muslim.uz

muslim.uz

Гулистонда Сирдарё вилояти ахборот-кутубхона марказида ҳудуддаги шаҳар ва туманлар имом-хатиблари ҳамда отинойилар иштирокида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлашга вилоятда алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Тадбирнинг биринчи куни 65 нафар имом-хатиб, иккинчи куни 85 нафар отинойи иштирок этди. Давра суҳбати тарзида ўтrказилган маданий-маърифий тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари И.Мўминов, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Ҳ.Зокиров, Гулистон давлат университети профессори Р.Маҳмудов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ҳ.Ортиқбоева, Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё тумани бўлими раҳбари А.Мирзааҳмедов ва бошқалар муқаддас динимиз, Қуръони карим тафсири, шунингдек, турли бидъат ва хурофотларга барҳам бериш, никоҳ ва ёшлар тарбияси билан боғлиқ қизиқарли маърузалар қилди.

Тадбир давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тавсияси асосида чоп этилган “Тафсири ирфон”, “Имомлик – буюк масъулият” ҳамда “Бидъат ва хурофотларни бартараф этиш учун тавсиялар” китобларининг тақдимоти ўтказилди. Ушбу китоблар иштирокчи имом-хатиблар ва отинойиларга тарқатилди.

– Муқаддас динимиз ҳақида сўзлагувчи, эл олдида маъруза қилувчининг ўзи аввало айтганларига амал қилиши, ҳар соҳада, яъни тарбияда, одоб-ахлоқда, муомалада, кийинишда бошқаларга намуна бўлиши зарур, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Ҳ.Зокиров. – Чиройли сўзлаши, фикрини лўнда тушунтирмоғи лозим. Имом-хатиб ёки отинойилар оддийлиги, самимийлиги, диний ва дунёвий билими кенглиги ва албатта, хушмуомалалиги билан бошқаларнинг меҳрини қозонсин.

Тадбир доирасида иштирокчилар ахборот-кутубхона марказидаги шароитлар, китоблар фонди ва электрон кутубхона фаолияти билан танишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 21-22 декабрь кунлари Туркия Республикасининг Истамбул шаҳрида Евросиё Фатво кенгашининг III-йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш “Замонавий даврда фатво мавзусида дуч келинаётган муаммолар ҳамда долзарб иқтисодий масалалар” мавзуси остида бўлди.

Мазкур йиғилишда Европа, Россия, Кавказ, Марказий Осиё, Афғонистон каби бир қатор давлатлардан Фатво масалалари бўйича мутасадди уламолар иштирок этишди. Ўзбекистондан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири Ҳомиджон Ишматбеков қатнашди.

Йиғилиш кун тартибидан:
- ҳозирги кунда диний масалаларга жавоб беришда учраётган услубий муаммолар;
- қонуний жиҳатдан тартибга солинган масалаларда фатво бериш сиёсати;
- баъзи замонавий иқтисодий масалалар ва уларнинг шаръий аҳкомлари каби мавзулар ўрин олган эди.

Йиғилишнинг биринчи кунида кун тартибидаги биринчи ва иккинчи масала юзасидан уламолар ўзаро фикр алмашдилар. Жумладан, ҳозирги замонда Фатво бериш масаласида баъзи бир кишилар томонидан бирор-бир мазҳабнинг усулий қоидаларига риоя қилмаган ҳолда, умумий қоидалардан келиб чиқиб фатво бериш мўмин-мусулмонлар орасида зиддиятли ҳолатларни келтириб чиқараётганлигини таъкидлаб ўтдилар.

Хусусан, интернет тармоғи орқали аҳолидан берилаётган саволларга жавоб бераётган кимсалар савол бераётган жиҳатнинг ижтимоий, иқтисодий аҳволини ҳатто диний савиясини ҳам билмай туриб жавоб беришлари тўғри эмаслиги айтиб ўтилди.

Иккинчи куни ҳозирги замонда учраётган баъзи иқтисодий-тижорий масалалар (олтин асосидаги вексель савдоси ва уни ижарага олиш-бериш, форекс, рақамли криптопуллар савдоси, тармоқли савдо ва ҳ.к.з) устида баҳс ва мунозара олиб бордилар ҳамда уларнинг шаръий ҳукмлари бўйича бир тўхтамга келдилар.

Эслатиб ўтамиз, Евроосиё фатво кенгаши 2016 йилнинг октябрь ойида Евроосиё Ислом кенгашининг IX-йиғилишида таъсис этилган. Унинг асосий вазифаси евроосиё ҳудудида истиқомат қилаётган мусулмонларнинг ҳаётида учраётган диний масалаларни ҳамкорликда ҳал этишдан иборатдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 24 декабрь куни Олмаота шаҳридаги Марказий масжид қошида ташкил этилган ўқув курсларида таълим олган ўқувчи қизлар ва аёллар имтиҳон топширдилар. Имтиҳон натижаларига кўра, 50 нафар ўқувчи аъло баҳоларга топширгани маълум бўлди.

Олмаота шаҳри бош имоми Еркинбек қори Керимбекули курс битирувчиларини тақдирлаш маросимига ташриф буюрган. У аёл-қизларнинг Ислом динидан чуқур билимга эга бўлиши келажакда илмга қизиқувчан фарзандларнинг етишиб чиқишга замин тайёрлашини қайд этган.

Шундан сўнг Тажвид 1,2 босиқич, Қуръон, Имон шартлари ва Сийрат сингари ўқув курларини тугатган ўқувчиларга сертификат топширилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2018 йил 19 декабрдаги 6853-сонли хатида диний соҳа ходимлари учун 2018 йил 22 декабрь кунидан 2019 йил 21 февраль кунига қадар малака ошириш ўқувларини ўтказиш белгиланган эди.

Шу муносабат билан жорий йилнинг 22 декабрь кунидан бошлаб Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси билан ҳамкорликда Наманган вилоятида фаолият кўрсатаётган масжидлар имом-хатиблари, имом-ноиблари ва отинойилари учун малака ошириш ўқувлари бошланди.

Малака ошириш ўқувлари Косонсой туманидаги тиббиёт коллежида ташкил этилди. Унда Косонсой ҳамда Янгиқўрғон туманларида фаолият юритаётган имом-хатиб, имом-ноиби ва отинойилар иштирок этмоқдалар.

Ўқувларга Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакиллиги, Наманган давлат университети, “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртидан маърузачилар дарс бериш учун жалб қилинди.

Шунингдек, малака ошириш ўқувлари Дин ишлари бўйича қўмита томонидан ишлаб чиқилган махсус режа ва ўқув дастур асосида маъруза, тренинг, муҳокама ва савол-жавоб тарзида олиб борилмоқда. Бу эса диний соҳа вакилларининг аҳоли ўртасида фаоллигини ошириш, халқимиз, хусусан, ёш авлодни турли ёт оқимлар таъсиридан асраш ҳамда соф ислом таълимотларини етказишда ўз самарасини беражак.

 



Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

ЎМИ Матбуот хизмати

Top