www.muslimuz

www.muslimuz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 19 март куни ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Мамлакатимиз аҳолисининг 30 фоизи 14 дан 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун замонавий шароит ва имкониятлар яратилган. Шу билан бирга, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш долзарб масала ҳисобланади. Ёшлар қанчалик маънавий баркамол бўлса, турли ёт иллатларга қарши иммунитети ҳам шунча кучли бўлади.

Маълумки, давлатимиз раҳбари ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурган эди.

Биринчи ташаббус ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилади.

Иккинчи ташаббус ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга йўналтирилган.

Учинчи ташаббус аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган.

Тўртинчи ташаббус ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган.

Бешинчи ташаббус хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларини назарда тутади.

Ана шу эзгу ғоя Президентимизнинг Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида бошланиб, қисқа вақтда улкан ишлар амалга оширилди. Мазкур ҳудуддаги туман ва шаҳарлар кутубхоналарига 300 минг нусхада бадиий адабиётлар етказиб берилди. Мусиқа ва санъат мактаблари чолғу асбоблари, спорт объектлари жиҳозлар билан таъминланди.

Бу ишлар Наманган вилоятида ҳам давом эттирилиб, “Маърифат карвони” ташкил этилди. Ёшлар учун 25 минг дона китоб, 80 турдаги спорт жиҳозлари ва мусиқа асбоблари етказиб берилди.

Ушбу 5 ташаббус халқимиз, айниқса, ёшларимиз томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Йиғилишда бу тажрибани Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида кенг жорий қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Бугунги кунда мамлакатимиздаги 800 дан ортиқ маданият маркази, 312 та мусиқа ва санъат мактабига атиги 130 минг нафар ўғил-қиз қамраб олингани, мазкур муассасаларнинг аксарияти ўқув қўлланмалари, ноталар тўплами, мусиқа асбоблари ва жиҳозлар билан етарли даражада таъминланмагани қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари жойлардаги маданият марказлари, мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базаси ва улардан фойдаланиш ҳолатини ўрганиб, фаолиятини яхшилаш бўйича топшириқлар берди.

Маданият вазирлиги ва Халқ таълими вазирлигига ҳокимликлар билан биргаликда туман (шаҳар) маданият марказлари ва умумтаълим мактабларида ёшларнинг қизиқишидан келиб чиқиб, қўшимча 1,5 мингта тўгарак ташкил этиш вазифаси қўйилди. Ташаббускор истеъдодли ёшлар ва маҳаллий ҳомийларни жалб этган ҳолда, маданият марказларида бадиий-ҳаваскорлик жамоалари, ёшлар театр-студиялари ва “Ёшлар клублари” ташкил қилиш зарурлиги таъкидланди.

Атоқли санъаткор ва истеъдодли ижодкорларни туманлардаги маданий ишларга кўмакчи сифатида бириктириш яхши натижа бераётганини инобатга олиб, бу тажрибани бутун мамлакатга ёйиш бўйича кўрсатмалар берилди. Унга мувофиқ, таниқли артистлар туман ва шаҳарларга ижодий маслаҳатчи сифатида бириктирилиб, ўша жойларда маданият ва санъатни ривожлантиришга масъул бўлади, туман ва шаҳарлар ҳокимлари эса ушбу ишларга моддий ва ташкилий жиҳатдан ёрдам беради.

Мусиқа ва санъат соҳасида олий маълумотли кадрларни кўпайтириш масаласига ҳам эътибор қаратилди.

Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Халқ таълими вазирликларига муайян мавзулар бўйича тарих дарсларини музейлар, тарихий обидалар, қадамжо ва театрларда сайёр ўтказилишини ташкил қилиш топширилди.

Иккинчи ташаббусга доир масалалар муҳокаманар экан, юртимизда 12 мингдан зиёд спорт иншооти борлиги, лекин ёшларни жисмоний тарбия ва оммавий спортга қамраб олиш даражаси етарли эмаслиги қайд этилди. Умумтаълим мактабларининг спорт анжомлари билан жиҳозланиш кўрсаткичи мамлакат бўйича 56 фоизни ташкил этгани ҳолда, Сурхондарё вилоятида атиги 12 фоиз, Хоразмда 14 ва Қорақалпоғистонда 15 фоиз, холос.

Йиғилишда ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш борасидаги чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Туман ва шаҳарлар ҳокимларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарларига мутахассислар билан биргаликда ёшларнинг спорт турларига қизиқиши ҳамда спорт иншоотларининг жиҳозланиш даражасини ўрганиб, шу асосда таклифлар бериш, Вазирлар Маҳкамасига уларни амалга ошириш учун зарур маблағлар манбасини аниқлаш вазифаси юклатилди.

Олис ва чекка қишлоқларда енгил конструкцияли сендвич панеллардан кичик спорт заллари ва сунъий қопламали майдонлар қуриш, ташаббускор тадбиркорларга спорт иншоотлари барпо этиш учун ер ажратиш зарурлиги таъкидланди. Бундай тадбиркорларга Миллийбанк томонидан “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури доирасида имтиёзли кредитлар ажратилади.

Жойлардаги спорт мактабларига таниқли халқаро мусобақалар ғолибларини раҳбар этиб тайинлаш, шунингдек, спортчиларни олий ўқув юртларининг махсус сиртқи бўлимларида мақсадли ўқитиш яхши натижа бериши қайд этилди. Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари сонини кўпайтириш юзасидан топшириқлар берилди.

Видеоселектор йиғилишида ёшларни интернетдаги зарарли хуружлардан асраш, уларни ахборот технологияларидан унумли фойдаланишга ўргатиш масалаларига ҳам алоҳида аҳамият қаратилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

الأربعاء, 20 آذار/مارس 2019 00:00

Қирқ тўрт хонадонда хурсандчилик

Кечиримлилик  Аллоҳ таоло севадиган, бошқаларнинг хатоларини кечирган бандалари амалига беҳисоб ажру савоблар ёзиб, мукофотини зиёдаси билан берадиган улуғ фазилат.

Одатда, бирор айб ишга қўл уриб қўйиб, жазоси тайин бўлган кишилар байрамлар арафасида хатоларини афу этишга ваколатли бўлганларнинг мурувватини кутадилар. Қачонки уларда раҳм-шафқат уруғларини кўрган бўлсалар, албатта. 

Ҳаммамизнинг ёдимизда, муҳтарам Юртбошимиз афв этиш тизимидан биринчи марта 2017 йилда фойдаланган ва ўшанда 2700 нафар маҳбус афв этилган эди. 2018 йилда Рамазон ҳайити байрами арафасида 226 киши, Мустақиллик куни 261 киши ва Конституция қабул қилинганининг 26 йиллиги муносабати билан 136 киши афв этилди.

Демак, республикамиз ҳаётида дахлдор бўлган байрамлар муносабати билан 3323 фуқароларимиз афу этилиб оиласи бағрига қайтди. Энди тасаввур қилинг, Рамазон, Мустақиллик, Конституция байрамларини биз оиламиз билан биргаликда  қанчалик катта хурсандчиликда кутиб оламиз. Президент афв этганлар оиласида эса байрам устига байрам, севинч ёшлари, узундан-узун дуолар.

Дарҳақиқат, Ориф Ревгарий ҳазратлари бир мўмин бошқа бир мўмин билан учрашиб  қолганда менинг саодатга эришишим ана шу биродаримнинг дуосига боғлиқ деб билсин ва унинг кўнглини шод этиб дуосини олиш пайида бўлсин, деб тавсия қилганлар.

Жазо муддатини ўтаётганлар ва уларнинг маҳзун оилалари, табиийки, Наврўз байрамида ҳам афв этиш механизми қўлланишидан умидвор бўлганлар ва шу куннинг тезроқ келишини катта умид ва ишонч билан кутганлар. Ва ниҳоят умидвор инсонларнинг туйғулари алдамади. Улар кутган кун келди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йилги Наврўз байрами арафасида 44 нафар маҳбусни афв этиш ҳақидаги фармонни имзолади. 

Афв этилганлардан 7 нафари жазодан тўлиқ озод этилган, 11 нафари эса шартли равишда озод этилган. Шунингдек, 12 кишининг жазоси енгиллаштирилган, 13 кишининг жазо муддати қисқартирилган. Умумий ҳисобда 30 киши оиласи бағрига қайтади.

Афв этилганлар орасида фаолияти тақиқланган ташкилотларга аъзо бўлган 60 ёшдан ошган 2 киши, 23 ёшли 5 нафар аёл бор.

Наврўз – чинакам хурсандчилик. Дарахтлар қийғос гулга кирган, далалар ям-яшил, бутун атрофингиздан гулларнинг-чечакларнинг ҳиди бўй таратиб турган, ерга ёнбошласангиз энг мулойим кўрпачадан мулойим бўлиб ёнбошингизни силайдиган, жилғаларда чопқилаб юрган майин ёмғир сувлари кўнглингизга мусаффолик бахш этадиган кунларда муҳтарам Юртбошимиз афв этиш тўғрисида фармонга имзо чекиб, 44 нафар юртдошимиздан маҳбус деган тамғани олиб ташладилар ва уларни озод инсон сифатида далаларга, боғларга сайр қилиб баҳор нафасидан тўйиб-тўйиб завқ олишларини таъмин этдилар, халқимиз эса давлатимиз Раҳбарининг ана шундай меҳрибонлигидан мамнун бўлиб, хақларига дуолар қилдилар.

Ривоят қилишларича, Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу катта бир даврада “Мен ҳеч кимга яхшилик қилганим йўқ, фақат ўзимга яхшилик қиляпман”, дедилар. Атрофдагилар ҳайрон бўлиб: “Эй мўминлар амири, сизнинг ҳар бир ҳаракатингиз фақат яхшиликдан иборат-ку ёки нега бундай деганингизнинг бирор ҳикмати борми ё?”  деб сўрадилар. Али розияллоҳу анҳу: “Мен бирор кишига яхшилик қилганимда у хурсанд бўлади ва менинг ҳақимга дуо қилади, ана ўша дуоси эртага, қиёматда менга йўлдош бўлади. Энди айтинг-чи, мен унга яхшилик қилган бўламанми, ўзимгами!” дедилар.

Марҳум устоз, профессор Нажмиддин Комилов домла бир суҳбатда “Байрам халқнинг руҳида акс этиши керак”, деган эдилар. Илло, халқнинг кўнглида хотиржамлик, эртанги кунига ишончи бор экан, ана шундай элга байрамлар ярашади. Аллоҳ таоло муҳтарам Юртбошимизни ана шундай меҳр-оқибатда бардавом қилиб, узоқ йиллар элнинг дуосини олиб юришларини насиб айласин.

Дамин ЖУМАҚУЛ

 

 

 

 

 

الأربعاء, 20 آذار/مارس 2019 00:00

Жазава

Масжид – дунёдаги энг сокин жой. Буни дунёдаги, хусусан, тараққий этган давлатлардаги аҳолининг барчаси яхши билади. Улар яна шуни ҳам биладиларки, мусулмонлар масжидга ибодат учун келгани туфайли қурол-яроғ билан келмайдилар. Чунки уларнинг урушиш-низолашиш нияти бўлмайди. Шунга қарамасдан, дунёнинг, айниқса, Европанинг айрим давлатларида масжидларга, аллақандай бузғунчилар вақти-вақти билан ҳужумлар уюштириш каби безориликлар қилиб, қуролсиз одамларни ўққа тутиб турибдилар. 

Янги Зелландия, биласизки, дунёдаги энг тинч давлатлардан бири саналади. Бу ерда жиноятчилик жуда ҳам кам содир этилади, ўқотар қуролдан худкушлик қилиш ҳоллари эса деярли учрамаган. Ана шундай осойишта давлатда яшовчи 28 ёшли Брентон Таррант деган кимса масжид ичидаги қуролсиз одамларга қарши ўқ узиш учун бир нечта автомат олиб келгани ажабланарли. Қаердан олган у унча қуролни? У яна ўзидан қаҳрамон ясаш учун масжидда қилган хунрезлигини Facebookда эълон қилган. Бу билан ўзини шарманда-ю шармисор этганини ҳам билмаган. Биринчидан, озгина ғурури, иззат-нафси бор одам, агар ашаддий душманини қуролсиз ҳолда топса ҳам унга қурол ўқталмайди. Ҳар ҳолда, мусулмонлар, орияти бор инсонлар шундай йўл тутадилар. Иккинчидан, ўша “қаҳрамон” ўқдони бўшаган автоматини отиб юборганидан сўнг ўша ўқдонсиз автоматни афғонистонлик Абдул Азиз деган мусулмон ердан олиб унга ўқталганда, машинасига ўтириб қочиб қолди. Демак, у Facebookда ўзининг ўзи ўйлаганидек қаҳрамонлигини эмас, номардлигини, қуён юраклигини намойиш қилди. Ахир, тасаввур қилинг, ҳеч замонда одам ўзи отиб юборган ўқдони йўқ қуролни кўриб, қўлида ўққа тўла қурол билан мингга қўйиб қочадими? Бу ҳақиқатни билишга унинг ва шерикларининг фаҳму фаросати етадими, йўқми, Худо билади.

Ўзларини дунёнинг бешигини тебратиб турувчилармиз дея хом-хаёл қилиб, ана шу хаёлига алданиб мусулмонларни “террорчилар” деб атаб, уларнинг номидан бузғунчиликлар қилаётган, мусулмонлар орасига турли фитналар оралатаётган валломатларнинг қиёфасини ана шунга ўхшаш ҳодисалар тобора равшанроқ очиб бораётир. Бу жазаваларнинг  замирида нима ётгани барчага аён – Ислом динининг тез тарқалаётганига, кўплаб миллатдошлари, ҳатто яқин қариндошларининг мусулмонлар сафидан жой олаётганига чидай олмаслик.

Дунёнинг бугунги қиёфасини ақл кўзи билан кузатаётганлар қайси мамлакатда Исломга қарши фитна уюштирилаётган, исломофобия кенг тарғиб қилинаётган бўлса, ўша юрт одамлари Ислом нима экан ўзи, мусулмонлар кимлар экан, дея қизиқиб Исломни яхши ўрганаётгани ва бунинг натижасида ўшаларнинг кўплари мусулмон ва муслима бўлиб бораётганига гувоҳ бўляптилар. Ана шу ҳодисадан ақли бутунлари Аллоҳнинг қудратини янада теранроқ ҳис қилиб, иймонга келиб ўзларини қутқараётган бўлсалар, қалбига қулф солинганлари бунга чидай олмасдан баттар жазавага тушяптилар. Зеро, Абу Жаҳллар ҳам шундай қилмаганмидилар ўзи?..

Бегуноҳ инсонларнинг умрига зомин бўлишни барча динлар ва таълимотлар қаттиқ қоралайди. Шунинг учун ҳам бу мудҳиш худкушликдан бутун дунё аҳли қаттиқ ғазабланди ва 2019 йилнинг 15 март куни Янги Зелландия тарихига мамлакатнинг, бутун дунёдаги исломофобларнинг иснодга қолган куни сифатида кирадиган бўлди.  Ва яна шуни диққат билан кузатиб боринг, шу кундан эътиборан Янги Зелландияда мусулмонлар сони кескин ўса бошлади.

Албатта, 50 нафар мусулмоннинг ҳалок бўлиши, 49 тасининг жароҳат олиши бутун дунё афкор оммаси, айниқса, мусулмонлар учун қайғули ҳодиса бўлди. Бутун дунё мўмин-мусулмонлари, уламолари, дин ва давлат арбоблари ушбу уюштирилган террорчилик оқибатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардликлар билдирмоқдалар. Жумладан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Крайстчерч шаҳрида содир этилган террорчилик ҳаракати оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан Янги Зеландия Генерал-губернатори Пэтси Реддига ҳамдардлик мактуби йўлладилар, ҳалок бўлганларнинг яқинларига самимий таъзия ва ҳамдардлик билдириб, жароҳат олганларнинг тез фурсатларда шифо топишларини тиладилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари тавсияси билан 17 март куни юртимиздаги барча жоме масжидларда пешин намозидан сўнг Янги Зеландиядаги “Ал-Нур” ва “Линвуд” масжидларида террорчилик оқибатида ҳалок бўлганларнинг ҳаққига Қуръони карим тиловатлари ва дуолар қилинди ҳамда диний таълим муассасаларида хатми Қуръонлар қилиниб, савоби ҳалок бўлганлар руҳига бахшида этилди.

Facebook маъмурияти бир сутка ичида Янги Зеландиядаги масжидларда амалга оширилган теракт тасвирланган ва ижтимоий тармоққа жойланган 1,5 млн видеоёзувни ўчириб ташлади.

Facebook, YouTube ва Twitter мазкур террорчилик ҳужуми тасвирланган ёзувлар тарқалишига қарши курашни 15 март куни бошлаган, деб хабар беради CNN. Шунингдек, ҳужум уюштирган шахснинг Facebook ва Instagram’даги аккаунтлари блокланган.

Янги Зеландия полициясининг юқори мартабали ходими Ноила Ҳассан Окленд шаҳри марказидаги майдонда йиғилган оломон қаршисида мусулмон ва Янги Зеландия полицияси етакчиларидан бири эканидан фахрланишини яна бир марта такрорлади. У нутқини Аллоҳ таолога ҳамд, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга саловат айтиш билан бошлади.

Туркия диёнат ишлари бошқармаси раиси Али Эрбош жаноблари бундай деди: “Ибодат қилаётган инсонларга нисбатан ваҳшийларча ҳужумлар фашизм ва тоқатсизликнинг қандай гумроҳликка ва ёвузликка айланганини очиқ-ойдин кўрсатиб турибди”. Али Эрбош исломофобияни инсониятга қарши оғир жиноят деб атади. Буни биз Аллоҳ таолога ҳам деб айтамиз.

Янги Зеландиядаги мазкур террорга учраган мусулмонлар ҳажжул масокин чоғида ҳалок бўлдилар, шаҳидлик мақомини топдилар, иншо Аллоҳ. Зотан, инсоннинг умри боқий эмас. Ҳар бир инсон аниқ ўлчанган вақт оралиғида яшайди. Эртами-индин ана шу қотиллар ҳам боради Аллоҳнинг ҳузурига, ана ўшанда ким ғолибу, ким мағлуб эканини очиқ-ойдин кўрадилар.

Қайси мамлакатда масжидларга, мўмин-мусулмонларга ҳужум кўпаяверса, билингки, ўша маконда Исломнинг ёйилиши тез бўляпти. Айримлар эса бундан жазавага тушиб қон тўкишга ўтиб ўзларининг мағлубиятга учраб бораётганини фош қилиб қўймоқдалар. Чунки уларнинг ҳамма нарсага етган ақли битта нарсага етмайди – улар мусулмонларни кучлари етгуни қадар ўлдиришлари мумкин. Бу билан Ислом заифлашиб қолмайди. Негаки, Ислом Аллоҳнинг дини. Аллоҳ ўша шаҳид бўлган мусулмонларнинг ўрнини душманларнинг ўзларининг қавмини, фарзандларини мусулмонга айлантириб тўлдириб қўяди. Ундан кейин нима қилади, шунга ақл юритмайдиларми? 

«Улар Аллоҳнинг нурини оғизлари билан ўчирмоқчи бўлурлар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар ёқтирмаса ҳам, ўз нурини батамом қилишдан бошқа ҳар нарсадан бош тортадир» (Тавба сураси, 32).

Аллоҳ таоло Янги Зеландияда шаҳид бўлган мусулмонларнинг жойларини ғариқи раҳмат қилсин. Ярадор бўлганларнинг дардига ғайбидан шифои комил ато қилсин.

 

Дамин ЖУМАҚУЛ

Бугун, 21 февраль куни муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан 2019 йилнинг 21-23 февраль кунлари ташкил этилган “I Халқаро зиёрат туризми форуми” доирасида Мир Араб мадрасасида форумда иштирок этиш учун Татаристондан ташриф буюрган бир гуруҳ делегация аъзолари билан бирга атоқли аллома Шаҳобиддин Маржоний хотирасига бағишланган тадбир ўтказилди.

Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари 1845-1849 йилларда Мир Араб мадрасасида таҳсил олган файласуф, педагог, муаррих, шоир, астроном, меъмор, бир сўз билан айтганда, қомусий билим эгаси Шаҳобиддин Маржоний ҳаёти ҳақида илиқ сўзларни айтдилар. Шунингдек, татаристонлик меҳмонлар ҳам мазкур аллома ҳақидаги хотиралари сўзладилар. Қуйида олим Шаҳобиддин Маржоний ҳақидаги нодир маълумотларни баён қиламиз.

 

Тарихчи ва ислом уламоси Шаҳобиддин Маржонийнинг тўлиқ исми Шаҳобиддин ибн Баҳоуддин бин Субҳон бин Абдул Карим ал-Маржонийдир. У 1818 йил Татаристоннинг Қозон шаҳри яқинидаги Япанчи қишлоғида таваллуд топган. Татар халқи тарихи асосчиси, файласуф, илоҳиётчи ва маърифатпарвар олим 1845-1849 йилларда Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида таҳсил олган. Кейинчалик Самарқанддаги Шердор мадрасасида ҳам таълим олиб, илму ижод билан шуғулланган.

Ёзувчи Садриддин Айнийнинг ёзишича, Маржоний Бухоро амири Насруллоҳ таъқибидан қочиб қисқа муддат Самарқандда яшашга мажбур бўлган. У Бухоро ва Самарқандда араб ва форс тилларини пухта ўзлаштирган, шарқ фалсафаси ва тарихи билан танишган, математика ва астрономия билан шуғулланган.

Маржоний Бухорода “Мовароуннаҳр машҳур уламоларининг аҳволи ва ишлари” ҳамда “Курсавийнинг Бухородаги фаолияти тўғрисида”ги асарларини ёзди. Айниқса, унинг 10-12 асрларда Мовароуннаҳр хонақолари ва тасаввуфнинг аҳволи, Туркистондан етишиб чиққан буюк алломалар ҳақидаги тадқиқотлари таҳсинга сазовордир.

Татар элининг энг машҳур мужаддиди бўлган Шаҳобиддин Маржоний Бухородан Самарқандга келиб, машҳур қози Абусаиднинг қўлида икки йил таълим олган. У қозининг илми ва бой кутубхонасидан унумли фойдаланган.
Қозон шаҳрида босилган “Маржоний таржимаи ҳоли” деган асарда Маржонийнинг Самарқандга қилган сафари ва бу ерда кечирган ҳаётига алоҳида тўхталиб ўтилган. Унинг “Маржоний” таҳаллусини олиши ва мустаҳкам эътиқод эгаси бўлишига қози Абусаиднинг тарбияси ва кутубхонаси сабаб бўлгани ушбу манбада алоҳида таъкидланган.

Маржоний ўзининг “Вофиятул-Аслаф” асарида Қози Абусаид Самарқандий ўз вақтида Мовароуннаҳр уламоларининг энг улуғларидан бири бўлгани ва ҳамма ишларда басиратли, диққатли бир аллома эканини баён этган.
Шаҳобиддин Маржоний тавозели, жавонмард, хушхулқ, хушмажлис, инсофли, ҳар кимни даражасига кўра эҳтиром ва тақдир этадиган киши бўлган. Қози Абусаид у ҳақида “Бу йигит илмда катта китоблар ёзган аввалги мусаннифлардан ҳам юқори” деган эканлар.

Олим аҳли тариқат ва машойихларни эҳтиром этар, чет мамлакат одамларини ҳурмат қилар эди. Шунинг учун турли мамлакатлар ва уламоларга оид кўп маълумот ҳосил қилган.

У “Вофият ул-аслаф” ва “Мустафод ул-Ахбор” асарларида қози Абусаиддан Мовароуннаҳр уламоси ва амирлари ҳақида кўп маълумот ва узун муҳокамалар ривоят этган.

Маржоний таржимаи ҳолида бундай ёзади: “Чин илм ва тараққий йўлига кирган кишилар, кўп вақт ўзларига бирор кишини йўлбошчи этиб, кўп ишларда унинг йўли билан ҳаракат этадилар”.

Алломанинг Ислом дини ва мадраса таълимини такомиллаштириш борасидаги фикрлари маърифатпарлик ҳаракати шаклланиб боришига ижобий таъсир кўрсатган. XIX асрнинг 50-60 йилларида маърифатпарварлик ҳаракатлари бошида бухоролик мударрис ва тарихчи олим Маржоний ва бошқа мударрислар турар эдилар. Улар мадрасаларни такомиллаштириш йўлида заруратсиз дарсларни қисқартириш тарафдори бўлганлар.

Маржоний маърифатпарварлик борасида қуйидаги асосий масалаларга алоҳида эътибор қаратган: Қуръони каримдаги ҳар қандай диний масалани пухта ўзлаштириш, бировга кўр-кўрона эргашишни ман этиш, қуруқ мазмунга эга, мадраса ўқувчилари учун фойдасиз, уларнинг вақтларини бекорга олувчи дарсларни олиб ташлаш, мадрасаларда Қуръони карим, ҳадиси шариф, уларнинг таржималари ва Ислом тарихи каби дарсларни ўтишни илгари сурган. Шунингдек, математика, тарих, жўғрофия, табобат, ҳандаса, мантиқ, фалсафа ва бошқа дунёвий фанларни ҳам ўқитишни қўллаб-қувватлаган.

Ўша даврларда ва ҳозирда кўп тарқалган хурофий одатлар – пайшанбалик, якшанбалик деб худойилар килиш ва йигирмалик, қирқлик номи билан катта-катта қозонларда ош дамлаб, кўп маҳаллалардан одам чақириб, катта маросимлар ўтказишга қарши бўлган. Бу ишлар шариатимиз буюрмаган одатлардан эканини ўз асарларида баён қилган. Бу ҳақда “Ал-Баркул ва мийз” деган китобида: «Халқимиз ичида тарқалган кўп худойилар ношаръий садақалардандир, ундан на маййитга ва на хонадон соҳибига савоб бор», деб ёзган.

Шунингдек, олим диний-маърифий, тарихий ва бошқа мавзуларга оид 30 дан ортиқ асарлар таълиф этган. 1850 йилларда Татаристоннинг Қозон шаҳридаги катта жоме масжидда имомлик ва муҳтасиблик ҳам қилган.

Шаҳобиддин Маржоний 1889 йилда вафот этган. Аллома номини мўмин-мусулмонлар ёдида сақлаш мақсадида унинг номи билан аталган масжид ва мадрасалар барпо этилган.

Аллоҳ таоло олимнинг хайрли ва савобли ишларини ўзига ҳамроҳ айлаб, охиратини обод қилган бўлсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

الإثنين, 18 شباط/فبراير 2019 00:00

Ҳеч бир ҳолатда канда қилманг

«Инсонга зарар етганда, ётган ҳолда, ё ўтириб ёки тик туриб ҳам Бизга илтижо қилади. Ундан зарарини кетказганимизда эса, гўё етган зараридан Бизга дуо қилмагандек кетаверади. Мана шу тарзда исрофчи (тажовузкор)ларга ўз қилмишлари зийнатли (чиройли) қилиб қўйилди» (Юнус, 12).

«Инсонга зарар етганда, ётган ҳолда, ё ўтириб ёки тик туриб ҳам Бизга илтижо қилади…»
Абу Лайс Самарқандий тафсирида: “Агар бандага касаллик, камбағаллик ва бало каби ёмон кўрадиган нарсалари тегса, банда ётган ҳолида ҳам Аллоҳга илтижо қилади. Касали енгилроқ бўлса ўтирган ҳолида дуо қилади, агар касаллигидан асорати қолган бўлса, юриб турганда ҳам дуо қилади”, деган.

Маҳмуд Замахшарий оят тафсирида: «Бу оятда дуо қилувчининг уч ҳолатини айтиб ўтишдан нима фойда дейилса, мен айтаманки, бунинг маъноси “Зарар кўрган инсон токи ўша зарари йўқолмагунча Яратганга дуою илтижо қилишдан тўхтамайди. У бизга ҳар қанақа ҳолатида ҳам, тура олмай ётиб қолганда, тик тура олмай ўтириб қолганда ёки тик тура олади-ю, аммо юришга тоқати йўқ бўлса ва баъзиси эса тўшакка “мих­ланиб” қолиб ётганда ҳам дуо қилаверади. Бу билан банда ўзига енгиллик ва соғлиқ сўрайди ва мусибатни ўзидан даф қилишга ҳаракат қилади».

«Ундан зарарини кетказганимизда эса, гўё етган зараридан Бизга дуо қилмагандек кетаверади. Мана шу тарзда исрофчиларга ўз қилмишлари зийнатли қилиб қўйилди».
Фахриддин Розий тафсирида бундай дейилади: “Бу оятда бало, мусибат тушганда инсон сабрсиз бўлиши, роҳат-фароғатда бўлганда оз шукр қилиши баён қилинган. Агар инсон бошига бирор ташвиш тушса, уни ўзидан узоқлаштиришини, мусибатни неъматга алмаштиришини Аллоҳ таолодан сўраб жидду жаҳд билан туриб, ўтириб, ётиб зорланиб дуо қилади. Агар Аллоҳ ундан мусибатни даф этиб омонлик ва офият берса, шукрдан юз ўгиради. Бошига тушган у мусибатни эсламайди ва неъматлар қадрини билмайди. Худди бошига тушган мусибатни кетказиш учун дуо қилмаган инсондек бўлиб олади. Ақлли инсон бало-мусибатга сабр қилиши, ҳузур-ҳаловат ва неъматларга эришганда шукр қилиши вожиб бўлади. Киши қийинчилик вақтида дуоси қабул бўлиши учун роҳат-фароғатда бўлган вақтида кўп зорланиши ва дуо қилиши керак.

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Хурсандчилик кунларида Аллоҳни танисанг, қийин кунларда Аллоҳ сени танийди”» (Ҳоким, Найсабурий).
Абу Дардо (розияллоҳу анҳу): “Аллоҳ таолога хурсандчилик кун­ларингда дуо қилгин, қийин кунларингда қилган
дуоингни қабул қилади”, дедилар.

Суҳайб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Мўмин кишининг ҳолига ажабланасан. Аллоҳ унга нимани қазо қилса, яхшилик бўлади. Агар унга ғам етса, сабр қилади, бу унга яхшилик бўлади. Агар унга хурсандчилик етса шукр қилади, бу ҳам унга яхшилик бўлади. Бу ҳолат мўминдан бошқага бўлмайди”» (Имом Муслим).


Абу Мансур Мотуридий, Абу Лайс Самарқандий,
Маҳмуд Замахшарий, Ибн Касир,
Олусий ва Қуртубий тафсирлари асосида
Бадриддин САДРИДДИН ўғли
тайёрлади.

Top