Ўзбекистон янгиликлари

Тошкент ислом институтида сиртқи бўлим талабалари учун ўқув машғулотлари бошланди

Юртимизда барча соҳалар қатори диний соҳада ҳам улкан ислоҳотлар амалга оширилиб, муқаддас ислом динини ўрганиш, аждодлар меросини қайта тиклаш ва уларни келажак авлодларга асл ҳолича етказиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, охирги йилларда Президентимиз ташаббуслари билан буюк аждодларга муносиб ворисларни тайёрлаш мақсадида юртимизда диний таълим тизимини такомиллаштириш, уларнинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш мақсадида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14-15 апрель кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлари асосида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2017 йил 29 сентябрдаги 01А/092-сонли буйруғи асосан Тошкент ислом институтида Махсус сиртқи бўлим ташкил этилган эди.

Махсус сиртқи бўлимга ташкил этишдан асосий мақсад Республикамизда фаолият олиб бораётган илмий-тадқиқот марказлари, масжид ва зиёратгоҳларнинг ўрта махсус билимга эга бўлган имом-хатиб, имом ноиби, зиёратгоҳ масъули каби мутахассисларини олий маълумотли кадрлар билан таъминлашдан иборат. Махсус сиртқи бўлимда ўқиш муддати 3 йил бўлиб, унга ҳужжат топширмоқчи бўлганлар ўрта махсус ислом таълим муассасасини тугатган, Ўзбекистон мусулмон идораси тизимида 5 йилдан кўп муддат давомида фаолият олиб бораётган бўлиши талаб этилади. Махсус сиртқи бўлим талабалари учун ҳар томонлама қулай шарт-шароитлар яратиб берилади. Махсус сиртқи бўлимга 2017-2018 ўқув йилида 60 нафар, жорий 2018-2019 ўқув йилида 120 нафар талаба қабул қилинди. Бу ҳақда Тошкент Ислом институти Матбуот хизмати хабар берди.

Жорий йилнинг 29 октябридан 2018-2019 ўқув йили Махсус сиртқи бўлим 1-курс иккинчи давра гуруҳ талабаларининг 1-семестр ўқув жараёнлари бошланди. Мазкур семестр дарс машғулотлари жорий йилнинг 17 ноябрига қадар давом этади. Уларга институтнинг юқори малакали, узоқ йиллик педагогик тажрибага эга бўлган профессор-ўқитувчилари дарс бермоқда.

ЎМИ Матбуот хизмати

2479 марта ўқилди

Янгиликлар

Top