muslim.uz
لماذا نصوم رمضان
Эътиборингизга араб тилида ифода этилган Рамазон рўзаси ҳақидаги "لماذا نصوم رمضان..." номли аудиомаърузани ҳавола этамиз.
Маъруза давомида Ўзбекистон халқ шоири Эркин ВОҲИДОВнинг “Ҳаёт йўли” номли шеъри ҳам муаллиф томонидан гўзал услубда араб тилига ўгирилган.
Муаллиф:
Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари,
Тошкент ислом институтининг 2-курс талабаси Нурали МАВЛАНОВ
Тошкент шаҳридаги 7 Июнь кунидаги Хатмона
Бугун 7 Июнь, Муборак Рамазон ойининг мағфират даҳаси, 22-кунларидир. Тошкент шаҳридаги “Бўта бува” жоме масжидида бу кеча Қуръони Карим хатмонаси яъни, Каломуллоҳнинг сўнгги суралари ўқилиб, чин ихлос ила дуолар қилинади.
“Бўта бува” жоме масжиди.
(Манзил: Чилонзор тумани, «Бешқўрғон» маҳалласи, Бешқўрғон кўчаси 2а-уй. Тел: +998 71 287 99 17. +90 175-97-28)
Масжид имом-хатиби: Мирсодиқов Зиёвуддин
Қорилар: Сўпиев Аюбхон Солихонович, Хамидуллаев Нўъмонхон Яхёхон ўғли, Садуллахонов Асрор Саъдуллахонович.
Хатми Қуръондан кейинги дуолар мустажобдир. Рамазоннинг энг баракотли онларини қўлдан бой берманг азизлар.
ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати
Онанггизни рози қилинг
Бизларни дунёга келтириб, нима хоҳласак муҳайё қилган одоб- ахлоқ ва касб ҳунарни ўргатган, илм берган, ҳаётга йўллаган, уйлаб жойлаган, одамлар қаторига қўшган ота – онани ҳурматлаш ҳар бир инсоннинг шарафли бурчидир. Айниқса, ҳали туғилмасимиздан то улғайиб катта ёшга етгунимизча бизларга меҳри, раҳм шавқати, фидоёлиги ва матонатини дариғ тутмайдиган мушфиқа оналаримиздан умр бўйи қарздормиз.
Оналаримиз ҳомиладорлик пайтларида дилбандларини тўққиз ой қоринларида кўтариб, дунёга келтиришда чексиз машаққат ва оғриқларга бардош беришади. Туғилганидан кейин то вояга етгунга қадар атрофларида айланиб, ўзлари емай едириб киймай кийдиришади. Шу боис Аллоҳ каломининг бир неча оятларида ота - онага яхшилик қилиш уларга эҳтиром кўрсатиш, эҳтиёжларини қондиришни ибодат даражасига кўтарди. Жумладан, “Исро” сурасининг 23-24 оятларида шундай марҳамат қилади: “Роббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота – онага яхшилик қилишингизни амр этди. (Эй инсон!) агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга мехрибонлик билан хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: Эй роббим! Мени ёшлигимда тарбият қилганларидек сен ҳам уларга раҳм қил”.
Демак, фарзандларни дунёга келтириш, боқиб катта қилишда матонат ва фидойилик кўрсатувчи оналаримизнинг ҳурматини жойига қуйиш, улар олдида ҳамиша ўзини ҳокисор тутиш, уларга ёқимли гапларни айтиш, ҳақларига дуолар қилиш – фарзанднинг энг муҳим бурчлари ҳисобланади. Шу сабабдан, жаноби пайғамбаримиз алайҳисссалом: “Жаннат оналар оёғи остидадир” деб марҳамат қилганлар. Бу эса фарзанд ўз онасининг ҳурматини жойига қўйиб унинг барча эҳтиёжларини қондириб, дуосини олса Аллоҳ ундай фарзандни Ўз раҳматига олади демакдир.
Аллоҳга шукр, бугунги кунда динимизнинг кўрсатмаларига ҳамоҳанг мамлакатимизда хотин-қизларга эҳтиром кўрсатилмоқда. Меҳнатлари муносиб баҳоланиб, қадрланмоқда. Шунинг учун мамлакатимизда оилада меҳр муҳаббат ва ўзаро ҳурмат муҳитини, оналикни муҳофаза қилиш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, хотин қизлар ўз иқтидорини рўёбга чиқариш учун зарур шароитлар яратиш, уларнинг кундалик рўзғор юмушларини енгиллаштириш бўйича қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.
Аёлларимиз моҳир уй бекаси, жонкуяр она бўлишлари билан бир қаторда, юртимиздаги ижтимоий, маданий ва маърифий жабҳаларда эркаклар билан тенгма тенг туриб фидокорона меҳнат қилишмоқда.
Аллоҳ таоло барчаларимизни ота оналаримизни ҳурмат қиладиган, хизматларини қилиб, дуоларини оладиган ва шу билан ўзимизга жаннатни вожиб қилиб оладиган бандалардан бўлишимизни насиб этсин!
Фахриддин ХУДОЙНАЗАРОВ
Денов тумани “Ҳикмат”жомеь масжиди
имом-хатиби
Савоб ишга шошилайлик
Ҳақиқий мусулмон киши ўзи учун ўзгаларга яхшилик қилишга астойдил ҳаракат қилади. Чунки, у яхшилик йўлида қўйилган ҳар бир қадам учун Аллоҳдан улуғ ажрлар бўлишига қатъий ишонади. Инсоннинг барча амаллари, модомики ниятида Аллоҳ таоло розилигини топиш бўлса, шубҳасиз ибодат даражасига кўтарилади.
Савоб ишлар сирасига яхши ва эзгу ишлар, яъни жамиятга фойдаси тегадиган амаллар киради. Шу жумладан, хайру саховат, муҳтожлар ва етимларга яхшилик қилиш, омонатдорлик, кечиримлилик, қариндош-уруғ билан силаи-раҳмда бўлиш, яхши қўшничилик, беморларни зиёрат қилиш, илм олишга ҳаракат қилиш ва ёшларни илмга даъват қилиш, жамиятда тинчлик-хотиржамликни таъминлашда фаол бўлиш, гуноҳ-маъсият ишлардан тийилиш кабилар. Бу ўринда Қуръони каримда шундай айтилади: “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир” (Оли Имрон сураси, 92-оят).
Инсон ўзи суйган нарса фақат моддий кўмак бериш ёхуд бирор жисмоний ёрдам кўрсатиш деб тушуниш бирёқлама тасаввур бўлади. Зеро, яхшиликнинг чеки-чегараси йўқ. Меҳрга, мурувватга муштоқ кўнгилларни зиёрат этиш ҳам - бир яхшилик. “Савоб ишни ҳар ким, ҳар куни қилиши лозим” – деган шиорни ўзимизга дастур билиб, доим яхшиликлар пайида бўлмоғимиз бизни ҳақиқий инсонийлик сифатига сазовор этиб, Парвардигор ҳузурида чексиз ажру савобларга, икки дунё саодатига муаяссар этади.
Бинобарин, бу ҳаётда инсондан фақат яхшиликкина қолади. Яхшиликнинг мукофоти эса фақат яхшилик-жаннатдир.
Шунингдек, Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтади: “Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларда ҳам инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) афв этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик қилувчиларни севади” (Оли Имрон сураси, 134-оят).
Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳадиси шарифларининг бирида марҳамат қилиб: “Кимки, бир мўминдан дунё қийинчиликларидан бирини енгиллаштирса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат оғирликларидан бирини енгил қилади. Кимдаки ҳаётда қийналган кишига осонликни раво кўрса, Аллоҳ таоло унга дунё ва охиратда енгилликни ато қилур” – деб айтганлар.
Абу Мусо (р.а)дан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда, Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қилиб айтдилар: “Ҳар бир мусулмон кишиси садақа-эҳсон қилмоғи лозим”. Саҳобалар савол қилиб сўрашди: Эй Аллоҳнинг Расули! Агар садақа қилишга бирор нарса топа олмаса нима қилади? Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтдилар: Қўли билан меҳнат қилади, ўзига ҳам фойда келтиради ва садақа ҳам қилади. Улар сўрашди: Эй Аллоҳнинг Расули! Агар бунга қодир бўлмаса, нечора қилади? Ул зоти шариф дедилар: Қийналган, муҳтож кишига ёрдам қилади. Саҳобалар савол беришди: Эй Расулуллоҳ! Агар буни ҳам қила олмаса нима қилади? Пайғамбаримиз (с.а.в.) жавоб бериб айтдилар: “Яхшиликка ёки хайриятга йўллайди” Саҳобалар сўрашди: Буни ҳам қила олмаса-чи,? Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилиб айтдилар: “Ўзини ёмонликдан тияди, шу нарса ундан садақа бўлади”.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, юқорида зикр этилган ояти карималар ва ҳадиси шарифлар маъно ва мазмунларидан огоҳ бўлиб ва ибрат олиб, бир-биримизни яхши ишларга чақирсак, меҳр-мурувватга муҳтож кишиларга яхшилик қилсак қилинган, яхшилик ва хайру эҳсонларнинг савобидан биз ҳам баҳраманд бўламиз, иншоаллоҳ. Аллоҳ таоло жамиятимизда ўзаро меҳр-оқибатин зиёда айлаб, бизларни хайру саховатли меҳр-мурувватли бандаларидан қилсин. Юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо айлаб, барчаларимизни бу кунларнинг файзу футуҳларидан баҳраманд қилиб, солиҳ амалларда давомли бўлишимизни насибу рўзи айласин!
Фахриддин ХУДОЙНАЗАРОВ
Денов тумани “Ҳикмат”жомеь масжиди имом-хатиби
Ўзбек жамиятида фоҳишалик иллатига қачон барҳам берилади?
Аллоҳ таоло яратган бандаларига фаҳш ишлардан сақланишни қаттиқ буюрган. Қуръони каримнинг Исро сураси, 32-оятида шундай марҳамат қилинади: «Зинога яқинлашманглар! Чунки бу бузуқлик ва энг ёмон йўлдир». Инсон ҳаётини барбод қиладиган бу йўллардан қайтариқ бўлишига қарамай, баъзи кимсалар гуноҳи кабираларни қилишдан тоймайди. Буни ҳаётнинг ўзи кўрсатиб қўймоқда.
Яқинда интернетда Тошкент шаҳридаги Қўйлиқ бозори атрофида фоҳишалик билан шуғулланаётган аёллар тасвири туширилган видео пайдо бўлди. Унда ҳудуд кексалари томонидан бундай кимсалар ёшларга салбий таъсир ўтказаётгани, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эса вазиятга мана бир неча йилки, бефарқ қараб келаётгани таъкидланади.
Фоҳишалар фаолиятига қарши туман ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тезкор тадбир уюштирилди. Натижада фоҳишалик билан шуғулланувчи 80 нафарга яқин аёл ушланди. Уларга нисбатан маъмурий ишлар бўйича Бектемир туман суди томонидан жазо белгиланди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, фоҳишалик билан шуғулланган шахсга нисбатан энг кам иш ҳақининг 1 бараваридан 3 бараваригача жазо назарда тутилган. Улар жазосини олди. Шу билан муаммо ўз ечимини топдими? Йўқ...
Баён қилмоқчи бўлган фикрларимиз қўпол чиқадиган бўлса, айбга буюрмайсиз, чунки бу мавзуга батафсил тўхталиб ўтиш ва уни холис ёритиш ана шундай қўпол фикрларни юзага чиқаради. Хўш, суддан сўнг улар уйига боради, телефонини ёқади, “клиент”лари ёки ўзи уларга қўнғироқ қилади (қийин вазиятда эмасми?!). Мижозга одатдагидек фоҳишалик хизмати таклиф этилади. Қарабсизки, белгиланган жарима пули тайёр. Эртасига кассага пулни тўлайди ва юзим-кўзим демай фаолиятини давом эттираверади (агар Аллоҳ инсоф бериб бу гуноҳдан қайтмаса). Кўриб турганингиздек, разолат эгаларига бундай жарима жазоси етарли эмас.
Уларнинг нега бундай қабиҳ ишлар қилишаётгани сабаби билан қизиқдик. Маълум бўлишича, уларнинг аксарияти яшаш жойидаги туман ҳокимиятига мурожаат қилган, иш тополмаган, уйсиз, ажрашганларининг эса ҳуқуқий онги паст, алимент ундиришга мурожаат қилишни билмайдиган ёлғиз аёллар.
Ўтган давр мобайнида уларга нисбатан бефарқлик ҳолатлари кузатилган, тегишли ташкилотлар эса кераксиз қоғозларни тўлдириш билан банд бўлган. Зиммаларидаги вазифаларни бажармай келган. Афсус билан тан олишимиз керак бу - «ўзимиз пиширган ош».
Лекин танганинг иккинчи томони ҳам бор. Ҳаёт қийинчиликларига учраган бошқа аёллар-чи? Улар бундай қабиҳ ишларни қилаётганлари йўқ-ку. Аллоҳга шукр айтиб, ҳалол меҳнати билан оиласини боқаётган аёллар қанчадан қанча. Бу мусулмон миллатига ярашмайдиган жирканч ҳолатдир.
Ривоят қилишларича, жаҳаннамдаги бир водийда илонлар бўлади. Ҳар бир илоннинг йўғонлиги туянинг бўйнидек бўлиб, улар намозни тарк қилувчиларни чақади. Уларнинг заҳри инсон жисмида етмиш йил ўз таъсирини кўрсатади. Сўнг унинг гўштлари шалвираб тушади. Жаҳаннамда “Жуббул ҳузн” (қайғу ўраси) деб номланган яна бир водий бўлиб, у илон ва чаёнлар маконидир. Ҳар чаён хачирдек келади. Унинг етмишта ниши бўлиб, ҳар бир ниши заҳарга тўла. У зинокорни чақиб заҳарлайди. Унинг оғриғи минг йил азоб беради. Сўнг зинокорнинг гўштлари титилиб, фаржидан қон, йиринг оқади. Охиратда зинокорлар ана шундай даҳшатли жазо олишлари саҳиҳ ҳадисларда айтиб ўтилган. Тошкент шаҳар бош имом хатиби ўринбосари ва «Ислом ота» жоме масжид имом хатиби Жасурбек қори Раупов билан айнан мана шу гуноҳи кабира мавзусида суҳбатлашдик. “Бундай гуноҳларга ота-оналарнинг фарзандларига ҳалол ва ҳаром нима эканлигини ўргатмаганликлари сабаб бўлмоқда. Аллоҳ таоло зино қилиш тугул унга яқинлашишни ҳам тақиқлаган. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в): «Қайси бир қавмда зино кўпаядиган бўлса, уларга ота-боболари эшитмаган касаллик келади», - деб айтиб ўтганлар. Бугунги кунда тарқалган ОИТС ва шунга ўхшаш касалликлар ана шундай офатлардан бири ҳисобланади. Яна бир ҳадисда Муҳаммад (с.а.в): «Кимки икки жағи ва икки оёғи орасини гуноҳлардан сақласа, жаннатга киришларига мен кафил», деб айтиб ўтганлар. Шундай экан жаннатга киришнинг осон йўлидан тўсадиган зинодан сақланишимиз зарур.
Бир куни бир саҳоба келиб пайғамбаримиз (с.а.в)га “Ё Расулуллоҳ, зино қилмоқчиман, куч-қувватим кўпайиб кетяпти”, деди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в) «Ўзингнинг опанг, синглинг ёки онанг билан бегона эркак зино қилишини хоҳлайсанми?», дедилар. Шунда унинг жаҳли чиқиб, нега бундай деяётганликларининг сабабини сўради. Шунда Расулуллоҳ: «Сен зино қилмоқчи бўлган инсоннинг ҳам акаси, укаси ёки ўғли бўлиши мумкинлигини унутма», - дедилар. Шунда саҳоба бу гуноҳи кабирадан сақланишга Аллоҳ номи билан қасам ичди.
Жамиятда бундай иллат тарқалишига асосий сабаб инсоннинг нафси, уни жиловлай олмаслиги. Бошқа қийинчиликлар сабаб бўла олмайди. Уруш даврида жуда кўп қийинчиликлар бўлган. Лекин инсонларимиз сабр қилган. Ҳозир жамиятимизда меҳнат қилган инсон ризқини топяпти. Очликдан ўлди, деган гапни эшитганимиз йўқ. Очкўзликдан ўлди, деган гаплар қулоғимизга чалиняпти. Шундай экан сабр қилишимиз, меҳнат қилиб ҳалол ризқ топишни ўрганишимиз зарур. Фарзанд тарбиясига бефарқ бўлмай, солиҳ ва солиҳа фарзандларни тарбиялаб ўстиришимиз керак”, - деди Жасурбек қори Раупов.
Хулоса шуки, биз фарзандларимизга ҳалол ва ҳаром нима эканлигини ёшлик чоғларидан сингдиришимиз керак экан. Бундан ташқари, фаҳш ишлар каби жиноятни қилган шахсларга нисбатан қонунчилик томонидан оғирроқ жазолар назарда тутилиши шарт. Бундай шахсларга маълум бир муддатга мажбурий меҳнат жазоси берилса, адолатдан бўлар эди. Зора жазо даврида ҳалол меҳнатнинг нони ширинлигини тушуниб етишса. Қонунчилик ташаббусига эга ташкилотлардан ана шундай лойиҳаларни кутиб қоламиз. Шу билан бирга, жойлардаги ҳокимликлар, хотин-қизлар қўмиталари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва ёшлар иттифоқи мутасаддилари мазкур муаммо бўйича жамиятни соғломлаштириш бўйича алоҳида дастурларини ишлаб чиқишлари зарур. Муаммо илдизи кўриниб турибди. Унга барҳам бериш қолган холос. Ютуқлар доимгидек биз билан қолади. Келажакда мақтанишга вақт топилади. Муаммо бор. Уни босиқлик билан ривожланган давлатлар тажрибасидан фойдаланган ҳолда ҳал этиш керак. Йўқса, разолат ботқоғи кенгайишда давом этади.
Зафарбек Солижонов