muslim.uz

muslim.uz

Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида фаолият бошлайдиган “Қуръон парки”да Муқаддас Қуръонда айтиб ўтилган ўсимликлар ҳамда исломий қўлёзмаларда қайд этилган мўъжизалар оммага намойиш этилиши режаланган. Бу ҳақда "info.islom" нашри хабар берди.

Мўжизавий парк қачон ишга тушиши ҳозирча ошкор қилинмагани ҳамда паркка кириш бепул экани маълум қилинган.

“Қуръон парки”да “Мўжизалар ғори” ва “Шиша уй” ташриф буюрган одамларда катта таассурот қолдириши айтилмоқда.

“Парк 12 та боғдан иборат бўлиб уларда Қуръони Карим ва Суннатда қайд этилган ўсимликлар мужассам бўлган. Уларнинг илмий хусусияти ва тиббий жиҳатдан фойдалилиги, шунингдек, қандай қўлланилиши кўрсатиб берилган. Банан, анор, зайтун, қовун, узум, хурмо, саримсоқ, пиёз маккажўхори, ясмиқ, буғдой, нўхат, дуккаклилар, занжабил, райҳон, қовоқ ва бодринг шулар жумласига киради”, - дейди Дубай шаҳар кенгаши Бош директори Довуд Абдул Раҳмон Ал Ҳажири.

"alarabiya.net" нашрига кўра, “Қуръон парки” қуёш нуридан энергия билан таъминланади.

Паркка ташриф буюрувчилар учун Wi-Fi тизими, телефонларни қувватлантириш шохобчалари ва одамлар дам олиши учун салқин жойлар ташкил этилади.

ЎМИ Матбуот хизмати

الجمعة, 11 أيار 2018 00:00

Раҳмат ойи келмоқда

Бандаларнинг ҳар икки дунё саодатини кўзлаб рўзани исломнинг фарз ибодатлари қаторига қўшган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Умматларига меҳр кўрсатиб рўза тутмоқнинг барча сир-асрорлари ила ўрнак бўлиб кетган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга абадул абад салавоту саломлар бўлсин.

Азиз биродарлар! Ўзингизга маълумки кўпчилигимиз ҳар йили рамазону шариф бошимизга соябон бўлиб келганида шу муборак ойнинг фазлидан баҳраманд бўлиб қолиш учун рўза ибодати ва унинг аҳкомларини яхшироқ англаб етишга ҳаракат қиламиз. Мана рамазон ойига ҳам саноқли кунлар қолди. Хонадонимизга меҳмон келадиган бўлса, меҳмон учун алоҳида тайёргарлик кўрамиз, тансиқ таомлар тайёрлаймиз. Шундай экан, рамазон ойи келишидан олдин рамазон учун ҳозирлик кўриб, нафл рўзаларни кўпроқ тутиб танамизни ҳам руҳимизни ҳам чиниқтириб боришимиз зарур.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб, “Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга рўза фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз” (Бақара сураси,183-оят)

Худосизлар рўзани соғлик учун кони зарар деб эълон қилиб, одамларни мажбурлаб рўзаларини очдиришга ҳаракат қилган пайтлар ҳам бўлди. Энди эса рўза тутиш айнан соғлик учун нихоятда фойдали экани ҳақида ҳамма бир овоздан гапирмоқда. Рўза нафақат соғликни сақлаш учун, балки беморликларни даволаш учун ўта зарур омил экани энди ошкор айтилмоқда.

Рўза турли касаликлардан халос этиш билан бирга, киши танасида тўпланиб қолган ортиқча моддалар, ёғлар, тузлар ва бошқа нарсаларни ҳам кетказади. Натижада инсоннинг жисми ва руҳи енгиллашади. Албатта, рўзанинг биз билгандан кўра билмаган фойдалари жуда ҳам кўп. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ким рамазон ойи рўзасини ихлос билан Аллоҳ таолонинг ризолиги учун тутадиган бўлса, Аллоҳ таоло унинг барча гуноҳларини кечиради”, деб марҳамат қилганлар.

Рўза рўзадорда раҳм-шафқат сифатини шакллантириб, мустаҳкамлайди. Ҳар бир мусулмон киши рамазон ойида кўпроқ яхшиликлар қилишга, уришганлар ярашишга ҳаракат қилмоғи лозим. Аллоҳ таоло бў ойнинг фазилатидан рамазон ойида қилинган яхшиликлар эвазига бир яхшиликка ўн баробардан етти юз баробаргача савоб ёзишини ваъда қилган. Шундай экан, бу ойдан унумли фойдаланиб савоб амаллар дафтаримизни тўлдириб қолайлик.

 

Одилжон ЯЛҒАШЕВ,

“Изомиддин Мударрис” жоме масжиди имом-хатиби

Шу кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасурбек Акрамов бошчиликларидаги гуруҳ Наманган вилоятида аҳоли билан бирма-бир суҳбат қилиш, намозхонлар билан самимий мулоқотлар ўтказиб келмоқдалар.
Бугун мутасаддилар Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов ҳамроҳлигида Косонсой туманига ташриф буюриб, тумандаги “Дийдор” номли масканда аввал адашиб, ҳозир тўғри йўлга қайтган 100 га яқин фуқаролар билан бир пиёла чой устида дилдан суҳбат ўтказдилар.
Мулоқотда бугунги кунда давлатимиз Раҳбари томонидан олиб борилаётган дин соҳасидаги улкан ўзгаришлар, Яратган Парвардигорнинг бундай берган неъматларига шукрона келтириш, тўғри йўлга қайтган кишиларнинг ҳаётини яхшилаш ва муаммоларини бартараф этиш ҳақида сўз борди.
Учрашувда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари мўмин-мусулмонларнинг дарду ташвишларини енгиллатиш бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан бош мақсад қилиб қўйилганини таъкидладилар. Шунинг учун барча фуқароларнинг саводхонлигини ошириш, имон-эътиқодини мустаҳкамлаш, Ислом динининг эзгу таълимотларини етказиш асосий мақсад эканини таъкидладилар. Ҳозирги кунда она юртимизни гуллаб яшнашига барча баробар масъул эканини айтдилар. Шунингдек, Қуръони карим, ҳадиси шариф ва улуғлар ҳикмати билан мазкур фикр-мулоҳазаларини қувватладилар. Эндиликда адашишлик, нотўғри йўлга қадам босиш умуман мумкин эмаслигини таъкидлаб, бу имкониятларни яратиб бераётган Юртбошимиз ҳақларига дуои хайрлар қилдилар.
Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасурбек Акрамов муҳтарам Президентимизнинг шу йил 2-3 май кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида бир қатор муҳим масалалар билан бир қаторда диний-маърифий соҳада ҳам жуда катта ўзгаришлар белгилангани, айниқса, “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти фаолиятини кенгайтириш, у ерни илм ўчоғига айлантириш, ҳудуддаги мўмин-мусулмонларнинг диний-маърифий билимларини ошириш борасида долзарб вазифалар топширилганини алоҳида қайд этди. Шунингдек, йиғилганлардан тўй, маърака-маросимларни ихчам ва камчиқим қилиб ўтказиш, ёшларни четга чиқиб кетишларининг олдини олиш борасида ёшларга тушунчалар берилди.
Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов ҳамжиҳатликда ҳикмат кўп эканини билдириб, диёримиздаги барча мўмин-мусулмонлар бир мазҳабга эргашиб, жипс бўлиб яшашлари Яратган Парвардигор буйруқларига итоат ва мана шундай неъматларга муносиб шукроналик бўлишини эканини айтиб ўтди. Вилоят бош имом-хатиби шу йил 16 апрель куни давлатимиз Раҳбарининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар, хусусан, “жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” ғояси диний-маърифий соҳада олиб борилаётган барча ислоҳотларнинг бош ғоясига айлангани, ёшларнинг таълим-тарбиясини яхшилаш, уларни бузғунчи кучлар таъсирига тушиб қолишдан асрашда дастуриламал бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Давра суҳбатида турли рўйхатлардан чиқарилган фуқаролар Атабаев Ҳусанбой, Саидисақов Саидбурҳон, Мутавалиев Баҳодирхон, Ахрормирзаев Асқарали сўз олиб, чин юракдан кўрсатилаётган эътибор учун миннатдорлик билдириб, муҳтарам Президентимизнинг юксак ташаббуслари натижасида мана шундай ёруғ, кенгчилик кунларда ҳаёт кечиришаётганини билдиришди. Айниқса, иш топиш, ўқишга кириш ва ўз тадбиркорлигини юритишдаги берилган имкониятлар уларни чексиз мамнун этганини изҳор қилишди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Рамазон ойига пухта тайёргарлик кўриш, муборак ойни диёримизда кўтаринки кайфиятда ўтказиш тўғрисида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Дин ишлари бўйича қўмита, Диний идора масъул ходимлари, уламолар, имом-хатиблар, мударрислар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур масжид-мадрасаларда Рамазон ойига катта тайёргарлик ишлари олиб борилаётгани, хатми-Қуръон тадбирларини файзли ўтказиш ва мўмин-мусулмонларга қулай шарт-шароитлар ташкил этиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилганини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан юртимиздаги Рамазон шукуҳини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш, имом-домлаларни яна фаол бўлишлари, муборак ойда ўтказиладиган тадбирларни тартибли, ихчам тарзда ўтказиш борасидаги муҳим маълумотларни таъкидлаб ўтди.
Йиғилишда Рамазон ойини янада файзли ўтказиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди ва оммавий ахборот воситалари томонидан берилган саволларга батафсил жавоблар берилди.

Тадбир тафсилотларини кейинроқ батафсил ёритамиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top