muslim.uz
Мотуридия мазҳабининг машҳур уламолари
Мотуридия мазҳаби ривожига салмоқли ҳисса қўшган уламолар жуда кўп бўлиб, уларнинг энг машҳурларидан айримлари қуйидаги уламолардир:
- Абулқосим Исҳоқ ибн Муҳаммад Ҳаким Самарқандий. Имом Мотуридийнинг машҳур шогирдларидан бири. Мавъиза ва ҳикматли гапларни кўп гапиргани учун Ҳаким (ҳикмат билан сўзловчи) номи билан машҳур бўлган. Самарқандда қозилик лавозимида ишлаган. “Соҳаифул илаҳия” (Илоҳий саҳифалар), “Саводул аъзам” (Улкан жамоат), “Родду ала асҳабил ҳава” (Нафсу ҳавога эргашганларга раддия) каби кўплаб асарлар ёзиб қолдирган. Ҳаким Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 345 (милодий 957) йилда вафот этган;
- Имом Абулҳасан Али ибн Саъийд Рустуғфаний. “Иршадул мубтадий” (Йўл бошидаги кишини мақсадга йўллаш), “Заваид ва фаваид фи анваил улум” (Турли илмлардаги қўшимчалар ва фойдалар) каби кўплаб асарлар ёзган. Ҳижрий 350 (милодий 961) йилда вафот этган;
- Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад Самарқандий. Бу зот тафсир, ақоид, фиқҳ, ва тасаввуфга оид ўндан ортиқ китоблар ёзган. Ҳижрий 373 (милодий 983) йилда вафот этган;
- Имом Абу Муҳаммад Абдулкарим Паздавий. Пазда Насаф шаҳри яқинидаги қишлоқ бўлиб, шу қишлоққа нисбатан бу зотга Паздавий деб нисбат берилган. Паздавий фиқҳ илмида пешқадам бўлган. Зотан, бу зот машҳур фақиҳлар сулоласининг вакили ҳисобланади. Ҳижрий 390 (милодий 1000) йилда вафот этган. Бу зотнинг зурриётларидан Абулюср Паздавий каби мотуридия мазҳабининг етук намоёндалари етишиб чиққан.
Ушбу шогирдлари Абу Мансур Мотуридийнинг қарашларини оммага тушунтириб ва асарларини шарҳлаб мотуридия таълимотини ривожлантириш йўлида хизмат қилганлар.
Абу Мансур Мотуридийнинг ушбу шогирдларидан кейин яшаган кўплаб олимлар ҳам уларнинг ишларини давом этказганлар ва Мотуридия таълимотини Мовароуннаҳрда кенг ёйилишига салмоқли ҳисса қўшганлар. Уларнинг айримлари қуйидаги машҳур олимлардир:
– Муҳаммад ибн Муҳаммад Абулюср Паздавий. Ҳижрий 421 (милодий 1030) йилда туғилган. Самарқандда қози бўлган. Мартабаси юқори бўлганидан Қози Содр номи билан аталган. Абулюср Паздавийнинг машҳур асарлари:
- “Усулуд дин” (Диннинг асослари). Бу китоб Имом Мотуридийнинг “Тавҳид” китобини енгил услубда тушунтириш учун ёзилган;
- “Мураттоб” (Янгиланган). Бу китоб Имом Муҳаммаднинг “Жомиус соғир” китобига ҳошия қилиб ёзилган;
- “Воқеот” (Воқеалар);
- “Мабсут” (Батафсил баён). Ушбу охирги икки китоб ҳам фиқҳ илмига тааллуқли бўлган.
Абулюср Паздавий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 493 (1100) йилда Бухорода вафот этган.
– Маймун ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Абул Муин Насафий. Абул Муин куняси билан машур бўлган. Ҳижрий 438 (милодий 1046) йилда туғилган. Абул Муин Насафий мотуридия мазҳабининг тараққий этишига энг кўп ҳисса қўшган олимлардан ҳисобланади. Абул Муин Насафийнинг машҳур асарлари:
- “Табсиротул адиллату фи усулид дин” (“Усулуд дин”даги далилларни тушунтириш);
- “Баҳрул калом” (Калом денгизи);
- Тамҳид лиқоваидит тавҳид (Тавҳид қоидаларини енгиллаштириш);
Абул Муин Насафий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 508 (милодий 1114) йилда вафот этган.
– Абу Ҳафс Нажмиддин Умар Насафий. Ҳижрий 461 (милодий 1069) йилда Насаф шаҳрида туғилган. Бу зот тафсир, ҳадис, фиқҳ, усул, тарих, наҳв каби кўплаб илмлар бўйича етук олим бўлиб, “Имомус сақолайн” (инсу жин имоми) номи билан машҳур бўлган. Имом Насафийнинг машҳур асарлари:
- “Назму жомеъис сағир фи фиқҳил ҳанафий” (Ҳанафий фиқҳи ҳақидаги “Жомиъус сағир”нинг назмий баёни);
- “Қанд фи уламаи Самарқанд” (Самарқанд уламолари ҳақида “қанд”) яъни қанддек ширин китоб;
- “Тариху Бухоро” (Бухоро тарихи);
- “Тилбатут талаба” (Талабалар излаган маълумотлар);
- “Хосоисул луғат” (Луғат хусусиятлари);
- “Манзуматул хилофиёт” (Мунозаралар ҳақидаги манзума). Сирожиддин Ўший шу китобга шарҳ ёзган.
Умар Насафий юзга яқин асарлар ёзиб қолдирган. Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 537 (милодий 1143) йилда Самарқандда вафот этган ва Чокардиза қабристонига имом Абу Мансур Мотуридий ёнига дафн этилган.
- Нуриддин Аҳмад ибн Абу Бакр Собуний Бухорий. Туғилган йили аниқ маълум эмас. Совун таёрлаш ёки уни сотиш билан шуғуллангани учун Собуний нисбати берилган. Нуриддин Собунийнинг машҳур асарлари:
- “Бидая фи усулид дин” (“Усулид дин”га киришиш);
- “Ҳидоя фи илмил калом” (Калом илмидаги тўғри йўлга бошлаш);
- “Кифоя фил ҳидоя” (Тўғри йўл топиш ҳақида етарли “калом”).
Нуриддин Собуний раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 580 (милодий 1184) йилда Бухорода вафот этган.
Ушбу олимлар мотуридия таълимотининг ривож топиши ва Мовароуннаҳрда кенг ёйилишига хизмат қилган энг машҳур олимлар ҳисобланади.
Мотуридия таълимотининг Мовароуннаҳрдан ташқарида ҳам кенг ёйилишига кўплаб олимлар хизмат қилганлар. Уларнинг айримлари қуйидаги машҳур уламолардир:
– Жамолиддин Аҳмад Ғазнавий. Туғилган йили аниқ маълум эмас. Бу зот Хуросон[1] ўлкасида яшаб фаолият олиб борган. “Усулуд дин” (дин асослари), “Ақоидул Ғазнавий” (Ғазнавий ақидалари) каби асарлари бор. Жамолиддин Ғазнавий ҳижрий 593 (милодий 1197) йилда вафот этган.
- Камолиддин Аҳмад ибн Ҳасан Баёзийзода Румий. Ҳижрий 1044 (милодий 1634) йилда туғилган. “Ишаротул маром мин ибаротил имом” (Имом Аъзамнинг гапларидаги кўзланган мақсадларнинг ишоралари) “Усулул мунифа лилимом Абу Ҳанифа” (Имом Абу Ҳанифанинг юксак асослари) каби асарлари бор. Ҳижрий 1097 (милодий 1686) йилда вафот этган.
– Муҳаммад ибн Абдулвоҳид ибн Абдулҳам Камол ибн Ҳумом. Ҳижрий 788 (милодий 1386) йилда Румнинг Сивас шаҳрида туғилган. Шунинг учун бу зотга Сивасий нисбаси ҳам берилган. Камол ибн Ҳумом кўплаб асарлар ёзиб қолдирган:
- “Фатҳул қадир лиложизил фақир” (Ожиз фақирга Ал-Қодир зотнинг фазлу марҳамати) каби асарлари бор. “Фатҳул қадир лиложизил фақир” (Ожиз фақирга Ал-Қодир зотнинг фазлу марҳамати). Ушбу китоб Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарига ёзилган энг машҳур шарҳлардан бири ҳисобланади. Аммо муаллиф бу шарҳни охирига етказишга улгурмаган. Чунки “Ваколат китоби”га етганда вафот этган. Кейинчалик Аллома Қозизода[2] бу шарҳни ниҳоясига етказиб қўйган ва “Натаижул афкор фи кашфир румуз вал асрор” (Ишоралар ва ички маъноларни очишдаги хулосавий фикрлар) деб номлаган.
- “Мусаяро фи ақоиди мунжия фи охира” (Охиратда нажот топишга сабаб бўладиган ақидаларга мувофиқ бўлиш). Бу китобга Зайниддин Қосим ибн Қутлубуғо ҳанафий[3] “Ҳошияту ала “Мусаяро” (“Мусаяро”га ҳошия) ва Камолиддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Аби Шариф шофеъий[4] “Мусамаро фи шарҳи Мусаяро” (“Мусаяро” шарҳидаги суҳбатлар) шарҳини ёзган.
- “Задул фақир фил фуруъ” (Эҳтиёжманд кишининг фиқҳий масалалардаги озуқаси);
- “Рисала фил эъроби “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи ва субҳаналлоҳил азим” (“Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи ва субҳаналлоҳил азим”нинг эъроби ҳақида рисола).
Камол ибн Ҳумом раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 861 (милодий 1457) йилда Қоҳирада вафот этган.
- Мулла Али Қори. Бу зотнинг исми шарифи Али ибн Султон Муҳаммад бўлиб, Ҳирот шаҳрида туғилган. Туғилган йили аниқ маълум эмас. Макка шаҳрига сафар қилиб бориб умрларининг охиригача ўша ерда яшаб қолган. Шунинг учун туғилган жойи эътиборидан Ҳиравий ва асосий яшаган жойи эътиборидан Маккий нисбалари берилган. Энг машҳур қорилардан бўлгани учун Мулла Али Қори номи билан машҳур бўлган. Мулла Али Қори тафсир, ҳадис, ақоид, фиқҳ ва сийрат каби турли илм соҳаларига оид юз элликдан ортиқ асарлар таълиф этган бўлиб, уларнинг энг машҳурлари қуйидагилардир:
- “Мирқотул мафотиҳ шарҳу мишкатил масобиҳ” (“Мишкатул масобиҳ” шарҳи калитларига олиб борувчи зиналар). Бу асар Хатиб Табризийнинг ҳадис илмига оид “Мишкатул масобиҳ” (Чироқлар токчаси) китобига ёзилган шарҳ бўлиб, ҳадислар ҳанафия мазҳабига кўра шарҳланган;
- “Фатҳу бабил иная фи шарҳи Нуқоя” (Нуқоя шарҳи тўғрисида иноят эшигини очиш). Бу асар Содруш шариа Убайдуллоҳ ибн Масъуднинг “Нуқоя” асарига ёзилган шарҳдир;
- “Шарҳу Шамоил” (“Шамоил”нинг шарҳи). Бу асар имом Термизийнинг “Шамоили Муҳаммадия” (Муҳаммад алайҳиссаломга хос хусусиятлар) асарига ёзилган шарҳдир;
- “Шарҳу Айнил илм (“Айнул илм” шарҳи). Бу асар Муҳаммад ибн Усмон Балхийнинг “Айнул илм ва зайнул ҳилм” (Илм булоғи ва ақл зийнати) асарига ёзилган шарҳ бўлиб, одоб-ахлоққа тааллуқли мўътабар асар ҳисобланади;
- “Зовъул маолий либадъил амолий” (“Бадъул амолий”нинг улуғворлик ёғдуси). Бу асар Сирожиддин Али ибн Усмон Ўшийнинг “Бадъул амолий” асарига ёзилган шарҳдир.
- “Минаҳул фикрия шарҳу муқаддиматил Жазария” (“Муқаддиматул Жазария”нинг шарҳи бўлган фикрий ҳадялар). Бу асар тажвид илми бўйича энг машҳур ва мўътабар асарлардан бири саналадиган имом Жазарийнинг “Муқаддиматул Жазария” асарига ёзилган шарҳдир.
- “Минаҳу ровзил азҳар шарҳу фиқҳил акбар” (“Фиқҳул акбар”нинг шарҳи ҳақида чаманзор ҳадялари). Бу асар имоми Аъзам роҳматуллоҳи алайҳнинг “Фиқҳул акбар” асарига ёзилган энг саломоқли шарҳларидан бири ҳисобланади.
Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 1014 йилда Маккада вафот этган ва Масжидул ҳаромдан унча узоқ бўлмаган “Муалло” қабристонига дафн этилган.
Ушбу машҳур олимлар ўзларининг қимматли асарлари билан Мовароуннаҳрдан ташқаридаги диёрларда ҳам Мотуридия таълимотининг кенг ёйилишига сабабчи бўлганлар. Албатта, бунда Усмонли турк султонларининг Мотуридия таълимоти ривожи йўлида қилган хизматлари ҳам муҳим омиллардан бўлган.
Абдулқодир Абдур Раҳим,
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом
институти ўқитувчиси
[1] Хуросон жанубий Осиёдаги қадимий минтақа бўлиб, Найсобур, Ҳирот, Балх ва Марв каби шаҳарлари бўлган. Ҳозирги кунда Эрон, Афғонистон ва Туркманистон ҳудудларига бўлиниб кетган.
[2] Аллома Қозизода ҳижрий 988 (милодий 1580) йилда вафот этган.
[3] Зайниддин Қосим ибн Қутлубуғо ҳанафий ҳижрий 879 (милодий 1474) йилда вафот этган.
[4] Камолиддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Аби Шариф шофеъий ҳижрий 905 (милодий 1500) йилда вафот этган.
Президент Фармони билан 113 нафар фуқаро афв этилди
«Ўзбекистоннинг илмий шон-шарафини қайта тиклаш борасидаги қарорлар тарих саҳифаларига олтин ҳарфлар билан ёзилади»
Ёлғиз Аллоҳга ҳамду санолар, ўзидан кейин набий келмайдиган зотга, у зотнинг оиласи ва жамоасига саловоту саломлар бўлсин.
“Шайхулислом” ва “Ҳидоят даҳоси” дея шарафланган Имом Мотуридий Мовароуннаҳр минтақасидаги аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг улуғ фақиҳларидан бири эди. Зеро, унинг ўзи Абу Ҳанифага нисбат берилувчи ҳанафий мазҳабида бўлишига қарамай, Мовароуннаҳр диёрида яшовчи ҳанафий суннийлар ўзларини у кишига нисбат берадилар. Бунинг сабаби шуки, Имом Мотуридий Абу Ҳанифанинг “усули”, шарҳлаш ва баён тарзини ҳам тўлиқ олганди. Гўёки Имом Аъзам ҳазратлари Имом Мотуридий юрсин учун бир чизиқ тортгандек, ҳайратомуз!
Ҳанафийлар ҳам фиқҳ, ҳам ақида бобида ўзларини Мотуридий номи билан боғлашлари бу зотнинг ислом уммати орасида нақадар ўчмас из қолдирганининг ёрқин исботидир.
Имом Мотуридийнинг бутун ҳаёти Самарқандда ўтди: шу ерда туғилиб, яшаб ижод қилди ва шу ерда вафот этди. Ўзимнинг “Садду-с-суғур би-сийрати Аби Мансур” номли китобимда қайд этганимдек, бу ҳолат маҳаллий аҳолининг улуғ имомга бўлган вафосини англатади. Улар имомнинг шаънини ҳимоя қиладилар, шу боис у зотга энг яқин ва энг ҳақли инсонлар ҳам улар ҳисобланади, албатта. Яна Мотуридийдек даҳолари борлигидан ҳам фахрланади.
Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жаноби олийларининг “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридан хабар топганимда, бағоят қувондим. Ушбу марказ азим ўлканинг илмий меросини қайта жонлантириш ва тадқиқ этиш йўлида сўнгги йилларда ташкил қилинган марказлардан бири бўлади, албатта.
Мен жорий йилнинг март ойида Самарқандда бўлиб ўтган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзуидаги халқаро конференцияда Ал-Азҳарнинг муҳтарам шайхи доктор Аҳмад Таййиб бошчилигидаги ислом умматининг бугунги забардаст олимлари сафида қатнашиб, республика ҳукуматининг меҳмондўстлигидан баҳраманд бўлиш бахтига мушарраф бўлган эдим.
Шундай қилиб, мотуридийлик ғояларини оламга таратувчи марказ очилиши учун кўп вақт кетмади ҳам. Мотуридий борлиғи Ўзбекистоннинг Самарқандидан бўлишига қарамай, у фақат самарқандликларнинг мулки эмас, балки ўзини бу буюк умматнинг мероси билан боғлиқ ҳис қилувчи ҳар бир мусулмон ва фақиҳга ҳам тегишлидир. Шу сабаб марказнинг халқаро мақомга эга бўлиши айни муддаодир. Чунки бу билан Имом Мотуридий илмий меросини ўрганувчи ҳам ўзбекистонлик, ҳам хорижлик олимлар қамраб олинади. Шунингдек, марказнинг мамлакатдаги энг йирик илмий муассаса хисобланувчи Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида ташкил этилганлиги ҳам жуда тўғри карордир.
Ўйлайманки, ушбу марказни ташкил этишдан кўзланган бош мақсадга эришиш йўлидаги энг асосий вазифа Имом Мотуридий мактабига бўлган бугунги долзарб эҳтиёжни инобатга олиб, мутахассис ва бошқа мутасаддиларни жалб этган ҳолда Имом Мотуридий илмий мероси ва мактабини мавжуд воситалар ёрдамида кенг тушунтириш, соддалаштириш, нашр қилиш ва тадқиқ этиш орқали қайта жонлантиришдир. Бу вазифа фақат мусулмонлар билангина чекланиб қолмайди, балки уч жабҳадаги кураш билан адо этилади.
Биринчи жабҳа – соғлом ақл ва тўғри нақлни ўзида мужассам этган ҳақиқий салафи солиҳларнинг ақидасини тарқатиш орқали экстремизм ва терроризмга қарши курашиш. Чунки бу уммат, айниқса, унинг эҳтиросли ёшлари ғоявий таълимот майдонидан аҳли суннанинг мотуридийлик мактаби узоқлаштирилиши натижасида турли азоб-уқубатларни татиб кўрди ва ҳамон унинг асоратларидан азият чекмоқда. Ҳатто, мусулмонлар ҳамда ислом дини экстремизм ва терроризмда айбланди. Буларнинг барчаси – тўғри, оқилона мурожаатнинг йўқолгани, Мотуридий каби буюк имомларнинг усулларидан узоқлашилгани ҳамда уларнинг илмсиз ёшлар томонидан обрўсизлантирилгани туфайлидир.
Иккинчи жабҳа – динсизликка қарши туриш. У ёшларимиз ва умматимизни тубсиз орзу-истаклар гирдобига ғарқ қилиш мақсадига қаратилган бўлиб, чегарасиз орзу-истаклар мусулмонни ҳар томондан қуршаб олади. Зеро, орзу-истаклар ва шубҳа-гумонлар ўзаро ажралмас дўстдир. Шунингдек, дин борасида шубҳа уйғотиш иши ҳам аллақачон мавжуд бўлиб, унга турли муассасалар ҳомийлик қилмоқда. Ҳатто бутун дунё бўйлаб унинг ҳомийлари топилади. Шу боис биз ҳам худди бир замонлар Имом Мотуридий ва у кишининг шогирдлари қилганидек, одамларга имоннинг рационал далилларини таништиришга мажбур бўлдик. Шундан келиб чиқадики, бу мактабнинг хулосалари ва кўрсатмалари бугунги кун учун ҳам мос тушади.
Учинчи жабҳа – ислом умматининг илм-фан ва тамаддундан ортда қолишига қарши туриш. Бу қаршилик эса худди Имом Мотуридий ва унинг мактаби қабул қилган ҳамда илм-фанни янгича тасаввур босқичига кўтарувчи, шу билан бирга, ваҳийдан узилмаган ва ажратилмаган исломий билиш назариясига таянган ҳолда бўлади. Мазкур билиш назариясининг асосий босқичларини Имом Мотуридий ўзининг биринчи китоби “Ат-тавҳид”да баён этган эди. Қолаверса, “Таъвилот ал-Қуръон” номли тафсирида ҳам унинг кўплаб босқичларини қайд этиб ўтган. Европаликлар эса бу назариянинг аҳамиятини Мотуридийдан қарийб 700 йил кейин инглиз файласуфи Жон Лок туфайлигина тушуниб етдилар.
Ҳайратланарлиси, мотуридийлик ислом ренессанси даврида ҳамда мусулмонларнинг энг гуллаб-яшнаган асрларида етакчи ғоя бўлган эди.
Дарҳақиқат, ушбу марказнинг ташкил этилиши бутун дунё учун муҳим хабар бўлиб, буюк олимларнинг ворислари бўлмиш биз – мусулмонлар Самарқанд, Бухоро ва ислом дунёсининг бошқа шаҳарларида ота-боболаримиз барпо этган меросга таяниб, башарият тамаддуни ривожига яна қайтадан ҳисса қўша оламиз. Мўмин-мусулмонларнинг қалблари ўша зиёратгоҳларни тавоф қилишга мойил бўлиб қолаверади. Ал-Азҳар шайхи доктор Аҳмад Таййибнинг сўзлари билан айтганда, мусулмонларнинг таналари Каъбани тавоф қилганидек, уларнинг қалблари Самарқандни тавоф қилади.
Шубҳасиз, мен, Имом Мотуридий марказини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни олқишлайман ва Аллоҳ таолодан Самарқанднинг аввалги даврдагидек шон-шарафга, Ўзбекистоннинг эса ўз олимлари ва садоқатли ўғлонлари билан дунёда илмий сарбонликка қайтишини сўраб, дуо қиламан.
Умид қиламанки, Самарқанд ислом илмларини тарқатиш ўчоғи ва исломий илмларни ўрганиш учун дунёнинг турли бурчакларидан илм-фан намояндалари ташриф буюрадиган оламшумул тамаддун марказига айланади.
Ишонаманки, Ўзбекистоннинг илмий шон-шарафини қайта тиклаш борасидаги қарорлар тарих саҳифаларига олтин ҳарфлар билан ёзилади ва келажак авлодлар мутасаддиларнинг бугунги саъй-ҳаракатларини эсдан чиқармайдилар.
Энг муҳими, мазкур савобли ишга бош-қош бўлаётган Жаноб Президентдан бошлаб, бу ишга озми-кўпми ўз ҳиссасини қўшаётган, ғайрат-шижоат кўрсатаётган, унинг ҳимояси йўлида жон куйдираётган ҳар бир ходимнинг эзгу амаллари Аллоҳ таоло ҳузуридаги мезонда ёзилажак.
Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамдлар бўлсин!
Аҳмад Саъд ДАМАНҲУРИЙ,
мисрлик мотуридийшунос олим
Сеҳрчининг шериги ҳасадчидир (Аудио)
Имом Мотуридийнинг ҳаёти ва фаолияти
Абу Мансур Мотуридийнинг тўлиқ исми шарифи Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Абу Мансур Мотуридий Самарқандий Ансорий бўлган. Камолиддин Баёзийнинг таҳқиқига кўра бу зотнинг насаби улуғ саҳобий Абу Аййуб Ансорийга бориб тақалади. Шунинг учун бу зотга “Ансорий” нисбати ҳам берилган.
Абу Мансур Мотуридийнинг қайси йилда туғилгани аниқ маълум эмас. Аммо устозларидан бири бўлган Муҳаммад ибн Муқотил Розий ҳижрий 248 (милодий 862) йилда вафот этгани айтилган. Шунга кўра, Абу Мансур Мотуридий ҳижрий 240 (милодий 854) йилдан олдин туғилган, чунки Муқотил Розийдек фақиҳ, муҳаддис олимдан таълим олиш учун шогирд камида ўн ёш атрофида бўлиш керак, дейилган.
Имом Мотуридий кўплаб устозлардан таълим олган бўлиб, уларнинг энг машҳурлари қуйидаги олимлардир:
- Имом Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ Жузжоний;
- Имом Абу Наср Аҳмад ибн Аббос Иёзий;
- Нусайр ибн Яҳё Балхий;
- Муҳаммад ибн Муқотил Розий ва бошқалар.
Ушбу олимлар Имом Мотуридийни Имом Абу Ҳанифагача бўлган санадини боғловчи устозлар ҳисобланади. Чунки Аҳмад Жузжоний, Иёзий ва Балхийлар ҳижрий 200 (милодий 816) йилда вафот этган Абу Сулаймон Мусо Жузжонийнинг шогирдларидир. Бу зот эса Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадларнинг шогирди бўлган.
Имом Мотуридийдан кейин кўплаб шогирдлари у зотнинг ишларини давом этказиб, бу таълимотни ривожлантирганлар. Масалан:
- Абулқосим Исҳоқ ибн Муҳаммад Ҳаким Самарқандий.
- Имом Абулҳасан Али ибн Саъийд Рустуғфаний.
- Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад Самарқандий.
- Имом Абу Муҳаммад Абдулкарим Паздавий.
Ушбу шогирдлари Абу Мансур Мотуридийнинг қарашларини оммага тушунтириб ва асарларини шарҳлаб мотуридия таълимотини ривожлантириш йўлида хизмат қилганлар.
Абу Мансур Мотуридий шаръий илмларнинг учта йўналиши бўйича асарлар таълиф этган:
- Тафсир;
- Усулул фиқҳ;
- Ақоид.
Тафсир йўналиши бўйича “Таъвийлоту аҳли сунна” (Аҳли суннанинг тушунтиришлари) номли улкан тафсир ёзган.
Усулул фиқҳ йўналиши бўйича “Маъхозуш шароиъ” (Шаръий ҳукмлар манбаси) ва “Жадал” (Илмий баҳслар) номли иккита китоб ёзган.
Абу Мансур Мотуридий ақоид йўналиши бўйича кўплаб асарлар ёзган. Бу асарларни ўрганиб чиққан уламолар уларни уч турга ажратганлар:
- Мақолот (мақолалар);
- Раддиялар;
- Аллоҳ таолога иймон келтириш асослари.
Бутун ҳаётини илм маърифат ўрганиш ва уни ёйиш билан ўтказган Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ таҳқиқларга кўра ҳижрий 333 (милодий 945) йилда тўқсон беш ёшлар атрофида Самарқандда вафот этган ва Чокардиза қабристонига дафн этилган.
Аллоҳ таоло Имом Мотуридий бобомизга мўл-кўл мукофотлар ато этиб ётган жойларини жаннат боғларидан қилган бўлсин!
Абдулқодир Абдур Раҳим
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом
институти ўқитувчиси