muslimuz

muslimuz

الإثنين, 05 شباط/فبراير 2024 00:00

Қизил туядан яхшироқ...       

Қадимда Араб халқида қизил туя (حُمُرِالنَّعَمَ) энг қимматли нарсалардан бири ҳисобланган. Шу сабаб улар бир нарса қиймати юқорилигини қизил туяга қиёслаш билан билдирган.

Бир инсон бошқа бировнинг ҳидоят топишига сабаб бўлиши у учун қизил туяга эга бўлишдан яхшироқдир.  

Абу Аббос Саҳл ибн Саъд ас-Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Алий розияллоҳу анҳуга: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло сен сабабли бир кишини ҳидоят қилмоғи қизил туядан ҳам яхшироқдир», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Дарҳақиқат, бир инсонга тўғри йўл кўрсатиш, бу орқали уни ҳидоят топиши жуда катта савобли ишдир.

Аллоҳ таоло барчамизни мана шундай  савобли ишларга муваффақ қилсин!

     Руҳиддин Акбаров,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими

Биринчи мақола

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг энг яхшиларингиз ахлоқи яхшиларингиздир” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти). Демак, кишининг Аллоҳ таоло ҳузуридаги ва кишилик жамиятидаги мақомини кўрсатадиган нарса бу унинг чиройли ахлоқи экан.

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Одамларни кўпроқ жаннатга киритадиган нарса ҳақида сўралди. Шунда у зот: “Аллоҳга тақво қилиш ва чиройли хулқ” деб айтдилар. У зотдан яна: “Одамларни кўпроқ дўзахга киритадиган нарса ҳақида сўралди”. Шунда у зот: “Оғиз ва фарж” деб марҳамат қилдилар (Имом Термизий ривояти).

Демак, инсон ўзини гуноҳлардан тийса, нафсига қул бўлмаса, оғзидан фахш сўзлар чиқмаса, гуноҳ содир этмаса дунёси ва охиратини обод бўлишидан умид қилсин ва шуни ҳаракатида бўлсин.

Хотам Асом нафс тарбияси ҳақида: “Нафсим итимдир (қулимдир), илмим қуролимдир, гуноҳим умидсизлигимдир, шайтон эса душманимдир, нафсимга асло итоат этмайман, уни тепкилаб ҳайдайман” деб ўз даврининг кишиларини доимо нафс тарбияси билан машғул бўлмоқлик, нафс поклигига эътибор қаратиш лозимлигини уқтирган.

Аллоҳ таоло “Шамс” сурасида бундай деган: “Нафс ва (У яратиб) тиклаган зотлар, (инсонлар) билан. Дарвоқе, унга (нафсга) фисқу-фужурини ҳам, тақвосини ҳам (У) илҳом қилиб қўйган. (мазкурлар билан қасамёд этаманки) ҳақиқатан, уни (нафсни) поклаган киши нажот топур. Ва уни (нафс)ни (гуноҳлар билан) кўмиб, хорлаган кимса эса (Аллоҳнинг раҳматидан) ноумид бўлур!” (7-10 оятлари).

Нафсини поклаган, Яратганнинг буйруқларини бажаришга сафарбар этган инсон охиратда катта ютуқларга эришади. Бу орқали охиратда катта оловларга кириб кетишидан, ашаддий азобга қолишдан, дунёдаги куфрдан, фитналардан, ширкдан, турли низолардан, гуноҳлардан сақланишига эришади. Бу билан Яратган Роббини розилиги ва Пайғамбаримиз Сарвари Коинот Набий алайҳиссаломнинг шафоатларига муваффақ бўлади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Энг катта жиҳод нафс тарбияси учун қилинадиган жиҳоддир” деб марҳмат қилганлар. Саҳобалар жиҳоддан қайтганларидан кейин биз кичик жиҳоддан катта жиҳодга қайтдик деб нафс тарбияси билан шуғулланишга алоҳида эътибор берганлар. Набий алайҳиссалом нафс тарбияси ва ахлоқни сайқаллаш борасида Қиёматгача келадиган башариятга ўрнак ва намуна бўлганлар. Бу борада керакли тавсия ва кўрсатмаларни берганлар. Дуо қилганларида нафсни тарбиялаш учун ҳам алоҳида дуо қилганлар. Жумладан: “Эй Аллоҳим! Нафсларимизга тақво бер ва уларни пок қил! Сен нафсларни пок қилувчиларнинг энг яхшиси ва унга дўст ва соҳибсан” деб дуо қилганлар (Имом Муслим ривояти).

Исомиддин АҲРОРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Кадрлар бўлими мудири

Саудия Арабистони Ислом ишлари, даъват ва ҳидоят вазирлиги Ўзбекистоннинг Жиддадаги Бош консуллигига брайл алифбосида чоп этилган муқаддас Қуръони Карим китобларини тақдим этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири. 

Техник-ҳамкорлик ва грантлар асосида қабул қилинган ушбу муборак китоблар Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамиятига тақдим этилиши назарда тутилган. 

Мазкур беғараз ёрдам шаклида берилган китоблар 15 минг АҚШ долларига тенг. 

Брайл алифбосидаги ушбу муқаддас Қуръон китоблари тез кунларда Ўзбекистонга етказилади. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

الإثنين, 05 شباط/فبراير 2024 00:00

Таъзия билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент вилояти Ўртачирчиқ тумани "Бобохон ота" жоме масжиди имом-хатиби Нуржон домла Минасиповнинг волидаи муҳтармалари вафоти муносабати билан у кишининг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин, иймонлари ва солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!

Охират сафарига кузатилган онахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.

Ҳақ таоло марҳума онахоннинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳума онахоннинг яқинларига, хусусан, Нуржон домлага ҳамдардлик билдирамиз.

Жаноза намози бугун бугун пешин намозида "Бобохон ота" жоме масжидида адо этилади.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Қоҳира халқаро китоб кўргазмаси арафасида “ал-Aзҳар” павилонида Қуръон қўлёзмаларини қайта тиклаш бўйича семинар бўлиб ўтди.

“IQNA” сайтининг “Youm7” га таяниб хабар беришича, Миср халқаро кўргазмалар марказида ўтказилаётган 55-Қоҳира халқаро китоб кўргазмаси доирасида “ал-Aзҳар” павилонида китоб ва қўлёзмаларни қайта тиклаш ва сақлаш бўйича семинар бўлиб ўтди.

   Миср қўлёзмаларини қайта тиклаш бўлими директори ўринбосари Маҳмуд Саад бундай деди: “Мавжуд бўлган энг муҳим қўлёзмалардан бири мамлуклар даврига оид Қуръони карим нусхаси саналади. Ушбу қўлёзма ҳижрий 866 йилда ёзилган бўлиб, шаҳзода Кадходанинг рафиқасига тегишлидир. Уни 1165 йилда “ал-Азҳар” мажмуасига ҳадя қилинган. Бу қўлёзма бўйича докторлик диссертацияси ёзилган. Ушбу Қуръон нусхасига зарар етказилиш сабаб ва омилларини аниқлаш ва қайта тиклаш бўйича тегишли чоралар кўриш мақсадида бир қанча техник тадқиқотлар олиб борилган”.

Тадқиқот давомида мазкур қўлёзманинг қоғози маҳаллий экани, сиёҳ ва ёзув тури ўрганилгандан сўнг уни қайта тиклашнинг тегишли усули белгиланиши аниқланди. Ушбу стендда Қуръоннинг реставрациядан олдин ва кейин суратлари жамланган.

  Қайта тиклаш жараёнида қоғозда озиқланадиган бир қатор ҳашаротлар топилди. Уларнинг тасвирларини нашр этишдан мақсад муҳим китоб ва қўлёзмаларни севувчи ва йиғувчиларни ушбу зараркунандалар билан таништиришдир. Шунда улар зарар содир бўлса, уни қўлёзманинг йўқ қилинишига олиб келмайдиган тарзда таъмирлаш мумкинлигини билишади.

“Aл-Aзҳар” кутубхонасидаги қўлёзмалар коллекцияси дунёдаги энг бой фондлардан бири бўлиб, бу қўлёзмаларнинг кўпчилигида Қуръони карим нусхалари, шунингдек, дин ва бошқа фанларга оид асарлар бор. Ушбу қўлёзмаларни замонавий асбоб-ускуна ва технологиялар ёрдамида батафсил ўрганиш исломшунослик соҳасидаги кўплаб янги фактларни очиб берди, Мисрдаги турли тарихий даврлар, жумладан, мамлук ва фотимийлар даврига ойдинлик киритди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими

Илёсхон Аҳмедов тайёрлади

Top