Рамазон-2019

Ойлар султони – Рамазони шариф, хуш келдинг!

Бағрида Аллоҳнинг раҳмат ва мағфиратини, биз ожиз бандалар жисмига дўзах оловидан нажот лутф-иноятини жойлаган соғинчли ой, марҳабо! Эй моҳи Рамазон! Сенда раҳмат ва ҳидоят манбаи – Қуръони карим нозил бўлган. Тунларинг орасига яширинган бир кеча минг ойдан афзал, қадрли. Хотамул анбиё – Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га келган буюк ваҳий – “Ўқи!” амрига ёлғиз гувоҳ бўлган Қуръон ойи Марҳабо!

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар умматим Рамазон ойида улар учун қанча фазилатлар борлигини билганларида эди, йилнинг ҳаммаси Рамазон бўлишини хоҳлар эдилар” деган муборак ўгитлари ҳикматини туйиш ила сени соғиндик, моҳи Рамазон!

“Ойларнинг энг афзали Рамазон” (Имом Табароний ривояти) сени соғинч ила йил бўйи интиқ кутдик! Аллоҳнинг каломи нозил қилинган муборак ой, бағрингда нафсимизнинг қутқуларидан, занжирбанд этилган шайтони лаъин васвасаларидан халос бўламиз. Минг ойдан хайрли бўлган кечанг – Қадрда, ибодат қилиб, улкан савоблар қозониб, келгуси йил учун тушириладиган тақдиримиз учун дуои хайрлар қиламиз. Марҳамати қаҳридан устун бўлган Оламлар Раббисининг бандаларига берган баракотли моҳи, шу сабаб сенга муштоқмиз.

Йил бўйи Сени ўзгача соғинч, иштиёқ, умид билан кутамиз. Ташрифинг-ла мўминлар боши узра раҳмат, мағфират ёғилади. Сенда жаннат эшиклари очилади, дўзах қопқалари беркитилади.

Илк даҳангда беҳисоб раҳматдан дилларимиз ёришади. Ахир, банда учун Аллоҳ раҳматидан ҳам ортиқ не бор?! Зотан, Парвардигор раҳмати тушган макон ҳамиша обод, тинч-тотув, меҳр-муҳаббат, садоқат, омонлик... фақат эзгулик ҳукмида бўлади. Хатолар кечирилади, астойдил қилинган тавбалар қабул қилинади, қалблар покланади. Гуноҳларимиздан фориғ этувчи мағфират борки, эзгу ниятлар ила хайрли ишларга шошиламиз. Зеро, Яратганнинг раҳматига эришган, гуноҳлари афв этилган инсон, албатта, буюк хурсандчиликда бўлади. Сўнггида жисмни оловдан сақлаш инояти қалбимизга таскинлик бахш этади.

Чунки сарвари олам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Рўза ҳимоя қилувчи қалқон ва жаҳаннам ўтидан сақловчи мустаҳкам қўрғондир” деганлар (Имом Аҳмад ва Имом Байҳақий ривояти).

Ана шу муждалар ила қалбларимиз таърифга сиғмас шоду хуррамликка тўла. Инсонлар қалбида бир-бирларига очиқ кўнгиллилик, меҳр-муҳаббатнинг пайдо бўлиши, айниқса, хушфеъллик, тавозе, олижаноблик ва саховат сингари фазилатларнинг юксалиши сенинг ташрифинг шарофатидандир.

Савобли ишларни адо этиб, савобга эришмоқ истагида чин ихлос ила, қалбдаги имон гавҳари билан сенга интиламиз, қадри улуғ азиз ой! Сенга соғинчим боиси, ҳадиси қудсийда айтилган (Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади): “Одам боласининг ҳар бир амали унинг учундир. Фақат рўза мен учундир. Унга ўзим мукофот бераман!” (Имом Аҳмад, Имом Муслим ва Имом Насоий ривояти) деган Аллоҳнинг марҳаматидир.

Ажиб бир саодатки, икки дунё яхшиликларига элтувчи хайрли амаллар мужассам қилинган эй моҳи Муборак! Ташрифинг қутлуғ бўлсин!

Маҳмуд ҚАҲҲОРОВ,

Китоб туманидаги  55-мактаб ўқитувчиси

Read 36195 times
Top