muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 27 декабрь куни Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидида Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган имом-хатибларнинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакили ўринбосари Э. Рустамов, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Ш. Турдиқулов ва Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган имом-хатиблар қатнашган.

Бундан ташқари, йиғилишда Мовароуннаҳр нашриёти масъул ходимлари қатнашиб, 2018 йил давомида газета ва журналларга обуна бўлишда фаоллик кўрсатган имом-хатибларга махсус ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар улашишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ҳазрати Маймунанинг (розияллоҳу анҳо) Исломни қабул қилиши дин учун ҳам мусулмонлар учун ҳам хайр ва барокат василаси бўлди. Чунки унинг мусулмон бўлиши узоқ йиллардан бери Исломга қарши уруш эълон қилган баъзи кишилардан жаҳолат пардасини кўтарди, кин ва кибр билан тўла қалбларни тозалади. Ҳазрати Маймуна (розияллоҳу анҳо) Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уйланган энг сўнгги аёлдир. У пайғамбар хонадонида яшаган қисқа даврда кўнгилга оғир ботувчи ҳеч қандай воқеа рўй бермади. Ҳазрати Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг вафотларидан кейин унинг бутун ҳаёти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хотираларига ҳурмат ва тақво билан яшашнинг гўзал бир рамзи бўлди. Маймуна онамиз мусулмон бўлган, аммо имонини яширин тутарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоблари бир қуёшдек Макка уфқларидан кўтарилгач, у жасоратланиб, Аллоҳга имон келтирганини ҳаммага билдирди. Бу хайрли воқеадан сўнг, Маймуна (розияллоҳу анҳо)  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга завжа бўлиш истагида Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳуни элчи қилиб юборди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг истагини қабул этдилар ва унга маҳр сифатида 400 дирҳам бердилар. Ҳудайбия сулҳида кўрсатилган уч кунлик муҳлат битди. Қурайшликлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга элчи юбориб: “Маккада қолиш пайтинг тугади, энди чиқиб кет”, дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кулимсирадилар ва: “Мени ўз ҳолимга қўйинг. Ундан кўра бир тўй қилиб, сиз учун таом ҳозирлатсам ва тўйимга сиз ҳам келсангиз бўлмайдими?“ дедилар. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Маймуна розияллоҳу анҳога  уйланишлари сабабли Маккада қолиш муддатини узайтирмоқчи ва қурайшликлар билан қайта битим тузишни мўлжаллаган эдилар.Тўй учун дастурхон тузалди. Курайшнинг улуғлари таклиф этилди. Улар таклифни қабул этмадилар.

— Сенинг амалингга бизнинг эҳтиёжимиз йўқ. Тезроқ чиқиб кет, — дедилар.

Улар бу гапларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Маккада уч кундан ортиқ қолишларидан қўрқишларини яшириш учун айтдилар. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг зиёратлари баъзи кишиларнинг ақли ва руҳига таъсир қилгани кўрина бошлаган эди. Масалан, Маймуна (розияллоҳу анҳо)  ҳаммадан яшириб келган иймонини мусулмонлар Маккага киришлари биланоқ очиқ эълон этди. Устига-устак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга завжа бўлди. Бу ҳол мушрикларни ғазаблантирган эди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ушбу мажлисда Маймуна розияллоҳу анҳога уйланганларини эълон қилдилар. Аммо Ҳудайбия сулҳига амал қилиб, жарчини чақириб, дарҳол Мадинага қайтишни эълон қилишни буюрдилар. Маккадан ўн мил узоқликдаги Сараф деган жойга келганларида Маймуна (розияллоҳу анҳо) билан гўшангага кирдилар. Маккадан чиқаётганларида Маймуна онамиз ҳайқириб қурайшийларни мусулмон бўлишга чақирди. Унинг овози қурайшийларга кучли таъсир қилди. Холид ибн Валид шундай деди: “Энди ҳар бир ақли жойида бўлган одамга очиқ аён бўлдики, Муҳаммад асло сеҳргар ё шоир эмас! У оламлар Роббисининг каломи билан гапиради”. Икрима ибн Абу Жаҳл унинг бу гапларига қўшилмади, Бадрда ўлдирилган яқинларини эслаб, унга қарши чиқди. Холид ибн Валид унга шундай жавоб берди: “Бу сўзларинг жоҳилият иши ва ғуруридандир. Лекин мен, валлоҳи, ҳақ менга аён бўлган замон мусулмон бўлдим...”

Холид ибн Валид Амр ибн Ос билан бирга Мадинага бориб, Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) байъат қилдилар. Уларнинг мусулмон бўлиши билан Ислом янада қувватланди. Шубҳа йўқки, Маймуна онамизнинг  очиқ мурожаат этиши қурайшдан бир қанча кишиларнинг Исломга киришларига катта таъсир кўрсатган эди. Маймуна (розияллоҳу анҳо) Мадинага келганидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг покиза хонадонларида қадрли завжа бўлиб яшади. Мусулмонлар учун фазилатли она бўлди. Итоатли, самимий, вафодор аёл сифатида завжалик вазифаларини адо этди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга Ҳамза ибн Абдулмутталибдан бева қолган опаси Салма билан бирга яшашга изн бердилар. Кейинчалик унинг турмуш қурмаган синглиси Умара ҳам шу хонадонда қолди.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг катта қизлари Зайнаб вафот этган йили Маймуна ҳали йигирма беш ёшда эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тасалли бериб, имкони борича дардларига малҳам бўлиш ҳаракат қилди.

 

Саидаброр Умаров

Қозон шаҳри маъмурияти Татаристон Республикси мусулмонлари диний идораси билан ҳамкорликда янги масжид қуришга киришди. Бу ҳақда Islam-today нашри хабар берди.

Қозон шаҳри ҳокими Ильсур Метшиннинг айтишича, ҳозирда масжид учун қулай жой танлаш жараёни бормоқда. Шаҳар фаоллари бир қанча ҳудудларни танлашган ҳамда таклиф сифатида киритишган.

Масжид қурилиши ишлари жой танлангач бошланади. Масжид қурилиш ишлари кенг миқёсда ўтказилиши ва у Қозон шаҳрининг эътиборга сазовор маскани бўлиши айтилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ҳиндистоннинг Аҳмадобод шаҳрида Мирзо Бобур даврида қурилган минорани бузиш вақтида бир қатор қийинчиликларга дуч келинди. 2017 йилда қурилганига 460 йил бўлган Эк Тода минорасини яшин урган ҳамда 20 метрлик иморатга жиддий шикаст етган.

Экспертлар эса ушбу минорани қайта тиклаб бўлмаслигини таъкидлаган ҳолда уни бузиб ташлаш муҳим эканини айтишмоқда. Бироқ бир қанча стандарт уринишлардан сўнг кўп асрлик иморатни бузишнинг имкони бўлмаган.

islamisemya.com нашрининг хабар беришича, шаҳар маъмурияти минорани бузиш учун бошқа режа тузишга киришган. Ушбу режаша мувофиқ эндиликда масжидни ғиштма ғишт бузишга киришилади.

Шаҳар маъмурияти вакилининг айтишича, минора қурилишида жудаям мустаҳкам қурилиш материалларидан фойдаланилгани сабабли уни бузишда муаммолар юз берган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

حدثنا سعيد بن أبى مريم قال: أخبرنا محمد بن جعفر بن أبى كثير قال: أخبرني زيد بن اسلم عن عطاء بن يسار عن بن عباس: أنه أتاه رجل فقال: “أنى خطبت امرأة فأبت أن تنكحني وخطبها غيرى فأحبت أن تنكحه فغرت[1] عليها فقتلتها فهل لي من توبة” قال: “أمك حية” قال: “لا” قال: “تب إلى الله عز و جل وتقرب إليه ما استطعت” فذهبت فسألت بن عباس “لم سألته عن حياة أمه” فقال: “أنى لا أعلم عملا أقرب إلى الله عز و جل من بر الوالدة”.

Бизга Саъид ибн Абу Марям ҳадис айтди: Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Абу Касир хабар берди, – деди. У бизга: Зайд ибн Аслама Ато ибн Яссордан у Ибн Аббосдан (р.а)дан шундай хабар берди. “Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.)нинг олдиларига бир киши келиб: “Мен бир хотинга совчи қўювдим. У менга тегмоқликдан бош тортди. Ўша хотинга мендан бошқа совчи қўювди, яхши кўриб тегмоқчи бўлди. Унга рашк қилиб у хотинни ўлдириб қўйдим. Энди тавба қилсам бўладими?” – деб сўради. Абдуллоҳ ибн Аббос ундан: “Онанг тирикми?” – деб сўради. У: “Йўқ”, – деди. Абдуллоҳ ибн Аббос унга: “Ундай бўлса Аллоҳ азза ва жаллага тавба қил ва унга (Аллоҳга) тоқатинг етгунча яқин бўл (қурбат ҳосил қил)”, – деди. Ато ибн Ясор айтади: “Ибн Аббоснинг олдига бориб, ундан: Нима учун ундан “Онанг тирикми?” деб сўрадингиз?”, – дедим. Абдуллоҳ ибн Аббос: “Мен Аллоҳ азза ва жаллага онага яхшилик қилишдан кўра яқинроқ бўлган амални билмайман”, – деди”.[2]

Абдулоҳ ибн Аббос ибн Абдулмутталиб – 619 м.й.да Макка шаҳрида таваллуд топган, 686 м.й.да Тоифда вафот этган. Машҳур саҳобий, умматнинг етук муфассири,  фақиҳ олими, ундан 1160 дона ҳадис ривоят қилинган.

Ҳадиснинг умумий маъноси:

Аъто ибн Яссор буюк саҳобий – Абдуллоҳ ибн Аббос р.а. ҳузурида у зот билан бўлган воқеани сўзламоқдалар. Қотилликдек улкан бир гуноҳга қўл урган киши қилиб қўйган ишидан пушаймонлигини айтиб, тавба қилишга имкон бор-йўқлигини сўраб бу умматнинг олими Абдуллоҳ ибн Аббос ҳузурига келдилар. Абдуллоҳ ибн Аббос ундан: “Онанг тирикми?” – деб сўради. У эса: “Йўқ”, – деб жавоб берди.

Яъни, инсон онасининг тириклиги у учун улкан имкониятлардан бири экан. Ана шу имкониятлардан бири, агар инсон адашиб гуноҳ амални қилиб қўйган бўлса, унинг ҳаққига Аллоҳ таолога астойдил дуо қилиб мағфират сўрайдигани ягона инсон бўлар экан. У ҳам бўлса ОНА! Шунинг учун Абдуллоҳ ибн Аббос ундан “Онанг тирикми?” – деб сўрадилар. У кишининг онаси вафот этиб кетганлигини билганидан кейин унга: “Ундай бўлса Аллоҳ азза ва жаллага тавба қил ва унга (Аллоҳга) тоқатинг етгунча яқин бўл (қурбат ҳосил қил)”, – дедилар. Яъни, онанг дунёдан ўтган бўлсалар, энди ўзинг учун ўзинг чин ихлос ила ибодат ва зикрлар қилиб қилиб қўйган ишинг учун Аллоҳ таолодан мағфират сўрагин. Агар тавба-ю истиғфорлар ҳақиқий, ибодату муножатлар холис бўлса, сенга ҳам қилган гуноҳинг учун мағфират бордир, дедилар.

“Ато ибн Ясор айтади: “Ибн Аббоснинг олдига бориб, ундан: Нима учун ундан “Онанг тирикми?” деб сўрадингиз?”, – дедим.”

Воқеага гувоҳ бўлиб турган Ато ибн Яссор; у киши гуноҳ қилиб қўйиб, мағфирати учун шариатда бирор йўл борми, деб келса-ю, сиз ундан “Онанг тирикми?” деб сўрайсиз, деган мазмунда Ибн Аббосни сўроққа тутди. Абдуллоҳ ибн Аббос: “Мен Аллоҳ азза ва жаллага онага яхшилик қилишдан кўра яқинроқ бўлган амални билмайман”, – деб жавоб бердилар.

Яъни, онаси тирик бўлиб, фарзанди ҳаққига дуо қилган бўлса, одам ўлдиришдек катта гуноҳ бўлса ҳам, Аллоҳ таоло ўз фазлу карами билан ундай гуноҳкор кишини авф  қилишидан умид қилса бўлади.

Дарҳақиқат, инсон онасига яхшилик қилиш билан ҳам Аллоҳ таолонинг буйруғини бажарганлик савобига етади, ҳам ўз ҳаққига онаи меҳрибонининг Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги мақбул бўлган дуоларини олади. Онага яхшилик қилиш билан ҳар бир киши тавфиқ ва ҳидоятга ҳамда икки дунё яхшиликларига етади.

Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббосдан нақл қилинган ушбу ривоятни ҳадис тўпламига киритишининг ўзига яраша сабаблари бор албатта. Чунки, саҳобий бирор масала юзасидан ҳукм чиқардими, демак, унинг бу ҳукмга ҳадисдан далили бор, акс ҳолда билмаслигини айтиб ҳукм сўраган кишини ортга қайтарар эди. Мазкур ривоятнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нақл қилинган санади ҳам мавжуд;

Абу Умар ал-Қасибийдан ривоят қилинади: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: Эй Расулуллоҳ! Мени агар бажарсам Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган бирор амалга бошқаринг, – деди. Расулуллоҳ: Онанг ва отанг борми? – дедилар. У киши: Ҳа, – деб жавоб берди. Расулуллоҳ: “Сени ота-онангга қиладиган (озгина) яхшилигинг бу ишда кифоя қилади,” – дедилар.[3]

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  1. Кишининг ўзи истаган аёлига уйланиш мақсадида совчи қўйишнинг мумкинлиги.
  2. Аёл тегишни истамаса рад жавобини беришга ҳаққи борлиги.
  3. Аёлга бўлган қаттиқ муҳаббат ва рашк инсонни гоҳо хатарли ишларга бошлаши ҳам мумкин эканлиги.
  4. Онанининг розилигини отанинг розилигидан олдинга қўйиш.
  5. Оналар хизматини қилиб, дуосини олиш билан инсон гуноҳларини мағфират бўлишини мумкинлиги.
  6. Оғир гуноҳ қилган кишига ҳақиқий тавба (ат-тавбату-н-насуҳа)га ва зикр ҳамда ибодатлар билан Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишга интилишни насиҳат қилиш.
  7. Она хизмати инсонни Аллоҳ таолога яқин қиладиган улуғ ибодатлардан бири эканлиги.

 

Қобилов Нодир Сиддиқович

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

Top