muslim.uz

muslim.uz

ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ

ДОНО БЎЛУР...

*   *   *

Заҳируддин Муҳаммад Бобур

хазиналари

*   *   *

МУБАЙЯН ВА

НАСРИЙ БАЁНИ

*   *   *

ИЙМОН-ЭЪТИҚОД  КИТОБИ

*   *   *

НАЗМ

 

Дин ишиға кўб эҳтиром керак,

Олам аҳли аро имом керак.

Лойиқ эрмас бу ишга ўзга киши,

Керак ушбу имомингиз Қураший.

Подшоҳдурки, шаръ имом деди,

Ушбу элга “халифа” ном деди.

Халқ аро кимки подшоҳдурур,

Тоъатин қилмасанг, гуноҳдурур.

Магар ул ишки маъсият бўлғай,

Қилмасиға анинг жиҳат бўлғай.

Подшоҳе агарчи золимдур,

Аҳли ислом ичра ҳокимдур;

Анга қилмоқ хуруж бўлди ҳаром,

Будурур шаръ ичра рабту низом.

Бу имом истамак шариъат аро,

Кимга вожиб бўлур экин, оё? –

Саркаш эл ушбуни ҳавас қилмас,

Сойир элнинг илгидин бу келмас.

Гар барийн бўлсалар мунга ҳукком,

Кимни қилсунлар ўзларига имом?

Ҳар кишиким, бу ишни қилмайдур,

Салтанат шевасин билмайдур,

Гар имом этсалар, не қилсун ул,

Салтанат шевасин не билсун ул?!

Мулк вайрон бўлуриға не шак,

Динға ҳам кўб халал бўлур, бешак.

 

 

НАСРИЙ БАЁН

Имом лозим эканига

ишорат

 

Дин ишига кўп эҳтиром сақлаш зарур, (бунинг учун) олам аҳли ичра  бир  имом  бўлиши  лозим.  Бу  ишга  ўзга  киши  лойиқ  эмас, балки  (Аҳли  суннат  вал-жамоат  эътиқодига  кўра,)  имомингиз Қурайш наслидан бўлиши лозим.

Бу  асли  подшоҳдирки,  шариъат  уни  имом  деб  атагандир; бу тоифа  халифа (ҳазрати  Расулуллоҳ  алайҳиссаломнинг ўринбосари)  деб номланди.  Халқ  ичида  кимки  подшоҳ  бўлса,  унга  итоат  қилмасанг, гуноҳдир.

Лекин агар у маъсият – гуноҳ ишларни буюрса, фақат ана шу иши унга итоат қилмасликка сабаб бўлади. Бир подшоҳ гарчи золим бўлса-да, лекин у аҳли ислом ичида ҳукм юритувчи – ҳукмрондир. Шунинг учун унга қарши хуруж қилмоқ ҳаром бўлди – манъ этилди, шариъатнинг рабту низоми – интизоми ва тартиб-қоидаси ана шудир.

Шариатда бу имомни истамоқ кимга вожиб бўлар экан? Саркаш, яъни тўғри йўлдан чиққан фосиқ, бебош инсонлар буни ҳавас қилиши мумкин эмас. Бошқа бир тоифа қавмнинг қўлидан ҳам бу иш келмайди.

Агар бунга ҳукм қилувчилар юқори (мавқели) ва аъло бўлсалар, кимни ўзларига  имом  қилишлари  мумкин?  Агар  бу  ишни  қилмайдиган  ва салтанат шевасини – ҳукмронлик одати, равиш ва услубини билмайдиган ҳар кишини имом қилиб қўйсалар, у нима қилади? У ҳукмронлик тартиб қоидасини қайдан билади?! У ҳолда мулк – мамлакат вайрон бўлишига нима шак-шубҳа бор? Унда динга ҳам кўп халал – нуқсон ва зарар етиши шубҳасиздир.

 

ИЗОҲ (40, 41, 42, 43-бетлар учун). Бу масала эътиқод китобларига кирган бўлса-да, дин номидан ўртага чиқаётган, аслида илм жиҳатидан ҳам, маънавий жиҳатдан ҳам лаёқати ва ҳуқуқи бўлмаган шахсларнинг ўз даъволари билан мусулмонлар ўртасига фитна солишга ҳақлари йўқ. Уларнинг фитнасидан сақланмоқ ҳар бир мўъмин-мусулмондан ҳушёрликни талаб этади. Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Аҳмад Ибн Ҳанбал, Абу Яъло, Байҳақий ва бошқа муҳаддислар ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда: “Мендан кейин халифалик ўттиз йилдир, ундан кейин подшоҳлик келади”, дея бир мўъжиза ўлароқ хабар қилинган.

“Аҳли суннат вал-жамоат ақоиди” китобида айтилади: “Ҳазрати Алининг (розияллоҳу анҳу) халифалик даври олти йил бўлиб, хилофат иши ҳазрати Али жанобимизда якун топди. “Мендан кейин халифалик ўттиз йилдир” деган ҳадиси шарифга кўра, халифалик ҳақиқатда тамом бўлган. Ундан кейинги Умавийлар, Аббосийлар ва Усмонийлар халифалиги комил ва ҳақиқий хилофатга йўйилган (“Аҳли суннат вал-жамоат ақоиди”, 2-китоб, 37-боб). Бинобарин, илмдан йироқ ҳар хил даъвогарларнинг фитнасига алданмаслик керак.

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК

 

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан юртимизда истиқомат қилаётган ёрдамга муҳтож оилаларга улашилган хайрия маҳсулотлари олдида қорбобо сурати тасвирланган фотолавҳалар турли изоҳлар билан тарқатилмоқда.

Қатъий таъкидлаймизки, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ташкил этилган меҳр-мурувват тадбирлари бирор-бир сана ёки ижтимоий байрамларга алоқаси ҳам, қорбобони таклиф этишда Фонднинг ўрни ҳам йўқ.

Жойлардаги тадбирларнинг шакли ва мазмуни ҳудудлардаги ташкилотлар томонидан уюштирилган бўлиб, бундай фаросатсизликка йўл қўйган маҳаллий мутасаддиларни мутлақо оқлаб бўлмайди. Хусусан мана шу ҳолатга сабабчи бўлган Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани ҳокимлиги вакиллари узр сўрашлари керак.

Шундай экан, тарқатилган суратлардаги қорбоболарнинг “Вақф” хайрия жамоат фондига ҳеч қанақа алоқаси йўқ. Бу ҳолат учун Фонд ва унинг ходимларини обрўсизлантириш, ҳақорат ва адолатсизликдир. Ҳар қандай тўғри ва ишончли маълумотни исталган вақтда Фонднинг ўзидан олиш мумкинлигини яна бир бор таъкидлаймиз.

“Вақф” фондини обрўсизлантириш орқали шуҳрат орттиришга уринадиганлар ҳам борлиги ҳар қандай мўмин кишини хавотирга солади. Аслида, бу ҳам нафсдаги касаллик бўлиб, шайтоний қутқу туртки бўлади. Мўмин банда бунга ҳушёр бўлиши керак.

Сўз исботи билан деганларидек, мўмин киши, аввало, каломларнинг энг улуғи – Қуръони каримга мурожаат қилади. Каломуллоҳда: «Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!», деб марҳамат қилинган (Ҳужурот, 6).

Муфассирлар ояти каримани шарҳлаб, келтирилган ҳар қандай хабарга ишонавермасликни, агар фосиқ киши (фосиқ “фисқ” сўзидан олинган бўлиб, луғатда “қобиқни тешиб чиқиш” маъносини англатади. Шаръий истилоҳда эса Аллоҳ таолонинг тоатидан чиқиб, маъсиятларни яширмай, уялмасдан, очиқ-ойдин қиладиган одамга “фосиқ” дейилади) бирор гап олиб келса, уни яхшилаб текшириб кўриш зарурлигини таъкидлашади.

Ҳадиси шарифларда: “Эшитган нарсасини гапиравериш кишининг ёлғончилигига кифоя қилади” (Имом Муслим ривояти), “Мусулмон шундай кишики, унинг на қўлидан, на тилидан мусулмонлар озор кўрмайди” (Имом Бухорий ривояти), “Бировга зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ” (Имом Байҳақий ривояти) дейилган.

Шундай экан, кенг кўламли хайрия ишларига раҳна солиш мақсадида, тарқатилган хабарлардан кимга нима наф? Нима мақсадда шундай қилинди? Ояти каримага кўра, хабар текширилиб кўрилдими, “Вақф” фондининг бирор масъулидан сўралдими? Ҳадиси шарифга биноан эшитган нарсасини аниқлаштирмасдан туриб, ўзининг ижтимоий тармоқ саҳифаларига қўйиб юборган кишилар Фондга зиён-заҳмат етказган, обрўсизлантирган бўлиб қолмадиларми?!

Қайд этиш керакки, синовлар кетидан синовлар бўлган жорий йилда юртимиздаги эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш, уларнинг кўнгилларига рўшнолик олиб кириш ва дарду ташвишларини аритиш йўлида Фонд томонидан йил давомида жуда кўп хайрия ишлари амалга ошириб келинмоқда. Мана шундай меҳр-мурувват тадбирлари шу йилнинг декабрь ойида ҳам кенг кўламда бажарилди.

Мухтасар айтганда, ҳар бир маҳалладан 10 нафардан жами 91550 нафар кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари улашилди.

Мазкур хайрия маҳсулотлари жойлардаги мутасадди ташкилотлар вакиллари, маҳалла фаоллари, жамоатчилик вакиллари ҳамда кўнгиллилар иштирокида тайёрланди ва эҳтиёжманд оилаларга етказилди.

Шунингдек, 56 та “Меҳрибонлик”, “Мурувват” ва “Саховат” уйларидаги мавжуд эҳтиёжларни ўрганган ҳолда, уларга фойдаланиш учун телевизор, кир ювиш машинаси, тикув машинаси, компьютер ва принтер, совутгич, генератор, видеокамера, чангютгич, печь, дазмол каби зарур техник жиҳозлар олиб берилди.

Синовли кунларда янада жипслашиб, бир-бирини қўллаб-қувватлаш, йиқилганни суяш ўрнига, мана шундай 100 мингдан зиёд оилалар ва бир неча юз минг инсоннинг дардига малҳам бўлган савобли ишларга соя солиш ва нохолис талқин этиш чин мўминлик сифати эмас.

Сўзимиз якунида қуйидаги ривоятни келтирамиз. Тамим ибн Авс Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом: «Дин самимий хайрихоҳликдир», дедилар. Биз: «Ким учун?» дедик. У зот: «Аллоҳ учун, Унинг Китоби учун, Расули учун ҳамда мусулмонларнинг имом-раҳбарлари ва ҳаммалари учун», дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Хайрихоҳлик – панд-насиҳат қилиш, тойилса турғизиш, адашса шафқат ила йўл кўрсатиш, бошига иш тушганда далда бўлиш, тўғри юрганида ёнига кириш, қўллаб-қувватлаш каби ишлар билан рўёбга чиқади.

 

“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмғир ёға бошлаганда қуйидаги дуони ўқир эдилар: "Аллоҳумма, инний асалука хойроҳаа ва хойро маа фииҳаа ва хойро маа урсилат биҳ ва аъуузу бика мин шарриҳаа ва шарри маа фииҳаа ва шарри маа урсилат биҳ".

"Аллоҳим, Сендан бунинг (шамолнинг) яхшисини, ундаги яхшиликни ва у билан юборилган нарсанинг (ёмғирнинг) яхшисини сўрайман. Сендан унинг ёмонидан, ундаги ёмонликдан ва у билан юборилган нарсанинг ёмонидан паноҳ сўрайман".

Ёмғир раҳмат ёки бало бўлиб келиши мумкин бўлгани сабабли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шамол бошланса, (ёмғир яқинлашиб келаётганининг аломати бўлгани учун) кайфиятлари ўзгариб, безовта бўла бошлардилар. "Нега хавотирга тушдингиз?" деб сўрашса, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Умматимга жазо келмадимикин деб қўрқаман", дея жавоб берардилар.

Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан турганимизда ёмғирда қолдик. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига ёмғир тегиши учун кийимларини шимардилар. Биз: "Ё Аллоҳнинг Расули, нега бундоқ қилдингиз?" дедик. У зот: "Чунки у (ёмғир) ҳозиргина Роббимнинг ҳузуридан (даргоҳидан) келди", дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Бу иш йилнинг биринчи ёмғири ёғишни бошлаганда қилинади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "...ёмғир пайтидаги дуо рад қилинмайди", дедилар.

Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Келинг, биз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ ёмғирни дуолар билан қарши олайлик.

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад

Даврон НУРМУҲАММАД

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида 30 июлни Ўзбекистонда ҳар йили Халқаро дўстлик куни сифатида кенг нишонлашни таклиф қилди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий таклифлари бу соҳада илгари қилинган барча ишларни, жумладан, диний бағрикенглик масалаларини мустаҳкамламоқда.
"Бу йўналишда 2020 йилда буюк аллома-муҳаддис Имом Бухорий, атоқли ислом мутафаккирлари Абу Мансур Мотуридий ва Абу Муин Насафийларнинг ҳаёти ва илмий меросига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуманлар ва диний бағрикенглик мавзуидаги бошқа тадбирлар ташкил этилди. "Диний бағрикенглик - давлат ва жамият тараққиётининг муҳим омили" мавзуида халқаро видеоконференция бўлиб ўтди, - дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги СМТИ бошқармаси бошлиғи Алишер Қодиров.
Унга кўра, Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган ташаббусларнинг асосий вазифаларидан бири ҳам ёшларни турли маданиятларни ҳурмат билан идрок этишга, ёшларни бағрикенглик, инсонпарварлик ва ўзаро ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилган жамоатчилик фаолиятига янада кенг жалб этишдир.
"Президентимиз Шавкат Мирзиёев 25 декабр куни бўлиб ўтган ёшлар форумида сўзга чиқиб, мамлакатимизда қандай ислоҳотлар амалга оширилмасин, аввало, давлатимиз ёшларга, уларнинг энергетикаси ва қатъиятига эътибор қаратаётганини таъкидлади. Ёшлар "учинчи Ренессанс" асосларини яратиш орқалигина ҳаракатлантирувчи кучдир. Ўзбекистон ёш авлодда замонавий билимларни ўзлаштиришга қодир, юксак ҳуқуқий маданият ва экстремизм ва ақидапарастликка қарши мустаҳкам иммунитетга эга, тинчлик ва халқаро ҳамкорликка интилувчи улкан интелектуал салоҳиятни кўради", - хулоса қилди СМТИ вакили.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top