muslim.uz

muslim.uz

Асл исми Рамла бўлган Умму Ҳабиба ҳижратдан йигирма беш йил аввал, яъни, Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) рисолат масъулияти тушишидан ўн уч йил олдин Абу Суфён оиласида туғилди. У насл-насаби юксак, жуда бой ва гўзал қиз эди. Ҳамманинг кўзи унда, маккалик йигитлар унга уйланиш учун мусобақалашишар эди. Унинг гўзаллиги отасининг қурайшийлар орасидаги мавқеини янада юксалтирган эди. Бундан ташқари, диний илмларга рағбати бор эди. Насроний Варақа ибн Навфалдан айрилмасди. Варақа жоҳилият давридаёқ бутлардан нафратланиб, улардан юз ўгирган эди. Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга турмушга чиққанларидан сўнг вафодор, иймонида собит эканини ва динга садоқатини кўрсатувчи бир воқеа содир бўлди. У бир иймонли аёл, бунинг устига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжаси... Иккинчи ёқдан, отаси ҳайбат ва ҳурмат-эътибор соҳиби, Қурайшнинг улуғларидан, аммо кофир ва мушрик... Тақдирида отаси Абу Суфён билан юзма-юз келиш ҳам бор экан... Ҳудайбия сулҳи имзоланганидан сўнг Қурайшнинг иттифоқчиларидан Бани Бакр бу сулҳни бузди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга иттифоқчи бўлган Хузоъа ўғилларидан бир киши у зотдан ёрдам сўраб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ёрдам беришга ваъда қилдилар ва ишонч билдирдилар. Қурайшнинг раиси Абу Суфён вазиятнинг нима билан тугашини тушуниб етди. Дарҳол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сулҳни собит тутиш мақсадида Мадинага қараб йўлга тушди. Мадинага келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўрталарида воситачилик қилишини сўраб, қизи Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳонинг олдига кирди. Энди ўтирмоқчи бўлганида қизи кўрпачани тахлаб, олиб қўйди. Абу Суфён сўради:

— Эй қизим, мени бу кўрпачага лойиқ кўрмаяпсанми ёки уни менга лойиқ кўрмаяпсанми?

— Сизни кўрпачага лойиқ кўрмаяпман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўрпачаларида мушрик одам ўтиришини хоҳламадим.

— Валлоҳи, сенга бир ёмонлик етган кўринади, қизим.

— Йўқ, аксинча, Аллоҳ таоло мени ҳидоятга бошлади. Эй ота, сиз Қурайшнинг саййиди ва буюгисиз. Қандай қилиб кўрмайдиган ва эшитмайдиган бутларга ибодат қиласиз? Нима учун Исломни қабул этмайсиз? Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо фақат Аллоҳ ва Расулини севишини, улардан бошқасини севмаслигини айтиш билан, отасининг салтанат ва азаматидан қўрқмай, унинг имон ва куфр орасидаги ўрнини буюк бир жасорат билан танитган эди. Абу Суфён бу сўзларни эшитиб, ғазабидан тутақиб кетди. Жаҳл билан кўчага чиқди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига борди. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни рад этдилар ва тарафкашлигини қабул қилмадилар. Охир-оқибат Абу Суфён ҳеч қандай натижага эриша олмай, Маккага қайтди. Хотини Ҳинд бинти Утба уни айблаб:

— Қавминг элчилигини яхши бажаролмадинг, хайрли хабар келтирмадинг, - деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо билан отаси ўртасидаги суҳбат ҳақида эшитгач, унга ҳурматлари янада ортди. Динга ва Пайғамбар аҳлига ҳурмат ва эъзоз қўрсатганининг мукофоти ўлароқ, уни янада кўпроқ икром этдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан сўнг Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо онамиз хонаи саодатда қолдилар. Бутун мусулмонлар уни эъзозлашар эди. Бу ҳурматнинг сабаби Пайғамбаримизга бўлган улуғ садоқатдан эди. Халифалар уни зиёрат қилгани келишар, рўзғорига ёрдамлашар, керакли ёрдамни аяшмас эди. Қанчалик фитналар зуҳур этса ҳам, Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо на сўз, на феъл билан ҳеч бирига қўшилмади. Аксинча, мусулмонларни бир сафда ва ягона дин йўлида бирлашишга, Аллоҳга боғланиб, Унинг мустаҳкам арқонидан қаттиқ ушлашга даъват этди. Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо доно, вазмин ва жиддий аёл эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган кўплаб ҳадисларни ривоят қилиб, исломий илмнинг юксалишига ҳиссасини қўшди.

 

Саидаброр Умаров

Бугун 26 декабрь куни Жидда шаҳрида 4-халқаро китоб кўргазмаси ўз ишини бошлайди. Мазкур кўргазмада 40 та давлатдан 400 га яқин нашриёт томонидан тайёрланган 180000 мавзудаги илмий-маърифий нашрлар намойиш қилинади. 2019 йилнинг 15 январига қадар давом этадиган 4-халқаро Жидда китоб кўргазмасида ҳар куни 50000 га яқин зиёратчининг ташрифи режалаштирилмоқда.

Мазкур халқаро 4-Жидда китоб кўргазмаси фаолияти мобайнида 50 дан ортиқ маданий суҳбатлар, 60 га яқин амалий санъат, фотолавҳалар ва араб хатлари намуналари намойиш қилинади, оила, болалар ва одоб-ахлоққа доир 55 та ҳужжатли филм тақдим этилади.

Халқаро кўргазма фаолиятида маърифий мавзуларга доир бир қатор семинарлар ҳам ташкил қилинади.    

                         

Халқаро алоқалар бўлими

mercredi, 26 décembre 2018 00:00

Ўтмиш ва бугун (Фотолавҳа)

Қаффол Шоший мақбараси (Тошкент) Минораи Калон (Бухоро) Зайниддин бобо мақбараса (Тошкент) Кўкалдош мадрасаси (Тошкент) Арк (Бухоро) Намозгоҳ масжиди (Тошкент ислом институти) ЎМИ Матбуот хизмати. Расмлар муаллифи: Шахзод Шомансур
mercredi, 26 décembre 2018 00:00

Арслонлар қаерда яшайди?

Арслон – мушуксимонлар оиласига мансуб бўлиб, йирик сут эмизувчи ваҳший ҳайвондир.

Эркак арслоннинг оғирлиги 160-180 кг атрофида бўлиб, баъзиларининг вазни 230 кг бўлиши мумкин. Узунлиги 3 метрга, ердан баландлиги бир метрга етади.

Урғочи шер эркагига қараганда ҳар тарафдан 30 см қисқароқ бўлади.

Арслоннинг тезлиги соатига 55 км.га етади.

Улар асосан кечқурун ов қилади.

Одатда урғочи шерлар ов қилади. Эркак арслон эса жамоани мудофаа қилади.

Жамоада 5 та урғочи, 2 та эркак шер бўлади. Айрим ҳолларда жамоа аъзоларининг сони 40 тагача етиши мумкин.

Ким ов қилишидан қатъи назар ўлжани ейишни эркак арслон бошлаб беради. У бир ўтиришда 35 килогача гўшт ейиши мумкин.

Эркак арслон бир ўзи ов қилади. Агар ўлжа катта бўлса, у ҳолда гуруҳ бўлиб ов қилади. Ўлжани қўлга киритгач, уни бўғзидан тишлаб, ўлгунича кутиб туради. Ўлгач, салқин жойга судраб олиб бориб, ўша ерда ейди. 270 кг келадиган зебрани бир ўзи сояга судраб бориши мумкин. Бу оғирликдаги ҳайвонни 5-6 киши судрай олади.

Қари ва ярадор арслон одамга ҳам ҳужум қилиши мумкин.

Арслонлар асосан Марказий Африка минтақасининг қўриқланадиган ҳудудлари, Осиёнинг Арабистон ярим ороли, Кичик, Олд ва Жанубий Осиё, Ҳиндистон каби мамлакатларнинг саҳро, саванна ва дарё бўйидаги ўрмонларида яшайди.

Бундан ташқари дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги ҳайвонот боғларида ҳам арслонлар оила бўлиб яшайди.

Унинг наъраси 8 км узоқликдан эшитилиши мумкин.

Ҳар 2 йилда бир марта 3-4 тадан болалайди. Ҳомиладорлик даври 4-5 ой бўлиб, болалари 6-7 ёшида вояга етади. Эркак арслон 3 ёшга етганда, боши ва бўйин атрофидан ёл чиқади.

Арслоннинг баъзи турлари Халқаро табиатни муҳофаза қилиш ташкилотининг қизил китобига киритилган. 

 

 

Интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Шу йилнинг йил 26 декабрь куни “Шайх Зайниддин” жоме масжидида имконияти чекланганлар учун навбатдаги диний-маърифий суҳбат ташкил қилинди.

Тадбирда Қуръони каримда зикр этилган 25 та пайғамбарларнинг қиссаларини ўрганиш бўйича намойиш этилган кўргазма имконияти чекланганларда катта қизиқиш уйғотди.

Юсуф алайҳиссалом қиссаларини Тошкент шаҳар Юнусобод тумани отинойиси Инағомова Муборак слайд кўргазмали кўринишда ўтказди.

Аллоҳ таоло пайғамбарларга берган юксак одоб, улкан сабр ва илм уларнинг даражалари юксалишига олиб келгани, ҳар бир пайғамбарнинг қиссаси бизларга катта ибрат экани таъкидланди.

Тингловчилар эшитиш ва гапириш имкониятидан маҳрум бўлганлиги учун слайд кўринишдаги суҳбатлар улардаги қизиқишнинг ортишига сабаб бўлмоқда.      

Тадбирда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси мутахассиси, Тошкент шаҳар ҳокимияти вакиллари ва шаҳар отинойилари қатнашишди.

Суҳбат якунида тингловчилар Юсуф алайҳиссалом ва бошқа пайғамбарлар ҳақида турли саволлар беришди. 

 

 

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top