muslim.uz

muslim.uz

الإثنين, 09 تشرين2/نوفمبر 2020 00:00

Эркак ва аёлнинг ўз ўрни бор

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёл ўз эрига мутлақо итоат қилиши шарт эканини уқдирганлар.

Баъзи инсонлар «Ё, Расулуллоҳ, рухсат беринг, сизга сажда қилайлик», – деганларида: «Ислом динида бир кишининг иккинчи кишига сажда қилиши мутлақо мумкин эмас. Исломда бундай нарса йўқ!», – деганлар.

Аммо исломиятдан олдин ўтган халқларда одамлар бир-бирига сиғиниш, чўқиниш учун эмас, ҳурмат эҳтиром маъносида сажда қилишарди. Масалан, фарзанд отасига сажда қиларди. Жумладан, Юсуф алайҳиссаломнинг ота-она ва ака-укаларини Мисрга келтиришганда, ҳурмат юзасидан ва ака-укалари узр сўраш мақсадида баравар сажда қилишган эди...

« – Исломда инсонга сажда қилиш йўқ, агар бўлганида, аёлларнинг эрларига сажда қилишларини буюрган бўлардим», – деган ҳадиснинг маъносидан ҳам аёл киши эрига бутунлай итоат қилиши лозимлиги англашилади...

Эри қай пайтда аёлини ёнига чақирса, аёл албатта итоат қилиши ва ҳар қандай ишни тўхтатиб, эрининг ёнига бориши шарт. Шунингдек, эркакнинг ҳам аёлига нисбатан масъулияти борлигини айтганлар. Бу нарса аёлларнинг қадр-қиммати топталган, эркакларники ниҳоятда баланд бўлган ўша пайтда адолатли бир қонун эди...

Жумладан, аёл кишининг еб-ичиши, кийиниши ва уй-жой билан таъминланиши учун эркак масъул, бу эркакнинг зиммасида... Оилани моддий жиҳатдан таъминлаш эркакнинг вазифаси... Ҳатто бирор сабабдан аёл боласини эмизишни хоҳламаса, эмизадиган энага топиб, боласини улғайтириш ҳам эркакнинг бурчи, вазифаси...

Ислом дини оилада мана шундай бир мувозанатни қарор топтиради... Эр-хотиннинг бир-бирига нисбатан вазифаларини белгилаб берган. Эркак куч-қувватли деб, аёлни эркак тарафидан эздирмайди; эркакка ортиқча юк юклаб, аёлни ахлоқсиз ва беор бўлишига ҳам йўл қўймайди...

Бугунги жамиятларда ҳам шундай ҳолатларни кузатамиз. Масалан, мана шу Олмонияда аёллар ўта ахлоқсиз, беҳаё бўлиб кетишган деб ҳисоблайман. Яъни, ўзларини эркаклар билан тенг ҳуқуқли деб билишади... Ислом динида бундай эмас, оилада эркак ва аёлнинг ўз ўрнини мувозанат ва адолат билан белгилаб берган...

 

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

الإثنين, 09 تشرين2/نوفمبر 2020 00:00

АҚШ 2020-сайлови: мусулмонлар тарихга кирди

Америка мусулмонлари бу йилги сайловда тарихга кирди: исломга эътиқод қўйган АҚШ фуқароларининг рекорд сони Президент сайловларида иштирок этди.
Америка Ислом алоқалари бўйича Кенгаш ҳисоботига кўра, мусулмон сайловчиларнинг рекорд сони сешанба куни сайлов участкаларига боришган, уларнинг 70% демократик партиядан номзод Жо Байденга овоз берган.
"Улар жамоатимизнинг фуқаролик фаоллигини ўзгартирувчи Америка мусулмонлари янги авлодининг бир қисми ҳисобланади", - дейди Ҳуқуқий таълим сиёсий ахборот маркази Ижрочи директори Муҳаммад Миссури.
Ислам.ру хабарига кўра, бундан ташқари, беш нафар демократ номзод Висконсин, Флорида ва Делавер мусулмон штатларида давлат қонунчилик идораларининг биринчи вакиллари бўлиб тарихга киришди.
"Давлат ассамблеясига сайланган биринчи мусулмон бўлиш, албатта, қизиқ. Мен бунинг учун миннатдор бўлган бир имкониятдир", - деди Висконсин штатидан АҚШ Конгресси палатасига кирган биринчи мусулмон Самба Балде. "Бу иш бу ерда ва бутун дунёда исломофобиянинг шиддатли юксалишига қарши курашнинг муҳим қисмидир".

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

الإثنين, 09 تشرين2/نوفمبر 2020 00:00

Узукдаги ҳикмат

Шайх Фаридуддин Атторнинг “Илоҳийнома” асарида келтирилган “Подшо ва узук” ҳикояси гўё бир жавоҳирдир. Келинг, шу ҳикоят мазмунидан баҳраманд бўлайлик. 

“Бир пайтлар жаҳон қўрғонида бир комил шоҳ яшар эди. Бутун халқ унинг ҳукмига ҳозир турар, сабаби, ул шоҳ адолатда назири йўқ инсон эди. Мулки бисотининг эса ҳисоби ҳадсиз, яна атрофида илму ирфон аҳллари, номдор олимлар ҳам кўп. Кунларнинг бирида уларни олдига чақирди:

Чақирди бир куни олдига султон,

Деди: Шу кунлари ҳолим паришон.

Кўнгилга тушди орзу ногаҳондин,

Вале билмасмен ул келмиш қаёндин?

Яъни, шоҳ ҳолининг паришонлигидан шикоят қилди. Кўнглига келган орзуни баён қилди. Зеро, паришонлиги шунда тарқаса:

Ясанглар бир узук поку мукаррам,

Ки ҳар вақт ғам чекиб, қайғуга ботсам,

Анга кўз ташлабон, дилшод бўлай мен,

Аламдин, қайғудин озод бўлай мен.

Подшоҳ ҳакимларга бир узук ясашни буюрди, токи ул узукка кўз ташлаган дам кўнгли шодликка тўлиб, аламу қайғулардан озод бўлсин. Ёки иқболдан кўнгли шодликка тўлиб кетса, шу узукка боқиб маъюс бўлсин...

Ҳукмдорнинг талаби оғир эди. Олиму ҳакимлар ундан муддат сўрадилар. Узоқ фикрлашдилар, ўйладилар, бу мушкул ишни бажариш чорасини излаб “қон ютдилар”. Охири бир қарорга келдилар:

Ниҳоят бирлашиб, азм айладилар,

Узук бунёдига жазм айладилар.

Узукка бир ёзувни кўрдилар эп,

Анга нақл этдилар: “Бул ҳам ўтар”, деб...

Ҳа, оқилу доно ҳакимлар узукка “Бул ҳам ўтар” деган ёзувни нақш қилдилар.

Ҳар бир инсоннинг “келмоқ” ва “кетмоғ”и Яратганнинг измида. Келганлар ҳамиша кетмоқни эсда сақласинлар.

Ҳаётда бахту иқбол кулиб боқса – шоду хуррам кунларда бунинг ўткинчи эканини ёдда сақласинлар-да, ҳаддан ошмасинлар. Бойлик, бахт, иззату обрў топганда мағрурланиб, ўзларини йўқотиб қўймасинлар. Аксинча, қайғуга ботган, бошларига ғам-алам келган кунларда эса тушкунлик ботқоғига ботмасдан, сабр қилиб, яхши кунлар орзусида яшаб “бул ҳам ўтар” десинлар.

Подшоҳни тинчлантирган, бизни ўйлантирган ҳикматнинг интиҳоси қуйидагича: .

Магарким бул жаҳон ўтгувчидир, бас,

Ва барча ул жаҳон кетгувчидир, бас.

Тиларсен, ул жаҳонни, ғам-алам ют,

Бориб Иброҳим Адҳам илкини тут.

Хулосада Иброҳим Адҳамнинг ҳаёти мисол келтирилаётгани бежиз эмас. Маълумки, Иброҳим Адҳам дунё ҳақиқатини англаб етгач, подшоҳлик тожини ечиб, дарвешлик жандасини кийган эдилар.

Фаридуддин Аттор раҳимаҳуллоҳ ўз ҳикоясида инсониятга уқтирмоқни истаган “Бул ҳам ўтар” ҳикматига содиқ ҳолда яшаб ўтганлар.

Дилором КАРИМОВА,

филология фанлари номзоди, доцент

 

“Ҳидоят” журналининг 2020 йилдаги 1-сонидан олинди

Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси Ойбек Усманов Мисрнинг туризм ва ёдгорликлар вазири доктор Холид ал-Анани билан учрашди, деб хабар бермоқда "Дунё" ахборот агентлиги.
Суҳбатда таъкидланишича, 2019 йилда Мисрга келган ўзбек сайёҳларининг ўсиши 145% ни ташкил этди ва Мисрдан мамлакатимизга сайёҳлик оқими 158% га ошди.
Яна бир ижобий натижа 2020 йилнинг май ойида Миср Араб Республикаси парламенти ижтимоий ҳамжиҳатлик Комитети раиси ва тасаввуф жамоалари Кенгаши раҳбари профессор Абдулҳодий Ал-Касабийнинг Ўзбекистоннинг Мисрдаги зиёрат туризми элчиси этиб тайинланиши бўлди.
Маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш доирасида Миср томонига Искандария Миллий кутубхонаси, китоблар уйи ва Қоҳира миллий архивларидан ҳамкасблар билан ҳамкорликни давом эттириш учун Ислом цивилизацияси маркази ва хориждаги Ўзбекистон маданий қадриятларини тадқиқ этиш марказининг қизиқиши борлиги билдирилди. Ўзбекистонлик машҳур диншунослар ва олимларнинг илмий ҳиссаси ва фаолиятини ёритувчи умумий тарихий мерос манбалари, қўлёзмалар ва китобларни ўрганишнинг аҳамияти алоҳида таъкидланади.
Ўз навбатида, Холид ал-Аноний профессор Абдулҳодий Ал-Касабийнинг Ўзбекистон сайёҳлик брендининг элчиси этиб тайинланишини қўллаб-қувватлади. Унинг айтишича, "бу ажойиб қарор, чунки унинг номзоди жуда муносиб танлов эканлиги шубҳасиз, бу маънавий туризмни ривожлантиришга хизмат қилади ва мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаради".
Суҳбатдош Мисрдаги идоралар – туризм ва ёдгорликлар вазирлиги, Искандария миллий кутубхонаси, шунингдек, китоблар ва миллий архивлар уйи ўзбек муассасалари билан илмий-техник ва гуманитар ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишга тайёр эканига янада ишонч билдирди. У таъкидлаганидек, мазкур ҳамкорлик соҳаси бирламчи манбаларни ўрганиш, тарихий қўлёзмаларни тиклаш, шунингдек, бой умумий мерос ва маданий меросни тарғиб этишда муҳим аҳамиятга эга.
Ўз навбатида вазир манбашунослик бўйича тегишли идоралар ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш ва илмий-тадқиқот ва археологик ишлар олиб бориш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида масжид хом ғиштдан бино қилинган эди. Унинг шифти хурмо шохлардан эди. Устунлари эса хурмо ёғочидан эди. Абу Бакр унга ҳеч нарсани зиёда қилмади. Умар унга зиёда қилди. У масжидни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги асосга қайтадан хом ғишт ва хурмо шохидан қурди. Устунларини яна хурмо ёғочидан қилди. Сўнгра уни Усмон ўзгартирди. Кўпгина зиёдалар қилди. Деворларини нақшланган тош ва пишган ғиштдан қилди. Устунларини нақшланган тошдан, шифтини, саж ёғочидан қилди».

Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларини, У зотнинг ўзлари ва уч халифалари даврларидаги васфини қисқача сўзлар билан ифода қилмоқдалар.

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврлари.

Масжид биноси хом ғиштдан, шифти хурмо шохидан, устунлари хурмо ёғочидан эди.

Масжид қурилишида саҳобаларга бош бўлиб, ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари шахсан иштирок этган эдилар.

Масжиднинг ҳажми ҳам кичик эди. Ёмғир ёғса хурмо шохларидан қилинган шифтдан ўтиб ерга тушар, сажда қилган одамнинг пешонасига лой ёпишар эди. Масжид ерига ҳеч нарса тўшалмаган эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давларида ана шундоқ содда ва кичик эди.

2. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу даврлари.

Масжидин Набавий бу даврда ўзгаришсиз қолди. Чунки, ҳазрати Абу Бакр оз муддат халифа бўлиб, сўнгра вафот топдилар. Ўша оз муддат ҳам ридда урушларида сарф бўлди.

Бунинг устига ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу табиатан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги нарсанинг ҳеч бирини ўзгартиришни хоҳламас эдилар. Шунингдек, у кишининг даврларида Масжидин Набавийга ўзгартиш қилиш эҳтёжи ҳам йўқ эди.

3. Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу даврлари.

Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳудан кейин халифа бўлган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўн икки йилдан кўпроқ халифалик қилдилар. Табиийки, хом ғиштдан қилинган, шифти фақат хурмо шохи ила тўсилган масжид ислоҳга муҳтож бўлиб қолди. Ана шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларини айни қурилиш моддалари, хом ғишт, хурмо шохи ва ёғочидан, худди ўзига ўхшатиб қайта қурдилар. У киши масжид Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги кўринишини йўқотмаслигига эътибор бердилар.

4. Ҳазрати Усмон ибн Аффон даврлари.

Маълумки, ҳазрати Усмон узоқ вақт халифалик қилдилар. Бу давр ичида Ислом давлати мислсиз равишда кенгайди. Турли халқлар Исломга кирди. Мусулмонлар сони жуда ҳам кўпайди. Саҳобаи киромлар ҳам турли юртларга тарқаб кетдилар. Шунга ўхшаш кўпгина ўзгаришлар бўлди.

Ана шу давр ичида ҳазрати Усмон ҳам анчагина ишлар қилдилар. Бу ишларнинг кўпи янгилик ҳисобланар эди. Бу янгиликлар асосан давр тақозоси ила юзага чиққан янгиликлар эди. Ўша янгиликлар ичида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларини янгидан кенгайтириб қуриш ҳам бор эди.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ушбу ривоятларида айтилганидек, ҳазрати Усмон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларига кўплаб зиёдалар қилдилар. Аввало уни анчагина кенг ва катта қилдилар. Қолаверса, қурилиш моддаларини тамоман бошқа қилдилар. Хом ғишт ўрнига нақш солинган тош ва пишиқ ғишт ишлатдилар. Устунларини ҳам хурмо ёғочи ўрнига нақшиндор тошлардан қилдилар. Шифтини эса, хурмо шоҳлари ўрнига Ҳиндистондан келтирилган саж ёғочларидан қилдирдилар.

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг бу ишлари ўз тарафдорлари томонидан маъқулланган бўлса ҳам, у кишига қарши одамлар томонидан қаттиқ танқид қилинган. Одамлар ўртасида турли гап-сўз кўпайган. Ҳатто, ҳазрати Усмон ўзлари баёнот бериб, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ким Аллоҳ учун бир масжид қурса, Аллоҳ унга жаннатдан бир уй бино қилади, деганларини эшитган эдим, шунинг учун қилдим, деганлар. Аммо, мазкур гап-сўзлар тўхтамаган.

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳуга қарши қўзғолон кўтариб, у зот Қуръон ўқиб ўтирган жойга кириб, жонларига суиқасд қилишга журъат этган тоифа у кишига қарши қўйган айблар ичида ушбу масжидни ўзгартириш ҳам бор эди.

Кейинчалик, замон ўтиши билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларига кўплаб ўзгартиришлар киритилган. Улар ҳақида алоҳида китоблар ҳам битилган. Бизнинг давримизда қилинган ўзгартишлар эса, бир эмас, бир неча китоб бўладиган даражада кўпдир.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмо дарахти тўнкасида хутба қилар эдилар. У зот минбар тутганларида тўнка йиғлади. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, уни лозим тутганларида у йиғидан тўхтади».

Термизий ва Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари ўта содда бўлганлиги ва У зотнинг мўъжизалари ҳақида сўз кетмоқда.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг энг афзал Пайғамбари бўлишларига қарамай хурмо дарахти тўнкасига чиқиб хутба қилишлари, у зотнинг ўта камтар ва содда ҳаёт кечирганларидан дарак беради.

Кейинчалик Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига бир саҳобия аёл хизматкорига айтиб, ясатиб берган уч поғонали минбарга чиқиб хутба қилаётганларида, у зотнинг фироғига чидай олмай, ҳалиги тўнка ёш болага ўхшаб йиғлаган. Бу йиғини Жума намозига келганлар барчалари эшитганлар. Йиғлаб турган тўнкага Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўлларини қўйганларида у йиғидан тўхтаган. Бу – Пайғамбарлик мўъжизаси эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам оёқларини қўйиб туришларидан жонсиз тўнка ҳам фахрланар экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни тарк қилиб минбарга ўтганларига надомат қилиб йиғлаган экан.

Ҳа, Муҳаммад алайҳиссаломга уммат бўлиш бахтига муяссар бўлганлар ҳар қанча хурсанд бўлса, шунча оз. У зотга уммат бўла туриб, шариятларига, суннатларига амал қилмаганлар ҳар қанча йиғласалар, шунча оз.

Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай кишилардан воз кечишлари аниқ ва равшан. Нобакор одамлар ушбу ривоятдаги тўнкачалик ҳам эмаслар.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Бир аёл келиб: «Эй, Аллоҳнинг Расули, сизга устида ўтирадиган бир нарса қилиб берайми? Менинг дурадгор қулим бор», деди.

«Агар хоҳласанг, минбар қил», дедилар у зот».

Учовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Ўша ҳимматли саҳобиянинг исмлари Оиша бўлган экан. Дурадгор ғуломнинг исми эса Маймун.

Ушбу суҳбатдан кейин Маймун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга уч поғоналик минбар ясаган ва унинг хожа ойими мазкура Оиша розияллоҳу анҳо олиб келиб ўрнатган. Ўша минбарга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб хутба айта бошлаганларида аввалги ривоятда келганидек, тўнка йиғлай бошлаган. Бу минбар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин ҳам узоқ вақт турган. Кейинчалик масжидга ўт кетганда куйиб кетган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида бошқа айтарлик нарса бўлмаган. Бу масжидлар содда ва зебу-зийнатсиз бўлишига тарғиб десак адайшмаймиз.

 

islom.uz

Top