muslim.uz

muslim.uz

«Ал-Рай» сайтининг хабар беришича, Қувайт Вақф ва Исломий ишлар вазирлиги мамлакатда масжид ва Қуръон марказларини ривожлантириш бўйича махсус режа ишлаб чиққан. Вазир ўринбосари Фарид Амадининг маълум қилишича, 2019 йилда масжид ва Қуръон марказларининг барчаси CCТV (ёпиқ электрон телевизион тизимлари) билан жиҳозланади. Шунингдек, вазирлик томонидан Қуръони каримни ёд олиш ва Қуръон тадқиқотларини янада ривожлантириш бўйича алоҳида режа асосида ишлар ҳам олиб борилади.

"Ислом.уз" интернет нашрининг маълумотларига кўра, ҳозиргача шу йўналиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбилар вазирликнинг 2016–2021 йилларда Ислом тараққиёти юзасида ишлаб чиққан режасининг 86 фоизини ташкил этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Аввалроқ, Миср Араб Республикасида Ал-Азҳар Халқаро Қуръон мусобақаси ташкил этилиши ва ўтказилиши, унда мисрликлардан ташқари хорижликлар ҳам иштирок эта олиши хусусида хабар берган эдик.

Шу кунларда Ал-Азҳар Халқаро Қуръон мусобақаси ташкилий қўмитаси берган маълумотга кўра, мусобақа беш босқичда ўтказилади. IQNAнинг хабар беришича, ташкилий қўмита мусобақа шартларини эълон қилган.

Танлов шартларига кўра, мусобақада қатнашувчиларнинг ёш бўйича тартиби қўйидагича:

- биринчи босқич: 40 ёшдан;
- иккинчи босқич 30 ёшдан;
- учинчи босқич 25 ёшдан;
- тўртинчи босқич 15 ёшдан катта бўлмаслиги кераклиги қайд этилган.

Мисрда истиқомат қиладиганлар azhar.eg/quranregister сайти орқали рўйхатдан ўтишлари мумкин. Мисрдан ташқаридаги номзодлар Ал-Азҳарнинг расмий мактуби юборилган Исломий марказлар ва мамлакатларда қайд этилишлари мумкин. Номзодлар жумодисоний ойининг охиригача рўйхатдан ўтишлари лозимлиги қайд этилган.

Мисрликлар учун мусобақанинг дастлабки саралаш босқичи жумодиссоний ва ражаб ойларида бўлиб ўтади. Мусобақанинг барча қатнашувчилари шаъбон ойининг 15-22 кунларида ўзаро куч синашадилар. Финал босқичи шаъбон ойининг 23-28 кунлари бўлиб ўтади. Рамазоннинг 8 кунида эса мусобақа натижаларини эълон қилиш ва ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилиши айтилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

vendredi, 04 janvier 2019 00:00

Бахтли яшаш омили

Ҳеч биримизга сир эмаски, бугунги кунда бир қанча янги касалликлар тури ва шунинг билан бирга олдинлари жуда кам учрайдиган бироқ, ҳозирда жуда кўпайиб кетганлигидан оддий қабул қилинаётган касаллик тури мавжуд.

Энг ачинарлиси шундаки, ана шу оддийлашиб бораётган қандли диабет, жигар, ўпка ва талоқ саратони ҳамда қон босими ошиши каби касалликлар бутун дунё аҳолиси ўртасида ўрганилиш асносида ислом мамлакатлари ва ислом динига эътиқод қилувилар орасида ҳам кенг тарқалганлигидир.

Нима учун бобо ва бувиларимиз даврида юқорида санаб ўтилган касаллик турлари бўлмаган ёки бўлсада кам учраган? Бу савол ҳаммамизни қизиқтириши ва ажаблантириши зарур.

Бу саволга ҳамма ҳар хил жавоблар беради. Кимдирлар экалогия бузилаётганлигини айблайди, бошқа бирлари озиқ-овқатларнинг суннийлашиб бораётганлигини сабаб қилиб кўрсатса яна бир тоифа кишилар ҳаётдаги муаммоларни кўплиги деб, жавоб беришади. Тўғри бу жавобларда ҳам жон бор. Бироқ бугунги кун тиббиёт олимлари эса асосан касалликларга кишиларни кам ҳаракат бўлиб қолганлари дея, хулоса қилишмоқда.

Келинг ушбу хулоса ҳақида бир ўйлаб кўрайлик! Ҳақиқатда аксаримиз техника ривожланган бир даврда яшаётганлигимиз боис кўп ишларимизни ўтирган жойимизда ҳал қиладиган, бирор жойга бормоқчи бўлсак, агарчи борар манзилимиз яқин бўлсада авто уловимиз ёки давлат ташув транспортлари орқали борадиган, ҳатто кўп қаватли биноларга борганимизда зиналар орқали эмас балки лифт орқали чиқишни ўзимизга афзал деб ўйлаб қолганмиз. Лекин бу дегани бугунки кунда теҳникадан воз кечиш керак дегани эмас албатта. Чунки ҳозирги замонни техникасиз тасаввур қилиш жуда қийин. Бироқ ўз саломатлигимиз учун техника воситаларидан фойдаланиш билан бир қаторда жисмоний ҳаракатни ҳам кунлик режамиз орасига киритишимиз лозимлигини муҳим санашимиз керак.

Мисол учун масжидга, яқин атрофдаги бозорга ёки бирор дўстимиздан ҳол сўрагани боришда пиёда юришга одатланишимиз керак бўлади.  Халқимиз бежизга “Пиёда, умринг бўлсин зиёда” деб, бекорга айтмаган.

Кам ҳаракатлик нафақат касалликларга, шунинг билан бир қаторда кишини дангаса ва беғам бўлиб қолишига сабаб бўлиб қолади. Бу эса ибодатимизга ҳам, ҳаётимизга ҳам салбий тасир кўрсатади. Шунинг учун жиноят қилувчиларнинг аксари ҳам ушбу касаллик билан касалланган бўлади.

Демак, қандли диабет, қон босими ва бошқа касалликларга чалинган кишиларнинг аксари узоқ муддат бир жойда ўтиришлари, кам ҳаракатликлари ва жисмоний тарбия билан шуғулланмасликларидан пайдо бўлар экан.

Шундай экан азиз диндошлар!!! Кўпроқ пиёда юрайлик ва доимий ҳаракатда бўлайлик. Зотан, ҳаракатда барака бордир.

 

Тошкент шаҳаридаги “Шайх Зайниддин” жомеъ масжиди имом хатиби Абдурахманов Яхё

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нубувват тушишидан олдин, ҳар йили бир ой давомида Маккадаги ҳаётдан узоқлашиб, Ҳиро ғорида тоат-ибодат билан машғул бўлар эдилар. Тоғдан тушгач, Каъбани тавоф килиб, уйга қайтардилар. Бир куни Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам бутун вужудлари титраб уйга кириб келдилар ва Хадича розияллоҳу анҳо онамизга: 

- Мени ўраб қўйинг, мени ўраб қўйинг, — дедилар. Хадича розияллоҳу анҳо нима воқеа юз берганини сўраганларида: 

- Ё Хадича, ўзимдан қўрқдим, - дедилар. Суюкли завжалари эса эътимод ва ишонч билан: 

- Йўқ, Аллоҳ сизни ҳеч қачон шарманда қилмайди. Сабр қилинг, балки бу ҳодиса бир хушхабардир. Чунки сизнинг тўғрисўз ва ҳалол инсон эканингиз ҳаммага маълум. Умид қиламанки, сиз бу умматга пайғамбар бўласиз, — дедилар. Сўнгра маслаҳат сўраб, амакиваччалари Варақа ибн Навфал ҳузурига бордилар. Варақа Расулуллоҳ соллаллолоҳу алайҳи ва салламдан воқеа тафсилотини эшитгач:

 - Муборак бўлсин, эй Муҳаммад (соллаллолоҳу алайҳи ва саллам). Бу Мусо алайҳиссаломга тушган фаришта Номусдир. Муҳаққақ сен бу умматнинг пайғамбари бўлибсан, - дея нидо қилди. Бу хушхабарни эшитган Хадича розияллоҳу анҳо дарҳол имон келтирди. Аллоҳга ва унинг Расулига имон келтирган, Аллоҳ оятларини тасдиқлаган илк инсон ва илк мусулмон аёл Ҳазрати Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо бўлдилар. Расули Акрам алайҳиссаломни энг қийин вазиятларда қўллаб-қувватлаган, машаққатларга тўла ҳаётида доимо Набий соллаллолоҳу алайҳи ва салламнинг ёнидан айрилмаган аёл ҳам Ҳазрати Хадича розияллоҳу анҳо эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

 - Ё Хадича, оламларнинг Роббиси Аллоҳ таолодан Жаброил (алайҳиссалом) сенга салом келтиряпти, — дедилар. Хадича розияллоҳу анҳо:

 - Салом Аллоҳга бўлсин. Салом Ундан келади ва Унга қайтади, Жаброил (алайҳиссалом)га ҳам салом бўлсин, - дедилар. Шу кундан эътиборан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам барокатлар ва машаққатларга тўла бўлган янги бир ҳаётни бошладилар.

Саидаброр Умаров тайёрлади

vendredi, 04 janvier 2019 00:00

Сиз қайси тоифадасиз?

Атрофга назар солсангиз, одамларнинг қилаётган ҳар бир ҳаракати замирида маълум бир инсонларнинг эътирофи яъни севгисига эришиш ётади. Хўш, нима бўлибди дерсиз. Ҳеч нима. Мана шу ҳеч нима бўлмайдиган, ўткинчи эътироф ва туйғулар учун жуда кўп вақтимиз ва соғлигимизни сарфлаймиз. Натижа эса биз ўйлагандек бўлмайди.

Баъзида юзи нурли, қалби – ўзи таъкидламаса-да пок бўлган, кўпчилик томонидан эъзозланадиган инсонларни кўриб “Худо суйган банда эканда” деб қўямиз. Яна бир тоифа одамлар бор. Уларнинг юриш-турушидан нолиб, аксарият кишилар “Худо урган одам у” дейди.

Аллоҳ таоло Ўз Каломи Қуръони каримда Ўзи севган бандалари ҳамда ёмон кўрган тоифалари ҳақида хабар бериб, бир қанча оят нозил қилган.         Қуйида мазкур тоифаларнинг айримларини тақдим этамиз.

Аллоҳ таолонинг севгисига сазовор бўладиган тоифалар:

“Айтинг (эй Муҳаммад!): Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир”. (Оли Имрон, 31)

“Албатта, Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севади”. (Моида, 13)

“Албатта, Аллоҳ одилларни севади”. (Моида,42)

“Имон келтирганларнинг Аллоҳга бўлган севгилари эса (уларникидан) кучлироқдир”. (Бақара, 165)

“Албатта, Аллоҳ (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади”. (Бақара, 222)

“Аслида эса, ким (Аллоҳ) аҳдига вафо қилса ва тақволи бўлса, албатта, Аллоҳ (бу каби) тақводорларни севади”. (Оли Имрон, 76)

Аллоҳ таоло севмайдиган тоифалар:

“Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди”. (Анъом,141)

“Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди”. (Нисо, 36)

“Аллоҳга ҳам, охират кунига ҳам имон келтирмайдиганларни (Аллоҳ севмайди)”. (Нисо, 38)

“Албатта, Аллоҳ хиёнатчи ва жиноятчи бўлган кимсани севмайди”. (Нисо,107)

“Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди”. (Нисо, 141)

Мазкур оятларда Аллоҳ таоло қайси тоифа одамларни севиши-ю, қайси тоифани севмалигини очиқ-ойдин таъкидламоқда. Бизларга берилган имконият эса қайси тоифада бўлишни танлаш. Ҳар биримизнинг қилаётган ният ва амалларимиз ё Аллоҳнинг ғазабига, ёки севгисига мушарраф этади.

Барчамизга Аллоҳ таоло, Ўзи севган бандалари қаторида бўлишликни насиб этсин!

Саидаброр Умаров

Top