muslim.uz

muslim.uz

الثلاثاء, 10 تموز/يوليو 2018 00:00

Гиёҳвандлик – аср вабоси

Бугунги кунда энг долзарб муаммолардан бири – гиёҳвандликдир. Аллоҳ Таоло инсонга ақл бериб,  барча мавжудотдан устун қилди, мукаррам қилди, азизлади. Инсон  ақли билан нима фойда-ю, нима зарар эканлигини ажратади. Ақлга путур етказадиган барча нарса ҳаромдир. Ислом дини ақл йўлига ғов бўладиган маст қилувчи барча воситаларни, шу жумладан, ҳашиш яъни гиёҳвандликни ҳам ҳаром қилди.                 

Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам  айтдилар: “Ҳар бир маст қиладиган нарса хамрдир ва шунинг учун хар бир хамр ҳаромдир”. Хамр ичувчига қандай жазо белгиланса,  уни истеьмол қилувчига ҳам шундай жазо белгиланади. Уни ейувчи ҳам, уни севувчи ҳам Аллоҳ ва унинг Расулининг ғазабига учрайди. Уни истеьмол қилиш инсоннинг динига, ақлига, хулқига, табиатига зарар бўлади. Ибн Ҳожар роҳматуллоҳи алайҳ гиёҳвандлик етказадиган 120 хил зарарни санадилар. Бир марта истеьмол қилган инсон бу моддага жуда тез ўрганиб қолади. Тананинг бунга эҳтиёжи кескин ортиб боради. Тананинг фаолияти сусайиб, қарамлик ҳолати юзага келади. Гиёҳвандлик инсон фикрини ўтмаслаштиради, хотирани сусайтиради, ибодатдан тўсади, шарму-ҳаёни кеткизади, меҳр-муҳаббатни йўқотади. Гиёҳвандликка ружу қўйган одам, оиласидан бора-бора ажралади. Чунки уни кўзига на оиласи, на ота-онаси, на фарзандлари кўринади. Унга ўша 2 дақиқалик роҳат бўлса бас. Молини ҳам, уйини ҳам ва охирида ғурурини ҳам сотади. Гиёҳванд кишилар  ўзини оридан, шаънидан ҳурмати, касб-ҳунаридан айрилади. Оиласи бузилади, фарзандлари тирик етимдек бўлиб қолади. Қисқаси гиёҳванд инсон нафақат ўзига балки яқинларига ҳам бир умр азоб беради. Гиёҳванд инсон худдики бир қуриб бораётган дарахт кабидир... 

Шариатимиз нозил бўлганидан бери гиёҳвандликнинг ҳаром экани,  уни ҳалол санайдиган киши кофир бўлиб қолиши айтилган  ва барча уламолар шунга  иттифок қилган. Шунингдек, гиёҳвандлик моддаларини ейиш, ичиш, ҳидлаш ва игна орқали қабул қилиш мутлақо ҳаром эканини таькидлашган. Гиёҳванд моддаларни истеъмол  қилиш,  ишлаб чикариш, уларнинг тижорати билан шуғулланиш оқибати бахтсизликдир. Уламолар гиёҳванд моддалар орқали қилинган касб ҳаромдир, уларни таьсири остида ўқилган намоз қабул эмас, улардан келган фойда ҳам ҳаром уни садақа ҳам қилиб бўлмайди, деганлар.

Бирлашган Миллатлар Ташқилоти Бош Ассамблеясининг 1987 йил 7 декабрда қабул қилинган резолюциясига кўра, 26 июнь халқаро гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш ва уларни ноқонуний айланишига қарши курашиш  куни  сифатида белгиланган. Гиёҳвандлик хавфи ҳозирги кунда жуда юқори. Бир йилда гиёҳвандлик орқасидан 73 миллиард АКШ доллари микдорида маблағ айланишини ҳисобга олсак, бу жирканч ишни орқасида нималар борлигини тушунасиз. Дунё бўйлаб асосий гиёҳвандлик  етиштирувчи давлатлар Афғонистон, Колумбия, Покистон, Венесуэла киради. Бугунги кунда 250 миллиондан зиёд гиёҳвандлар рўйхатга олинган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам   марҳамат қиладиларки: “Сизлардан ким ёмон, мункар, қабиҳ ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар унга қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, тили билан монеьлик қила олмаса, унда қалби билан қайтарсин!

Ушбу ҳадисга биноан гиёҳвандликка  қарши курашиш ҳаммамизнинг бурчимиз. Фарзандларимизнинг ҳар бир қадамидан хабардор бўлишимиз зарур. Лоқайд бўлмаслигимиз керак. Аллоҳ барчамизни  бундай офатлардан, бундай балолардан Ўзи омон сақласин. Юртимизни тинч,  халқимизни фаровон қилсин. Омин.


Ш.Камолов,

 Бухоро шаҳар “Маҳмуд Торобий” 

жоме масжиди имом-хатиби

Cавол: Масжидимиз имомининг айтишича, маҳрнинг энг ози ўн дирҳам экан. Унинг пулимиздаги қиймати неча сўм бўлади?

Жавоб: Бизнинг мазҳабимизда маҳрнинг энг оз миқдори ўн дирҳам кумуш деб белгиланган. Кўпининг эса чеки йўқ, аммо ҳадиси шарифларда маҳрнинг ҳам озига қаноат қилган аёллар мақталган.

Бир дирҳам замонавий ўлчовда 3,12 граммдир, уни ўнга кўпайтирсак 31,2 грамм бўлади. Никоҳ шартномаси тузилаётганида 31,2 грамм кумушнинг қиймати сўмда қанча бўлса, ўша маҳрнинг энг кам миқдори бўлади. Бундан маҳрга ана шу миқдордан ортиқ бериб бўлмас экан, деган хулоса чиқмайди. Динимиз жамиятнинг барча қатлами манфаатини тенг ҳимоя қилгани учун уларнинг энг камбағалига ҳам малол келмайдиган миқдорни белгилаган. Кимнинг шароити кўтарса, бундан кўпроғига қодир бўлса, кўпроқ ҳам бераверади.

الثلاثاء, 10 تموز/يوليو 2018 00:00

Туркия Президентига ҳамдардлик

Президент Шавкат Мирзиёев Туркиянинг Текирдоғ вилоятида рўй берган поезд ҳалокати оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани ва жароҳатлангани муносабати билан Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғанга ҳамдардлик билдирди.

 

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати хабар қилмоқда.

الثلاثاء, 10 تموز/يوليو 2018 00:00

Ривоят: Барча амал ниятга боғлиқ

Ҳар кимга ниятига яраша.
Луқмони ҳакимнинг қўли очиқлиги, сўраганга қарз бериб, ёзиб қўймаслигини билган бир киши еб кетиш нияти билан ундан минг танга олтин олди. Йўлда дам олгани ўтириб, пулни қизил рангли бир матога ўраб қўйди. Бир қуш уни гўшт хаёл қилиб олиб қочди ва Луқмоннинг уйи устидан учиб ўтаётганида тумшуғидан тушириб юборди. Луқмон ўзи берган олтинларни таниб, олиб қўйди. Ҳалиги одам келиб, яна шу ният билан минг танга олтин олди. Лекин, анҳордан кечиб ўтаётганида уни сув олиб кетди. Анҳор Луқмоннинг уйи ёнидан ўтар эди. Луқмон олтинни таниб, яна олиб қўйди. Ўша одам учинчи марта қайтармаслик ниятида минг олтин олиб, уни ҳам бир сабаб билан йўқотди. Тўртинчи марта ниҳоят, савдо-сотиқ билан шуғулланиш ва фойда кўрса, Луқмонга тўрт минг қилиб қайтариш нияти билан минг олтин сўради. Бу гал фойда кўрди ва Луқмонга тўрт минг олтин олиб келди, Луқмон минг олтинни олиб, қолганини қайтариб берди.


Манба: islaminstitut.uz

Ирландияда ҳуқуқ ҳимоячилари мамлакатдаги исломофобия билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан ҳисобот тайёрлади. Шундан сўнг ҳукумат бунга эътибор қарата бошлади. Бу ҳақда Irish Timesга таяниб Azon интернет нашри хабар тарқатди.

Ҳисоботда келтирилишича, мусулмон шифокор Амина Дублиндаги автобусда муаммога дуч келган. Бегона аёл ундан қаерда туғилганини ва нега ҳижоб ўраганини сўрай бошлаган. Кейин уни диний қарашларини назарда тутиб, ҳақоратлай бошлаган.

Бундан ташқари, Дублинда унга мусулмон бўлгани учун квартира беришни исташмаган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ўз ҳисоботида ҳукуматдан "одамларга нафратни намойиш қилиш жазосиз қолмаслигини ҳаммага тушунтириш кераклигини" талаб қилмоқда.

Ирландия адлия вазири Чарли Флэнаган ҳуқуқ ҳимоячиларининг мамлакатда исломофобия кайфияти кенг ёйилгани ҳақидаги фикрларига муносабат билдирди ва буни қабул қилиб бўлмаслигини таъкидлади.

Флэнаган вазирлик ходимларига вазиятни тезда ҳал қилиш бўйича топшириқ берди.



ЎМИ Матбуот хизмати

Top