muslim.uz

muslim.uz

Нигерия. Пайшанба тонгги. Мамлакатнинг аҳолиси кўплиги бўйича иккинчи ўринда турувчи ва Ғарбий Африканинг шимолий қисмидаги саноат шаҳри Кано.

Кўчаларда анъанавий ва рангин либослар кийган одамлар юрибди. Бўш кўчаларда эса уч ғилдиракли велосипед ишқибозлари мусобақа ўтказмоқда. Бир гуруҳ ёш йигитлар қўлида бир шиша сув билан кўча тирбандлигида рикша ва машина ҳайдовчиларидан деразаларини ювиб ҳақ олмоқчи бўлади. Улар тез пайдо бўлди. Бошқа болалар ҳар учраган эшикни тақиллатиб иш излаб юрибди. Бу болалар шаҳарнинг шарқий чеккасидаги Таҳфидул Қуръон мактабида ўқийдиган 250 ўқувчининг бир қисми, ҳозир улар уч соатлик танаффусда. Бир неча эшикни тақиллатгандан сўнг болаларнинг омади келди. Иккита аёл уларни иккига ажратиб ювилмаган идишлар ва косаларга ишора қилди. Тез ишга киришган болалар икки соат ичида идишларни ювиб бўлди. Хизмати эвазига нонушта учун қайнатилган гуруч олишди. 13 ёшли Муҳаммад Сагирунинг айтишича, у ўзининг ёзув тахтачасини ювилмаган идишлар орқасига беркитиб қўйган. “Баъзи одамлар бу аёл сингари бизга иш беради, сўнг бунинг эвазига овқат улашади”.

Сагирунинг ёнида пешонасини қошигача қалин сочлари қоплаган ва тер босиб, оғир нафас олаётган 15 ёшли Умар Муҳаммад ўтирибди. “Биз бу ишда тўрт йилдан буён ишлаймиз. Бугун нонушта олишимиздан жуда хурсандман”, дейди Умар табассум билан. “Биз баъзида бутун танаффусимизни иш ва овқат излашга сарфлаб юборамиз. Мактабга оч борган кунларимиз ҳам бўлган”, дейди Сагиру. Қолган ўқувчилар чивинларга тўлган чодирлар остида ёғоч рамкаларда   Қуръон оятларини ўқиб ўтиришибди.

Аларамма Иса Сулаймон отасидан мерос қолган беш хонали интернат мактаби соҳиби. У бу мактабда 6 та ўқитувчи билан бирга ишлайди. “Мен ўқувчиларимнинг муаммоларни яхши биламан. Аммо биз уларни нонушта, тушлик ва кечки овқат билан таъминлашга қурбимиз етмайди. Биз нима ҳам қила олардик?” дейди у ўнг қўли билан бир томонда калтакланаётган ва бир томонда намоз ўқиётган болаларни кўрсатиб. “Улар ташқарига чиқиб кетишганда ҳар нарса бўлиши мумкин. 250дан ортиқ талабаларни таъминлашнинг иложи йўқ. Улар етарлича ухламайди ва овқатланмайди”,  деди Сулаймон. 

Ҳар бир талабанинг ота-онаси мактабга ҳар ойда 19 доллар тўлайди. Диний бўлмаган мактабларга қараганда анча арзон нарх бу. “Ота-оналарнинг аксарияти камбағал ва баъзан тўловларни тўлай олмайдилар. Уларнинг фарзандлари ҳайдаб юборилмайди. Аммо ҳукуматдан бизга ёрдам керак”, деди у баланд овозда.

Мактаб хоналарининг баъзилари каптархона, эчкихона бўлиб кетган. Ўқувчиларнинг устини ифлос қилмаслиги учун ўқувчиларни бошқа жойларга кўчиришга мажбур бўлишган. Ўқувчиларнинг ярми ташқарида ухлашади, чунки ичкарида ётадиган жой йўқ. Шафиу Муҳаммад синфдошлари ухлайдиган хона олдида турибди. У мактабга келганидан хурсанд, лекин ҳаёт стандартлари яхши бўлишини истайди. “Бу ерда ўқиш мен учун шараф ва бу имкониятни берган Аллоҳга миннатдорчилик билдираман. Биз орқа хонада ухлаймиз, аммо биз ухламаслигимиз керак, биз дуо қилишимиз керак”, дейди Шафиу орқасидаги хонани кўрсатиб. Шафиу бошқа талабалар сингари қўшни Жигава давлатидан келган. Унинг ота-онаси мактабнинг оғир шароитидан хабардор, лекин фарзанди таълим олаётганидан бахтиёр. “Ислом таълимоти уни ва бизни охиратда қутқаришига ишонаман”, дейди Шафиунинг отаси телефон орқали. “Унга жўнатишга пулим йўқ, лекин Аллоҳ таоло унга умид ва сабр беришини сўраб куну тун дуо қиламан”,  деди 52 ёшли ота.  


– Мамлакатдаги муаммоларни бартараф қилиш учун давлат буджетини охиригача сарф қилсак ҳам, муаммолар ҳал бўлмайди, – дейди губернатор ўринбосари Ҳафиз Абубакар. – Мамлакатда 14 мингдан ортиқ мактаб ва 3 миллионга яқин талаба бор. Кано – исломшунослик маркази. Шунинг учун бу ерга талабалар турли жойлардан ўқишга келишади. Имконият яратишга қўлимиздан келганча ҳаракат қиляпмиз.Кано Нигериянинг 9 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган шаҳри. Ҳукумат ёшларнинг ўқиш шароитини яхшилаш учун қўлидан келган барча ишларни қилаётир.

Сагиру ва Муҳаммад каби ўқишга меҳр қўйган талабалар шароит ёмон бўлса ҳам ўқишни ташлаб кетмайди. “Бу ерда ҳаёт кечириш осон эмас. Аммо биз Аллоҳ ва охират учун қийинчиликларга қарамай динимизни ўрганишда давом этамиз”, деди Сагиру. 

 

Интернет манбалари асосида Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.

 

Юртимиздаги ислоҳотлардан кўзланган мақсад – халқимизнинг талаб ва эҳтиёжларини қондириш ва одамларимизни рози қилишдан иборат. Ана шу улуғвор ният йўлида олиб борилаётан ишлар кўлами кундан-кун ортиб бормоқда. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан “Обод қишлоқ”, “Намунали туман” дастурлари асосида туман ва қишлоқлар аҳолисининг ҳаётида янги саҳифалар очилмоқда. Эндиликда Тошкент шаҳри Олмазор туманини намунали туманлардан бирига айлантириш мақсад қилинди.
Шу муносабат билан бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасур Акрамов бошчилигидаги ишчи гуруҳлар аҳоли билан мулоқот қилиш, намозхонлар билан самимий суҳбатлар ўтказиш ниятида Олмазор туманида амалий ишлар бошлаб юборилди.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари туман бош имом-хатиби Садриддин Абдурашидов, “Носирхон” жоме масжиди имом-хатиби Абдуҳаким қори Матқулов ҳамроҳлигида тумандаги жомеларга ташриф қилишди. Ташриф тумандаги “Тўлқин Акром ўғли” жоме масжиди қавми билан дилдан суҳбат қуриш билан бошланди.
Мўйсафид отахонларни муфтий ҳазратлари муборак Рамазон ойининг охирги даҳаси билан қутлаб, ибодату илтижолар ижобат бўладиган дамларни ғанимат билишга чақирдилар. Муфтий ҳазрат сўзларида давом этиб, бу кунларнинг қадрига етиш, муҳтарам Президентимиз ташкил этиб бераётган шарт-шароитлар учун миннатдорлик билдириш, Парвардигорга ҳамду санолар айтиш, дуолар қилишимиз даркорлигини сўзладилар.
Муфтий ҳазрат Олмазор туманини намунали туманга айлантириш ташаббусини давлатимиз Раҳбари илгари сурганларини маълум қилиб, мазкур тумандаги масжидлар, зиёратгоҳлар ва табаррук масканларни обод этиш, аҳолининг диний-маърифий эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида, диний соҳа ходимлари, уламолар ва имом-хатиблар ушбу туманга сафарбар этилганини хабар қилдилар.
Учрашувда муфтий ҳазратлари мўмин-мусулмонларнинг ташвишларини бартараф этиш, турли рўйхатлардан чиқарилган кишиларни жамиятга киришиб кетишларига кўмаклашишни давлатимиз Раҳбари бош вазифа қилиб қўйганини изоҳладилар. Ўз навбатида масжидлар қавмлари аъзолари ҳам ўзларининг бугунги кундаги ислоҳотларига доир фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
“Тўлқин Акром ўғли” жоме масжиди қавми аъзоси Миршоҳид ота Алимов муҳтарам Президентимиз олиб бораётган оқилона сиёсатдан намозхонлар чексиз миннатдор экани, аҳолининг кайфияти жуда ҳам юқори бўлаётгани, айниқса, таровеҳ намозлари, Қуръон хатмларидан жуда ҳам мамнунлигини изҳор қилди. Миршоҳид ота сўзининг якунида ушбу хайрли ишларга бош бўлган муҳтарам Президентимиз, муфтий ҳазратлари ва барча мутасаддилар ҳаққига дуолар қилди.
Масжид имом-хатиби Саҳобиддин домла Сотимов масжидни обод этиш, намозхонларни аҳил-иноқлигини таъминлаш ва уларнинг илм-маърифатларини ошириш борасида жонбозлик кўрсатаётганини масжид қавми алоҳида таъкидладилар.
Навбатдаги ташриф тумандаги “Мирза Ғолиб” жоме масжидига бўлди. У ерда муфтий ҳазратлари намозхонлар билан бирга пешин намозини адо этиб, сўнг улар билан самимий суҳбат қурдилар.
Ҳазрат сўзларининг аввалида, жумладан бундай дедилар:
– Мана шундай саодатли кунларда Аллоҳ таборака ва таолодан тутган рўзаларимиз қабул, ибодатларимиз мақбул ва дуоларимиз мустажоб бўлишини сўраймиз. Аллоҳга шукрки, ушбу шарофатли ой бу йил диёримизда жуда ҳам файзли, қутли-баракали бўлди. Икки мингдан ортиқ масжидларда таровеҳ намозлари, мингдан зиёд жомеларда Қуръон хатмлари адо этилди. Рамазон кечаларида мусулмонларимиз ушбу ойнинг зийнати бўлган таровеҳ намозларида иштирок қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ойнинг кечаларини ибодат ила ўтказганларга хушхабарлар борлигини айтганлар. Хусусан, ҳадиси шарифларнинг бирида: “Ким Рамазон кечалари имон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари кечирилади”, деб марҳамат қилинган.
Муфтий ҳазратлари сўзларини якунлагандан кейин масжид жамоасини қизиқтирган саволларга жавоб бердилар. Суҳбатлар самимий руҳда, ниҳоятда файзли бўлди.

Олмазор туманига ташриф давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда жадаллик билан ривожланиб бормоқда. Буни турли соҳа вакилларидан иборат бўлган делегацияларнинг алмашинувида кўриш мумкин.

Шу ҳафтада Туркия уламолари делегациясининг Самарқанд, Бухоро, Тошкентга ташрифи, диний соҳа вакиллари ўртасидаги учрашувлар бунинг яққол мисолидир.

Муқаддас Рамазон ойи муносабати билан, 6 июнь куни Туркия Республикасининг Тошкент шаҳридаги элчихонасида Туркия элчиси томонидан ифторлик ташкил этилди. Ушбу ифторликда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳам иштирок этдилар.

Бу сингари учрашувлар мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг ривожига катта ҳисса қўшади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Узоқ вақтлардан буён кутилган ифторлик ташкил этилди. Бу ҳақда "arabnews.com" нашри хабар берди. АҚШ президенти Доналд Трамп Оқ Уйда ифторлик ташкил этди.

Ушбу ифторлик маросимига Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн, Қувайт, Ливия, Ироқ, Марокаш ва Жазоир элчилари таклиф этилди.

Саудия Арабистони, Индонезия ва Иордания элчилари билан бир дастурхонда АҚШ президенти ҳам жой олди.

Президент матбуот котиби Сара Сандерс аввалроқ ифторликда 40 нафар меҳмон таклиф этилганини маълум қилган бўлсада, меҳмонлар сони 50 нафарни ташкил этди.

Президент Трамп з сўзида Имом Агбере ва АҚШ армиясидаги мусулмонларга ташаккур изҳор этган.

ЎМИ Матбуот хизмати

jeudi, 07 juin 2018 00:00

Эътикоф учун навбат

Мусулмонлар учун Рамазон ойининг сўнгги 10 куни катта аҳамиятга эга. Бу кунлар мусулмон кишидан янада кўпроқ ибодат қилишни талаб этади. Суннат амал ҳисобланган эътикоф турли мамлакатларда турлича қизиқарли ўтади.

Индонезия
Ушбу мамлакатда эътикофда бўлиш учун олдиндан навбатга ёзилиш талаб этилади. 2018 йилда навбатга ёзилиш 1 майдан 4 июнгача давом этган. Бунда талабгор 16 ёшдан кичик бўлмаслиги талаб этилади.

Туркия
Бутун мамлакат бўйлаб 9364 та масжид эътикоф учун эшикларини очади.

Покистон
Покистоннинг Исломобод, Лаҳор, Карачи сингари йирик шаҳарларида эътикоф учун махсус тайёргарлик кўрилади. Бу ерда эътикофчилар учун турли дарслар ташкил этилади.

Эрон
2017 йилда Эрондаги масжидларда ўтган эътикофда 770 мингдан зиёд киши иштирок этган. 2018 йилда эса 800 минг нафардан ортиши маълум қилинган. Эронда эътикофга ёзилиш учун махсус интернет сайти орқали рўйхатдан ўтиш зарур.

Саудия Арабистони
Ушбу мамлакатда эътикофга алоҳида тайёргарлик кўрилади. Пайғамбар масжидида эътикоф учун 10 мингдан ортиқ одам келади. 2018 йилда эса эътикоф учун масжиднинг том қисми ажратилган. Эътикоф учун онлайн рўйхатдан ўтиш тизими яратилган.

Масжидул Харамда эътикофчилар учун ертўла ажратилган бўлиб, уларнинг мобил телефонларини зарядлаш учун махсус мосламалар жойлаштирилган. Масжид олдидаги майдонда ҳам эътикофга келганлар жойлаштирилади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Top