muslim.uz
Икки тилда сўзлашувчи бир халқмиз
Ўзбекистон – кўп миллатли мамлакат. Бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ яшаб келмоқда. Бу Конституциямизда белгиланган “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар” деган қоиданинг ҳаётий ифодасидир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев бундан бир йил аввал – 2016 йил 14 декабрда Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида “мамлакатимизда ҳукм сураётган миллатлар ва фуқаролар тотувлиги, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини кўз қорачиғидек сақлаш ҳамда мустаҳкамлашни ўзимнинг устувор вазифам, деб ҳисоблайман”, деб таъкидлаган эди. Давлатимиз раҳбарининг ўтган бир йил давомидаги жўшқин фаолиятида бунга барчамиз гувоҳ бўлдик. Яқинда эса Президентимиз Парламент палаталарига Мурожаатномасида ҳам ушбу масалага алоҳида эътибор қаратиб, амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаб берди. Уларни бажаришда эса биз – миллий маданий марказлар вакиллари ҳам ўзимизни масъул деб билиб, фаоллик кўрсатишимиз зарур.
Самарқанд вилоятида истиқомат қилаётган тожик миллатига мансуб аҳолининг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ўз миллий анъана ва қадриятларини асраб-авайлаши ва ривожлантириши учун кенг имкониятлар яратилган.
Айни пайтда вилоятдаги 37 умумтаълим мактабида ўқувчиларга ўзбек тили билан бирга тожик тилида сабоқ берилмоқда. 20 дан ортиқ мактабда таълим тожик тилида олиб борилади. Ўқувчилар давлатимиз томонидан зарур дарслик ва ўқув қўлланмалар билан таъминланган. Юртимиздаги нуфузли олий таълим муассасаларидан ҳисобланган Самарқанд давлат университетида тожик филологияси факультети фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, ушбу даргоҳнинг олти бўлимида тожик тили гуруҳлари мавжуд бўлиб, ҳар йили ўнлаб юқори малакали мутахассислар тайёрланмоқда.
Вилоят ҳокимлиги муассислигида тожик тилида “Овози Самарқанд” газетаси чоп этилади. Яна бир қатор туманлар газеталарида тожик тилида ҳам материаллар берилади. Вилоят телерадиокомпанияси ҳамда “Самарқанд-СТВ” телевизион ижодий уюшмаси теле ва радиоканалларида тожик тилида махсус кўрсатув ва эшиттиришлар эфирга узатилади.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Ўзбекистон Бадиий академияси вилоят бўлимлари билан ҳамкорликда тожик тилида ижод қилаётган шоир ва ёзувчиларнинг китоблари, ранг-тасвир асарлари тақдимотини ўтказиш анъанага айланган. Жумладан, 2017 йилда 10 дан ортиқ ижодкорнинг асарлари тақдимотини ўтказдик. Самарқанд шаҳридаги Рўдакий ҳайкали ўрнатилган майдонда эса турли миллатлар вакиллари иштирокида мушоиралар ташкил этилади.
Ўзбек ва тожик халқлари тили бошқа бўлса-да, байрамлари, анъана ва урф-одатлари, маросимлари деярли бир хил. Шу боис барча байрамлар, муҳим саналарни биргаликда нишонлаймиз. Тўй-маърака, тадбирларни бирга ўтказамиз. Аслида, биз икки тилда сўзлашувчи битта халқмиз.
Фурсатдан фойдаланиб, юртимизда яшаётган барча миллат ва элатларни Янги йил байрами билан табриклайман. Илоҳим, аҳиллигимизга, ишонч ва самимийликка асосланган дўстлигимизга кўз тегмасин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!
Абдуваҳоб ВОҲИДОВ, Самарқанд вилояти тожик миллий маданий маркази раиси.
Манба: УзА
САБРНИНГ ОЛТИ УСТУНИ
Сабр бахту саодатга эриштиради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: «Эй, имон келтирганлар! Сабр қилингиз, бағрикенг бўлингиз ва (Аллоҳ йўлига) тахт бўлиб турингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, зора (охиратда) нажот топсангиз!», деб марҳамат қилган (Оли Имрон сураси, 200-оят).
Бинобарин:
- Ҳар бир банда синовга дучор бўлувчидир. Зотан, бу дунё – синов майдони. Ундаги синовлар бири ортидан тўхтамай иккинчиси, учинчиси... етиб келаверади. Ҳаёт аслида ана шундай битмас-туганмас имтиҳонлар ҳалқасидир. Аллоҳ таоло бу ҳақда огоҳлантириб: «Сизларни бир оз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)!” дейди (Бақара сураси, 155-оят).
- Синов бандаларнинг тоқатига қараб бўлади. Чунки «Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди» (Бақара сураси, 286-оят).
Пайғамбарлар ҳаммадан кўра кўпроқ азият чеккан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонлар ичида мусибати энг оғири пайғамбарлардир. Сўнгра уларга эргашган солиҳлар, ундан сўнг ўшаларга эргашган солиҳларга бўлади”, деганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Албатта, Аллоҳ таоло ризқ миқдорига қараб ёрдамчиларни туширади. Бало даражасига қараб сабрни туширади, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
- Мусибатларга сабр қилувчилар учун улкан ажру мукофотлар бор. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотларни, албатта, жаннатда остидан анҳорлар оқиб турадиган кўшкларга жойлаштирурмиз. Улар у ерда мангу қолурлар. (Яхши) амал қилувчиларнинг (қиёмат куни оладиган) мукофоти нақадар яхшидир! Улар сабр қилган ва ёлғиз Парвардигорларигагина таваккул қиладиган зотлардир» (Анкабут сураси, 58-59-оят).
- Ҳар бир қийинчилик ортидан албатта енгиллик келади.
Раббимиз ҳеч бир бандасига бирор синов юбормайдики, унинг ортидан яхшиликлар, муваффақиятлар келмаса. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир» (Шарҳ сураси, 5-6-оятлар).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кенгчиликда Аллоҳни танигин, У ҳам сени қийинчилик пайтида танийди. Билгинки, сенга етмаган нарса, сенга етадиган эмас эди. Сенга етган нарса, сенга етмайдиган эмас эди. Албатта, нусрат (ғалаба) сабр билан бирга, албатта, шодлик ғам ила бирга, қийинчилик енгиллик билан бирга бўлади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Сабр қилувчиларга Аллоҳ таолонинг чексиз неъматлари етиши ҳақдир: «Бас, (эй, Муҳаммад!) Сабр қилинг! Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир...» (Рум сураси, 60-оят).
- Ҳар бир синов замирида Аллоҳнинг ҳикмати бор.
Албатта, Аллоҳ таоло бандаларига ўта меҳрибон ва раҳмлидир. Аллоҳ бандаларига бирор ёмонликни раво кўрмайди. Синовлар орқали Аллоҳ ўз бандаларини синаб, Ўзига яқин қилади ва гуноҳларни мағфират этади. Муваффақиятларга эришиш учун машаққат талаб қилинганидек, Аллоҳ таолонинг розилигини топиш учун ҳам синовларга сабр қилиш лозим.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яхшиликлар катта синовлар билан келади. Қачонки Аллоҳ бир бандасини яхши кўрса, Аллоҳ ўша бандага бир синовни юборади. Агар банда синовга сабр қилса, Аллоҳнинг раҳматига эришади, аммо сабрсизлик қилса Унинг ғазабига дучор бўлади”, деганлар.
- Синовлар келишига имонда бўлиш. Инсон ўзига етган мусибатни Аллоҳ таолонинг ҳузуридан эканини билса, унга қалби ила рози бўлади. Ҳар қандай синовларни розилик билан қабул қилиш мусибатларни енгишнинг гўзал муолажасидир. Аксинча, синовларга ношукрлик қилиш, жазавага тушиш мусибат устига мусибатдир. Зеро, ношукрликнинг ўзи энг катта мусибат.
Дарҳақиқат, мусибатнинг албатта келишини Раббимизнинг ўзи бизга хабар қилиб, унга тайёр бўлиб туришимиз зарурлигини қуйидагича огоҳлантиргандир: «Хоҳ ерга ва хоҳ ўзларингизга бирор мусибат етса, Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-маҳфузда битилган) бўлур. Албатта, бу Аллоҳга осондир» (Ҳадид сураси, 22-оят).
Энди ана шунга ҳам қарамасдан, озгина мусибат етса ҳам жазавага тушиш кўрнамакликдан ўзга нарса бўлмайди ва Аллоҳ таолонинг ғазабини қўзғайди.
Даврон НУРМУҲАММАД
Меҳр-мурувват – миллий фазилат
28 декабрь, пайшанба куни имом-хатиблар учун ташкил этилган “маънавият соат”ларининг 2017 йилдаги охирги машғулоти ўтказилди.
Унда “Меҳр ва мурувват – миллий фазилатимиз” мавзуида маънавият ва маърифат марказининг шаҳар ва туман бўлими раҳбарлари имом-хатиблар билан суҳбатлашди.
Шунингдек, бош имомлар йил давомида олиб борган ишлар сарҳисоби бўйича имом хатибларга маълумотлар берилди. Эришилган ютуқлар, камчиликлар борасида тўхталиб ўтилди. Хулосалар чиқарилди, янги йил учун режалар муҳокама этилди.
Одатга биноан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг қаламига мансуб “Сўраган эдингиз” ҳамда марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайнинг “Кифоя” китобидан маълум миқдор ўқилиб, мулоҳаза юритилди.
Таъкидлаш жоизки, роппа-роса бир йилдан бери давом этиб келаётган “маънавият соат”лари натижаси ўлароқ имом-хатибларимизнинг диний билимлари бирмунча ўсди ва вилоятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга доир фаолликлари сезиларли даражада жонланди, бу борадаги кўникма ва тажрибалари мустаҳкамланди.
“Маънавият соат”ларини янги 2018 йилда янада сермазмун тарзда олиб бориш режалаштирилган.
ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев – Йил одами
«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази, анъанага кўра, якунланаётган йил якунлари бўйича одамларнинг ижтимоий кайфиятини ўрганиш мақсадида мамлакатимиз аҳолиси ўртасида сўров ўтказди.
Сўровда мамлакатимизнинг барча вилоят ва ҳудудларида истиқомат қилаётган турли ижтимоий тоифалар, этник гуруҳлар, конфессия ва касбларга мансуб 18 дан 70 ёшгача бўлган фуқаролар иштирок этди.
Сўров натижаларига кўра, фуқароларимизнинг мутлақ аксарияти (90,5 фоизи) учун 2017 йил фаровонлик йили, ўзи ва оиласи ҳаётида ижобий ўзгаришлар рўй берган йил сифатида эсда қолади. Янги йилни Ўзбекистон аҳолиси яхши, кўтаринки кайфият билан кутиб олмоқда. Фуқароларнинг 83 фоизи ўзларини бахтли ҳис қилмоқда, дейилади сўров натижаларида.
Респондентларнинг 80 фоизидан ортиғи кириб келаётган 2018 йил — Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили янада муваффақиятли бўлишига ишонч билдирган
Ижтимоий сўров натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Йил одами сифатида эътироф этилган.
ЎзА
«The New York Times»: “Ўзбекистон ўз эшикларини очмоқда”
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ва унинг раҳбарлигида Ўзбекистоннинг барча соҳаларида амалга оширилган туб ўзгаришлар жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотмоқда. Хорижий ОАВ ва интернет-нашрларда эълон қилинган кўплаб мақолалар шундан далолат беряпти.
АҚШнинг "The New York Times" нашри 2017 йил 27 ноябрь куни “Ўзбекистон ўз эшикларини очмоқда” сарлавҳали мақола эълон қилди. Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иқтисодиётни ислоҳ этишни бошлагани таъкидланган.
Жаҳон банки 2017 йилда Ўзбекистон бизнес юритиш шароитларни сезиларли даражада енгиллаштирган ўнта давлат қаторига киргани ҳақида хабар бериб, корхоналарни рўйхатдан ўтказиш, қурилишга рухсат олиш, миноритар инвесторларни ҳимоя қилиш, солиққа тортиш ва электр таъминоти тизимига улаш соҳаларида амалга оширилган ислоҳотларни қайд этди.
Жаҳон банкининг бизнес юритиш шароитларининг қулайлигига баҳо берадиган Doing Business рейтингида Ўзбекистон 190 мамлакат ичида 74-ўринни эгаллаб, Хитой ва Украинани ортда қолдирди, деб хабар қилади Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти.