Рамазон

Рамазонда рўзадор зикрининг аҳамияти!

Рўзадорлик мўминниг қалқонидир. Барча динларда ҳатто илоҳий бўлмаган динларда ҳам рўза тутишлик мавжуд. Аммо, Ислом динида рўза тутиш қонун-қоидалари бошқа динларникидан фарқ қилади. Ислом тарихидан маълумки, Қуръони Карим Рамазон ойида нозил бўлган. Шунинг боисидан ҳурмат қозонган бу ойда мўминлар учун яна бир туҳфа - рўза фарз қилиниб ўн икки ой ичидан Рамазон ойи энг шарафли ой саналади.

Рамазони шарифда рўза тутишга қодир бўлган бахтли мўминлар зикр билан ҳам машғул бўлишса ажрлар дўли остида қолишликлари табиийдир. Рўзадор инсон еб-ичиш, жинсий яқинлик қилиш кабилардан тийилиши билангина рўза ибодатини тўкис адо этди деган хулоса келиб чиқмайди. Ёлғон гапириш, ғийбат қилиш, жанжаллашиш, чақимчилик каби иллатлардан холи бўлсагина рўза тўла адо этилган бўлиб ҳисобланади. Хўш бу иллатлардан инсон ўзини қандай тўлақонли ҳимоя этиши ёки тия олиши мумкин? Уларнинг давоси аниқ агар рўзадор зикр билан банд бўлса, ана ўшанда уни ҳеч қандай юқорида номи зикр қилинган иллатлар йўлдан оздира олмайди.

«Зикр» луғатда эслаш, ёдга олиш, гапириш маъноларини англатади. Истелоҳда эса, Аллоҳ таолони ёд этишга зикр дейилади. Аллоҳ таолонинг исми зотини, сифатларини ёд этиш, ҳукмлари ҳақида гапириш, Қуръон тиловат қилиш, Роббга илтижо қилиш, дуо қилиш, Уни улуғлаш, Унга ҳамд айтиш, тавҳид калимасини айтиш, неъматларига шукр қилиш кабилар зикр ҳисобланади.

Расулуллоҳ (саллалоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Сизга амалларингизнинг энг яхшиси, энг тозаси, даражаларингизни энг кўп кўтарадигани, сизлар учун тиллаю кумушни инфоқ қилишдан ҳам афзали, душманларингизга йўлиқиб, улар билан жанг қилишингиздан ҳам яхшисини айтайми?» Саҳобалар: «Ҳа, айтинг», дейиишди. У зот: «Аллоҳнинг зикри», дедилар (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти).

Зикр билан қалб маънавий озуқа олади, меҳр-муравватга тўлади,  маъсиятдан йироқ бўлади шунинг билан биргаликда яхшиликка ошно бўлади.

Ибодатлар (намоз, рўза, закот, ҳаж) зикр қилувчига оғир кечмайди. Зикр ибодатларнинг энг афзали бўлиши билан бирга энг осони ҳамдир. Шайтонлар занжирбанд бўлган ойда рўзадорнинг зикр қилиши энг маҳбуб амаллардандир. Бу муборак ойда дуолар ижобати, тавбалар қабул бўлиши, гуноҳлар авфи учун белбоғлашлигимиз, қалбларимизни зикр ила поклашимиз лозим. Рўза ибодатини адо этаётган айни вақтимизда кам сармоя сарфлаб кўп даромад оладиган ва тез бойийдиган тижоратчининг ҳолатидамиз. Шунинг учун ҳар сонияси олтиндан қиммат бўлган рўзадор ҳолимизда фурсатни қўлдан бой бермайлик.

Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу) Набий (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қиладилар: “Бир қавм ўтириб Аллоҳни зикр қилса, уларни фаришталар ўраб олишади ва раҳмат қоплайди. Устиларига хотиржамлик тушади. Аллоҳ уларни Ўзининг ҳузуридагилар, яъни фаришталар билан эслайди”.

Яна бир юқорида номлари зикр қилинган саҳобадан ривоят қилинган ҳадиси-шарифда: “Аллоҳ дуоингизни қабул қилишига қаттиқ ишониб дуо қилинг. Ва билингки, албатта, Аллоҳ ғофил ва бепарво қалбдан дуони қабул қилмас”, дейилади. Бундан кўриниб турибдики, дуони шунчаки эмас хушу ва хузуъ ила, дуо одобларига риоя этиб, ҳабибимиз Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)га саловотлар айтиб қаттиқ ишонч ила чин дилдан дуо қилсак ижобат бўлади иншаалоҳ.

Ҳазрат Али (разияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қиладилар: “Тоинки Муҳаммадга ва Муҳаммаднинг оиласига саловот юбормагунларингизча дуоларингиз Аллоҳдан тўсилиб тураверади”.

Муборак моҳи рамазонда саловот айтишлик ҳам рўзадор учун айни фойдали ҳолатдир. Дуолар ижобатининг сабабчисидир.

Салмон Форсий (разияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қиладилар: “Албатта, Аллоҳ таоло ҳаёли ва сахий зотдир. У зот бандаси Унга икки қўлини кўтарса, уларни бўш қайтаришдан уялади”.

Шундай муборак бир ойда рўза ибодатини тўкис адо этмоғлигимиз, қалбларимизни ислоҳ қилиб зикрда бардавом бўлмоғлигимиз барчамизга насиб этсин! Амаллар тарозисида қилган зикрларимиз тоши оғир келишлигини Аллоҳ таоло тақдир айласин, Иншааллоҳ! 

“Жўйбори Калон” аёл-қизлар

ўрта махсус ислом билим юрти

ўқитувчиси Мунира Хўжаева

 

Read 77286 times
Top