muslim.uz
Вақф хайрия жамоат фондига қанча маблағ келиб тушгани маълум қилинди
Вақф хайрия жамоат фонди ҳисобига 25 майдан бошлаб 5 июнь санасигача 18 049 841 (ўн саккиз миллион қирқ тўққиз минг саккиз юз қирқ бир минг) сўм келиб тушди. Шундан:
Хайрия учун: 1 870 997 сўм;
Закот, ушр, фитр ва фидя учун: 15 594 914 сўм;
Вақф учун: 583 930 сўм келган.
Фонд Payme, Click MBank тўлов тизимларига улангандан кейин келиб тушаётган маблағлар аввалги кунларга нисбатан ўсган.
Шуни эътиборга олишингизни истардик-ки, бугундан эътиборан ҳар куни куннинг сўнгги дақиқаларида «Вақф» хайрия жамоат фондига келиб тушган маблағлар ҳақида ҳисобот бериб борилади.
Қайд этиш керак, ҳозирги вақтда фондга маблағ ўтказиш учун пойтахтимиздаги 12 та масжид ва Зангиота мажмуасига инфокиоскалар ўрнатилган бўлиб, тўлов тизимлари ва банклардан ўтказилгани каби инфокиоскалар орқали тўлов қилинганда воситачи ўртасида комиссия олинмайди. Яъни, закот қилган кишининг закоти шариатда кўрсатилган ўрнига боргунга қадар бир сўм ҳам камаймайди.
Эслатиб ўтамиз, «Вақф» хайрия жамоат фонди Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5416-сон Фармони бўйича ташкил этилган бўлиб у ўз олдига масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш каби бир қатор ишларни мақсад қилиб қўйган.
Вақф хайрия жамоат фондига пул ўтказиш усуллари:
— Банк ҳисоб рақамлари:
АТИБ “Ипотека-банк” Юнусобод филиали;
МФО: 00837;
СТИР: 207276595;
ҳ/р: 20212000000881753002 «Хайрия»;
ҳ/р: 20212000100881753003 «Закот, фитр, ушр, фидя»;
ҳ/р: 20212000300881753004 «Вақф»
— Click:
*880*1100# ussd ёки Click Uzbekistan иловаси ва @Clickuz телеграм боти орқали;
— Payme ва MBank иловаси орқали;
— Тошкент шаҳрида қуйидаги масжидлардаги инфокиоскалар орқали:
1. Ҳазрати Имом масжиди;
2. Минор масжиди;
3. Шайх Зайниддин (Кўкча) масжиди;
4. Мирза Юсуф масжиди;
5. Новза масжиди;
6. Шайх Зиёвиддин масжиди;
7. Бўрижар масжиди;
8. Абдуллоҳ ибн Масъуд масжиди;
9. Катта Қозиработ масжиди;
10. Имом Бухорий масжиди;
11. Ракат масжиди;
12. Хўжа Аламбардор масжиди;
Ундан ташқари Тошкент вилоятидаги Зангиота мажмуасида ҳам инфокиоска ўрнатилган бўлиб, ушбу инфокиоскалар юртимиз мусулмонларига молиявий ибодатларини бажаришда ва хайр-саxоват қилишда кўмакчи бўлади.
Вақф хайрия жамоат фонди матбуот хизмати
Туркия яҳудийлари мусулмонлар учун ифторлик ташкил этди
Туркиянинг яҳудий жамоаси турли диний конфессиялар ўртасидаги ўзаро ҳурматни намойиш этиш мақсадида минглаб мусулмонлар учун ифторлик ташкил этгани маълум қилинди.
"Anadolu" агентлигининг хабарига кўра, Туркиянинг Эдирна шаҳрида мингдан ортиқ мусулмон иштирок этган ифторлик ташкил этилган. Бу сингари ифторлик бу йил тўртинчи марта ташкил этилаётгани ва йилдан йилга кўпчиликнинг диққат-эътиборига сазовор бўлаётгани айтилган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Масжид черковсиз қолган насороларга ўз эшикларини очди
Бахтсиз воқеа туфайли черковсиз қолган техаслик насронийлар Виктория шаҳар Ислом марказининг қавми рухсати билан якшанба кунлари ўз ибодатларини масжидда адо этиш имкониятига эга бўлишди. Бу ҳақда "ansar.ru" сайтига таяниб "info.islom" хабар берди.
"Бинодан хоҳлаганча фойдаланишингиз мумкин. Кетаётганда чироқни ўчириб кетсангиз бўлди", деб айтган масжид ходими Абу Ажрамий.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ёш олимлардан нималар кутиляпти?
Яқинда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ёш олимлар, тадқиқодчи ва талабаларнинг “Марказий Осиё ва ислом цивилизацияси” мавзуидаги республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Ушбу анжуманда жаҳолатга қарши курашишда энг устувор ғоя нима, давлатимиз раҳбарининг шу йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида ташкил этилган янги академиянинг асосий вазифалари, ушбу муассаса толиби илмларидан келгусида кутилётган натижалар ҳақидаги саволларга мутасадди вакиллар томонидан атрофлича жавоб қайтарилди. Қуйида ушбу фикр-мулоҳазаларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Нуримон АБДУЛҲАСАН,
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари:
– Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ва Бош Ассамблеянинг “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли махсус резолюциясини қабул қилиш бўйича ташаббусни илгари суриб, барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишга чақирди. Жаҳон жамоатчилигига Ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказиш мамлакатимизнинг энг муҳим вазифаси эканини маълум қилиб: “Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз”, деди. Жаҳолатга қурол билан эмас, балки маърифат билан курашиш лозимлиги, маърифат ғояси энг устувор ғоямиз бўлиши кераклигини баён этди.
Бугун Ислом дини таълимотидан ғараз манфаат йўлида фойдаланаётган кимсаларнинг четдан туриб тарқатаётган нохолис ахборотлари илми саёз кишилар, айниқса, ёшларнинг тўғри йўлдан адашишига сабаб бўлмоқда. Бу эса айни замонда Исломнинг асл инсонпарварлик, тинчлик ва бағрикенглик дини экани етарлича тарғиб қилинмаётгани, бузғунчи ғояларга қарши курашиш талаб даражасида эмаслигини кўрсатади. Шу каби долзарб масалалар Ислом дини маърифати бешикларидан бири бўлган юртимизда Ўзбекистон халқаро ислом академияси каби етакчи таълим ва илмий-тадқиқот муассасасига катта эҳтиёж бор эди.
Давлатимиз раҳбари фармони билан ташкил этилган ушбу муасссасада йирик мутахасис, катта илмий даражаларга эга олимларни етиштирамиз, дунёнинг турли жойларидан келган илму толибларга таълим-тарбия берамиз.
Ушбу илм-фан даргоҳида олимлар томонидан қилинадиган тадқиқодлар шунчаки қоғозларда қолиб кетадиган эмас, балки оламшумул бўлиши керак. Натижада яқин келажакда бутун дунёда Ислом ҳақиқатини тушунтирувчи масъул мамлакатга айланиб, яна ўтмишимизда бўлгани каби дин ва маърифат маркази сифатида ўзимизни қайта намаён қилишимиз керак.
Шайх Абдулазиз МАНСУР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари:
– Кишилар ҳотиржам яшашга халал берадиган, тинчликка дахл қиладиган қора кучларга қарши ҳар қачон муросасиз бўлиб, курашиб келган.
Яратган Раббимиз марҳамат қилади: “Аллоҳ (одамларни) тинчлик диёри (жаннат)га чорлайди ва хоҳлаган кишини тўғри йўлга ҳидоят этади”(Юнус сураси, 25-оят).
Афсуски, айни замонда бу илоҳий хитобларга амал қилмайдиган, балки Ислом дини таълимотини нотўғри талқин этишга уриниш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Биргина ИШИД ташкилоти хунрезлик, қўпорувчиликлар содир этиб, қанчадан-қанча бегуноҳ одамларнинг ҳаётига зомин бўляпти. Уларда заррача шафқат йўқ. Бу эса имонсизлик белгиси. Биз – тинчлик ва хотиржамликни хоҳловчи кишилар уларнинг чиркин ишларига қарши бирдамликда маърифат ғояси билан курашишимиз лозим.
Қуръони каримда айтилади: “Агар Аллоҳ одамларнинг бирини иккинчиси билан даф этиб турмас экан, шубҳасиз, Ер фасодга (бузғунчилик ва харобага) айланган бўлур эди, лекин Аллоҳ барча оламларга (нисбатан) фазл эгасидир” (Бақара сураси, 251-оят).
Динимиз, ёшларимиз онги учун қилинаётган асосий хуружлар ўргимчак тўри деб аталувчи макон – интернет орқали бўлмоқда. Ушбу виртуал оламда дин ҳақиқатини юзага чиқариш, борасида айниқса, ёш олимларимиз жонбозлик кўрсатиши керак. Сабаби улар дин бўйича чуқур билимга эга бўлиш билан бирга замонавий ахборот технологияларидан ҳам яхши хабардор. Ана шундай ҳар томонлама етук билимга эга олиму уламоларни етиштиришда ҳам Ўзбекистон халқаро ислом академияси таянч илмий даргоҳ бўлиб қолади, иншоаллоҳ.
Зоҳиджон ИСЛОМОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори:
Юртбошимиз фармони билан келгусида ҳар томонлама етук кадрларни тайёрлаши режалаштирилган етакчи таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси сифатида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилгани мамлакатимизда катта ижтимоий ҳодиса бўлди.
Айтиш жоизки, диний-маърифий соҳадаги ўзгаришлар – Ўзбекистоннинг ислом дунёсидаги ўрни ва нуфузини янада оширишга хизмат қилади.
Юртимиз қадимдан Ислом дини таълимотининг қадимий бешикларидан бири сифатида бутун дунёда тан олинади ва аждодларимизнинг бой маънавий меъроси ўзининг илмий аҳамияти билан юксак қадрланади.
Давлатимиз раҳбари илгари сурган консептуал ғояларни ҳаётга татбиқ этиш, Ислом дини таълимотининг асл инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, унинг ижтимоий ҳаётимиздаги ўрнини ёшларга тўғри етказиш, халқимизнинг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш, уни жаҳон оммасига кенг танитиш Академиямизнинг бирламчи вазифаси саналади.
Баҳриддин ХУШБОҚОВ
ёзиб олди.
Коинотга йўл!
Охирги йилларда инсон Ойга етиб бора олди. Фазовий қурилмалар Марс ва бошқа сайёраларга ҳам етиб боряпти. Инсоният нафақат Қуёш тизимидаги, балки, ундан ташқаридаги коинот жисмларига етиш учун қурилмалар, сунъий йўлдошлар учирмоқда. Муҳандислар фазо кемалари учун керакли дизайнларни тақдим этмоқдалар.
Биз биламизки, барча фазо кемалари эгри, қийшиқ чизиқ бўйича ҳаракатланиб, ҳаво қобиғидаги махсус чиқиш йўлларидан коинотга кўтарилади. Чунки, Ернинг тортишиш майдонлари кемаларни тортиб, текис ҳолда кўтарилишга йўл қўймайди. Шунинг учун махсус чиқиш жойидан, эгри чизиқ бўйлаб ҳаракатланиб, орбитага чиқади. Бу илмий ҳақиқат йигирманчи асрга келиб кашф қилинди. Илмий хулоса шундай: “Жисмларнинг фазога чиқишдаги ҳаракати эгри чизиқ бўйлаб амалга ошади”.
Қуръони Каримда ушбу ҳаракат ва махсус чиқиш жойлари ҳақида бундан ўн тўрт аср олдин айтиб қўйилган. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деган:
وَلَوْ فَتَحْنَا عَلَيْهِم بَاباً مِّنَ السَّمَاءِ فَظَلُّواْ فِيهِ يَعْرُجُونَ
“Агар уларга осмондан бир эшик очсагу ундан чиқиб турсалар ҳам” (Ҳижр сураси, 14-оят).
Бу оятдаги بَاباً “баабан” (“бир эшик”) жумласига эътибор берайлик. Бу жумла ҳаво қобиғидаги конинотга чиқиладиган махсус йўлакларга ишора қиляпти. Энди يَعْرُجُونَ “яъружуун” (“чиқиб турсалар”) калимасига эътибор берайлик. Бу калима “кўтарилмоқ”, “қийшиқ бўлмоқ”, “эгри ҳаракат қилмоқ” каби маъноларни билдиради. “Меърож” сўзи ҳам шу калима билан ўзакдош. Меърож – кўтариладиган нарса, зина деганидир.
Демак, “яъружуун” калимасидаги иккала маънони, ҳам “кўтарилмоқ”, ҳам “эгри ҳаракат қилмоқ” маъноларини биргаликда ифода этсак, “эгри ҳаракат билан кўтарилмоқ” маъноси келиб чиқади. Аллоҳ таоло бу оятда “сайр қиладилар”, “юрадилар” демади, балки, “эгри ҳаракат билан кўтариладилар” деди. Чунки, Аллоҳ таоло Ўзи яратган фазога чиқишда бўладиган ҳаракат эгри чизиқ бўйлаб бўлишини билувчидир.
Бундан ўн тўрт аср олдин, инсоният фазога кўтарилиш у ёқда турсин, фазо ҳақида, космик кемалар ҳақида, ҳаво қобиғининг тузилиши ҳақида маълумотга эга бўлмаган бир пайтда Қуръони Каримда ҳаво қобиғида махсус йўлаклар борлиги ва коинотга эгри чизиқ бўйлаб кўтарилиш ҳақида айтилгани – Қуръон Аллоҳнинг Каломи эканига, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Унинг охирги Расули эканликларига далолат қилади!
www.kaheel7.com сайтидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси