muslim.uz

muslim.uz

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган. 

***** 

Лаа илааҳа иллаа анта, субҳаанака, инний кунту миназ золимийн.

Шу Қуръоний дуони доим айтиб юришга одатланайлик. Чунки, унинг аввали тавҳид, ўртаси тасбеҳ, охири истиғфордир.

Оят маъносининг таржимаси: Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен (барча) нуқсонлардан покдирсан. Дарҳақиқат, мен (ўзимга) зулм қилувчилардан бўлдим(Анбиё сураси, 87-оят). 

***** 

Одамлар сенинг шикоятларингни биринчи бор эшитиб, далда бўладилар. Кейинги сафар эса малоллана бошлайдилар. 

***** 

Шундай кишилар борки, сен уларга ҳеч нарса бермасанг ҳам улар сенга муҳаббатни тортиқ қиладилар.

Шундай кишилар борки, сен уларга ҳамма нарсани берганингдан кейин улар сенга алам ва оғриқни тортиқ қиладилар.

«Сукутдаги садолар» 

***** 

Энг шижоатли одам биринчи УЗР АЙТАДИ.

Энг кучли одам биринчи КЕЧИРАДИ.

Энг бахтли одам биринчи УНУТАДИ. 

***** 

Ҳамма нарса Аллоҳга тасбеҳ айтади. Ҳар бир махлуқ ўзига юклатилган вазифани сусткашликка йўл қўймай бажаради. Фақат инсон гоҳида зикрни кам қилиб, вазифасида сусткашлик қилади. 

***** 

Ҳаким Термизий раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Беш тоифа кишининг салоҳи бешта жойдадир:

  1. Ёш боланинг салоҳи мактабда.
  2. Йигитнинг салоҳи илм ўрганишда.
  3. Ўрта ёшнинг салоҳи масжидда.
  4. Аёлнинг салоҳи уйда.
  5. Бузғунчининг салоҳи қамоқда». 

***** 

Жим туришнинг фойдалари:

- машаққатсиз ибодат;

- тақинчоқсиз зийнат;

- салтанатсиз ҳайбат;

- тўсиқсиз, деворсиз қўрғон.

Ховатир роқия журнали 

***** 

Эй Роббим! Олдимда ростгўй бўлиб, ортимда мунофиқ бўладиган қалблар (кишилар)дан мени узоқ қил!

Ховатир роқия журнали

 *****

 Ортга бир қадам қайтган бўлсанг, умидсизликка тушма! Камондаги ўқ олдинга шиддат билан отилиши учун орқага тортилишини унутма!

Араб ҳикмати

 *****

 Агар инсонлар бир-бирлари ҳақида гапиришнинг ўрнига бир-бирлари билан гаплашишни кўпроқ ўрганганларида эди кўплаб муаммолар бартараф бўларди.

Ховатир роқия журнали

 

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

 Нозимжон Иминжонов

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг ижросини таъминлаш,ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ватандошларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солинган ҳадис илми мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш ҳамда соҳага оид олий маълумотли етук мутахассисларни  тайёрлаш мақсадидаЎзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори қабулқилинди.

Қарорга кўра, Ҳадис илми мактаби Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигидаги олий диний таълим берувчи нодавлат таълим муассасаси ҳисобланади. Мактаб битирувчиларига бериладиган давлат намунасидаги диплом Ўзбекистон Республикасида олий диний таълим соҳасидаги бакалавр даражасини берувчи олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат деб эътироф этилади. Мактабда “Ҳадисшунослик” таълим йўналиши бўйича бакалавр даражасидаги кадрлар тайёрланади.

Ҳадис илми мактабининг асосий вазифаси Қуръони карим ва ҳадисларнинг асл моҳиятини, ҳадис илмининг илмий-назарий асосларини чуқур ўрганган, ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ ватандошларимизнинг улкан илмий меросини пухта ўзлаштирган, ҳадисшунослик соҳасида илмий изланишлар олиб бориш кўникмасига эга мутахассисларни тайёрлаш ҳисобланади. Шунингдек, ҳадисшунослик мактаби шаклланиши ва ривожланиши, унинг илмий-маънавий асосларини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, тадқиқ этиш ва унинг натижалари асосида ҳадислардаги эзгу умуминсоний ғояларни халқимизга, айниқса, ёш авлодга етказиш ҳам Мактабнинг асосий вазифаси этиб белгиланган. 

Ҳадис илми мактабида ўқиш муддати беш йил бўлиб, кундузги таълим шаклида олиб борилади. Мактабга араб тилини пухта ўзлаштирган, ҳадисларни ёд олишга салоҳияти бўлган ўрта махсус диний таълим муассасаларининг иқтидорли битирувчилари саралаб олинади.

Қорорда белгиланганидек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда Мактаб билан хорижий мамлакатларнинг нуфузли илмий ва таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, хорижлик профессор-ўқитувчиларни Мактабга жалб қилиш бўйича тизимли ишларни амалга оширади. Шунингдек, Мактаб профессор-ўқитувчиларини малака ошириш, тажриба алмашиш ва ўқитиш учун чет мамлакатларга юбориш чораларини кўради.

 

Дин ишлари бўйича қўмита

Матбуот хизмати

samedi, 03 novembre 2018 00:00

Жумадан жумагача

Ассалому алайкум! Бугун ноябр ойининг 2 куни ҳафтанинг эса муборак жума куни.

Ҳафта давомидаги янгиликлар ва сара мақолалар билан Жумадан жумагача рукни орқали ҳабардор бўлинг 

Умра мавсуми бошланди

28 октябрь куни ўзбекистонлик зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг замонавий самолётларида Умра ибодатоларини адо этиш учун Саудия Арабистонига жўнаб кетдилар. Аввал хабар қилганимиздек энди фуқароларимиз Умра сафарига йил давомида боришлари мумкин.

Қуръони карим маънолари таржимаси ва тафсири лотин алифбосида чоп этилди

Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари томонидан имом Аъзам мазҳаби доирасида изоҳланган, янги мукаммал таржиманинг лотин алифбосидаги шакли ҳам нашрдан чиқди. Мазкур нашр бугунги кунда нафақат исломшунослик йўналишида таҳсил олаётган талаблар учун, балки ижтимоий-гуманитар соҳаларда изланишлар олиб бораётган тадқиқотчиларга ҳам қўлланма бўлиб хизмат қилмоқда.

“Вақф” фондига янги раҳбар тайинланди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди бошқаруви раҳбари лавозимига Искандар Халилов тайинланди. Фонднинг аввалги раҳбари Жалолиддин Ҳамроқулов ўз ихтиёрига кўра, ушбу вазифадан озод этилди. Маълумот ўрнида, Искандар Халилов 1995 йилда Тошкент ислом институтини тамомлаган ва узоқ йиллар давомида мударрислик ҳамда имом-хатиб лавозимида фаолият юритган.

Янги масжидга тамал тоши қўйилди

2018 йил 29 октябрь куни Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманидаги “Ҳазрати Ғоиб ота” масжидининг эски иморати ўрнига янги биноси учун ЎМИ вилоят вакиллиги ва  Хоразм вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда тамал тоши қўйилди.

Ўзбекистонда «Мурувват куни» белгиланди

Пойтахтимиздаги Шайх Зайниддин жоме масжидида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита билан жисмоний имконияти чекланган фуқароларимиз ўртасида очиқ мулоқот ташкил этилди. Тадбирда ҳар ойнинг биринчи якшанбаси “Мурувват куни” сифатида белгиланиб, бу кунда жисмоний имконияти чекланган фуқароларимиз билан доимий учрашувлар ташкил этилиши йўлга қўйиладиган бўлди.

Ўзбекистонлик имомлар Чимкентга борди

29-30 октябр кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият олиб бораётган имомлар делегацияси Тинчлик, миллатлараро тотувлик, бағрикенглик, шукроналик, ватанга муҳаббат, мусулмонларнинг бўлинмасликлари, мазҳабсизлик мавзуларида суҳбатлар ўтказиш учун Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрига ташриф буюрдилар.

"Энг маърифатли имом" мусобақасининг пойтахт ва Тошкент вилояти босқичи ғолиби маълум бўлди

Октябр ойининг 30-санасида "Энг маърифатли имом" мусобақасининг Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти босқичи бўлиб ўтди. Кўтаринки кайфиятда ўтказилган тадбир сўнгида муносиблар аниқланиб кейинги босқичга йўлланмани қўлга киритишди.

Тошкент ислом институтида сиртқи бўлим талабалари учун ўқув машғулотлари бошланди

Тошкент ислом институтида Жорий йилнинг 29 октябридан 2018-2019 ўқув йили Махсус сиртқи бўлим талабаларининг 1-семестр ўқув жараёнлари бошланди. Махсус сиртқи бўлимда ўқиш муддати 3 йил бўлиб, унга ҳужжат топширмоқчи бўлганлар ўрта махсус ислом таълим муассасасини тугатган, Ўзбекистон мусулмон идораси тизимида 5 йилдан кўп муддат давомида фаолият олиб бораётган бўлиши талаб этилади.

“Вақф” хайрия жамоат фонди кўнгилларга шодлик улашишда давом этади

“Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан Тошкент шаҳар 7-сонли клиник шифохонасига 2 та ногиронлар аравачаси ҳамда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги 125-сонли ихтисослаштирилган имконияти чекланган болалар мактаб-интернатига қишки иссиқ спорт костюмлари ва анжомлари етказиб берилди. Фонд мурувват соҳибларини ҳамкорлик қилишга таклиф этади.

Ислом фиқҳи академияси анжумани бошланди

28-31 октябр кунлари Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида Халқаро Ислом фиқҳи академиясининг 23 сессияси бўлиб ўтди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари ҳам мазкур анжуманда иштирок этди. Анжуманда бугунги кунда Ислом олами дуч келаётган иқтисодий ва ижтимоий масалалар муҳокама этилган.

Доҳа Ислом ёшлари маркази пойтахти сифатида танланди

Қатар давлатининг исломий ёшлар ривожида қўшган ҳиссаси учун 2019 йилда Доҳа шаҳри Ислом ёшлари пойтахти номига сазовор бўлди. Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти қошидаги Мулоқот ва Ҳамкорлик учун Ислом ёшлари форуми ушбу мукофотга Доҳа шаҳрини лойиқ деб топган. 

Энди эса хафта давомида тақдим этилган танланган мақолаларнинг қисқача анонси билан танишинг: 

“Кимки тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”. Ушбу ҳадис шархи билан Бахтнинг сири нимада? Номли мақола орқали танишасиз.

“Қачон ётоғингдан жой олмоқчи бўлсанг, намозга қиладиганингдек таҳорат қил. Сўнг ўнг томонинг билан ёнбошла...” ҳадиси шарҳи орқали уйқу одоблари ҳақида батафсил маълумотга эга бўласиз.

“Тик турганда таом еб, сув ичиш ошқозон ички деворлари бўйлаб тарқалган асабларнинг кучли рефлексига олиб келади”. Бу ҳақда батафсил Таомни тик туриб емайлик! Мақоласида танишасиз.

Аллоҳ таоло: “Менинг азаматим учун бир-бирларини дўст тутувчиларга нурдан бўлган минбарлар берилади. Уни кўрган набийлар ва шаҳидлар ҳавас қилишади”, деди”. Ушбу ҳадис ва холис дўстлик савоби ҳақида Аллоҳ йўлида дўстлашишнинг мукофоти мақоласида танишасиз.

 

 

Унутманг муслим.уз жамоаси сизни комиллик сари етаклайди.

 Биз сиз учун ижод қиламиз.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 28 октябрида Ўзбекистон делегациясининг Қозоғистонга ташрифи доирасида турли тадбирлар ва учрашувлар ташкил этилмоқда. Шундай тадбирлар Чимкент шаҳридаги масжидларда ўтказилди.

2 ноябрь куни Тошкент шаҳар имоми ноиби Ж.Раупов Сайрам туманидаги Манкент қишлоғи "Жалол бобо" масжидида намозхонларга маъруза қилди. 

И.Бегматов Сайрам туманидаги марказий "Интик Имоналиев" жоме масжиди намозхонларга маъруза қилди. 

М.Даминов "Айнабулоқ" жоме масжидида, З.Тожибаев "Тошбулоқ" масжидида  тинчлик олий неъмат, бағрикенглик, тафрикага бўлинмаслик, яқин қўшнилик ва турли мавзуларда суҳбатлар қилдилар.

Ўзбекистонлик имомларнинг ташрифи давом этмоқда.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

vendredi, 02 novembre 2018 00:00

09.11.2018 й. Ҳаё – имондан

بسم الله الرحمن الرحيم

ҲАЁ – ИМОНДАН

الحَمْدُ للهِ الذِي جَعَلَ العِفَّةَ وَالحَيَاءَ صِفَةَ الأَتْقِيَاءِ وَالْمُرْسَلِينَ، وَسِمَةَ الأَصفِيَاءِ المُكْرَمِينَ وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ الذِي وَعَدَ المُتَعَفِّفَ أَنْ يَكُونَ فِي كَنَفِ اللهِ وَحِمَايَتِهِ، وعَدَّ الحَيَاءَ شُعْبَةً مِنْ شُعَبِ الإِيمَانِ وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ أَجْمَعِينَ

Муҳтарам жамоат! Маълумки, Аллоҳ таоло томонидан инсонга берилган энг буюк ва қимматли нарса имон неъматидир. Ҳар бир мўъмин-мусулмон инсон бу неъматни умрининг охиригача  саломат сақлаб, эсон-омон бу фоний дунёдан ўтиб олиши энг катта бахт ҳисобланади. Шундай экан, ҳар бир инсон доимо имони бақувват бўлиши учун сабаб бўладиган барча хайрли амалларда бардавом бўлиши керак бўлади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам имонни қувватли бўлишига сабаб бўладиган омиллар ҳақида тўхталиб шундай марҳамат қилганлар:  

الْإِيمَانُ بِضْعٌ وَسَبْعُونَ شُعْبَةً، فَأَفْضَلُهَا قَوْلُ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، وَأَدْنَاهَا إِمَاطَةُ الْأَذَى عَنِ الطَّرِيقِ، وَالْحَيَاءُ شُعْبَةٌ مِنَ الْإِيمَانِ

(رَوَاهُ الْإِمَامُ مُسْلِمٌ)

яъни: “Имон етмишдан ортиқ бўлаклардан иборатдир. Унинг энг афзали “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси бўлса, энг паст даражаси йўлдаги азият етказадиган нарсани олиб ташлашдир. Ҳаё ҳам  имондан бир бўлакдир” (Имом Муслим ривояти).

         Демак, ҳаё имондан бир бўлак бўлиб, у имонни сайқал топишида муҳим ўрин тутади. Қайси бир кишининг ҳаёси кучли бўлса, демак, унинг имони ҳам кучли бўлади. Муқаддас Ислом динимизда ҳар бир мўмин-мусулмонни ҳаёли бўлишига тарғиб қилинган. Чунки, ҳаё динимизнинг хулқи ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

إِنَّ لِكُلِّ دِينٍ خُلُقًا، وَخُلُقُ الْإِسْلَامِ الْحَيَاءُ

(رَوَاهُ الْإِمَامُ ابْنُ مَاجَةُ)

яъни: Албатта, ҳар бир диннинг (ўзига хос) хулқи бўлади. Исломнинг хулқи эса ҳаёдир (Имом Ибн Можа ривояти).

Демак, Ислом динида эканмизми, албатта динимиз хулқи билан хулқланишимиз зарур бўлади.  Ҳаё сабабли инсон ўзини кўп гуноҳ ва хатолардан сақлайди, беҳуда ишлардан тийилади. Инсонда ҳаё камайиши билан имони ҳам заифлашиб кетади. Бу ҳақда ҳадисда шундай келтирилади:

"إِنَّ الْحَيَاءَ وَالْإِيمَانَ قُرَنَاءُ جَمِيعًا، فَإِذَا رُفِعَ أَحَدُهُمَا رُفِعَ الْآخَرُ"

(رَوَاهُ الْإِمَامُ الْحَاكِمُ)

яъни: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Албатта ҳаё ва имон бир бирига чамбарчас боғлиқдир. Бири кўтарилса (кетса), иккинчиси ҳам кўтарилиб кетади” (Имом Ҳоким ривояти).

Шуни унутмаслик керакки, инсонпарварлик, тақводорлик, раҳмдиллик ва барча энг юқори инсоний фазилатлар ҳаё орқали амалга ошади. Бунга Оиша онамизнинг қуйидаги сўзлари яққол далилдир: "Гўзал хулқлар ўнтадир: ростгўйлик, хушмуомалалик, омонатдорлик, силаи раҳм, хизматга яраша ҳақ бериш, ҳаммага яхшилик қилиш, қўшнилар ҳаққига муҳофаза қилиш, дўстнинг ҳаққига риоя қилиш ва меҳмонни эъзозлаш. Барчасининг боши эса ҳаёдир".

Имом Абулҳасан Мовардий раҳматуллоҳи алайҳ ҳаё уч қисмга бўлинади деганлар:

Биринчиси Аллоҳдан ҳаё қилишдир. У Аллоҳ таолонинг барча амр ва фармонларига итоат қилиш ва қайтарган нарсаларидан ўзини тийишдир.

Иккинчиси одамлардан ҳаё қилишдир. У одамлар билан чиройли муомала қилиб, тил ва қўл орқали етадиган озорлар билан уларни ранжитмасликдир.

Учинчиси киши ўзидан ҳаё қилишдир. У ҳеч ким кўрмайдиган жойда ўзини ножўя ва ноўрин ҳаракатлардан сақлашидир.

Ҳаёли инсон гапирар экан, оғзидан ёмон сўзлар чиқиб кетишидан, бошқаларнинг сирини ошкор қилишдан ўзини тияди. Ҳаёсизликда ўзгаларнинг инсоний ҳақларини поймол қилиш бор. Ҳаё ўз эгасини жаннатга киришига сабаб бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

اَلْحَيَاءُ مِنَ الْإِيمَانِ وَالْإِيمَانُ فِي الْجَنَّةِ وَالْبَذَاءُ مِنَ الْجَفَاءِ وَالْجَفَاءُ فِي النَّارِ

(رَوَاهُ الْإِمَامُ أَحْمَدُ وَالْإِمَامُ ابْنُ حِبَّانَ)

яъни: “Ҳаё – имондандир, имоннинг жойи эса – жаннатдир. Беҳаёлик эса – жафодандир, жафонинг жойи – дўзахдадир” (Имом Аҳмад ва Имом Ибн Можа ривояти).

Ҳаё бобида гапирар эканмиз, беихтиёр жаноб Расулуллоҳнинг ҳаёлари ҳақидаги Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳунинг сўзлари ёдимизга тушади:

كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَشَدَّ حَيَاءً مِنْ الْعَذْرَاءِ فِي خِدْرِهَا وَإِذَا كَرِهَ شَيْئًا عُرِفَ فِي وَجْهِهِ

(َروَاهُ الْإِمَامُ الْبُخَارِيُّ)

 яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаё бобида чимилдиқдаги келиндан ҳам ўтар эдилар. Агар бирор нарсани ёқтирмасалар, юзларидан (ёқтирмаганлик аломатлари) билинар эди” (Имом Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўлдики, имон қанчалик кучли бўлса ҳаё ҳам шунчалик кучли бўлади. Чунки Пайғамбаримизнинг имонлари энг кучли эканида ҳеч шак-шубҳамиз йўқдир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга қандай ҳаё қилишни ўргатганлар. Бу ҳақда қуйидаги ҳадисда шундай дейилади:

اسْتَحْيُوا مِنَ اللَّهِ حَقَّ الْحَيَاءِ قَالُوا: إِنَّا لَنَسْتَحْيِي مِنَ اللَّهِ يَا رَسُولَ اللَّهِ وَالْحَمْدُ لِلَّهِ، قَالَ: لَيْسَ ذَاكَ، وَلَكِنْ مَنِ اسْتَحْيَا مِنَ اللَّهِ حَقَّ الْحَيَاءِ فَلْيَحْفَظِ الرَّأْسَ وَمَا وَعَى، وَلْيَحْفَظِ الْبَطْنَ وَمَا حَوَى، وَلْيَذْكُرِ الْمَوْتَ وَالْبَلاءَ، وَمَنْ أَرَادَ الآخِرَةَ تَرَكَ زِينَةَ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا، فَمَنْ فَعَلَ ذَلِكَ فَقَدِ اسْتَحْيَا مِنَ اللَّهِ حَقَّ الْحَيَاءِ

(رواه الإمام البيهقي)

яъни: “Аллоҳдан чинакам ҳаё қилинглар”, – дедилар.  Улар: “Ё Расулуллоҳ, биз ҳаё қиламиз, алҳамдулиллаҳ”, – дейишди. Шунда у зот: “Йўқ, у (намоз ўқиш, рўза тутиш, ҳажга бориш каби амалларингиз) ҳақиқий ҳаё эмас. Ҳақиқий ҳаё – бош вa ундаги (кўз, қўлоқ, бурун, оғиз, тил каби) бaрчa aъзoни (Aллoҳ қайтаргaн нaрсалaрдaн) сaқлaш, қoрин ва ундаги (озуқа, фарж сингари) бaрчa aъзoни (ҳаромдaн) тийиш ҳамда ўлимни ва ундaн кeйинги чириш (aзoб-уқубaт)ни эслашдир. Ким охиратни хоҳласа, ҳаддан зиёда дунёга ҳирс қўймасин. Кимки буларга амал қилсa, Aллoҳдaн ҳaқиқий ҳaё қилибди”, – дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Демак, кўзини номаҳрамларга қарашдан, қулоғини номақул гап-сўзларни эшитишдан, тилини ғийбат, ёлғон, бўҳтонлардан, қорнини ман қилинган нарсаларни истеъмол қилишдан, бошқа аъзоларини эса ҳаромдан тийган ва ўлимни эслаб юрган кишигина ҳақиқий ҳаё қилган ҳисобланади. Ҳаё бобидаги қуйидаги ҳадиси шарифни уламоларимиз Исломнинг мадори яъни, Исломнинг асосий таълимотларини ўз ичига олган ҳадислар сарасига киритганлар. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

"إِنَّ مِمَّا أَدْرَكَ النَّاسَ مِنْ كَلَامِ النُّبُوَّةِ الْأُولَى: إِذَا لَمْ تَسْتَحْيِ، فَاصْنَعْ مَا شِئْتَ"

(رَوَاهُ الإمام الْبُخَارِيُّ)

яъни: ““Ҳаё қилмасанг, хоҳлаганингни қилавер”, (деган гап) одамларга етган биринчи нубувват сўзларидандир” (Бухорий ривоят қилган). Ҳадисдаги “Ҳаё қилмасанг, хоҳлаганингни қилавер” деганларини уламолар қуйидагича шарҳ қилганлар: бу жумла огоҳлантириш маъносида бўлиб: “Агар ҳаё қилмасанг, билганингни қил, қилмишингга яраша жазо оласан” деган маънода айтилган. “Нимани истасанг, шуни қилавер” маъносида эмас. Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳ: “Бахтсизликнинг нишонаси қуйидаги нарсаларда кўринади деганлар:  бешарм ва беҳаё бўлиш, кўнгли қаттиқ ва дағал бўлиш, молу дунёга ҳаддан ортиқ муккасидан кетиш”, – дер эди.

Муҳтарам жамоат! Афсуски, баъзи бир ота-оналар фарзандларини таълим-тарбияси, одоб-ахлоқи ва шарм-ҳаёсига бепарво бўлмоқдалар. Натижада, айрим ёшларимиз ғарб маданиятига тақлид қилиб, ҳаё чегарасидан чиқиб кетмоқда, уларнинг оғзидан чиқаётган сўзларга ўзлари уялмасалар-да, атрофдагилар ноқулай аҳволга тушиб қолмоқда. Зеро, Аллоҳ таоло фаҳшни ҳам, фаҳш сўзни сўзловчини ҳам севмайди.  Ояти каримада шундай дейилади:

قُلْ إِنَّمَا حَرَّمَ رَبِّيَ الْفَوَاحِشَ مَا ظَهَرَ مِنْهَا وَمَا بَطَنَ وَالْإِثْمَ وَالْبَغْيَ بِغَيْرِ الْحَقِّ وَأَنْ تُشْرِكُوا بِاللَّهِ مَا لَمْ يُنَزِّلْ بِهِ سُلْطَانًا وَأَنْ تَقُولُوا عَلَى اللَّهِ مَا لَا تَعْلَمُونَ

яъни: “Айтинг: «Раббим, албатта, фаҳш ишларнинг ошкораю пинҳонасини, гуноҳ (ишлар)ни, ноҳақ тажовузкорликни ва Аллоҳ ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарса(лар)ни Унга шерик қилишингизни ҳамда Аллоҳнинг шаънига ўзингиз билмаган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилди” (Аъроф сураси, 33-оят).

Ибн Арафа: “Ҳар бир Аллоҳ қайтарган иш – фаҳшдир”, – деганлар.

Биз фарзандларимизни замон билан ҳамнафас қилиб тарбиялаш билан бирга, шу кунимизда кенг тарқалган, беҳаёликни тарғиб қиладиган воситалар ва йўллардан ҳимоя қилишимиз керак. Сир эмас, айрим ёшларимиз телефон аппаратлари ва бошқа воситаларда порнографик маҳсулот (расм, видео, кино)ларни сақлашмоқда ва бу ҳам етмагандек бошқаларга тарқатишмоқда. Бу нарса давримизда ёшларни ўз домига тортувчи катта балога айланиб улгурди. Хўш, бунга қарши курашга ким масъул? Бизнингча, ҳар бир оила, ҳар бир ота-она фарзандларига, уларнинг фаҳш нарсаларни сақлаши мумкин бўлган асбоб воситаларига эътибор қаратиб, вақти-вақти билан назорат қилиб туришлари ва фойдали машғулотлар билан банд қилиш лозим. Аксарият нохушликлар, жиноятлар бекорчиликдан келиб чиқади. Айниқса, уларни турли фан ва спорт тўгаракларига  жалб қилиш фойдали бўлади.

Йигит-қизларнинг кийиниш маданияти ҳам миллий қадриятларимизга тўғри келмай қолмоқда. Бу ҳолат миллатимизнинг маданияти, миллийлиги йўқолиб боришига сабаб бўлаётган омиллардандир. Ёшларни бундай аҳволга солаётган нарса нима бўлиши мумкин? – деб ўйлаймиз. Бунга сабаб оиладаги муҳит. Халқимизда бир гап бор: “Қуш уясида кўрганини қилади”. Ҳақиқатдан ҳам, фарзандлар энг кўп маълумотни ота-онасидан йиғади, ота-она беҳаё сўзларни гапирса, уруш-жанжал қилса, фарзандлар улардан ўрганади. Оиладаги муҳит носоғлом бўлса, фарзандга катта таъсир кўрсатади. Ярим кечаси бола кўчадан кириб келади, бунга ота-она бефарқ қарайди. Айниқса, қиз болаларда бундай ҳолатнинг кузатилиши – жуда оғир масала. Бундай ҳолатлар беҳаёликка, оғир оқибатларга олиб боришини наҳотки ўйлашмайди?! Ота-она “Қаердан келдинг?”, “Ким билан эдинг?”, “Нега кеч келдинг?” каби саволларни бермаса, уларга ким тарбия беради?! Хуллас, “ҳаё” деганда, ҳар бир ҳолатда Аллоҳ таолони кўриб турганини ҳис қилиб яшаш, гуноҳлардан ўзини тийиш билан намоён бўлади. Шу руҳда тарбияланган инсон бировга, гарчи у билмаса-да, кўрмаса-да, хиёнат этмайди, обрўсини тўкмайди, зулм қилмайди, ҳақини топтамайди. Ичи билан таши бир бўлади. Биров бор пайтда – бошқача, йўғида эса бошқача муомала қилмайди ва ҳоказо.

Аллоҳ таоло барчамизни имонда, Исломда собитқадам қилиб, ҳақиқий ҳаё билан зийнатласин! Омин!

ИЛОВА

Ҳурматли имом-домла! 20.08.2018 куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши раиси, муфтий Усмонхон Алимов томонидан тасдиқланган “Ўзини-ўзи турли йўллар билан қасддан  ўлдиришнинг оғир гуноҳлиги  ҳақида фатво” билан танишиб чиқиб, уни жамоатга етказишингиз сўралади. Фатво матни илова қилинади.

Муҳтарам имом-домла! Масжидларда намоз вақтига қатъий риоя этиб, хусусан, жума намозини белгиланган вақтдан ўтказмаган ҳолда адо этишингиз ва жума иш куни бўлгани учун намозхонларни кўп ушланиб қолишларига йўл қўймаслигингиз тавсия этилади!

 И Л О В А

ЎЗИНИ-ЎЗИ ТУРЛИ ЙЎЛЛАР БИЛАН ҚАСДДАН  ЎЛДИРИШНИНГ ОҒИР ГУНОҲЛИГИ  ҲАҚИДА

 ФАТВО

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ مُحَمَّدٍ وَعَلَى اَلِهِ وَاَصْحَابِهِ اَجْمَعِينَ. اَمَّا بَعْدُ

Инсон доимо ўзига берилган барча илоҳий неъматларга шукр қилиб, ҳаётда дуч келадиган ҳар қандай мусибат ва қийинчиликларга сабр қилиши ва Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиб яшаши лозим бўлади. Турли шайтоний васваса, тушкунлик ва умидсизликка берилмай, Инсон деган улуғ номга мувофиқ иш тутиш чин мўмин-мусулмонга хос ишдир. Зеро, Аллоҳ таоло бу дунёни имтиҳон дунёси қилиб, унда бандаларини турли хил йўллар билан синашини маълум қилган. Қуръони каримда бу ҳақда шундай деган:

وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ بِشَيْءٍ مِنَ الْخَوْفِ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِنَ الْأَمْوَالِ وَالْأَنْفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُمْ مُصِيبَةٌ قَالُوا إِنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعُونَ

яъни: Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”, – дейдилар” (Бақара сураси, 155-оят).

Инсон ўзи кутмаган мусибатли ҳолатларга дуч келганда албатта, бу мусибатдан қутулиш чораларини қидиради. Баъзан имон-эътиқоднинг сустлиги, сабр-тоқатнинг озлиги сабабли, шайтон васвасаси ғолиб келиши оқибатида бошига тушган мусибат ёки қандайдир оғир шароитда қолган киши турли хилдаги нохуш ишларга қўл уриб қўйиши мумкин. Шунинг учун, Аллоҳ таоло мусибатларни енгишда сабр-қаноатга суяниш, Унинг тақдирига рози бўлиш энг тўғри йўл эканлигини баён этмоқда.

Афсуслар бўлсинки, кейинги вақтларда айрим кишилар, айниқса, хотин-қизлар билиб-билмай ўзларининг жонларига қасд қилиш орқали, Аллоҳ таоло ато этган ҳаёт нурини бевақт сўндиришга, икки дунёда абадий лаънатга ва дўзах азобига дучор бўлишга сабаб бўладиган оғир гуноҳга қўл урмоқдалар. Инсон ўзига омонат қилиб берилган жонни ўз қўли билан ҳалокатга ташлаши, яъни ўз жонига қасд қилиши нафақат мусибатдан қутулишнинг энг нотўғри  йўли, балки унданда каттароқ мусибатга ўзини мубтало қилиш демакдир. Чунки, ўз жонига қасд қилиш Аллоҳ таолонинг унга ато этган неъматларига, хоссатан, берилган умр – ҳоли ҳаётга ношукурлик ҳамда Одилу Ҳаким зотнинг белгилаб қўйган тақдирига нисбатан улкан исёндир.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадисларда ўз жонига қасд қилишнинг аянчли оқибатлари аниқ баён этилади. Собит ибн Заҳҳокдан ривот қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

عَنْ ثَابِتِ بْنِ الضَّحَاكِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ بِشَيْءٍ فِي الدُّنيَا عُذِّبَ بِهِ يَومَ القِيَامَةِ.

яъни: “Ким бу дунёда ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ҳам унга ўша нарса билан азоб берилади” (Имом Бухорий ривояти).

Ўз жонига қасд қилишнинг оғир гуноҳ эканлиги, унга тайинланган жазодан ҳам маълумдир. “Саҳиҳи Бухорий” ва “Саҳиҳи Муслим”  китобларида келтирилишича:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مَنْ تحَسَّى سَمًّا فَقَتَلَ نَفْسَهُ فَسَمُّهُ فِيِ يَدِهِ يَتَحَسَّاهُ فِيِ نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدًا مُخَلَّدًا فيِهَا أَبَدًا وَمَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ بِحَدِيْدَةٍ فَحَدِيدَتُهُ فِي يَدِهِ يَطْعَنُ بِهَا فِي بَطْنِهِ فِي نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدًا مُخَلَّدًا فِيهَا أَبَدًا وَمَنْ تَرَدَّى مِنْ جَبَلٍ فَقَتَلَ نَفْسَهُ فَهُوَ يَتَرَدَّى فِي نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدًا مُخَلَّدًا فِيهَا أَبَدًا وَالَّذِى يَتَقَحَّمُ فِيهَا يَتَقَحَّمُ فِي النَّارِ وَالَّذِي يَخْنُقُ نَفْسَهُ يَخْنُقُهَا فِي النَّارِ

яъни: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:“Ким заҳар ичиб ўзини ўлдирса, қиёмат кунида ўша заҳари қўлида, уни ичган ҳолда жаҳаннам оловида абадий қолади. Ким ўзини темир парчаси билан ўлдирса, ўша темир парчасини қорнига суққан ҳолида жаҳаннам ўтида абадий қолади. Ким тоғ тепасидан ташлаб ўзини-ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам шу хил азобга гирифтор бўлади. Ўзини бирор нарсага уриб ўлдирган кимса, дўзахга  ўзини уриб азоблайди. Ўзини ўзи бўғиб ўлдирган кимса, жаҳаннамда ҳам ўзини бўғиб азоблайди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Бошқа ҳадисда Расули акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар:

 عَنْ جُندُبِ بْنِ سُفيَانَ رَضِيَ اللهُ عَنهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَليْهِ وَسَلَّمَ: "خَرَجَ بِرَجُلٍ فِيمَنْ كَانَ قَبْلَكُمْ خَرَاجٌ فَلَمَّا آذَاهُ اِنْتَزَعَ سَهْمًا مِنْ كِنَانَتِهِ فَنَكَّأَهُ فَلَمْ يَرقَأِ الدَّمُ حَتَّى مَاتَ

فَقَالَ اللهُ تَعَالَى: "بَادَرَنِي ابْنُ آدَمَ بنَفْسِهِ فَقَتَلَهَا، فَقَدْ حَرَّمْتُ عَلَيْهِ الجَنَّةَ"

(رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ)

яъни: Жундуб ибн Суфён разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Сизлардан олдинги умматдан бўлган бир кишининг баданига тошма тошган эди. Тошма унга озор беравергач камон ўқини қинидан олиб, ярани тирнай бошлади. Ундан чиққан қон тўхтамай оқибатда у киши ўлди. Шунда Аллоҳ таоло: “Бандам шошиб ўзини ўлдирди. Шунинг учун жаннатни унга ҳаром қилдим”, – деди” (Имом Бухорий ривояти).

Динимизда нафақат ўзини қасддан ўлдириш, балки эҳтиётсизлик туфайли ҳаётига зомин бўлиш ҳам қаттиқ қораланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадис ворид бўлган:

عَنْ عَلِيِّ بْنِ شَيْبَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ بَاتَ فَوْقَ بَيْتٍ لَيْسَ حَوْلَهُ شَيْءٌ يَرُدُّ  قَدَمَيْهِ  فَوَقَعَ فَمَاتَ فَقَدْ بَرِئَتْ مِنْهُ الذِّمَّةُ   وَمَنْ رَكِبَ الْبَحْرَ بَعْدَمَا يَرْتَجُّ  فَمَاتَ فَقَدْ بَرِئَتْ مِنْهُ الذِّمَّةُ 

(رَوَاهُ الْحَاكِمُ)

яъни: Али ибн Шайбон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Ким  уйнинг атрофи ўралмаган томи устида тунаса ва ундан тушиб кетиб ўлса, унга ҳеч ким жавобгар эмас, ким денгизга мавжланиб турган вақтда чиқса ва чўкиб ўлса, унга ҳеч ким жавобгар эмас” (Имом Ҳоким ривояти). Шунга ўхшаш, автоуловнинг тезлигини ҳаддан ошириб ҳайдаш, ёки тамаки ва гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишга муккасидан кетиш оқибатида инсон ўз ҳаётига зомин бўлиши ҳам ўз жонига қасд қилган билан баробардир. Шундай экан, инсон ҳаётига хавф туғдирадиган ҳар қандай ҳолатлардан ўзини сақлаши лозим бўлади.

Инсон қилган гуноҳларига сидқидилдан тавба қилса, Аллоҳ таоло уни мағфират қилади. Аммо, инсоннинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатида, агар унинг бу хатти-ҳаракати амалга ошса, унга бу гуноҳдан тавба қилишнинг имкони бўлмайди. Шунинг учун ўз жонига қасд қилиш инсонга нисбатан шайтон васвасасининг энг авж нуқтаси ва шайтоннинг бир инсон устидан ғалабаси ҳисобланади. Бу дардга аксар ҳолда ёшларнинг мубтало бўлаётганини алоҳида эътироф этиш лозим. Хўш, ундан қандай сақланмоқ керак?

Мазкур иллатни келтириб чиқарувчи энг асосий омиллардан бири ёшларимизнинг ҳаёт ҳақидаги тушунчасининг саёзлиги, ҳаётни енгил-елпи фильмлар орқали тасаввур қилиши, шунингдек, миллий қадриятларимиз ҳамда Ислом дини таълимотларидан йироқлашиб кетиши бунинг бош сабабларидан бири ҳисобланади. Чунки, миллий қадриятларимиз замирида ва Ислом дини таълимотларида, хусусан, Қуръони карим ва ҳадиси шарифларнинг бир неча ўринларида жон эгасининг ўз жонига қасд қилишидан қатъий қайтарилган. Аксинча, Аллоҳ таоло омонат қилиб берган ҳаёт неъматини, умримиз йилларини чиройли солиҳ амаллар ва савобли ишлар билан ўтказишга, кундалик ҳаётий қийинчилик ва муаммоларни ақл-заковат билан ҳал этишга ҳаракат қилиш ва Аллоҳ таолонинг раҳматидан доимо умидворлик билан яшашга интилиш ҳақиқий имонли инсоннинг баркамол фазилати бўлиб ҳисобланади.

Асосий муаммоларимиздан бири руҳий тушкунликка берилаётган бундай тоифа инсонларга яқинлари томонидан ўз вақтида эътибор берилмаслиги, бепарволик, уни қийнаётган, жавобини топа олмаётган масала ечимини ҳал қилиб берилмаслигидир. Шунинг учун барчамиз бир-биримизга нисбатан масъул эканлигимизни унутмайлик. Ўзаро эътиборли, меҳр-оқибатли бўлайлик.

Аллоҳ таолога шукрки, биз – мусулмонлар инсон учун ҳамма ҳаёт шароитлари тўлиқ муҳайё қилинган фаровон жамиятда яшамоқдамиз. Биров-бировни ҳақ-ҳуқуқини камсита олмайди. Бундай адолатли жамиятда яшаш айни саодатдир. Бинобарин, бизнинг Ватанимизда ўзини-ўзи ўлдиришга ҳеч қандай сабаб йўқ.

Ҳар бир инсон, хоҳ эркак ва хоҳ аёл бўлсин, ушбу ҳақиқатни яхши тушуниб олиши ва шундай тўкин, тинч ва фаровон замонда ҳамда адолат  устивор бир жамиятда яшаётгани учун Аллоҳ таолога шукр қилиши лозим. Ҳар қандай ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни сабру қаноат ва ҳусни тадбир билан ҳал қилса бўлади. Аммо бесабрлик ила ношукрлик қилинса, оқибати хайрли бўлмайди. Ҳадисларда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзини ўлдирган одамга жаноза намози ўқимаганликлари айтилган.

عَنْ جَابِرِ بْنِ سَمُرَةَ أَنَّ رَجُلًا قَتَلَ نَفْسَهُ فَلَمْ يُصَلِّ عَلَيْهِ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ

яъни: Жобир бин Самурадан ривоят қилинади, бир киши ўзини ўлдириб қўйди, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам унга жаноза намози ўқимадилар (Имом Термизий ривояти). Имом Насаийнинг ривоятларида Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам:

أَمَّا أَنَا فَلَا أُصَلِّي عَلَيْهِ

 яъни: “Мен унга жаноза намози ўқимайман”, – деганлар.

Шунга кўра баъзи уламолар, ўзини ўзи ўлдирган кишига имом жаноза намози ўқимайди, балки, маййитнинг яқинларидан бири ўқийди, деганлар. Бунинг сабаби, одамлар ўз жонига қасд қилишнинг оқибати ёмон бўлиши, ҳатто унга катта жамоат бўлиб, имом бошчилигида намоз ўқилмаслигини билсинлар ва бундай гуноҳи азимга қўл уришдан қўрқсинлар, деган маъно бор.   

Руҳий касалликлар туфайли ўз жонига қасд қилганлар бундан мустасно. Зеро, ақл-ҳуши жойида бўлганларгина мукаллаф ҳисобланадилар. Яъни, шариат кўрсатмаларини бажаришга ва тақиқларидан сақланишга буюрилган бўладилар. Аммо, руҳий касаллиги бор киши ўзининг ҳеч қандай тасарруфидан масъул бўлмайди.

Қуръони карим ва Пайғамбаримиз ҳадисларига амал қилган ҳолда ва мазкур далиллар асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси юртимиздаги барча мусулмонларга мурожаат қилиб, ўзини-ўзи ўлдириш каби ношаръий ҳолатларга қарши кескин чоралар кўришга чақиради. Инсонлар шундай ҳолатларга дуч келган тақдирда уни бартараф этишнинг чора-тадбирларини кўриш барча имом-хатибларнинг энг муҳим вазифаси ва ҳам диний, ҳам инсоний бурчларидир, деб ҳисоблайди.

Барча имом-хатиблар инсон ўзини-ўзи ўлдиришни ёки ўзига ўт қўйиши катта гуноҳ эканлигини мусулмонларга оят ва ҳадислар билан исботлаб тушунтиришлари лозим. Бундай ношаръий ишлар Аллоҳ таолонинг бандаларига берган ҳаёт неъматига ношукрлик эканини батафсил англатиб  боришлари зарурдир.

Шу билан бирга имом-хатиблардан ўзини-ўзи ўлдирганларга жаноза намози ўқишдан бош тортишлари, уйларига дуойи фотиҳага, маърака маросимларига бормасликлари талаб этилади. Балки, шундай ҳолат юз берганда жанозани маййитнинг уйида яқинларидан бири ўқишларини  тушунтиришлари лозим бўлади. Имом-хатиблар шу йўл билан ўзини-ўзи ўлдирган шахсларнинг гуноҳи қанчалик оғир эканини халққа ошкор қилган ва  мусулмонларни бу мудҳиш феълдан асраган бўлишади.     

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши мазкур далиллар ва фатволарга асосланган ҳолда барча имом-хатиблар мазкур фатвонинг мазмун ва моҳиятини мўмин-мусулмонларга батафсил тушунтириб бериб, барчани огоҳликка, ҳушёрликка чақиришларини талаб қилади.

Аллоҳ таоло ҳар бир бандасига ато этган неъматларига шукр қилишга ва  синов учун етган мусибатларга сабр қилишни насибу рўзий айласин!

Валлоҳу аълам биссавоб.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Уламолар кенгаши раиси, муфтий

Усмонхон  АЛИМОВ     

 28.08.2018 й.

Мақолалар

Top