muslim.uz
Ўзбекистон Уммонга озиқ-овқат ва текстиль маҳсулотлари сотади
Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги, Ўзбекистоннинг Уммон султонлигидаги элчихонаси, Наманган, Фарғона вилоятлари ҳокимликлари, ҳудудлардаги экспортёр корхоналар вакиллари Уммон султонлигининг нуфузли “Aytab Foodtech” компанияси вакиллари билан Тошкентда учрашди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Унда Уммонлик меҳмон Моҳиб Аҳмад ўз юртида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган товарларга қизиқиш ва талаб ошиб бораётганини маълум қилди. Унинг айтишича, Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари соҳасида банд бўлган тадбиркорларнинг тижорат таклифлари, улар етиштирган ва ишлаб чиқарган ўзбек маҳсулотларининг сифати ва нархлари унга манзур бўлган. Шу боис халқаро стандартларга мос равишда тайёрланган юқори сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ва истеъмол товарларини Уммонга импорт қилишда ҳамкорлик қилмоқчи.
Учрашувда тадбиркорлар экспорт учун ишлаб чиқараётган маҳсулотларини намойиш қилган бўлса, ҳокимият вакиллари юртимизда экспортёрларга берилаётган имтиёзлар ва инвестицион муҳитни яхшилаш борасидаги чора-тадбирлар ҳақида ахборот берди. Шунингдек, Сирдарё вилоятидаги Оқ-Олтин масъулияти чекланган жамияти ўзининг инвестицион лойиҳасини Уммонлик инвестор ва импортёрларга тақдим этди. Ана шу жараёнда “Aytab Foodtech” компанияси ва Оқ-Олтин корхонаси ўртасида келишувга эришилди.
Музокаралар якунида бир қатор корхоналар Уммонга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериши тўғрисида келишиб олинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Татаристон президентидан Рамазонда алкогол савдосини тақиқлашни сўрашди
Татаристонда бир нечта жамоат ташкилотлари президент Рустам Миннихановга мактуб йўллаб, Рамазон ойида алкогол сотувини тақиқлашни сўради. Бу ҳақда Islam.ru нашрига таяниб Азон интернет сайти хабар берди.
“Рамазон – эзгу ишлар ойи. Биз сиздан ушбу муқаддас ойда Татаристон Республикасида спиртли ичимликлар савдосини тақиқлашингизни сўраймиз. Бу хайрли амал Татаристон ҳукуматининг мусулмонларга нисбатан ҳурматини кўрсатган, Татаристоннинг обрўсини 1,5 миллиардлик Ислом дунёсида оширган ва татар халқини соғлом ҳаётга ундаган бўлар эди”, – дейилади Татаристон оқсоқоллар шўроси, Бутунтатар жамоатчилик маркази ва “Муслима” аёллар ташкилоти томонидан йўлланган мактубда.
Президентга мурожаат қилган жамоатчилик ташкилотлари тегишли қарор қабул қилинишига ва Рамазонда алкогол савдосининг тақиқланишига умид билдирган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Тожикистонда ҳажга бориш учун қанча тўланиши маълум қилинди
tj.sputniknews.ru нашрининг хабар беришича, 2019 йилда Ҳаж зиёратига бориш ниятида бўлган Тожикистон фуқаролари 35 128 сомони (қарийб 3,5 минг АҚШ доллари) тўлаши зарур.
Тожикистон Республикаси Дин ишлари, халқ анъаналари, тантаналар ва маросимларни мувофиқлаштириш қўмитаси "Ҳаж-2019" мавсумида ушбу белгиланган нархга Саудия Арабистонига бориш ва келиш учун чипта, Макка ва Мадинада яшаш, овқатланиш, йўлбошловчи хизмати, Мино, Муздалифа, Арафотда бўлиш, қурбонлик сўйиш, тиббий хизмат ва бошқалар киришини маълум қилган. Жидда-Макка-Мино-Арафот-Муздалифа-Мино-Макка-Мадина йўналишида транспорт ҳаражатлари ҳам ушбу тўланадиган маблағ таркибига киради.
2018 йилда Тожикистон фуқаролари ҳажга бориш учун 33 минг сомони тўлашган. Ҳажга борувчилар учун бир қатор талаблар мавжуд бўлиб, булар 30-60 ёш орасида бўлиши лозим.
Сўнгги 5 йил ичида Ҳаж зиёратини амалга оширган фуқаролар 534 АҚШ доллари миқдоридаги божни тўлашлари талаб қилинади.
Маълумот учун, 2018 йилда 6 минг нафар тожикистонлик Ҳаж зиёратига борган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
ТАЪЗИЯ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги "Мовароуннаҳр" нашриёти ходими Баҳриддин Хушбоқовга волидаи муҳтарамаси Гулчеҳра онанинг вафотлари муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирамиз.
Аллоҳ таоло марҳума онахоннинг маконини жаннат қилсин. Бу дунёда қилган барча эзгу ишларини бошларига соя, охиратларига заҳира айласин! Ортда қолганларга сабри жамил ато этсин!
Нишонга урилган гаплар: “Пул ва омад инсонни ўзгартирмайди, балки уларнинг ҳақиқатини очиб ташлайди”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.
Икки болакай бирининг ҳовлисида ўйнаяпти. Шунда уй эгаси бўлган бола оғайнисига деди:
- Секинроқ гапир, шовқин солма! Уйда дадам ухлаяптилар, уйғониб кетадилар.
Буни эшитган дўсти мана бундай деди:
- Унда юр, менинг дадамнинг қабрлари яқинида ўйнаймиз. Шояд уйғонсалар!
*****
Шармандаликнинг қанотлари, фазилатнинг оёқлари бор. Шунинг учун бир инсон ҳақидаги шармандали хабар унинг фазилати ҳақидаги хабардан тезроқ етиб боради.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Одамларнинг “Ватан!” деб қичқиришлари сени алдаб қўймасин. Баъзилар ошкора ҳолатда шундай десалар ҳам махфий ҳолатда бошқача бўлиб қоладилар.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Одамлар сени тўхтовсиз кечирадилар. Фақат бир шарт билан: кўп пулинг бўлиши керак.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Пул ва омад инсонни ўзгартирмайди, балки уларнинг ҳақиқатини очиб ташлайди.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ҳамма саволларга жавоб бера оламан деб ўйлаган кимса энг жоҳил кимсадир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов