ЖАҲОЛАТГА ҚАРШИ МАЪРИФAТ

Такбири таҳрима: қўллар қулоқ баробаригача кўтарилади

Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиб, қўлнинг бош бармоғи қулоқнинг юмшоғига етказилади ва такбири таҳрима – “Аллоҳу акбар” лафзини айтиб намозга кирилади.

Қўллар кўтарилганда кафтнинг ички томони Қиблага қаратилиб, бармоқлар бироз очилган ҳолатда бўлади. Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиши ҳақида бир қанча ҳадислар келган бўлиб, қуйида улардан баъзиларини келтирамиз:

Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳу: Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни намозга киришда такбир айтиб, қўлларини кўтариб, қулоқлари баробарига кўтарганларини кўрдим”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Молик ибн Ҳувайрис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон (намозга кириш учун) такбир айтсалар, икки қўлларини қулоқлари баробарига кўтарар эдилар(Имом Муслим ривояти).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга киришда такбир айтиб, икки бош бармоқларини қулоқлари баробаригача кўтарар эдилар(Имом Ҳоким, Имом Дорақутний ривояти).

Уламоларимиз: Ҳадисларда келганқўлни қулоқ баробарига кўтаришдан мақсадуни қулоққа теккизишдир, чунки қулоқнинг юмшоғига қўл тегиши қўлнинг қулоқ баробарига кўтарилганининг аниқ белгисидир”, деганлар.

Бу ҳақда “Ал Баҳрур-роиқ шарҳи канзуд-дақоиқ” китобида қуйидагилар айтилган: “Ҳадисдаги тенглаштиришдан мақсад – икки қўлни қулоқларга тенглашганига ишонч ҳосил қилиш учун икки бош бармоқни қулоқларнинг юмшоқ жойига теккизилади”.

Намозга киришда икки қўлни қулоқ юмшоғига теккизиш ҳақида “Дуррул Мухтор” китобида қуйидагилар айтилади:

“Икки бош бармоқни қулоғларнинг юмшоқ жойига теккизган ҳолатда такбир айтиш – ҳадислардаги тенглаштиришдан кўзда тутилган нарса шудир. Чунки бусиз тенглашганига ишонч ҳосил бўлмайди”.

Демак, намозга киришда такбири таҳрима айтилади ва унда қўллар қулоқ баробарича кўтарилади. Бу ҳанафий мазҳабимиз уламоларининг ижтиҳодлари бўлиб, бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб саҳиҳ ҳадислар ривоят қилинган.

Пайғамбар алайҳиссалом намозга киришда муборак қўлларини елкалари баробаригача кўтарганларига далолат қиладиган ҳадисларни мукаммал ўрганган уламоларимиз бу масалада қуйидагича хулоса қилганлар:

Совуқда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўллари кийимлари ичида бўлгани ва у қалин кийимнинг енги бўлмагани сабабли намозга киришда қўлларини елка баробаригача кўтарганлар.

Табиийки, бундай ҳолатда қўл елкадан тепага кўтарилмайди. Совуқ бўлмаган пайтларда Пайғамбар алайҳиссаломнинг қўллари кийимларининг ичида бўлмагани учун намозга киришда қўлларини қулоқлари баробаригача кўтарганлар. Бунга машҳур саҳобий Воил ибн Ҳужрнинг қуйидаги ривоятлари далолат қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борга – нимда у зотни икки қўлларини қулоқлари баробарига кўтарган ҳолда такбир айтганларини кўрдим. Кейинги йил борганимда эса улар (Пайғамбаримиз ва саҳобалар)нинг устиларида (қалин) кийимлари бор эди. (Улар намозга киришда) қўлларини кўкрак баробаригача кўтардилар” (Имом Таҳовий ривояти).

Машҳур муҳаддис Имом Абу Жаъфар Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ мазкур ҳадисдан қуйидаги хулосани чиқарганлар: “Демак, Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳунинг (Пайғамбаримиз ва саҳобалар намозга киришда) қўлларини елкаларигача кўтарар эдилар деган ҳадислари қўллари кийимлари ичида бўлган пайтга тегишлидир. Аммо (Пайғамбаримиз ва саҳобалар намозга киришда) қўлларини қулоқларигача кўтардилар, деган ҳадислари қўллари кийимлари ичида бўлмаган пайтга тегишлидир.

Шундай экан, биз ҳанафийлар такбири таҳримада қўл кўтариш ҳақидаги Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисларини барчасига амал қиламиз: Совуқ сабабли қўллар кийим ичида бўлган пайтда қўлни кўтариш мумкин бўладиган жойгача кўтарамиз. У ҳам бўлса елка баробаридир. Агар қўллар кийим ичида бўлмаса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаб қўлларимизни қулоққача кўтарамиз” (“Шарҳ маони-л-осор” китоби).

Маълумки, ҳозирги кунда қўллар кийим ичида бўлмайди, сабаби барча кийимларнинг енги бор. Демак, ҳозирги пайтда намозга киришгувчи киши қўлларини қулоғи баробаригача кўтаради.

Такбири таҳрима (Аллоҳу акбар)ни айтгандан сўнг дунёвий нарсалар ҳақида фикрлаш, гаплашиш ва турли ҳаракатлар қилиш мумкин эмас.

“Суннатга мувофиқ намоз ўқинг” китобидан олинди.

Read 696 times
Top