РАМАЗОН-2021

ҲОМИЛАДОР ЁКИ ЭМИЗИКЛИ АЁЛ РЎЗА ТУТИШИ МУМКИНМИ?

— Эмизикли болам бор. Бундай ҳолда рўза тутсам бўладими?

— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ҳомиладор ёки эмизикли аёл рўза тутганда боласига ёки ўзининг жонига зарар етишидан қўрқса, рўза тутмайди ва кейинчалик рўзанинг қазосини тутиб беради. Бу ҳақда фиқҳий манбаларимизда бундай дейилади: “Ҳомиладор ва эмизикли аёл ўз жонига ёки боласига зарар етишидан қўрқса, рўзани очади ва (имкон бўлганда) қазосини тутади. Уларга рўзани очгани учун каффорат лозим бўлмайди. Зеро, “Хулоса” китобида шундай дейилгандир” (“Фатавои ҳиндия”).

Бошқа бир манбада бундай дейилади: “Ҳомиладор ва эмизикли аёл боласи ёки ўзига зарар етишидан қўрқса, рўзани очиши жоиз. Бу рухсат қийинчиликни кетказиш учундир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ мусофирдан рўзанинг (ҳаммасини) ва намознинг ярмини, ҳомиладор ва эмизикли аёлдан рўзанинг (ҳаммасини) кўтарган”, деганлар (Имом Насаий Анас ибн Моликдан ривоят қилган).

Ҳомиладор ёки эмизикли аёлнинг рўзани очиши зарардан қўрқишга боғлаб қўйилди. Бу қўрқув ё тажрибалар натижасида пайдо бўлган кучли гумон билан ёки мусулмон, моҳир табибнинг хабар бериши билан юзага келади. “Фатавои Зоҳирия” китобида шундай келган. Агар ҳомиладор ёки эмизикли аёл боласи ё ўзининг жонига зарар етишидан қўрқмаса, рўзани очишига рухсат берилмайди” (“Баҳрур-роиқ”).

Демак, ҳомиладор ёки эмизикли аёл рўза тутса боласига ёки ўзининг жонига зарар етишини тажриба орқали билса, ёки буни тажрибали, билимдон мусулмон (дин-диёнатли) тиббиёт ходими хабар берса, рўза тутмайди. Имкон топганда қолдирилган кунларни ҳар бир кунига бир кундан қазосини тутиб беради.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, ҳомиладор ва эмизикли аёллар рўза тутмаганлари учун фидя бермайдилар. Чунки улар келажакда рўзанинг қазосини тутишга қодир ҳисобланадилар.

Ҳомиладор ва эмизикли аёллар фарзанди ёки жонига зарар етмайдиган бўлса, рўза тутишлари шартдир. Уларга юқоридаги рухсатлар тегишли ҳисобланмайди. Айниқса болалари таом ейишга ўрганган эмизикли аёллар бу борада тақво билан иш тутишлари лозим.

Read 2806 times
Top