muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистоннинг логистика жозибадорлигини тубдан яхшилаш, шунингдек, маҳаллий аэропортларда парвозларга хорижий авиакомпанияларни жалб этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича ишчи гуруҳига мамлакатдаги айрим аэропортларда “Очиқ осмон” режимини жорий этиш юзасидан ўрганиш вазифаси топширилди.

Бундан ташқари, Кун.уз нашрининг ёзишича Ўзбекистондаги барча халқаро аэропортлар ва темирйўл вокзалларида ибодат амалларини бажаришга мослаштирилган хоналар пайдо бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида туризмни тезкор ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида қайд этилган.

Давлат раҳбари ибодат амалларини бажариш ва таҳоратхоналар учун жойларни 2019 йилнинг 1 июнига қадар жиҳозлаш топшириғини берган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

(Умра ибодатини адо этаётган 102 ёшли онахон билан суҳбат)

2019 йилнинг Январь ойида Сурхондарё вилоятидан Умра зиёратига келган Олимова Мамлакат она аслида 102 ёшда, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларда эса унинг туғилган йили 1918 йил этиб кўрсатилган. Зиёратда момосига ҳамроҳлик қилаётган набираларининг айтишича, ўша даврларда  ҳужжатлаштириш ишларидаги камчиликлар сабаб икки йилга хатолик билан қайд этилган.

Мамлакат она бундан ўн йил муқаддам 92 ёшида илк бор муборак Умра ибодатини адо этаётган вақтида яна ўн йилдан сўнг Аллоҳ таолонинг азиз меҳмони бўлишини ўйлаганмикин... Парвардигорнинг инъоми, мўжизасини қарангки, бундай ёшда ҳатто ўз уйида зўр базўр ҳаракатланиши мумкин бўлган бир ҳолатда бир бандасини тайёрага, ундан кейин автобусларга ўтказиб минглаб чақирим нарига,  Ўз Байтига чорлаб турибди!  Бу ҳар бандага ҳам насиб этавермайдиган улуғ саодат! Зиёрат давомида ўзларининг мустаҳкам иймонлари, ибодатга бўлган ғайратлари, дадил сўзлари билан ҳаммани ҳайратга солаётган мўтабар момо билан суҳбат қуриб, дуоларини олишга интилдик.

Ассалому алайкум ҳожи она! Табаррук ёшда адо этаётган ибодатларингизни Аллоҳ таоло хусни мақбул айлаб, жаннатларга ҳужжат қилсин. Ҳаётингизда нима билан машғул бўлгансиз, қандай жойларда фаолият юритгансиз?

- Ваалайкум ассалом. Раҳмат. Ёшлик давримда колхозда меҳнат қилганман. Қийин пайтларда ҳам ибодатдан қолмадик, намозимизни адо этдик, кишиларга яхшилик қилдик, Худога шукур. Турмуш ўртоғим Аллоҳ раҳмат қилсин, мактаб қурган, ўша мактабга унинг номи берилган.

Онажон умрни албатта Аллоҳ беради. Бироқ тақдирда битилган умрнинг қисқариши ёки узайишига гоҳида банданинг ўзи ҳам сабабчи бўлади. Айтингчи, бу муборак ёшга етишишнинг сири нимада? Ҳаётинигизда кўпроқ нималарга амал қилдингиз?

- Меҳнат қилдим, хайру эҳсон, ҳаммага яхшилик улашишга ҳаракат қилдим. Ибодатдан узулмадим.

Онажон шу ёшда Аллоҳни байтига иккинчи бор келиб турибсиз. Бу ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган саодат. Айни пайтда қалбингиздан қандай ўйлар ўтяпти?

- Мен ҳақиқий дунёни, оламни шу жойда топдим. Расулуллоҳ (солаллоҳу алайҳи васаллам) ни равзалари, Кабани яна кўрдим. Ибодат қилдим. Бу жой дунё мусулмонларини жамлайди, бирдам қилади, ҳамма бир-бирига табассум билан муомалада бўлади. Аллоҳ умр берса Ҳажга ҳам келаман.

Бугунги давр ёшларига нималарни тавсия қиласиз, қандай насиҳат қиласиз?

-Доим ҳаракатда бўлишсин, ибодатдан узулишмасин. Кўпроқ ўқишсин. Диний ва дунёвий билимларни яхши ўрганишсин.Аллоҳ ҳаммаларини шу жойларга чақирсин!

Ҳамроҳларининг айтишича, онахон вафот этган турмуш ўртоқлари, ота-оналари учун ҳам тавоф қилибдилар (албатта арава ёрдамида). Буни қаранг, фарзанд, қолаверса, солиҳа аёл 100 ёшдан ошганда ҳам ўз бурчини адо этмоқда... Субҳаналлоҳ!

Ҳа, ҳаёт ибратларга тўла. Фақат ундан хулосани қандай чиқара оламиз бу ўзимизга боғлиқ... Аллоҳ таоло барчамизга ана шундай узоқ ва саодатли умрни насиб этсин.

 

Зоиржон Содиқов сухбатлашди

Макка шаҳри.

Бугун, 7 январь куни “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Халилов Саудия Арабистони Мадина шаҳридаги Ислом тарихида биринчи қурилган “Қубо” масжиди имоми Шайх Имод Бин Зоҳир ҳазратлари билан мулоқот қилди. Шайх Имод Бин Зоҳир айни вақтда Мадина шаҳридаги “Қуръон ва суннатни улуғлаш” вақф фонди раҳбари ҳисобланади. Шайхга “Вақф” хайрия жамоат фондининг ўтган қисқа даврдаги хайрия ишлари ва истиқболдаги лойиҳалари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шундан сўнг Шайх Имод Бин Зоҳир ҳазратларига Фонд фаолиятига бағишланган видеолавҳа намойиш этилди. Шунда шайх: – Мен бу лавҳани кўриб ҳайратдаман. Фонднинг хайрия ишларидан яхши хабардор бўлдим. Биз ҳам ёрдамга муҳтож кишиларга кўмак беришимиз зарур экан. Ўзбекистонда бундай улуғ ишларни бўлаётганидан жуда ҳам мамнунмиз”, - деб ўз таассуротларини билдирди.

Шайх Имод Бин Зоҳир ҳазратлари дунёнинг 36 мамлакатига интернет ва телевидения орқали Қуръони карим ва тажвид бўйича дарс бериши, машҳур қориларни дунёга намойиш этишини билдириб, ўзбекистонлик Қуръон ҳофизларининг қироатларини бутун оламга намойиш қилишдан бахтиёр бўлишларини изҳор қилди.

Шайхга Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришлар ва хайрли ишлар, айниқса, кенг кўламдаги Қуръон мусобақаси, Ҳадис беллашуви ва Самарқанддаги Имом Бухорий зиёратгоҳи яқинида муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилган олий диний таълим муассасаси – Ҳадис илми мактаби ҳақида сўзлаб берилганда, Имод Бин Зоҳир ҳазратлари, албатта, Имом Бухорий диёрига боришини билдирди.
Сафар давом этмоқда.

 

“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

Аввалроқ, Ўзбекистон делегацияси Миср Араб Республикасига жўнаб кетгани ҳақида хабар берган эдик. Сафар доирасида Мисрнинг ал-Азҳар мажмуаси билан диний кадрлар тайёрлаш, уларнинг касб-маҳоратини ошириш, халқаро конференциялар ва семинарлар ўтказишга оид диний-маърифий соҳадаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилиниши кўзда тутилган.
Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида Ўзбекистон делегацияси мамлакатимизнинг Мисрдаги элчихонаси билан ҳамкорликда ал-Азҳар мажмуаси раҳбарининг бошланғич ва ўрта таълим бўйича бошқарма бошлиғи Шайх Али ал-Халилий, ал-Азҳар шайхининг маслаҳатчиси профессор Абдураҳмон Мусо ҳамда ал-Азҳар ректори, профессор Муҳаммад Маҳрасовий билан учрашди.
Учрашув доирасида ал-Азҳар мажмуаси ҳамда Ўзбекистондаги диний соҳага оид марказлар ўртасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги меморандум лойиҳаси устида муҳокама ўтказилиб, ал-Азҳар ва Ўзбекистондаги диний таълим муассасалари ўртасида талабалар алмашинуви йўлга қўйиш алоҳида қайд қилинди. Келишувга мувофиқ, ҳар йили ўзбекистонлик 25 нафар талаба учун ал-Азҳар томонидан грант ажратилади. Шундан 20 нафар бакалавр босқичи учун 5 нафари эса магистратура босқичи учун ажратилиши белгилаб қуйилди.
Сафар давом этмоқда, хушхабарларни биздан эшитинг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Куни кеча 6 январь куни Фонд раҳбари Искандар Халилов Саудия Арабистонидаги таниқли ватандош Абу Ёсир ал-Бухорий билан учрашди. Мулоқотда Фонд раҳбари сўнгги икки йилда муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан диний қадриятларини асраб-авайлаш ва тарғиб этиш борасида катта ишлар амалга оширилгани, Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси, Имом Бухорий, Имом Термизий каби илмий-тадқиқот марказлари барпо этилгани, диний таълим олиш имконияти кенгайгани ва мўмин-мусулмонларга қулай шароитлар ташкил этилгани ҳақида гапириб берди. Жумладан, давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган “Вақф” хайрия жамоат фондининг ўтган қисқа даврдаги хайрия ишлари ва истиқболдаги лойиҳалари ҳақида батафсил маълумот берди.
Абу Ёсир ал-Бухорий Ўзбекистонда амалга оширилаётган хайрли ислоҳотларга юқори баҳо бериб, Саудия Арабистонида яшайдиган ўзбек ватандошлар сўнгги вақтларда юртда бўлаётган ижобий ўзгаришлардан жуда ҳам мамнун эканлари, доимо хайрихоҳлик билдириб келишлари ва Ҳақ таолодан мана шундай неъматларини бундан-да зиёда айлашини дуоларида мудом эслашларини сўзлаб берди. Абу Ёсир ал-Бухорий “Вақф” фондининг фаолиятини ўзбек ватандошлар қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.
Cафар давом этмоқда.


“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

Top