muslim.uz
Термизий ҳаётига бағишланган фильм суратга олинмоқда
“Ўзбеккино” миллий агентлиги ҳамда “Инсон” кино студияси ҳамкорлигида “Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий” номли янги бадиий фильм суратга олинмоқда. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати "Халқ сўзи"га маълум қилди.
Қайд қилинишича, фильм режиссёри ва сценарий муаллифи Абдуҳалил Мигноров.
Янги асар Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий ҳаёти ҳақида ҳикоя қилиб, ёшлар учун ибратли фильм бўлиши кутилмоқда. Ҳозирда суратга олиш ишлари давом этмоқда. 15 августдан бошлаб жараёнлар Бухоро ва Хива шаҳарларининг тарихий қисмида давом эттирилади.
Фильмда Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий ролини Абдуҳалил Мигноров (кексалиги), Дониёр Хафизов(ўрта ёш даври) ҳамда Абдуллоҳ Садриддинов(болалиги)лар ижро этишмоқда.
Янги кинокартинада яна бир қанча ижодкорлар: Пўлат Саидқосимов, Нозим Тўлахўжаев, Ҳамид Тошпўлатов, Убайдулло Омон, Фурқат Файзиев, Эгамберди Раҳимовлар ҳам иштирок этишмоқда.
манба: xs.uz
Ўтганларнинг охирати обод бўлсин!
Динимизда ўтганларнинг яхши сифатларини эслаш яхшилик экани ва аксинча камчиликларини гапирмаслик таъкидлаб ўтилган. Шунинг учун ҳам халқимиз орасида бехосдан марҳумнинг камчиликларини гапириб қўйган одам хижолат бўлганидан гапининг ортидан “ер етказмасин” деб қўяди. Мусулмон киши ўтганларнинг нуқсонларини кавлаштириши яхши иш эмаслигини, ўзи ҳам вақти етиб уларнинг сафида бўлишини ҳис этмоғи лозим. Ўтган мархумлар ота-она бўлса, уларнинг ошна-оғайнилари, яқинлари билан оқибат қилиб қабрларига савоб етказадиган, нурга тўлдирадиган ишларни қилмоғи лозим бўлади.
Абу Усайддан ривоят қилинади: “Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурида эдик. бир одам: “Ё Расулаллоҳ! Мен учун ота-онамга улар дунёдан ўтганларидан кейин қиладиган яхшилик қолдими?” деб сўради. У зот: “Ҳа! Тўрт хислат қолди: уларга дуо қилиш; улар учун мағфират сўраш; уларнинг аҳдига вафо қилиш; уларнинг дўстларини ва сенга уларсиз силаи раҳм бўлмайдиган кишиларни икром қилиш” дедилар”.
Саъид ибн Мусайябдан ривоят қилинади: у зот: “Киши ўзидан кейин боласининг қилган дуоси билан кўтарилади”, дедилар ва: “Мана бундай”, деб икки қўлини кўтардилар”.
Демак, инсон ўз ота-онасининг ортидан мағфират сўраб дуо қилса, ота-онанинг охиратдаги мартабаси кўтарилар экан.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: “Маййит ўлганидан кейин унинг даражаси кўтарилади. Шунда у: “Эй Раббим, бу нима?” дейди. “Боланг сенга истиғфор айтди”, дейилади.
Демак, инсон ўтганларни яхшиликда эслаб, ортидан садақа, эҳсонлар қилса ота- онасининг мартабаси юксалиб бораверар экан. Шу билан биргаликда бизларда баъзи нохуш холатларни ҳам эслаб ўтса яхши бўлади. Ота-онаси ўтган биродарларимиз кўпинча исрофли маъракаларни бидъат хурофотлар билан тўлдириб ташлашади. Албатта, маййит ҳаққи учун савоб умидида кўпчиликка таом улашиш савобли иш, лекин бунинг ҳам ўз чегараси ва тартиби бор.
Саъд иб Убода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Эй Аллоҳнинг Расули, Саъднинг онаси вафот этди. Қайси садақа афзал?” деди. “Сув” дедилар. У бир қудуқ қазиди. Расули акром: “Мана шу Саъднинг онаси учун” дедилар.
Демак, ота-она ортидан хайр-эҳсон деганда биз ўйлаганимиз каби фақат маъракалардан иборат эмас, балки инсонларга фойда келтирувчи ҳар қандай савобли ишлар ота-она учун савоб бўлиб бораверар экан.
Аллоҳ барчамиздан ўтганларни яхшилик ва савобли ишлар билан эслайдиган авлодлардан қилсин!
Раҳимжон Марҳумов,
Олмазор тумани “Мевазор” масжиди имом-хатиби
манба: nasihat.uz
Уфадан Маккага зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи жўнаб кетди
Россия Федерацияси таркибидаги Бошқирдистон Республикаси пойтахти бўлган Уфа шаҳридан Ҳаж зиёратини амалга оширишни мақсад қилган бир гуруҳ зиёратчилар Саудия Арабистони томон йўлга отландилар. Бу ҳақда islam.ru сайти хабар берди.
БАА томон парвоз қилган дастлабки гуруҳ таркибида 49 нафар зиёратчи борлиги маълум қилинган. Хабарда айтилишича бундай гуруҳлар учтани ташкил этиб, сўнгги гуруҳдаги зиёратчилар 12 август куни Бирлашган Араб Амирликларига жўнаб кетади.
Бошқирдистонлик зиёратчилар дастлаб самолётлар орқали БААга етказилиши ва ундан кейин Макка томон автобусларда етказилиши айтиб ўтилган. Барча гуруҳ аъзолари Уфа шаҳридаги Тукаев масжиди олдидаги майдонда тўпланиши ва шу ердан аэропортга етказилиши йўлга қўйилган.
Айтиш мумкинки, бошқирдистонлик зиёратчилар Мадина, Жидда шаҳарларига чартер рейслар йўқлиги сабабли, зиёрат туризми билан шуғулланувчи компаниялар кўмагида БААга, сўнгра автобусда Маккага боришларига тўғри келади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Китоб
Олимларнинг фикрича, инсоннинг миясида миллиардлаб ақл ҳужайралари бўлиб, инсон ўқиган сари шу заррачалар очилиб бораркан. Инсон илмдан узоқлашиб, ўқимай қўйса, ҳужайралар ўлиб, ақл қоронғилашиб, жоҳиллик ботқоғига ботиб борар экан. Китобни кўп мутолаа қилиш қалб ойнасини ялтиратиб, сайқаллайди. Чунки китоб энг содиқ дўст, ишончли сирдош. Китоб ва илм боис ризқ-рўзимиз мўл бўлади. Пировардида, юрт ва давлат ҳам кучли бўлади. Одамлар ичида садоқат ва ўзаро оқибат ришталари мустаҳкам бўлади.
Китоб билан онгимизни ўткирлаб, кескир қилиб турмасак, ақлимиз борган сари ўтмаслашиб, занглаб боради. Занглаган ақл эса ҳеч нарсага ярамайди.
Бир отахонни танирдим, Аллоҳ раҳмат қилсин, 85 ёшида вафот этди, олдимга тинмай китоб сўраб келаверарди. Кексалигига қарамасдан, олти ойда ўн бештадан ортиқ китобни бошдан охиригача ўқиди. Кунларнинг бирида отахон:
– Яна ҳам яхши китобингиз борми? – деди. У кишига мос китоб топгунимча бир оз хижолат чекдим. Аммо яна бир китоб топиб, қўлларига тутқаздим. Тўғриси, отахонга берган китобларни кўпимиз тўлиқ ўқимаганмиз. Бир йил ичида илмлари, онги ва тушунчалари шу қадар ошдики, мен билан илмий мунозаралар қилишга шу қадар шошдики, асти сўраманг. Илм ақлни тезгир айлаши ва илм излаш қабргача бўлишининг ҳикматини кўриб, Парвардигор, қудратингга минг тасанно дедим. Отахон вафотига қадар китоб ўқиди.
Азиз китобхон! Шуни билингки, китоб инсонни улуғликка етаклайди. Китоб ўқисангиз, асар қаҳрамони билан дилдан суҳбатлашасиз. Тушларингизда бирга юриб, унинг яхши фазилатларини ўзингизда мужассам айлайсиз. Хато ва камчиликларингизни тузатасиз, яшашдан мақсад нималигини англайсиз. Бу эса улкан бахтдир. Шу сабаб китобга ошно бўлинг, қадрдон!
Ақлни илму ҳикмат айлагай тезгир,
Қиличу ханжардан бўлади кескир.
Фикринг дарёсини гар босса лойқа,
Қалбинг қорайиб, жисминг ҳам эскир.
“Қасамини бузган қиз” китобидан
Қуриган дарахт фожеаси
Тинч океанидаги катта бир оролда яшайдиган маҳаллий аҳоли болта кеса олмайдиган даражадаги йирик дарахтларни йиқитишнинг антиқа усулини ўйлаб топган. Улар дарахтнинг атрофига йиғилиб олиб уни тинмай сўкиб, қарғайди.
Улар дарахтнинг ичида руҳи борлигига ишонади ва ўша руҳ ёмон сўзларни эшитишдан безор бўлиб дарахтдан чиқиб кетади деб ўйлайди.
Кейин нима бўлади, биласизми? Бир қанча вақтдан сўнг дарахт қурий бошлайди ва салгина зарбага тоб бера олмай ағанаб қолади.
Инсонларга ҳам айтилган ёмон сўзлар уларнинг қалбларига жароҳат етказади ва худди ана ўша шўрпешона дарахтларга ўхшаб руҳининг чўкишига, вужудининг йиқилишига сабаб бўлади. Одамлар кўплаб касалликларга қаттиқ хафа бўлгани ва сиқилгани сабабли чалинмоқда. Аксар беморларнинг шифо топишига эса уларнинг ёнида қўллаб-қувватловчи меҳрибонлари бўлиб уларга ҳар доим яхши сўзлар айтиб тургани сабаб бўлади.
Демак, бахтли ва соғлом бўлишнинг энг ўнғай йўли – яхши сўзлар ўрнига ёмон сўзлар гапиришни одат қилган, ҳар доим оғзидан боди кириб-шоди чиқиб юрадиган кимсалардан узоқ бўлмоқдир. Бундай бехосият кимсаларнинг дилингизни хуфтон этиб, танангизни худди дарахт каби қуритишларига йўл қўйманг.
Робия ЖЎРАҚУЛОВА таржима қилди.