muslim.uz

muslim.uz

Кўк кит сут эмизувчиларидан бўлиб, ер юзидаги энг катта жонивор ҳисобланади. Унинг узунлиги 33 метр, оғирлиги 150-170 тонна келади.

Юрагининг оғирлиги 600 килограмм атрофида бўлади.

Тилининг оғирлиги 2 тоннага яқин. Яъни ўртача катталикдаги автомобилга тенг келади.

Томирлари шу қадар каттаки, ичидан инсон юриб ўтиши мумкин.

Кўк кит шунчалик катта бўлишига қарамай, у узунлиги 5 см келадиган крил номли денгиз планктонлари (қисқичбақа кўринишидаги майда жонзотлар) билан озиқланади. Кит бир кунда 40 миллионта крил истеъмол қилади. Бу ўртача 3 ярим тоннадан ортиқ озуқа дегани.

Кўк кит 50 йилдан ортиқроқ умр кўради. Одатда улар табиий сабаблар, йиртқич балиқлар (касаткалар ва акулалар) жамоасининг ҳужумлари, кемаларнинг бориб урилиши, уммон сувининг ифлосланиши ва уларни овланиши натижасида ўлади. Олдинлари овчилар уни ёғи, гўшти ва бошқа маҳсулотлар олиш учун овлашган. Ҳозирги кунда бу жониворни овлаш қонун билан таъқиқланган.

Кўк кит уммонда соатига 30 километр тезликда суза олади.

У овқат излаб 500 метргача сув остига тушиши мумкин.

Урғочи кўк кит ҳар уч йилда бир марта бола туғади. Унинг ҳомиладорлик даври 11-12 ойни ташкил этади. Урғочи кўк кит одатда фақит битта жуфти билан яшайди.

Кўк китнинг юраги 10 тонна қонни ўтказади.

 

 

Кит ёшига қараб турлича нафас олади. У тинч ҳолатда бир дақиқада 1-4 марта нафас олади.  Узунлиги 18 метрли кит икки дақиқада 5-10 марта нафас олса, 22 ярим метрли кит 12,5 дақиқада 7-11 марта нафас олади. Вояга етган кўк кит бир дақиқада 3-6 марта нафас чиқаради (ҳавони фонтан кўринишида отади).

Ҳозирги кунда дунё уммонларида тахминан 5000 тадан 12000 тагача кўк кит қолган.  

Тасаввур қилинг, агар инсоният узунлиги 30 метр, оғирлиги 150 тонна бўлган қурилма ясайдиган бўлса, унга қанча олимлар, муҳандислар, техника, арифметика, тортишиш, босим ва ҳоказоларни яхши биладиган малакали мутахассислар, мазкур қурилмани керакли режа, жадвал ва дастурлар билан жиҳозлайдиган моҳир дастурчилар ва механиклар керак бўлади. Қурилма тайёр бўлгач, уни кўтариш, жойидан жилдириш, керакли жойга олиб бориш учун кўтарма кран, кўплаб юк машиналари ва техникалар оввора бўлади.

Аммо Аллоҳ таоло яратган, оғирлиги 150 тоннадан, узунлиги 30 метрдан ошиқроқ бўлган ушбу жонзот денгизда бемалол ов қилади, енгил ҳаракатланади, катта тезликда, эркин сузади. У ёқдан бу ёққа осон ағдарилади, уммондан ташқарига сакраб чиқиб, яна сувга шўнғийди. Хуллас кичкина балиқ амалга оширадиган ишларни, ҳаракатларни улкан кўк кит ҳам бемалол амалга ошира олади.

Энди мана бу оятга диққат билан эътибор берайлик:

“Сен: “Осмонлару ернинг Робби ким?” деб айт. “Аллоҳ”, дегин. “Ўзингизга Ундан ўзга, ўзларига фойда ёки зарарга эга бўлмаган валийларни тутдингизми?” дегин. “Кўзи кўр билан кўрувчи баробар бўлурми ёки зулматлар билан нур баробар бўлурми?” дегин. Ёки улар Аллоҳга У яратган махлуқотларга ўхшаш махуқотларни яратганларни шерик қилиб олдилару уларга яратилган махлуқотларга ўхшаш кўринмоқдами? “Барча нарсанинг яратувчиси Аллоҳдир. Ва У бирдир, Қаҳҳордир”, дегин” (Раъд сураси, 16-оят). 

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

 

 

Одамзот мақтовга, олқишга, ўзгаларни ажаблантиришга ўч. Шу сабабли инсон қўлидаги бир мулки ёки  қилган амали билан фахрланишни, мақтанишни яхши кўради. Кимдир амалини, кимдир мол-дунёсини, яна кимдир эса қилган яхши ва хайрли ишларини гапирганча ҳузур қилади. Одамларнинг ҳавас ва ҳасад ила унинг оғзига термулишидан роҳатланади.   Албатта бу яхши одат эмас.

Бироқ, ичимизда шундай одамлар ҳам борки, улар на амали билан, на мол дунёси билан ва на хайр – эҳсон ёки яхшилиги билан мақтанади. Лекин, улар оғзини тўлдирганча, қилган ГУНОҲИ! билан мақтанади. Ажабланманг, ҳа, айнан гуноҳи билан, Аллоҳга бўлган маъсияти билан, илмсизлик ила қилган хатоси билан мақтанади. Оғзидан бол томганча, ҳузур қилганча, гўё ҳеч ким уддалай олмаган ишни бажариб қўйгандай, айнан қилган гуноҳини ошкор қилиб оғзига қаратади. Улар ўзларига “Худодан беркитмаган бандасидан беркитасанми?” деган гапни шиор қилиб олишган.  Бу эса, нафақат яхши одат эмас, балки, динимиз қаттиқ қоралаган ёмон ва хатарли одатдир.  

Аллоҳ таоло бандаларига ниҳоятда меҳрибон Зотдир. Инсонларнинг гуноҳларини кечаю кундуз яшириб, ҳар дақиқада кечириб, уларга имкониятлар, муҳлатлар бериб туради. Бироқ, ўз айбини ошкор қилиб, ўз гуноҳи ила мақтанганлар Аллоҳ таолонинг бу марҳаматларидан фойдаланмасдан, илмсизлик ила гуноҳ устига гуноҳ орттирадилар. Чунки, гуноҳ қилишнинг ўзи бир гуноҳ бўлса, уни ошкор этиш, у билан мақтаниш, гуноҳни эслаб ҳузурланиш иккинчи бир гуноҳдир.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Умматимдан ҳар бири афв қилингандир. Фақат мужоҳирлар бундай эмас. Мужоҳир шундай бир кишики, у тунда бир амални қилади-да, сўнг тонг оттиради. Аллоҳ эса унинг гуноҳини беркитган эди. Бас, у: “Эй фалончи, ундай ва бундай қилдим”, дейди. Ваҳоланки, Роббиси уни беркитган эди. У эса Аллоҳнинг ёпиб қўйган пардасини очиб юборади”. (Муттафақун алайҳ)    

Аслида банданинг гуноҳи ошкор бўлмаганлиги, инсонлар оғзига тушиб гап-сўз бўлмаганлиги кишининг ўз ишини зўр уддалаганидан, инсонларнинг  халойиқнинг кўзига чўп суқиб уддабуронлик қилганидан эмас, балки, Аллоҳ таоло Ўзининг Саттор сифати ила банданинг гуноҳини беркитиб, у гуноҳ билан халойиқнинг ўртасига кўринмас парда тортиб қўйганлигидандир. Бу ҳам катта неъматдир. Чунки, Аллоҳ таоло кимнинг гуноҳини бу дунёда яширса, Қиёмат кунида ҳам беркитиши ҳақида ҳам Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ишончли ҳадислар келган. Шундай экан, Аллоҳ беркитган гуноҳни ўз тили билан ошкор қилган киши  гуноҳнинг кечирилмаслиги учун сабабчи бўлиб қолади.

Асарларда келтириладики: “Агар банда Аллоҳга қайтса, бир нидо қилувчи осмон ва ер аҳлига шундай нидо қилади: “Фалончини муборакбод этинглар. Батаҳқиқ, у Роббиси билан келишиб олди, Аллоҳга қайтди”. Яна келтириладики: “Агар банда насух тавба қилса, Аллоҳ таоло шу бандани устидаги икки фариштага ва ернинг аҳолисига унинг қилган гуноҳларини унуттириб юборади”.

Демак, инсон билиб-билмай гуноҳга қўл урганда  уни одамларга ошкор қилмаслиги, балки,  гуноҳига тавба қилиши лозим бўлади. Қолаверса, қачондир  у гуноҳни эслаганда ҳузурланиши ёки мақтаниши эмас, балки, қалбида пушаймонлик ҳисси ила кечирилишидан умидворлик туйғуси бўлиши керак.

 НУКТА: Ўз гуноҳини ошкор қилмасликка, ўз хатосини яширишга буюрган динимиз ҳаргиз ўзгалар гуноҳини, айбини ва хатосини оммага жар солишга ҳаргиз рухсат бермайди. Балки гуноҳидан хабаринг бордир, бироқ, қилган тавба ва истиғфорини билмассан. Балки, у Роббиси билан келишиб олгандир. Сен эса Аллоҳ ва банданинг ўртасида ёмонотлиқ бўлиб қолмагин.

 

ОЛМАЗОР ТУМАНИДАГИ  “МЕВАЗОР” МАСЖИДИ ИМОМ НОИБИ: ИСЛОМОВ ЁРБЕК

У зот фақат Арабистон яриморолига ёки Осиё қитъасига эмас, балки бутун оламларга раҳмат эдилар!

У зот алайҳиссаломнинг раҳматликлари ҳатто мунофиқларгача етарди.

Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам энг яхши эр, энг яхши ота, энг яхши амакивачча, энг яхши ўғил, энг яхши дўст, энг яхши биродар ва энг яхши Набий ва Расул эдилар!

Икки олам сарвари соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига энг кўп қайғурган Пайғамбар эдилар!

Амр ибн Осс розияллоҳу анҳунинг гаплари: «Мусулмон бўлганимдан кейин у зотнинг кўзларига, юзларига тикилиб қарай олмаганман».

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг гаплари: «Ҳаётлигингизда қандай ёқимли, гўзал бўлган бўлсангиз, вафотингиздан кейин ҳам шундай ёқимли, гўзалсиз».

Илк қабр унинг устидан очиладиган, шафоат изни бериладиган ва жаннат эшиги ҳалқасини илк қимирлатадиган зот.

Қуръонда мақталган барча сифатлар ила зийнатланган, Қуръонда ёмонланган барча иллатлардан энг узоқ турган зот.

У зот алайҳиссаломнинг раҳматликларини ифода этган мана бу воқеани келтирсам. Мунофиқларнинг раиси Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ўлганда, у зот унинг жанозасига бормоқчи бўлганлар. Шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу келиб, «Мунофиқларнинг раисига жаноза ўқийсизми, эй Расулуллоҳ?» деб, йўлларини тўсганларида, севикли Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга (мунофиқлар ҳақига истиғфор айтиш-айтмаслик борасида) ихтиёр берилди. Мен истиғфор айтишни танладим. Агар улар учун етмиш мартадан кўпроқ истиғфор айтсам-у, Аллоҳ уларни кечиришини билганимда, кўпроқ айтган бўлардим. Шунинг учун йўлимни бўшатиб қўй, эй Умар!» деганлар.

Нозимжон Иминжонов

Мисрдаги миллий кутубхона ва архивга Муқаддас Қуръони карим қўлёзмаси қайтарилди. cario24 вебсайти берган хабарга кўра, Мамлукийлар ҳукмронлиги даврида кўчирилган ушбу қўлёзма нусхаси 14-15 асрларга тегишли бўлиб, уни Лондондаги Sotheby халқаро аукционида сотиш режалаштирилган эди.

Ушбу кимошди савдоси 2018 йилнинг октябрь ойида ўтказилиши кўзда тутилган эди, бироқ Миср ҳукуматининг норозилиги сабабли мамлакат кутубхонасига қайтарилди.

Қўлёзма Мусҳаф Қансуҳ ал Гаури номи билан машҳур бўлиб, мамлукийлар сулоласининг сўнгги султони Ал Ашраф Қансуҳ ал Гаури даврида кўчирилгани таҳмин қилинмоқда.

Ушбу Мусҳаф тўртинчи жузни ўз ичига олади (Ал Имрон сурасининг 92 оятидан Нисо сурасининг 23 оятига қадар).

Маълумот учун, Мамлукийлар султонлиги Миср ҳудудида ҳукмронлик қилган бўлиб, Айюбийлар ҳукмронлигидан сўнг, Усмонийлар босқинига қадар ҳокимиятни бошқарган. Ушбу сулола даврида Қуръон ҳаттотлиги ўта ривожланган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2019 йилнинг 21-23 февраль куни Бухоро шаҳрида зиёрат туризми бўйича халқаро форум илк бора ўтказилади. Бу ҳақда Турон24 нашри хабар берди.

Ушбу маълумот Ўзбекистоннинг Қирғизистон Республикасидаги элчихонаси томонидан эълон қилинган. Бу сингари форумлар Ўзбекистонни зиёрат туризми бўйича жаҳон марказларидан бири сифатида эътироф этилишига замин яратиши қайд этилмоқда. Форумда олимлар, илоҳиётшунослар, экспертлар, зиёрат туризми соҳасидаги мутахассислар иштирок этиши айтилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top