо дархол ўз эридан воз кечди. Аёл эрининг турли йўллар ила яна қайта ярашишга қилган ҳаракатларини рад қилиб, ўз дини бўлмиш Исломда собит, мустаҳкам турди. Ўзи ёлғиз қолгач, у бегона юрт Ҳабашистонда кўпгина қийинчилик, кўрқинчларга дучор бўлди. Барча қийинчилик, оғир шароитларга сабру матонат ила чидади. Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо Қурайшнинг сардори, каттаси ва ботири ҳисобланган отасининг таъқибидан ва шунингдек, одамларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қайтариб, доим унга қарши гиж-гижловчи, Пайғамбар алайҳиссаломнинг энг ашаддий душмани бўлган онаси Ҳинднинг ғазабидан қўрқувда эди. Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо, шунингдек, ўз қавми ва қариндошлари нафратидан ва уларга кулги бўлишдан ҳам қўрқар эди. Чунки арабларда душмани унинг бахтсизлигидан кулиши энг катта ор ҳисобланарди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳабашистон подшоҳи Нажошийга мактуб йўллаб, Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳони ўзларига жуфти ҳалол қилиб олишга ёрдамини сўрадилар. Нажоший бу хушхабарни Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳога етказганида, у хурсандлигидан кўкка учаёзди. Кўнгли кўтарилиб, дарз кетган қалби яралари тузалди. Уни шодлик қамраб олди. Унинг қанчалик хурсанд бўлгани Аллоҳ таологагина аён эди.
Нажоший Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳога иззат-икром кўрсатиб, унга кўп меҳрибонлик ва яхшиликлар қилди, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам номларидан унга маҳр қилиб тўрт юз динор ва бошқа нафис ҳадялар тақдим этди. Ва уни Шураҳбил ибн Ҳасна билан биргаликда иззат-икромини жойига қўйиб, Мадинаи Мунавварага — Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига кузатиб қўйди. Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо Мадинаи Мунавварага келгач, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга Ҳижратнинг олтинчи ёки етгинчи санасида эри вафот этганидан сўнг уйландилар. Ўша вақтда Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳонинг ёшлари ўттиз олтида эди.
Бу муборак турмушнинг никоҳини ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўқидилар.
Аллоҳ таоло Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо туфайли қуйдаги оятни нозил қилган:
عَسَى اللَّهُ أَنْ يَجْعَلَ بَيْنَكُمْ وَبَيْنَ الَّذِينَ عَادَيْتُمْ مِنْهُمْ مَوَدَّةً وَاللَّهُ قَدِيرٌ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ
Эҳтимол, Аллоҳ сизлар билан сизлар душман тутиб юрган кимсалар ўртасида (уларни Исломга киритиб) дўстлик пайдо қилиб қўяр. Аллоҳ (бундай ишларга) қодирдир. Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир. (Мумтаҳанаҳ, 7-оят)
Умму Ҳабиба Рамла розияллоҳу анҳо ҳижратнинг қирқ тўртинчи санасида (мелодий олти юз олтмиш тўртинчи йили) Мадинаи мунавварада вафот этдилар. Бақеъ қабиристонига дафн этилдилар.
Манбалар асосида
Тожиддинов Абдуссомад
Абдулбосит ўғли тайёрлади