muslim.uz

muslim.uz

Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдул Азиз муқаддас Рамазон ойи тугаши муносабати билан таътилларнинг яна ўн кунга узайтирилиши ҳақида қарорни имзолаган. Бу ҳақда "islam-today" нашри хабар берди.

Ушбу таътил кунлари 15 июндан 24 июнга қадар давом этиши айтиб ўтилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Инсон шакл ва кўринишда бир хил ҳолатда қолмайди. Вақт ўтиши билан болакай йигитга, йигит ўрта ёшли кишига, у эса қария айланади. Бу Аллоҳ яратган ҳаёт қонуни. Ҳеч бир одам бундан қочиб қутила олмайди.

Ушбу босқичларнинг ҳар бири ўзига хос хусусият ва жиҳатларга эга бўлиб, ўша босқичдаги одамлар билан муомала қилишда ҳам ёш хусусиятларини ҳисобга олиш ва шунга кўра йўл тутиш мақсадга мувофиқдир. Мисол учун, ёш бола билан ўрта ёшли одамнинг, ўспирин йигит билан қариянинг ўзини тутиши, табиати ва ҳатто туйғуларида ҳам ўзига хослик мавжуд бўлиб, улар билан мулоқотга киришишда буларни эътиборга олиш зарур. Айниқса, ёши катта одамлар билан муомала қилишда жуда эҳтиёт ва сергак бўлиш керак. Чунки уларнинг жасадлари бироз ёки анчайин заифлашган, хотиралари сусайган, диққатни бир жойга жамлаш қийинлашган ҳамда кўз ва қулоқ фаолиятлари сустлашган бўлади. Бу эса уларнинг фаолияти ва одамлар билан муомаласида ўзига хос муомалани талаб қилади. Шунинг учун улар билан муомала қилиш ёшлардан бошқалар билан муомала қилишдан кўра алоҳида эътибор талаб қилади.

Уларнинг баъзиларини қуйида келтириб ўтамиз:

Ҳурмат кўрсатиш. Аслида динимиз ҳар бир одамни бошқаларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишга чақиради. Лекин, катта ёшилилар билан муомала қилиш жараёнида унданда кўпроқ ҳурмат кўрсатиш ва уларни алоҳида эҳтиром қилиш керак бўлади. Уларнинг ёши ва қарилик даври хусусиятларини эътиборга олиш лозим бўлади.

Кўмаклашиш. Уларга кўмаклашишда ёрдам сўрашларини кутиб туриш керак эмас. Чунки киши ёши ўтган сари қуввати кетиб, атрофдагиларнинг ёрдамига кўпроқ эҳтиёж сезади. Бу дармонсизлик вақтинчалик эмас, балки доимийдир. Ҳар биримиз бирор касалликка чалиниб, ҳаракатланишга қийналиб қолган вақтимизни эсласак, уларнинг ҳолатларини янада яхши тушунамиз. Шу сабали уларга кўмак сўрамасада ёрдам беришга шошилишимиз лозим.

Кўнгилларига йўл топиш. Киши ёши улғайган сари таъсирчан бўлиб қолади. Бошқаларга оддий саналган баъзи гаплар уларга оғир ботиши мумкин. Шунинг учун улар билан муомала қилишда туйғу ва ҳиссиётларга эҳтиёт бўлиш керак. Уларга қариб қолганларини эслатавермаслик, аксинча руҳиятларини кўтарадиган яхши гаплар билан кўнгилларини олиш керак. Чунки қарилик туфайли баъзи ишларни қила олмай қолгани уларни тушкунликка тушириб қўймаслиги керак.  Шунда қарилик даврини роҳат билан ўтказишлари учун яхши муҳит яратган ва ҳаётларини мазмунли бўлишга кўмаклашган бўламиз.

Қулоқ тутиш. Барча ёшдаги одамларнинг ҳикоя ва қиссалари кимгадир ёқиб, кимгадир ёқмагани каби ёши катта одамларнинг гаплари ҳам баъзилар учун ёқимли бўлса, бошқаларга зерикарли туюлиши мумкин. Лекин, катта ёлши одамлар гапирганда гарчи такрорий ва зерикарли гап бўлсада озгина вақтимиздан кечиб, уларга астойдил қулоқ тутишимиз, бундай ёшда хотира сусайиб, баъзи нарсаларни эсдан чиқариб қўйиш табий ҳолат эканини тушунишимиз ҳамда  ўзимиз ҳам ўша ҳолатга тушишимиз мумкинлигини эсдан чиқармаслигимиз керак. Уларни озгина вақт эшита олишимиз билан уларга қанча ҳурсанчилик тортиқ қилишимиз мумкинлигини тасаввур қилиб кўришимиз даркор.

Камтарлик кўрсатиш. Катта ёшлилардан ўзимизни устун тутиб гаплашишдан эҳтиёт бўлишимиз керак. Чунки гачи сиз қайсидир мавзуда улардан билимлироқ бўлсангизда, ўртадаги ёш фарқи ва ҳаёт тажрибаси уларнинг сиздан устун эканлигини ҳис қилдириб тураверади. Шу сабабли сўзлашув жараёнида камтарлик билан гаплашиш, агар ниманидир маслаҳат беришга тўғри келса, қаттик тегмайдиган камтарона услуб билан тушунтириш зарур.

Ёлғизлатиб қўймаслик. Катта ёшли одамлар жисмоний ҳолатлари тақозосига кўра ёлғизланиб қоладилар. Шунинг учун доимо уларни зиёрат қилиб туриш, ҳолидан хабар олиш ва кўпроқ суҳбатлашиш лозим. Бу бир томондан  уларнинг кўнгилларини кўтаради ва дардлари ёки хасталикларини озгина бўлсада эсдан чиқаришга ёрдам беради. Шу билан бир қаторда уларнинг тажриба ва тавсияларидан фойдаланиш учун ҳам имконият бўлади. Чунки ёшлар ўрганаётган кўп нарсаларни улар ҳаётлари давомида бошларидан ўтказиб, етарлича тажриба тўплаганлар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бу борада доимо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Кичикларимизга раҳм қилмаган ва катталаримизни ҳурмат қилмаган одам биздан эмас”, деган ҳадиси шарифларини ёдда тутишимиз, ёшларни катталарга нисбатан ҳурмат руҳида тарбиялашимиз керак. Давримиз баъзи ёшлари шошқолоқлик ва беодоблик билан катта ёшлиларга нисбатан беҳурматлик кўрсатаётганларини, ҳатто ҳақорат қилаётганларини кўриб қоламиз. Уларга айтар сўзимиз шуки, Расулуллоҳнинг сўзига қулоқ тутинг ва унга амал қилинг. Шунда, ҳам савоб оласиз, ҳамда жамиятмизда меҳр-муҳаббат ва ахлоқ юксалишига ҳисса қўшасиз.

 

Шерзод ЧЎЛПОНОВ

Тошкент ислом институти ўқитувчиси  

Марокашнинг Тадмамат қишлоғидаги 2016 йилда қурилган “Мовий масжид” нафақт ибодат маскани, балки сув ва электр қуввати манбаи ҳамдир. Унинг томида ўрнатилган қуёш панеллари ишлаб чиқарган электр қуввати масжид ва ёнидаги имом-ҳатибнинг уйи ҳамда бутун қишлоқ аҳолисининг эҳтиёжини қондирмоқда.

"info.islom" нашрининг хабарига кўра, электр қуввати кўп миқдорда ишлаб чиқарилганлиги боис тадмаматликлар шу кунгача бебаҳра қолаётган иссиқ сувга ҳам эга бўлишган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Муқаддас Рамазон ойи муносабати билан дунёнинг барча мамлакатларида хайрия ва саҳоват ишлари амалга оширилмоқда. Бундай хайрли ишлардан бири Бирлашган Араб Амирликлари давлатининг Абу Даби шаҳрида ўтказилди.

Рамазон ойи муносабати билан Абу-Даби полицияси оғиз очишга шошаётган ҳайдовчиларга 140 минг дона бепул таом улашди. Бу ҳақда "islam.ru" нашри хабар берди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Денгиз бўйида балиқчилик билан кун кечирадиган оилалар уч тўрт кишидан бўлиб қайиқларда балиқ овига чиқиб кетишибди. Аёллар ҳар доимгидек қирғоқда фарзандлари билан дуолар қилишиб, эрларини овга кузатибдилар. Орадан икки уч кун ўтса-да, эркаклардан дарак бўлмабди. Аёллар дуода бўлиб турганларида тунда бир аёлнинг уйи ёниб, ҳеч вақоси қолмабди. Фалокат келса қўшалоқ келади деб, чиройли сабр қилибди. Эрталаб уйғонганида денгиз тарафдан қайиқлар кўринибди, булар ўзларининг ҳамқишлоқлари – балиқчилар экан. Балиқчилар денгизда қаттиқ шамол кўтарилгани, улар йўлни йўқотиб қўйишгани, тунда кўтарилган оловни ёруғлигидан уйларини топиб келишганини айтишибди.

Ушбу ҳикоядан олинадиган ибрат – Аллоҳга тавваккал ва сабр. Ҳозирги давримизда бирор ёнғин ёки шунга ўхшаган бирор талофат етса, биз авваламбор айбни ўзимиздан қидирмаймиз, балки ён қўшнимизни айбдор қиламиз, турли идора ва ташкилотларга бориб шикоят қиламиз. Шундай ёнғинлар чиқишига сабабчи бўлаётган нарсаларни ҳаммамиз ҳар куни кўрамиз, аммо кўрмасликка оламиз. Қўни - қўшниларимиз ҳас-ҳашакларни уй томларига босиб қўйган бўлса, электр, газ плиталаридан нотўғри фойдаланаётган бўлса эътибор қилмаймиз. Барчаси ўзимизни лоқайдлигимиздан. Ҳаммамиз шу маҳаллада шу ватанда яшаётган эканмиз барчамиз масъулмиз ва жавобгармиз.   

 

Абдураҳим САТТОРОВ

Избоскан тумани

“Бобур” жоме масжиди имом-хатиби

 

     

Top