www.muslimuz

www.muslimuz

الأحد, 15 تشرين2/نوفمبر 2020 00:00

ҲАМДАРДЛИК БИЛДИРАМИЗ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида жойлашган “Мурч бобо” жоме масжиди имом-хатиби Низомиддин домла Чориевнинг волидаи муҳтарамаси вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.

Табаррук ёшда охират сафарига кузатилаётган онахон узоқ йиллар мобайнида Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби вазифасидан меҳнат қилган марҳум Тошболта домланинг рафиқалари бўлиб, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган солиҳ фарзандларни тарбияладилар. Улардан бири Низомиддин домла Чориев кўп йиллардан буён Ислом дини ва мўмин-мусулмонларимиз хизматида бардавом бўлмоқда.

Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин! Ғариқи раҳмат, шоистаи жаннат, охиратларини обод қилсин! Барча яқинларига сабру жамил ато айлаб, ажру мукофотларини кўпайтириб берсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Низомиддин домла Чориевга ва марҳуманинг яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.


Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

1. Камбағалларни севинг ва уларга яқинроқ бўлинг!

"Эй Ойша, камбағалларни севинглар ва уларни ўзингизга яқинлаштиринглар, токи Аллоҳ сизларни Қиёмат кунида ўзига яқинлаштирсин!" (Имом Бухорий ривоятлари).

2. Аҳволи ёмон бўлганларга эътибор беринг!

"Ўзингиздан пастдагиларга қарайверинглар-у, аммо ўзингиздан юқоридагиларга қараманглар! Мана шундай қилишингиз Аллоҳнинг сизларга берган неъматларини паст санамаслигингиз учун муносибдир"  (Имом Муслим ривоятлари).

3. Тиланчилик қилманг!

"Дарҳақиқат, сизлардан бирортангиз арқон олиб, орқангизга бир даста ўтин олиб келиб, сотсангиз, бас, Аллоҳ уни бирор нарса бериши мумкин бўлган ёки рад қилиши мумкин бўлган одамларга илтимос қилишдан сўрашга мажбур қилишдан қутқарур" (Имом Бухорий ривоятлари).

4. Қариндошлик ришталарини қўллаб-қувватланг!

“Ичида қариндошлари билан алоқани узган киши мавжуд бўлган қавм устига Раҳмат тушмас, албатта”.

“Ким умрини узун, ризқини кенг бўлишини ва ёмон ўлимдан қутулишни ҳоҳласа, қариндошлари билан алоқасини тикласин” (Имом Аҳмад ривоятлари).

“Кимнинг ризқи кенг ва умри баракали бўлишлиги хурсанд қилса, силаи раҳмни боғласин” (Имом Бухорий ривоятлари).

5. Ота-онага яхшилик қилинг!

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Аллоҳ таоло унинг умрини узун, ризқини зиёда қилишини яхши кўрса, ота-онасига яхшилик қилсин, қариндошлик алоқаларини боғласин", дедилар (Имом Байҳақий ривоятлари).

6. Катталарни ҳурмат, кичикларни иззат қилинг!

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким кичикларимизга раҳм қилмаса ва катталаримизнинг ҳақини билмаса, биздан эмас”, дедилар.

7. Қўшниларингиз билан яхши муносабат қилинг!

 "Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин! Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхшиликни гапирсин ёки жим турсин!" (Имом Бухорий ривоятлари).

 

الإثنين, 16 تشرين2/نوفمبر 2020 00:00

2. БАҚАРА СУРАСИ, 208–210 ОЯТЛАР

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ ٱدۡخُلُواْ فِي ٱلسِّلۡمِ كَآفَّةٗ وَلَا تَتَّبِعُواْ خُطُوَٰتِ ٱلشَّيۡطَٰنِۚ إِنَّهُۥ لَكُمۡ عَدُوّٞ مُّبِينٞ٢٠٨

208. Эй имон келтирганлар, Исломга тўлиғича киринглар ва шайтоннинг изидан эргашманглар, чунки у очиқ душманингиздир.

Баъзи муфассирлар (масалан, Замахшарий ва Розий) ушбу ояти карима янги мусулмон бўлган Аҳли китобларга қаратилган, дейишади. Яҳудийлардан бир гуруҳи мусулмон бўлган эди. Улар Исломда туриб ҳам Таврот ҳукмларига амал қилишарди, чунончи шанба куни ибодат қилишар, туя гўшти ва сутини ҳаром деб эътиқодда бўлишар, Таврот ҳам тиловат қилиб туришар эди. Юқоридаги ояти карима шулар хусусида туширилиб: "Исломга кирсангизлар, бу дин ҳукмларига мукаммал итоат қилинглар, баъзисига амал қилиб, баъзисини тарк этманглар" деб буюрилмоқда.

Кўриб турибсизки, гумроҳ, ўз фойдасини билмаган қавмлар доимо адашишда бўлган. Ҳамиша шайтон васвасасига учиб, Аллоҳ таолонинг ҳақ йўлидан чекинишган. Чунки дунё ҳаётининг роҳат-фароғатлари инсонга чиройли кўрсатиб қўйилган. Шайтон ҳамиша уни йўлдан оздиради. Тоат-ибодатдан, солиҳ амаллардан қайтаради. Улар орасига буғзу-адоват, нифоқ солади. Шайтонга мурид бўлганларнинг қулоқларига пайғамбарнинг даъват ва илтижолари асло кирмайди. Кўзлари Аллоҳ таоло ҳар қадамда кўрсатиб қўйган ибрат, мўъжизаларни кўрмайди. Ноқис ақллари Аллоҳ динининг, Аллоҳ шариатининг исбот талаб этмайдиган олий ҳақиқатларини илғаб олишга ярамайди. Улар бу дунёда Аллоҳ таоло берган беҳисоб неъматларни, мўл ризқларини гўё ўзлари ишлаб топгандай еб-ичиб, ҳатто шукрини қилишмайди. Бу дунёнинг журму исёнларига ғарқ бўлиб, охиратни эсдан чиқаришади. Арзимас мартаба ёки матоҳ дея улуғларига сажда қилишадию, аммо бутун оламларнинг Эгаси, замину коинотнинг ҳақиқий Хожаси, барча мавжудотларнинг Яратувчиси бўлмиш буюк Зотга ибодат қилишга, Унинг амр-фармонларини бажаришга эринишади, ор қилишади, бепарво бўлишади. Бундан ортиқ нодонлик, бундан зиёд гумроҳлик, бундан-да осийлик борми?!

فَإِن زَلَلۡتُم مِّنۢ بَعۡدِ مَا جَآءَتۡكُمُ ٱلۡبَيِّنَٰتُ فَٱعۡلَمُوٓاْ أَنَّ ٱللَّهَ عَزِيزٌ حَكِيمٌ٢٠٩

209. Агар сизларга равшан ҳукмлар келганидан кейин ҳам тойиб кетсангизлар, билингларки, Аллоҳ албатта қудрат ва ҳикмат эгасидир.

Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарлари орқали инсонларга ваҳийларини юборди, фақат Ўзига сиғинишни, ягона Илоҳга бошқа бут-санамларни, ўзга нарсаларни шерик қилмасликни буюрди. Яна У зот имон ва куфрни, ҳидоят ва залолат йўлларини ажратиб берди, ҳалол ва ҳаромни англатди, яхши ишларга амр этди, ёмонликлардан қайтарди. Оқил инсонлар ибрат олсинлар, хулоса чиқарсинлар, дея кўп мўъжизаларни, далил-исботларни кўрсатиб қўйди. Агар шундан кейин ҳам инсонлар ҳақ йўлдан тойиб кетишадиган бўлса, у ҳолда улар Парвардигорнинг аламли жазоси, абадий қийноқларга гирифтор бўлишади. Чунки Аллоҳ таоло буюк қудрат ва ҳикмат эгаси бўлгани учун ҳам оятлари орқали инсонларни мана шундай огоҳлантириб қўйган. Аллоҳ таоло айтади: "У Аллоҳни қўйиб, ўзига зарар ҳам, фойда ҳам бера олмайдиган нарсаларга илтижо қилур. Бу қаттиқ адашишнинг ўзидир. У зарари фойдасидан яқинроқ бўлган "кимса"га илтижо қилур. У нақадар ёмон "дўст" ва нақадар ёмон "ошно"дир" (Ҳаж, 12-13).

هَلۡ يَنظُرُونَ إِلَّآ أَن يَأۡتِيَهُمُ ٱللَّهُ فِي ظُلَلٖ مِّنَ ٱلۡغَمَامِ وَٱلۡمَلَٰٓئِكَةُ وَقُضِيَ ٱلۡأَمۡرُۚ وَإِلَى ٱللَّهِ تُرۡجَعُ ٱلۡأُمُورُ٢١٠

210. Наҳотки улар фақат Аллоҳнинг ҳамда фаришталарнинг булутлар соясида олдиларига келишини ва ишнинг тугашини кутишаётган бўлса?! Барча ишлар Аллоҳга қайтажакдир.

Аллоҳ таолонинг очиқ-ойдин амр-фармонларини кўра-била туриб ҳам қайсарликлари туфайли уларни бажаришдан бўйин товлайдиган кимсалар ҳам бор. Улар Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига имон келтиришмаган, Қуръонга ишонишмайди. Бунинг устига улар "Агар Аллоҳ ўз фаришталари билан олдимизга тушсайди, ҳар кимнинг қилмишига яраша жазо ва танбеҳини берса, бўладиган иш бўлақолсайди", деб бетоқат бўлишади. Парвардигор марҳамат этадики, ҳамма иш Аллоҳнинг Ўзига ҳавола этилади, ҳаммага муносиб муомалани Унинг Ўзи қилади, қачон қилишини ҳам ёлғиз Ўзи билади, инкор этувчилар бетоқат бўлавермасинларки, улар имонсизликларининг қаттиқ азобини тотишлари муқаррардир!

السبت, 14 تشرين2/نوفمبر 2020 00:00

2. БАҚАРА СУРАСИ, 204–207 ОЯТЛАР

وَمِنَ ٱلنَّاسِ مَن يُعۡجِبُكَ قَوۡلُهُۥ فِي ٱلۡحَيَوٰةِ ٱلدُّنۡيَا وَيُشۡهِدُ ٱللَّهَ عَلَىٰ مَا فِي قَلۡبِهِۦ وَهُوَ أَلَدُّ ٱلۡخِصَامِ٢٠٤

204. (Эй Муҳаммад), одамлар ичида шундайлари ҳам борки, унинг дунё ҳаётидаги гаплари сизга ажиб туюлади. У Исломга ашаддий хусуматда бўлгани ҳолда дилидаги нарсага Аллоҳни гувоҳ қилади.

Аллоҳ таоло Пайғамбарига хитоб қилиб айтяптики, одамлар ичида шундайлари бор: уларнинг дунёдаги гаплари сизга ажабланарли туюлиши мумкин. Бундайларнинг сиз олиб келган динга хусумат ва душманликлари шунчалар қаттиқки, улар дилидаги нарсага Парвардигорингизни гувоҳ қилади. Ато розияллоҳу анҳу: "Оятдаги "ан-нас" сўзи "ал-ҳайвон" маъносида", деган (Бухорий ривояти). Мазкур ояти каримада зикр этилган шахс Ахнас ибн Шурайқ ас-Сақафий исмли бир мунофиқ эди. У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва бошқа мусулмонлар ҳузурида Исломга кириб, ўзининг имони мустаҳкам экани ҳақида жуда ажойиб гапларни гапириб, ҳаммани ишонтиради. Мусулмонлар олдидан чиқиб, ўз қабиласига қайтиб кетаётганида эса, мусулмонларга қарашли далаларга ўт қўйди, уларга тегишли туяларни сўйиб ташлади. Бундай кимсаларнинг Ислом динига ва мусулмонларга қаттиқ хусумати Аллоҳ таолодан асло яширин қолмайди. Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо: "Пайғамбар алайҳиссалом: "Аллоҳ энг ёмон кўрадиган одам адовати қаттиқ кишидир", деганлар (Бухорий ривояти).

وَإِذَا تَوَلَّىٰ سَعَىٰ فِي ٱلۡأَرۡضِ لِيُفۡسِدَ فِيهَا وَيُهۡلِكَ ٱلۡحَرۡثَ وَٱلنَّسۡلَۚ وَٱللَّهُ لَا يُحِبُّ ٱلۡفَسَادَ٢٠٥

205. У юз ўгирганидан сўнг Ер юзида бузғунчилик ҳамда экин ва наслларни ҳалок қилиш мақсадида ҳаракат қилади. Аллоҳ эса бузғунчиликни ёмон кўради.

Ахнас каби мунофиқ кимсалар ҳар қадамда мусулмонларга бирор зарар етказиш пайидан бўлади: уларнинг экинзорларини пайхон қилиб, далаларига ўт қўяди, ҳайвонларини ёки бола-чақаларини ўлдиради, юртларини вайрон қилади. Ана шундай ёвузликлар ва фитналар қилиш учун чор атрофга зир югуради. Аммо Аллоҳ таоло бузғунчиликни ёмон кўргани учун уларнинг бу зулм ва кирдикорларига яраша жазоларини беради. Мўмин доимо узр истайди, мунофиқ эса, айб истайди. Мўмин барча халойиққа нисбатан кўнгли пок бўлади. Мунофиқ эса, унинг тескариси бўлади. Ҳеч бир кишини Аллоҳ таоло икки қалбли қилиб яратган эмас, яъни, киши бир пайтнинг ўзида ҳам динли, ҳам динсиз бўла олмайди. Бир қалбга бир нарса сиғади: ё имон ёки куфр ёхуд нифоқ. Очиқ инкорчи кофир дейилади, таши бошқа, ичи бошқа одам мунофиқдир. Охират кунида ҳамма одамлар қайта тирилишига, бу дунёда қилган амалларининг ҳар зарраси учун мукофот ёхуд жазо олишига ишонмаган одамдан яхшилик чиқиши, аҳдига вафо қилиши қийин иш. Бу ҳақиқатни мусулмонлар яхши тушуниб олишган. Динсиз, ихлоссиз, фисқу фужурга берилган, ёлғончи, ибодатсизларни гап-сўзи, юриш-туришидан билиб олса бўлади.

وَإِذَا قِيلَ لَهُ ٱتَّقِ ٱللَّهَ أَخَذَتۡهُ ٱلۡعِزَّةُ بِٱلۡإِثۡمِۚ فَحَسۡبُهُۥ جَهَنَّمُۖ وَلَبِئۡسَ ٱلۡمِهَادُ٢٠٦

206. Унга "Аллоҳдан қўрқ!" дейилганида ҳам ғурури гуноҳга бошлайверади. Унга жаҳаннам кифоядир, у ниҳоятда ёмон жойдир.

Бу мунофиқнинг ҳолати бўлиб, у ташида хушомад билан ҳар сўзига Худони гувоҳ қилади ва: "Менинг дилимда ҳам Исломга муҳаббат бор", дейди. Мунофиқ гоҳ имонга, гоҳ куфрга яқинлашиб туради. Торози палласи имон тарафга босиб қолса, имонга яқинлашади, куфр тарафига оғса, у ҳам куфрга яқинлашади. Мунофиққа ваъз-насиҳат қилсанг, қулоғига илмайди. Аллоҳни эслатсанг, кибр ила ўзини юқори тутади. Гуноҳи, хатоси ва камчиликлари билан гердаяди, Аллоҳдан уялмайди ҳам. Ҳолбуки, кунда-кунора: «Юрагимдаги нарсага Аллоҳ гувоҳ!» деб қасам ичади. Мунофиқ кофирдан ҳам ёмон. Шунинг учун мунофиқ дўзахнинг энг чуқур ерига ташланади. Мунофиқнинг Исломга душманлиги бошқаларникидан қаттиқроқдир, иложи бўлса, ҳамма ёқда бузғунчилик қилиб, Ер юзидаги экинларнию ва инсон ҳамда ҳайвон наслларини йўқ қилиб ташласа! Бундайларга насиҳат қилинса, унинг зиддига иш тутади. Саодат асрида яшаган Ахнас исмли ўша мунофиқда юқоридаги сифатларнинг ҳаммаси мавжуд эди. Бу кимса Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом билан худди шундай муомала қилар эди.

وَمِنَ ٱلنَّاسِ مَن يَشۡرِي نَفۡسَهُ ٱبۡتِغَآءَ مَرۡضَاتِ ٱللَّهِۚ وَٱللَّهُ رَءُوفُۢ بِٱلۡعِبَادِ٢٠٧

207. Одамлар орасида Аллоҳ розилиги учун жонларигача тикадиганлари ҳам бор. Аллоҳ бандаларга меҳрибондир.

Бу комил мўминлар сифатидир, улар Аллоҳ розилиги йўлида, керак бўлса, жонларини ҳам қурбон қилишга тайёр туришади. Муфассирлар ушбу ояти карима ҳазрати Алий ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу ҳақида нозил бўлган, дейишади. Пайғамбаримизнинг амакиваччалари ва куёвлари бўлган бу зот ёш бўлишларига қарамай, Исломни биринчилардан бўлиб қабул қилганлар ва умрлари охиригача шу диннинг равнақи йўлида фидокорлик кўрсатганлар. Ҳазрати Алий Табук ғазотидан бошқа барча ғазотларда Пайғамбар алайҳиссалом билан бирга бўлдилар. Табук ғазотида эса Пайғамбарнинг ўзлари ҳазрати Алини Мадинада амир қилиб қолдирган эдилар. Алининг бошларидан кўп синовлар ўтган, кўплаб ғазотларда байроқдор бўлганлар, Ислом душманларига қарши мардона жанг қилганлар. Алий ибн Абу Толиб тириклигида жаннат башорати берилган ўн саодатманд саҳобанинг (ашараи мубашшаранинг) бири эдилар. Олтмиш уч ёшларида хаворижлар қўлида ҳалок бўлганлар.

Бошқа баъзи муфассирлар эса бу оят Суҳайб Румий исмли саҳобий ҳақида нозил бўлган, дейишади. Суҳайб Маккадан Мадинага кетаётганида йўлда уни Қурайш одамлари таъқиб қилишди. У туясидан тушди ва ўқдонига ишора қилиб: "Эй Қурайш жамоаси, менинг камонда отишга қанчалик моҳир эканимни яхши биласизлар, барча ўқларимни отиб бўлгунимча ҳам менга бирорта ўқ теккизолмайсиз. Яхшиси, мени ўз ҳолимга қўйинг, Маккада қолдирган барча молларимнинг турган ерини сизларга айтиб берай", деди. Қурайш жамоаси рози бўлди. Суҳайб Мадинага эсон-омон етиб келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Суҳайб тижоратда катта фойда қилди" деб башорат бердилар" (доктор Абу Халил Шавқий. "Атласул-Қуръан", Байрут, 2001 йил, 312-бет).

السبت, 14 تشرين2/نوفمبر 2020 00:00

Қуръон аҳли

قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: آل القرآن آل الله

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Қуръон аҳли Аллоҳнинг аҳлидир".

Ибн Арабий бундай дейди: "Арабми ёки бошқа миллат вакилими Қуръонни хатосиз ва маъносини ўзлаштирган ҳолда тиловат қилса Қуръон аҳли дейилади. Агар билганига амал қилса бундан ҳам яхшидир".

Ушбу ҳадисни Имом Хатиб Бaғдодий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

 

Ҳуршид ШАРИПОВ,

Қашқадарё вилояти, Косон туманидаги

"Ғоиб ота" жоме масжиди имом-хатиби.

Top