muslim.uz
Муфтий ҳазратлари “Рамазон қори” жоме масжидида мўмин-мусулмонлар билан дилдан суҳбат қурдилар
Кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигидаги уламолар, диний соҳа раҳбарлари Андижон вилоятига ташриф буюриб, мўмин-мусулмон юртдошларимиз билан дилдан маърифий суҳбат қурганлари, жоме масжидлар ободлиги, имом-хатиблар фаолияти билан яқиндан танишганлари, эҳтиёжманд кишилар ҳолидан хабар олиб, уларнинг кўнглига қувонч улашганлари ҳақида хабар берган эдик.
Бугун, сафарнинг иккинчи куни муфтий ҳазратлари Қўрғонтепа туманидаги “Рамазон қори” жоме масжидига ташриф буюрдилар. У кишига Андижон вилояти бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов ва Диний идора иш бошқарувчиси Рустам домла Жамилов ҳамроҳлик қилди. Бундан хабар топган одамлар тўп-тўп бўлиб йиғилди. Даставвал муфтий ҳазратлари масжидда олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиб, пешин намозини жамоат билан адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари буюк алломалар юрти бўлмиш Ватанимизда сўнгги йилларда масжид-мадрасалар қуриш одатий жараёнга айланиб бораётгани, ҳар куни юртимизнинг турли вилоятларидан янги-янги масжид қурилаётгани ёки қуриб битказилиб, ишга тушгани, янги диний таълим муассасалари очилаётгани ва яна яхши хушхабарлар кутилаётгани, айни замонда имом-домлалар, муддарисларимиз ҳам халқимизга, айниқса, ёшларимизга Ислом дини маърифатини етказиш, уларнинг таълим-тарбиясини яхшилаш ва эзгуликлар тарқатиш ишида жуда ҳам фаол бўлишлари зарурлигини таъкидладилар.
Шунингдек, Муфтий ҳазратлари ўз сўзларида тараққиётимизнинг янги даврида эҳтиёжманд оилалар қадр-қимматини кўтариш, турмуш шароитини яхшилаш борасида қилинаётган савобли ишларга урғу қаратдилар. Бундан ташқари, мусулмон киши қандай бўлиши кераклиги, динимиз аҳкомларига амал қилиш, илм олиш, касб-ҳунар эгаллашга интилиш каби мавзуларда маърифий суҳбат қилиб бердилар.
Ўз навбатида масжид ходимлари, намозхонлар сермазмун ва таъсирли маъруза учун миннатдорчилик билдиришди.
Муфтий ҳазратлари намозхонлар билан дилдан бўлган суҳбатлари якунида Ҳақ таоло юртимизга тинчлик-офият, файзу барака ва тан-сиҳатлик сўраб дуолар қилдилар.
Маълумот учун, бугун кун давомида диний соҳа раҳбарлари ва таниқли уламолар Андижон сафари давомида жоме масжидлар, маҳалла фуқаролар йиғинларида маърифий суҳбатлар ўтказишлари, “Мурувват” уйлари ва эҳтиёжманд оилалар хонадонида бўлиб, уларнинг ҳолидан хабар олиш, моддий кўмак кўрсатиши режа қилинган.
Сафар жараёнларини сайтимизда ёритиб борамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Bag‘rikenglik – azaliy qadriyat
Dunyoda globallashuv jarayoni shiddatli tus olgan bugungi kunda turli madaniyat va dinga mansub xalqlar o‘rtasida o‘zaro muloqot va hamkorlikni rivojlantirish dolzarb ahamiyatga ega.
Zero, bugun yakka shaxs yoki alohida millat va davlatning o‘z qobig‘idan chiqmasdan taraqqiy etishi tasavvurga sig‘maydi. Bunda esa, avvalo, bag‘rikenglik tamoyili ustuvor bo‘lmog‘i zarur. O‘z navbatida, mazkur tamoyilning qaror topishi har qanday davlatning tinch, osoyishta va farovon hayotiga ham kafolatdir.
Prezidentimiz 2017-yil 19-sentabrda BMT Bosh Assambleyasining 72-sessiyasida jahon hamjamiyati oldida turgan dolzarb masalalar haqida to‘xtalar ekan, “Ma’rifat va diniy bag‘rikenglik” deb nomlangan maxsus rezolyutsiyani qabul qilish taklifini ilgari surgan edi. 2018-yil 12-dekabrda BMT Bosh Assambleyasi 73-sessiyasi 51-yig‘ilishida mazkur rezolyutsiya 193 ta a’zo mamlakat tomonidan yakdillik bilan qabul qilindi.
“Ma’rifat va diniy bag‘rikenglik” rezolyutsiyasining aynan O‘zbekiston tashabbusi bilan ishlab chiqilishida o‘ziga xos ramziy ma’no bor. Bugun millatlararo totuvlik va konfessiyalararo bag‘rikenglikni ta’minlash borasida O‘zbekiston namunasi jahon hamjamiyati tomonidan keng e’tirof etilmoqda.
Darhaqiqat, O‘zbekiston zaminida azaldan islom dini bilan yonma-yon boshqa dinlar, madaniyatlar ham yashab, rivojlanib kelgan. Asrlar davomida yirik shaharlarimizda masjid, cherkov va sinagogalar mavjud bo‘lgani, turli millat va dinga mansub qavmlarning o‘z diniy amallarini erkin ado etib kelayotgani buning tasdig‘idir. Tariximizning eng murakkab, og‘ir davrlarida ham ular o‘rtasida diniy asosda mojarolar bo‘lmagani xalqimizning diniy bag‘rikenglik borasida katta tajriba to‘plaganidan dalolat beradi.
Yurtimizda bag‘rikenglik va murosaning ildizlari uzoq asrlarga borib taqaladi. Mamlakatimiz hududida faoliyat ko‘rsatgan turli dinlar madaniyati bo‘yicha izlanishlar qilgan yapon olimi Kyudzo Katoning ta’kidlashicha, Surxondaryo vohasidagi noyob budda madaniyati va yahudiy yodgorliklari, Buxorodagi nasroniylar ziyoratgohlari yurtimizdagi islom obidalari bilan bir qatorda turishi hech kimni ajablantirmaydi.
Jahondagi dinlarning barchasi ezgulik g‘oyalariga asoslanadi va yaxshilik, tinchlik, do‘stlik kabi xususiyatlarga tayanadi. Din odamlarni halollik va poklik, mehr-shafqat, birodarlik va bag‘rikenglikka da’vat etadi. Aksariyat dinlar bu dunyoni foniy, o‘tkinchi deb hisoblaydi. Ular insonning yashashdan asl maqsadi bu dunyoda xayrli, savob ishlar qilish, degan g‘oyani targ‘ib etadi. Barcha dinlarda inson hayotining mohiyati, mazmuni, kishilar o‘rtasidagi siyosiy-huquqiy, axloqiy munosabatlarni tenglik va adolat mezonlari asosida o‘rnatish o‘z aksini topgan. Xususan, yahudiylar jamoasi vakillaridan biri R.Bensman shu haqda to‘xtalar ekan, Bu xoroda dastlabki sinagoga VIII asrdayoq qurilgani, boshqa din vakillari bilan bir qatorda o‘z dinlariga erkin e’tiqod qilish uchun o‘sha paytda ham sharoit yaratib berilganini ta’kidlab: “O‘rta asr Yevropasi va Vizantiya imperiyasidan quvg‘in qilingan yahudiylik Markaziy Osiyoda boshqa dinlar bilan bir xil huquqqa ega edi”, deb yozadi.
Shu o‘rinda arxiyepiskop Vladimirning fikrlarini ham keltirish joiz deb bildik: “XIX asrda Rossiyaning markaziy mintaqalaridan majburlab ko‘chirilgan dehqonlar nochor ahvolga tushib qolganda mahalliy aholi ularga har tomonlama yordam ko‘rsatgan. O‘sha davr voqealarini ko‘rgan iyeromonax Xariton “...Mahalliy aholi nochor ko‘chmanchilarga rahmdillik bilan munosabatda bo‘ldilar, busiz ularning ko‘pchiligi ochlik va muhtojlikdan o‘lib ketgan bo‘lar edilar”, deb guvohlik bergan”.
Turkiston yerlariga kirib kelgan rus pravoslav ruhoniylari asosiy e’tiborni missionerlik faoliyatiga emas, balki o‘z jamoalarining diniy ehtiyojlarini qondirishga qaratgan. Pravoslavlar cherkov qurganida mahalliy musulmon aholi ham yordam ko‘rsatgani ma’lum. Masalan, Toshkent viloyatining Chirchiq shahridagi Muqaddas Georgiy ibodatxonasi qurilishiga mahalliy imom va savdogarlar moddiy ko‘mak bergan. Bu holat ushbu dinlar vakillari orasidagi o‘zaro hurmat o‘sha davrlarda ham mustahkam bo‘lganiga dalil bo‘la oladi.
Tarixiy manbalarda O‘zbekistonda diniy va etnik munosabatlar asosida biror marta nizo chiqmagani qayd qilingan. Bunday holatni hozir islom, xristian, yahudiy dinlari va boshqa konfessiyalarning o‘zaro munosabatlari misolida ham ko‘rish mumkin. Bu kabi do‘stona munosabatlar, ya’ni musulmonlar boshqa din vakillarining O‘zbekiston zaminida hamnafas bo‘lib yashashi diniy-ma’naviy totuvlik timsoli va barcha din vakillariga nisbatan bag‘rikenglikning eng yaxshi namunasi, deb aytishimiz mumkin.
Abu Rayhon Beruniy “Hindiston” asarida: “Biron xalqning u yoki bu udumlariga baho berishda bunisi menga yoqadi, unisi yoqmaydi, deyishga hech kimning haqqi yo‘q. Negaki, har bir xalq udumlari, an’analari ming yillar davomida shakllangan va o‘sha millatning hayot tarziga aylangan”, deb yozgan edi.
Buyuk ajdodimizning ushbu so‘zlari insoniyatning bir butunligi va taraqqiyotini belgilab beruvchi omillardan biri — madaniy turli-tumanlikka munosabatning o‘ziga xos shakli bo‘lib, bag‘rikenglik va millatlararo totuvlikning mohiyatini anglashda muhim ahamiyatga ega.
Hozir yurtimizda turli millat va elat vakillarining diniy urf-odatlari, an’analari va qadriyatlarini saqlab qolish hamda bag‘rikenglik tamoyillarini ta’minlash uchun yetarli shart-sharoitlar yaratilgan. Muhimi, bag‘rikenglik xalqimizning azaliy qadriyatiga aylanganini butun jahon e’tirof etmoqda.
Ne’matullo MUHAMMEDOV,
O‘zbekiston xalqaro islom akademiyasi
Islom tarixi va manbashunosligi — IRCICA kafedrasi mudiri,
tarix fanlari doktori, dotsent
Manba: “Yangi O‘zbekiston” gazetasi
2021-yil 09-iyun, 116-son 6-bet.
Ҳар бир яхшилик – ибодат
Ислом динидаги ибодатлар маълум бир амаллар билан чекланиб қолмасдан балки ижтимоий манфаати бор бўлган ҳар қандай ишни яхшилик қилувчи киши одамлар мақтови, уларнинг орасида обрў-эътибор орттириш мақсадида қилмаган экан, энг афзал ибодатлардан бири деб ҳисобланади.
Қайғуда қолган одамнинг кўз ёшларини аритиш, бошига мусибат тушганнинг мусибатини енгиллатиш, қалби ўксикнинг қалбига сурур бағишлаш, оч одамга таом едириш, мазлумни ҳимоя қилиш, золимнинг қўлини қайтариб қўйиш, қарзини узолмай юрганга кўмаклашиш, фарзандлари кўп камтар камбағалга ёрдам бериш, йўл тополмай турганга йўл кўрсатиш, илмсизга илм ўргатиш, мусофирга бошпана бериш, бирор ҳайвондан ёмонликни даф этиш, кўчада йўловчиларга озор берадиган нарсаларни олиб ташлаш, тирик жонга манфаат еткариш кабиларнинг барчаси тўғри ният билан қилинса, ибодат, Аллоҳга яқин қиладиган ишлар бўлади.
Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга рўза, намоз ва садақанинг даражасидан кўра афзалроқ ишнинг хабарини берайми?” дедилар. Саҳобалар: «Ҳа!», дейишди. У зот алайҳиссалом: «Одамлар ўртасини ислоҳ қилишлик» деганлар (Имом Термизий ривояти).
Яна бир ҳадиси шарифда: «Кимда ким бир беморнинг аҳволидан хабар олгани борса, самодан туриб бир нидо қилгувчи: «Яхши бўлгин, қадаминг ҳам яхши йўлни боссин ва Жаннатдан ўз манзилинга эга бўлгин!» дея нидо қилади» (Имом Термизий ривояти). Бошқа ҳадисда: «Кимда ким бир беморнинг аҳволидан хабар олгани борса токи ўтиргунича раҳматга шўнғиб борайверади. Энди қачон ўтирадиган бўлса, раҳматга ботиб кетган бўлади», деганлар (Аҳмад, Баззор ва Ибн Ҳиббоннинг “Саҳиҳ”ида ривоят қилинган).
Ислом бу амалларни қилишга тарғиб қилади. Мусулмонни Жаннатга яқин қиладиган ва дўзахдан узоқ қиладиган кундалик вазифалар қаторига қўшади.
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Бандани дўзахдан нима йироқ қилади?» деб сўрадим. У зот: «Аллоҳга иймон келтириш», дедилар. Мен: «Иймон билан бирга бирор амал ҳам борми?» дедим. «Аллоҳ сенга мулк қилиб берган нарсадан бермоқлигинг», дедилар. «Эй Аллоҳнинг набийси, агар беришга ҳеч нарса топа олмайдиган фақир бўлсачи?» дедим. «Амри маъруф ва наҳйи мункар қилади», дедилар. «Агар амри маъруф ва наҳйи мункар қилишга қурби етмасачи?» дедим. «Ундай бўлса, овсарга ёрдам берсин» дедилар. (яъни, қўлидан иш келмайдиган нодонга ҳунар ўрганиши учун ёрдам берсин). Мен: «Эй Расулаллоҳ, айтингчи, агар бирор бир ишни уддасидан чиқа олмайдиган бўлса нима қилсин?» дедим. У зот: «У ҳолда мазлумга ёрдам берсин», дедилар. Мен яна: «Эй, Аллоҳнинг набийси, айтингчи, агар мазлумга ёрдам бериш қўлидан келмайдиган заиф бўлса нима қилади?» дедим. У зот: «Биродаринга ҳеч бир яхшилик қолдиришни истамайсанми? Одамларга озор бермасин», дедилар. Мен: «Айтингчи эй, Аллоҳнинг расули, агар шу ишни қилса Жаннатга кирадими?» дедим. У зот: «Қайси бир мўмин ана шу хислатлардан бирини талаб қиладиган бўлса, у хислат унинг қўлидан тутиб Жаннатга олиб қиради», дедилар» (Имом Байҳақий ривояти).
Ислом шу сингари ҳар бир мусулмонни рағбатлантиради. Бу ибодатларни фақат бойларга хос бўлган молиявий, фақат кучлиларга хос бўлган жисмоний, фақат зиёлиларга тегишли бўлган маданий ибодатлар жумласидан ҳам қилган эмас. Аксинча барча инсоният учун бирдай мажбурият қилиб қўйди. Уни ҳар бир инсон тоқатига қараб адо этади, унда бою камбағал, кучлию кучсиз, авому уламо муштаракдир.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Инсонда олтмиш учта бўғим бор. Бас, у ана ўша бўғимларнинг ҳар бири учун садақа бермоғи лозимдир» дедилар. Одамлар: «Ундай бўлса, бу ишга кимнинг тоқати етар эди, эй Аллоҳнинг расули?» дедилар. (Улар молиявий садақа деб ўйлаган эдилар). У зот: « Масжиддаги балғамни кўмиб қўясан ва йўлда ётган нарсани олиб ташлайсан..» дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Кишининг биродарига қилган табассуми, қулоғи кар одамнинг эшитишига ёрдамлашиши, кўзи ожиз одамни етаклаши, тушунмай турган одамнинг тушунишига ёрдамлашиши, маслаҳат сўраган кимсага маслаҳат бермоғи, ёрдам сўраб турган мусибатзада дардига шерик бўлмоғи, кучсизларга қўли билан ёрдам бермоғи ва бу бошқа кўплаб амалларни садақалар қаторига қўшиб келган ва уларни буюк ибодат ва энг яхши садақа деб санаган.
Абдурауф Ёрбеков,
Сирдарё вилояти бош имом-хатиби ўринбосари
Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ҳамкорлик истиқболлари Афғонистон нашри нигоҳида
Афғонистоннинг етакчи оммавий ахборот воситаларидан – «Tolo news» ахборот нашри сайтида «Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари» сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Мақолада Марказий Осиё давлатларининг минтақавий ҳамкорлиги, Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик салоҳияти батафсил баён қилинган.
Нашрда таъкидланишича, Ўзбекистон раҳбариятининг қўшни давлатлар билан яхши қўшничилик, дўстона ва ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган ташқи сиёсати Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш, ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, шунингдек, транспорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун ишончли пойдевор яратди.
«Марказий Осиё давлатлари ҳудудида 75,3 миллион аҳоли истиқомат қиладиган бозор шаклланди. 2020 йилда давлатларнинг умумий ЯИМ 291,1 миллиард долларни, ташқи савдо айланмаси эса 142,5 миллиард долларни ташкил этди», дея таъкидланади материалда.
Минтақавий интеграция ишлаб чиқарувчилар харажатларини камайтириш ва ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга ёрдам беради. Бундан ташқари, Марказий Осиё давлатлари минтақа доирасида савдо операцияларини амалга оширишда маҳсулотлар етказиб бериш учун энг қисқа масофаларга эга бўлиб, уларга транспорт харажатларини тежашда афзалликлар беради.
«Tolo news»нинг ёзишича, минтақанинг барча мамлакатлари экспорт ҳажмини ошириш ва уларнинг ташқи савдосини диверсификация қилиш, янги ташқи бозорларга чиқиш ҳамда янги транспорт йўлларини яратиш ва улардан фойдаланишдан манфаатдор.
«Ҳозирги кунда Марказий Осиё мамлакатларининг асосий савдо йўллари шимолий йўналишга қартилганини ҳисобга олсак, ташқи савдони диверсификация қилиш орқали иқтисодий ҳамкорликнинг жанубий йўналиши - Афғонистон, Бангладеш, Бутан, Мальдив ороллари, Непал, Покистон, Ҳиндистон ва Шри-Ланка сингари Жанубий Осиё мамлакатлари билан истиқболли бозор очилади», - дея таъкидланади мақолада.
Нашрда қайд этилишича, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий истиқболли йўналишлари Марказий Осиё мамлакатларининг жанубдаги денгиз портларига чиқишни таъминловчи янги транспорт йўлакларини қуриш, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик (электр энергияси экспорти), ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш, шунингдек, ташқи савдони кенгайтириш ва диверсификация қилиш ҳисобланади.
«Икки минтақа ўртасида кўприк вазифасини бажарадиган Афғонистондаги вазиятнинг барқарорлашиши Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг янада ривожланишига хизмат қилади», – деб таъкидланади материалда.
«Шу муносабат билан Афғонистон ҳудудида транспорт-энергетика лойиҳаларининг амалга оширилиши савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни ўрнатиш, Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасида транспорт-коммуникация ҳамкорлигини мустаҳкамлаш имкониятларини кенгайтириш учун шароит яратади», – деб хулоса қилади «Tolo news».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Сохта салафийларнинг келиб чиқиши
Ибн Таймиянинг қарашлари ўз даврида фитналарга сабаб бўлишига қарамасдан унга эргашувчиларнинг сони жуда кўпчиликни ташкил этган. Тарафдорларининг асосини саводсиз -бадавийлар (саҳро халқи) ташкил қилган бўлса-да, аммо улар орасида айрим кўзга кўринган зиёлилар, олимлар ҳам йўқ эмас эди.
Бунинг асосий сабаби Ибн Таймия кучли тақвоси ва ўткир илми билан танилган Ҳанбалий мазҳабига мансуб намунали оиланинг фарзанди бўлганидир. Отаси ва бобоси замонасининг машҳур фақиҳларидан деб, тан олинар эди. Ибн Таймия мухолифатчилик ҳаракатларини асосан қирқ ёшда бошлаган.
Унгача эса, у ўз даврининг етук ҳанбалий мазҳабига мансуб фақиҳларидан бири бўлиб, бир неча фойдали диний асарларини ёзиб, атрофга танилиб улгурган эди.
Унинг илмий мансаб-мавқеи ва шуҳрати шу даражага етган эдики, у томондан айтилган ҳар бир фикр унинг ихлосмандлари тарафдан сўзсиз қабул қилинар, далиллари суриштирилмас эди. Унинг ана шу шуҳрати кейинги ихтилофли фикрларини атрофга ёйилишига омил бўлди. Булар эса, мусулмонлар жамоатига қарши фикрларини “безаб” ва “зийнатлаб” қўйган эди. Натижада унинг адашувини кўпчилик пайқамай қолди. Унинг “янгича фатволари” мухлислари томондан бош устига қабул қилинар, оқибатда эса, уни “мужаддид” (динни янгиловчи) ва “шайхул-ислом” деган “шарафли” лақаблар билан атай бошладилар. Аслида эса, Ибн Таймия “мужаддид” ҳам, “мужтаҳид” ҳам, асл салафий ҳам бўлмаган! Удан кейин вужудга келган “салафийлик” оқими ҳеч қачон салафи-солиҳларнинг йўлини тутмаган ва уларга мос келмаган! Балки, мусулмонлар жамоасидан ажраб чиққан айримларнинг адашувига сабаб бўлган бир кичик оқим - тўда холос!
Ҳозирги давримизда ҳам интернет ва ижтимоий тармоқларда салафийликни тарғиб қилаётган айрим шахслар (Абдуллоҳ Зуфар, Юсуф Даврон ва ўзини мен ҳам ҳанафийман деб, сохта салафийликни тарғиб қилаётган Содиқ Самарқандийлар) мазҳабга эргашиш шарт эмас деб, айни дамда эса, ўзлари сохта мазҳабда эканликларини англамаса.
Ҳақиқий салафлар эса, тўрт мўътабар мазҳаббошиларимиздир. Уларнинг тузган йўллари – мазҳабларида юришгина салафи солиҳларга эргашишликдир. Шуни англаш лозимки, уч олтин даврда яшаб ўтган салафи солиҳлар – мазҳаббошиларимизга тош отиш – Пайғамбаримиз алайҳиссалом мақтаган зотларга тош отишдан бошқа нарса эмас!
“Охунбобо” жоме масжиди имом хатиби
Ботиров Баҳодир