muslim.uz

muslim.uz

Мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантириш, хорижлик сайёҳларни халқимизнинг бетакрор маданияти ва анъаналари, тарихий обидалар, буюк алломаларимизнинг қадамжолари билан яқиндан таништириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистоннинг Жакартадаги элчихонаси 14 декабрь куни «Antara Digital Media» Индонезия Миллий ахборот агентлиги директори Дармади билан шу масалада учрашув ўтказди.

“Antara Digital Media” «Perum LKBN ANTARA»нинг рақамли медиа бизнес соҳасида фаолият юритувчи шўъба компаниясидир. Ушбу компания ANTARA ахборот агентлигининг хабар ва янгиликларини Индонезия халқига матнли, фото ва видео шаклда тарқатиш билан шуғулланади. Мамлакатнинг барча муҳим нуқталарида агентликнинг 500 LED экранлари ўрнатилган.

Учрашувда Индонезиядан Ўзбекистонга зиёратчилар оқимини тиклашни жонлантириш учун ушбу мамлакат оммавий ахборот воситалари орқали юртимиз зиёрат туризмини тарғиб қилиш бўйича келишувга эришилди.

Хусусан, «Antara Digital Media»да интервью ташкил этилиб, унда ахборот агентлиги раҳбарига «Uzbekistan: Safe Travel Guaranteed» ("Ўзбекистон: Хавфсиз саёҳат кафолатланган") номли видеолавҳа кўрсатилди. Интервью агентликнинг Индонезиядаги барча 500 LED экранларида намойиш этилди.

Келишувга кўра, Ўзбекистон элчихонаси «Antara Digital Media» билан бирга Индонезиянинг махсус теледастур ва радио ток шоуларида иштирок этади.

ЎзА

الثلاثاء, 15 كانون1/ديسمبر 2020 00:00

Соғлом ота-она – соғлом бола демакдир

Тараққиётнинг янги босқичида ҳам “соғлом она ва  соғлом бола”, “соғлом онадан соғлом бола” каби эзгу ғоя асосида жуда кўплаб дастурлар амалга оширилмоқда. Бу бежиз эмас албатта. Чунки фарзанд – Аллоҳ таолонинг инсониятга ато этган беҳисоб неъматлари ичида энг қадрибаланд ва азизи эканини, шу билан бирга, чексиз умидлар ила бир ёстиққа бош қўйган икки инсонга “ота ва она” деган шарафли номни юкланишига асос эканини ҳам ҳеч ким инкор этолмайди. Фарзанднинг қанчалар буюк неъмат экани, уни Яратгувчи Аллоҳдан ўзга ҳеч ким бера олмаслигини теранроқ англаш учун “ўзгаларга ибрат” бўлган бефарзандларнинг ҳаётига нигоҳ ташлаш лозим бўлади. Шунда унинг қанчалар чексиз ва буюк неъмат эканини англаб етиш имкони янада зиёда бўлади.

Ислом таълимотига мувофиқ, келажакда ота ёки она бўлмишларнинг бўлажак фарзандлари олдидаги энг биринчи бурчи унга муносиб она ёки ота танлаш мажбуриятидир. Чунки ҳадислардан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уруғларингизга ихтиёрни яхши қилинг. Никоҳингизга тенгни топинг ва уларга никоҳланинг» дедилар. Мазкур ҳадисдан хар бир турмуш қурадиган ўғил-қиз, келажакда дунёга келадиган дилбандига дунё ва дин масаласида муносиб бўлган она ва ота танлаши улуғ бир вазифа экани англашилади. Шу билан бирга турмуш қуришда мусулмон инсон нафақат шахсий манфаатини балки, зурриёдининг ҳам манфаатини ўйламоғи лозим экани аён бўлади. Сабаби фарзанднинг барча шахсий сифат ва хусусиятлари насл яъни ирсият орқали ўз ота-онасидан ўтиши барчага кундек равшандир. Айнан мана шу сабабдан боланинг ота ва онасини танланаётганда уларнинг аввало маънавий ва жисмоний жиҳатдан соғлом ва баркамол эканига эътибор қаратиш лозим бўлади. Оқибатда эса мазкур фарзанд бутун ҳаёти давомида ўзини дунёга келтирганлардан кўнгли сурур ва фахрга тўлиб ҳаёт кечиради.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш ҳам шариат изн берган нарсалардандир. Зеро, бу жараённи куёв ва келин ўзларининг сабабидан келажакда дунёга келадиган фарзандларининг ақлан ва жисмонан саломатлиги хақида куйиниши ва қайғуриши дейилса ҳам асло муболаға бўлмайди.

Мазкур жиҳатлардан келиб чиқиб хулоса қиладиган бўлсак, дунёга келадиган боланинг ҳам руҳий-маънавий, ҳам жисмоний саломат бўлишининг ташвишини буюк неъмат – фарзанд дунёга келмасдан аввал эмас, балки ҳомила вужудга келмасдан аввал бошламоғимиз, бунинг учун эса энг аввало: «кимга қиз узатяпмиз?» ва «кимни келин қиляпмиз?» каби саволлар асосида чуқурроқ мулоҳаза қилмоғимиз лозим бўлади.

 

ЎМИ мутахассиси Акмалхон АҲМЕДОВ

Булғор ислом академияси ректори Дониёр Абдраҳмоновнинг таклифига биноан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари томонидан академиянинг магистр ва доктарантлари учун Zоом видеоконференция дастури орқали «Марказий Осиёда ислом таълимоти» мавзусида беш кунлик ўқув курси ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Таъкидлаш керакки, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бугунги кунда АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия, Миср, Саудия Арабистони, Туркия, Малайзия, Покистон, Ҳиндистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистондаги 30 га яқин етакчи ислом тадқиқот марказлари, университетлар билан ҳамкорликка оид меморандумлар имзолаган.
Татаристондаги Булғор ислом академияси ҳам марказнинг яқин ҳамкорларидан бири саналади.
Ҳар икки илмий муассаса ўртасида эришилган келишувларга кўра илмий тадқиқотчилар мазкур илм масканларида ташкил этилаётган семинарлар, конференцияларда фаол иштирок этиб келмоқда.
Курс давомида марказнинг етакчи илмий ходимлари томонидан «Мовароуннаҳр калом илми тарихида мотуридия таълимоти», «Марказий Осиё кутубхоналари тарихи», «Ҳадис илми ривожида Мовароуннаҳр муҳаддисларининг ўрни», «Фиқҳга оид манбалар таҳлили», «Имом Термизий илмий мероси тадқиқотчилар нигоҳида» сингари мавзуларда маърузалар ўқилди.
Ўқув курсининг якунида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Булғор ислом академияси раҳбарларининг онлайн мулоқоти бўлиб ўтди.
Булғор ислом академияси ректори Дониёр Абдраҳмонов икки муассаса ўртасида имзоланган ўзаро англашув меморандумига мувофиқ ташкил этилган мазкур тадбир муқаддас ислом дини ривожида Мовароуннаҳрда камол топган буюк аллома ва муҳаддислар, диний уламолар илмий меросининг ўрни ва аҳамиятини чуқур тадқиқ этишда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Бунинг учун Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ва жамоасига миннатдорлик билдирди.
Суҳбат давомида икки муассаса ўртасида ҳамкорликка оид имзоланган меморандумда белгиланган вазифаларни биргаликда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, илмий ходимларнинг мақолаларини нашр этиш, малака ошириш курсларини ташкил қилиш, конференция ва давра суҳбатлари ўтказиш, бу борада ҳамкорликни янада кучайтириш масалаларига эътибор қаратилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Жума куни тонгда маҳалла фаоллари олдимга бир хат билан келишди. Унда шу йил 30 ноябрь куни Чилонзор тумани “Катта Дўмбробод” кўчаси 216-уйда ёнғин бўлгани, барча ашёлар қатори 3 нафар норасида боланинг кийимларигача ёниб кетгани, бу ерда (акасининг уйида) ногирон укаси ҳам яшаши ёзилганди.

Воқеадан хабар топгач, жума намози олди ноибларим билан мусибатга учраган хонадонга бориб, уларга тасалли бериб келдик. Жума намозидан кейин хатни намозхонларга ўқиб бериб, имкон қадар мусулмонлик вазифамизни тушунтирдим.

Шундан сўнг масжидга келган азизларнинг саҳовати билан ёнғиндан азият чеккан оилага 612 АҚШ доллар ва 39 825 000 сўм жами 45 975 600 сўм йиғилди. Аллоҳ хайру садақа қилганлардан рози бўлсин, ажру савобларини кўпайтириб берсин.

Куннинг иккинчи ярмида жумадан сўнг бошига ташвиш тушган оила аёли омонатни олиб, эҳсон қилган барчанинг ҳақига дуо қилиб: “Аллоҳга шукр, азиз халқим омон бўлсин” деб йиғлаб юборди, бошқа гапиролмади...

Ҳа, азизлар, бу қалб қўридан чиқган дил сўзи, мустажоб дуо эди! Халқимиз доим омон бўлсин, Аллоҳ офат ва фалокатлардан паноҳида асрасин!

 

Муҳаммадназар домла ҚАЮМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар бўлими мудири

Top