РАМАЗОН-2021

“Муборак ой суҳбатлари” (8-сон)

Бошловчи — Саидолим Турдибоев: — Ассалому алайкум, азиз дўстлар! Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳамда “UzReportTV” телеканали билан ҳамкорликда тайёрланиб, жонли эфирга узатилаётган “Муборак ой суҳбатлари” кўрсатувининг навбатдаги сони яна хонадонингиз меҳмони.

Эслатиб ўтамиз, кўрсатувимиз бош ҳомийси — “Ipak yo’li banki”. Ҳомийларимиз “Biolife” ҳамда “Plasterm” савдо белгилари.

Бугун студиямизга Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаровни таклиф этганмиз. Ассалому алайкум. Кўрсатувимизга хуш келибсиз!

Нуриддин Холиқназаров: — Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм! Алҳамду лиллаҳи Роббил ъаламийн, вассолату вассаламу ъала Росулиҳи Муҳаммадин ва ъала алиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн! Амма баъд. Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу!

Бошловчи: — Бугунги кўрсатувимизни суҳбат шаклида давом эттирсак. Бу эса мухлисларимиз томонидан келаётган саволларга кўпроқ вақт ажратиш имконини беради.

 

— Ассалому алайкум. Эр ва хотин бир-бирларини Аллоҳ таолодан ҳидоятга бошлашини сўраб дуо қилсалар бўладими?

 

— Албатта, бу табиий. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки, мўмин киши ўзига раво кўрганини бошқаларга ҳам раво кўриши керак. Киши ибодатнинг лаззатини ўзида тотяптими, буни атрофдагиларга ҳам улашса, ҳақиқий мўминлик қилган бўлади.

 

— Мен Қуръони каримни ўқишни яхши билмайман. Қориларнинг овозини қўйиб ўқийман. Шу тарзда ўқисам ҳам хатм ўрнига ўтадими?

 

— Аввало, Қуръони каримни таълим билан ўқиган маъқул. Устоз ўқиганининг кетидан ўқиш ҳам савоб келтиради.

 

— Намоздаги рукуда “Субҳана роббийал азийм” сўзидаги “з” ҳарфини арабча оҳангда ўқимаса маъноси ўзгаради, деб эшитдим. Шу тўғрими?

 

— Биз ҳар бир ҳарфларни ўз маҳражидан, ўрнидан келиб чиқиб айтишимиз лозим. Бўлмаса маъно чиндан ҳам ўзгариб кетади. Аммо биз ажаммиз, араб эмас. Бироқ араб тили грамматикасини ўргансак ўзимизга манфаатли бўлади.

 

— Кўзмунчоқни асрайди, деб тақиб юриш қанчалик тўғри?

 

— Бу нотўғри иш. Фақат Аллоҳ таоло бизни турли балолардан асрайди ва ризқ беради.

 

— Яқинда жарроҳлик амалиётини бошимдан кечирдим. Ҳозир яхшиман. Рўза тутсам бўлармикин?

 

— Аввало, саломатликка қараш керак. Агар мусулмон шифокорлар кўриб, рўза тутиш мумкин, деса тутиш керак. Агар тутмаслик керак, деса тутмаслик керак.

 

— Душ қабул қилишлик билан рўза бузилиш мумкинми?

 

— Душ қабул қилиш билан рўза бузилмайди.

 

— Қуръони каримнинг “Бақара” сураси 136-оятида пайғамбарларнинг исмлари келган. У исмларнинг ичида “асбод” деган сўз ҳам учрайди. Бу нима дегани?

 

— “Асбод” арабча сўз бўлиб, ўзбекчага ўгирилганда “набира” деган маънони англатади. Ояти каримада пайғамбарлар ҳамда уларнинг авлодлари деган мазмунда келган.

 

— Яқин кунларда спорт туридан мусобақам бор. Шу куни рўза тутмасам бўладими?

— Рўзани тутишликда узрли кишиларнинг рўйхати бор. Уларга рухсат берилган. Ҳамма ўзининг ҳолатига қараб тутади.

 

— Таровеҳ намозини уйда ўқиса савоби бўладими?

 

— Ибодатни ҳамма жойда адо этсаям савоби бор. Ҳозир карантин пайти уйда ўқиса жуда яхши бўлади.

 

— Рамазон ойида спиртли ичимлик сотилишига нима дейсиз?

 

— Рамазондан бошқа пайтдаям бу ишни қилмаслик керак. Тижоратнинг бошқа турлари билан шуғулланган маъқул.

 

— Тунда ишлайман. Саҳарликни ишда қиламан. Ва ифторликкача ухлайман. Рўзам қабул бўладими?

 

— Рўзанинг биринчи талаби ният қилиб субҳдан то шомгача емай, ичмай нафсни тийишдир. Яна бир қатор парҳезлар борки, бу рамазоннинг одобига киради. Шу маънода, рўзадор киши узрсиз кунни уйқу билан ўтказиши ҳам яхшимас. Агар тунда ишлаб, кундузи ухласа зарар қилмайди.

 

— Биз Навоийда, Бухоро вилояти билан ёндош яшаймиз. Шунда қайси вилоятнниг тақвимига қараб оғиз очишимиз керак?

 

— Тақвимлар бизга кўрсатма, холос. Аслида, ғуруб, яъни қуёш ботишига қараб оғиз очиш керак.

 

— Расмга тушиш гуноҳми?

 

— Расмга тушиш араблардаям бор. Фото нуқтаи назаридан қараганда мумкин. Лекин инсонни чизиш жоиз эмас.

 

— Намозхон, рўзадор одам саримсоқпиёз истеъмол қилса бўладими?

 

— Бу егуликлар ҳаром эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саримсоқпиёз еган одамларни масжидга келмай туришни насиҳат қилганлар. Сабаби ҳиди билан ёнидаги инсонга зиён етказиб қўйиши мумкин.

 

— Ошхонада ишлайман. Чучқа гўштидан таом тайёрлашади. Мусулмон одам шундай овқатларни тайёрлаши мумкинми?

 

— Мусулмон киши бу нарсадан қайтиши керак.

 

— Масжидимизда қори ака сураларни тез ўқияпти. Шундай қилса бўладими?

 

— Хатмда ўқиладиган қироатлар бор. Тез ўқишади. Тажвид қоидаларига амал қилса бўлди, тезроқ ўқишнинг зарари йўқ.

 

— Тўйга атаб йиғилган умумий пул закот нисобига ўтадими?

 

— Қандай пул бўлсаям бир йил турса закот нисобига ўтади.

 

— Қуръон хатм қилиш муддати қирқ кунми?

 

— Динимизда бундай талаб йўқ.

 

— Рамазон ойида гуноҳ иш қилса, бошқа ойлардагидан оғирроқ бўладими?

 

— Мўмин киши гуноҳ қилишга ижозат сўраши керак эмас. Аммо Рамазонда гуноҳ қилиш оғир нарса. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам агар Рамазон ойи кирсаю гуноҳлардан мағфират бўлиб чиқмаса, бурни ерга ишқалансин, деган ҳадиси бор. Демак, Рамазонда гуноҳ қилмаслик керак.

 

— Турмуш ўртоғим кўп ичади. Охирги пайтларда отаси билан келишмай қоляпти. Турмуш ўртоғимга намоз ўқинг, десам ўқимаяпти. Ўйлаб ўйимга етолмаяпман. Турмушимизни давом эттирай десам, бу фарзандларимдан қайтмайдими, деб қўрқаман. Шу ҳақда насиҳат қилсангиз?

 

— Синглимизга сабр, турмуш ўртоғига инсоф, тавфиқ берсин. Бу ҳолат кўп. Аёллик вазифасини бажариб, эрига меҳр кўрсатсин.

 

— Қўшнимиз ғайридин вакили. Улар тез-тез уйимизга егуликлар олиб чиқиб туради. Улардан истеъмол қилса бўладими?

 

— Шундай қўшнилар бўлади, уларни сизда битта ҳаққи бор, баъзи бирларида иккита, учта ҳақлари бор. Битта ҳаққи бор қўшни ғайридин қўшни, дейилади. Мусулмонмас, лекин қўшни. Улар бизнинг шариатимизда маън қилинмаган егуликларни олиб чиқса, истеъмол қилса бўлади.

 

— Мен намозда “Фотиҳа”дан кейин фақат “Ихлос” сурасини ўқияпман. Бу нотўғримасми?

 

— Токи бошқа сураларни ёд олгунча шуни ўқиб турса бўлади.

 

— Паркентданман. Бизда тақвим билан масжидда айтилаётган азоннинг ўртасида етти дақиқа фарқ бор. Дадам тақвимга қараб оғиз очяпти. Шу тўғрими?

 

— Аслида азон ҳам тақвимга муносиб айтилиши керак. Тақвим Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тавсия этилади. Демак, бу ерда муаззин кечиктириб айтаётган бўлади. Шундан келиб чиқиб, тақвимга қараб оғиз очса бўлади.

 

— Мен тутган рўзамнинг савобини ота-онамнинг номларига ёзилишини Худодан сўрасам бўладими?

 

— Ота-она номидан ҳаж бадал қилиш мумкин. Шунингдек, бошқа молиявий ибодатларни амалга оширса бўлади. Лекин рўза фарз амали, ҳар ким ўзи учун тутади.

 

— Оилада  эркаклар ва аёллар бирга намоз ўқиса бўладими?

 

— Оилада жамоат бўлиб намоз ўқиса бўлади. Бунда сафга эътибор бериш керак. Аввалги сафга ёши катталар, кейин ёшлар. Охирида аёллар туради.

Read 1895 times
Top