muslim.uz

muslim.uz

Диёримизда оила маънавияти ва маданияти асрлар давомида ўзига хос тарзда шаклланган. Ватанга, ота-онага содиқлик ва фидойилик ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Булар заминида ёшларга оилада, таълим масканларида, маҳаллаларда бериладиган таълим тарбия ётади. Шунинг билан биргаликда фарзанд тарбиясидаги энг муҳим омил бу – ота-она тарбияси, уларнинг фарзандига қилган эътиборидир. Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади”, деган мақол бежиз айтилмаган. 
Серфарзандлик ва болажонлик; катталарга ҳурмат, кичикларга мурувват; эркакларнинг оиладаги юқори мавқеи, аёлларнинг ройишлиги; оила ва никоҳнинг муқаддаслигига эътиқод; ота-оналарнинг фарзандлар олдидаги ҳамда фарзандларнинг ота-оналар олдидаги бурч ва масъулиятининг муҳим қадрият сифатида эътироф этилиши; оила шаъни ва обрўсининг авайлаб асралиши; келин ва қайнона муносабатларининг ўзига хослиги; катта оилаларда бобо ва бувиларнинг раҳнамолиги; қариндошлар, қўни – қўшнилар, маҳалла – кўй олдидаги мажбуриятини теран ҳис қилиш каби ўзбек оиласига хос бундай хусусиятлар замирида динимиз таълимотлари ётади. 


Дунёда ота-она энг улуғ зотлар ҳисобланади. Чунки улар ўз фарзандлари учун ҳаётини, меҳрини бағишлайди. Фарзанди катта бўлиб, оила қуриб кетгандан кейин ҳам у ҳақда қайғуришдан тўхтамайди. 


Ота-она фарзанди дунёга келиши билан уни парвариш қилиб, катта қилади, касал бўлса, даволайди, едиради, кийдиради, уни оқ ювиб, оқ тарайди. Умуман, фарзандини ҳаётда керакли барча нарсалар билан таъминлашга ҳаракат қилади. Ҳатто бунинг учун ўзлари ейиш-ичиш, кийиниш ва шу каби нарсалардан маҳрум бўлсалар ёки кечалари уйқудан қолсалар ҳам. 


Бугун ёшларимиз бахтли, чунки уларнинг ота-оналари бошида, улар учун керакли нарсаларни ортиғи билан олиб бермоқда. Тўғри, бу ишлар ота-онанинг фарзанд олдидаги асосий вазифаларидан ҳисобланади. Афсуски, баъзи ота-оналар ўзларининг вазифалари фақат шу деб ўйлашади. Ҳолбуки, булардан ҳам муҳим, булардан ҳам қийин ва булардан ҳам асосий вазифа ҳам бор, бу фарзанднинг маънавий-ахлоқий тарбиясидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бундай марҳамат қиладилар: “Ота-она фарзандига яхши хулқдан ҳам ортиқроқ нарса бера олмайди”. Демак, ота-она фарзандига берадиган энг яхши нарсаси қимматбаҳо кийим, яхши таом ёки ажойиб совға эмас, балки гўзал хулқ ва яхши тарбияси экан. Чунки кийим, таом ёки совға болага маълум вақт фойда беради, вақт ўтиши билан эса эскиради. Гўзал хулқ, яхши тарбия эса фарзандга умри давомида фойда беради. Нафақат умри давомида, балки вафотидан кейин охиратда ҳам наф келтиради. Зеро, ҳадиси шарифда: “Банда гўзал хулқи ила кечалари ибодатда қоим бўлувчи ҳамда кундузи рўза тутувчининг даражаси – савобига эришади”, дейилган. 


Тан олиш керакки, баъзи оилаларда ота-она эрталабдан кечгача ишлаб, кўча-кўйда юради, уйда бўлган вақтларида ҳам ўз ишлари билан овора бўлиб фарзандларига вақт ажрата олмайди. Натижада фарзанд тарбияни телефон, интернет, телевизор ҳамда кўча-кўйдан олмоқда. Шундай тарзда улғайган бола яхши хулқли, одобли, илм-маърифатли ва келажакда эл-юртига хизмат қилиб, ота-онасига раҳмат олиб келадиган бўлиб улғайишига ким кафолат бера олади?! 
Фарзандларимиз, бўш вақтларида нима билан шуғулланмоқда, куни билан вақтини нималарга сарфлаяпти, уйдаги телевизор ёки компютерда нималарни томоша қилаяпти, сиз олиб берган телефондан яна қандай ишларда фойдаланмоқда, интернетда қандай маълумотларни ўқиб, қандай лавҳаларни кўрмоқда, кўчада кимлар билан дўст бўлиб, улар билан вақтини қандай ўтказмоқда ёки сиз бераётган пулларни қаерларга сарфлаяпти?! Бундай ишларда фарзандни назоратсиз қолдириш мумкин эмас. 


Бир одам ўғли билан бирга ҳазрат Умар (р.а.)нинг ҳузурига келди: 
“Бу ўғлим, менга итоат этмайди”, дея шикоят этди. 
“Аллоҳдан қўрқмайсанми, нега ота-онангга қарши чиқасан? Ота-онанинг фарзандда жуда кўп ҳақлари бор”, дея ҳазрати Умар ўсмирни огоҳ этиб, танбеҳ бердилар. 
“Эй мўминлар амири, боланинг ҳам отада бирон ҳаққи борми?” дея сўради ёш йигит. 
“Ҳа, бор. Аввал яхши хотинга уйланиши, бола туғса, яхши исм қўйиши, унга Қуръони каримни ва фарз ибодатларини ўргатиши, уйланадиган ёшга етгач уйлантириши – боланинг отасидаги ҳақларидандир”, дедилар ҳазрати Умар. 
“Аллоҳга қасамки, отам мусулмон аёлларни қолдириб, 400дирҳамга сотиб олган бир чўри билан турмуш қурди. Менга яхши исм қўймади. Исмимни қурт – ҳашорат маъносида Жуҳла деб қўйди. Менга Қуръони каримдан ва ибодатлардан ҳеч нарса ўргатмадилар”, деди. Буни эшитган ҳазрати Умар ўсмирнинг отасига қараб: Ўғлим менга итоат этмайди, дейсан. Ҳобуки, у сенга қарши чиқишдан аввал сен уни ҳақларини топтаб, фарзандинг олдидаги вазифаларингни адо этмабсан-ку. Энди бор, аввал ўз вазифаларингни бажар, - дея ҳалиги кишига танбеҳ берган экан. 


Ҳадис шарифда “Фарзандинг ё жаннатинг ёки дўзахингдир”, деб айтилган. Агар ота-она фарзандини яхши хулқли, одобли ва имон-эътиқодли қилиб тарбияласа, бундай фарзанд қиёмат кунида ўзи билан ота-онасини ҳам жаннатга етаклайди. 
Шундай экан, ҳар бир ота-она фарзандларининг тарбиясига кўпроқ эътибор бериши, уларга алоҳида вақт ажратиб, одоб-ахлоқдан таълим бериши, уларни доимо назорат қилиб бориши, ёмонларга яқин йўлатмаслиги лозим экан. Ана шунда улар ота-онаси ва эл-юртига хизмат қиладиган, уларга икки дунёда обрў олиб келадиган, юзларини ёруғ ва бошларини юқори қиладиган фарзандлар бўлиб катта бўлишади.



ЎМИ матбуот хизмати

 

Юртимизда карантин чекловлари янада кучайтирилди. Тўғриси, ҳатто энг одамови ва ёлғизланишни ёқтирадиганлар ҳам бундай чекловлардан зада бўлгани рост. Бироқ вазиятнинг шундай мураккаблашувига ўзимиз сабабчи бўлмадикми!?
 
Хатарли касаллик мамлакатимизга кириб келган дастлабки кунларда халқимизни бу балодан омон сақлаш учун зарур барча чоралар кўрилди. Беморликда шубҳаланганлар қатъий карантинга олинди. Коронавирусга чалинганлар, ҳатто касаллик аломатларсиз кечаётганлар зудлик билан шифохоналарга ётқизилди. Кўмак сўраган, эҳтиёжманд оила борки, барига озиқ-овқат маҳсулотлардан иборат моддий ёрдам кўрсатилди.
 
Кунлар исигач, касаллик ортга чекинишига умид билдирган эдик. Лекин, мутацияга учраган СOVID-19 ўз хоссасини ўзгартириб, яна мослашувчан, яшовчан, ўта хавфли, тез юқадиган бўлиб қолгани аён бўлмоқда.
 
Кўзга кўринмас бало ўзгардию лекин биз одамлар ўзгармадик. Карантин чекловлари май ойида секин-аста юмшатилиши билан кўча-кўйда гурра-гурра бемақсад тентираб юрганларни учратиш одат тусига кирди. Онахону келинларнинг тугун кўтариб тўй-тадбирларга, туғруқу йўқловларга бориши, эркакларнинг гап-гаштаги авж олди.
 
Дўконларда маҳсулотнинг ишлаб чиқариш санаси билан танишиб улгурмай, ёнгинангизда яна тўрт харидор тўпланади. Эҳтимолки, минг марта масофа сақланиши ҳақида огоҳлантрилсада, кассага ҳисоб-китоб қилиш учун барча ғужғон бўлиб олган. Талаб этилаётган икки метрлик ижтимоий масофа бу ерда йигирма сантиметр ҳам келмайди!
 
Тахминан уч-тўрт кунларча аввал электр энергияси пулини тўлаш учун банкка киргандим. Одамларнинг ўзини гўёки ҳеч нима бўлмаганидек тутиши ажаблантирди. Кимдир иши беш кундан буён битмаётганини пеш қилиб, ўзини банк ходими ўтирган дарчага уради. Бошқаси навбатнинг охирини кўра-била туриб, тиқилинч жойга, «очеред бошига» атайин суқилади. Навбат кутишни ҳеч ким истамайди. Барча биринчи!
 
Яшириб нима қилдик, бу каби ўзибўларчиликларга, бепарволик, бамайлихотирликка бозорда ҳам, супермаркетларда, турли ижтимоий объектларда гувоҳ бўлдик. Ёшлар тун қадар кўп қаватли уйлар атрофида тўпланиб, «дом»ни бошга кўтариб, «ҳиринг-ҳиринг» қилганида, тартибга чақирадиган, танбеҳ берадиган одамнинг ўзи топилмайди. Ниқоб тақмаган кўп, уни даҳанига тушириб олган, нотўғри таққан ундан ҳам бисёрлигига баримиз кўз юмдик. Ваҳоланки, бундай ҳолатлар юз берганида хорижий давлатларда тегишли қатъий чоралар кўрилаётганини чет эл сайтлари, ойнаижаҳон орқали кўриб, билиб турибмиз.
 
Масалан, 97 миллион аҳолиси бўлган Вьетнамда карантин қоидаларига сўзсиз амал қилиниши натижасида атиги 300 нафар "СOVID-19" билан оғриган бемор аниқланди. Одамларнинг ҳаётдан кўз юмишига йўл қўйилмади.
 
АҚШда мажбурий ўз-ўзини яккалаш тартибига риоя этмай, вирус юқтирган шахсларни 100 минг долларлик жарима солиш ёки қамоқ жазосига ҳукм этиш белгиланди. Малайзияда вирус хавфи тобора ортаётганини сезган одамларнинг ўзи интернет орқали карантин муддатини узайтиришни талаб этиб имзо тўпламоқда.
 
Франция, Полша, Чехия, Норвегия, Австралия, Аргентина, Малта каби давлатларда карантин қоидаларини бузганлик учун анчагина салмоқли миқдордаги жарима белгиланган. Исроилда карантин қоидасини бузиш 3 йилдан 7 йилга қамоқ билан жазоланади. Хитойда карантин пайтида ўзининг касаллигини била туриб, кўчада юрган одамга жиноий жавобгарлик белгиланган.
 
Карантин кучайтирилиши юртимизда мажбурий чора сифатида қўлланилди. Негаки, бепарволик сабаб кунига 300-400 дан ортиқ хавфли вирусга чалинган бемор аниқланяпти. Касалланганларнинг ҳаётдан кўз юмиш ҳолати кўпайди. Аҳвол шу тарзда кетса, минг ўринли шифохона уч-тўрт куннинг ўзида тўлиб кетиши, тиббиёт ходимлари ҳеч нарсага улгурмаслиги, наинки бутун бошли соғлиқни сақлаш тизими, иқтисодиёт ҳам танг аҳволда қолиши, издан чиқиб кетиши ҳеч гап эмаслигини воқеалар жараёнидан осонгина англаш мумкин. Айтиш, тасаввур этиш, кўз олдимизга келтириш қанча оғир, қўрқинчли бўлсада, бироқ бу бор ҳақиқат.
 
Шундай экан, бепарво бўлишга, бемақсад кўча-кўйда тентирашга, ўзимиз, яқинларимиз, юртдошларимизнинг соғлиғини, инсонга атиги бир марта ато этилган умрини хатарга қўйишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ!
 
ЎзА

 

ЎМИ матбуот хизмати

Бугун 10 июль куни Тошкент ислом институти ташаббуси билан Исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Миродил Ҳайдаровнинг араб тилидаги “Шариат ва Ўзбекистон кодексида Оила ҳуқуқи: ҳанафийлик мазҳаби асосида никоҳ ва талоқ масалалари” номли китобининг онлайн тақдимоти ташкил этилди, дея хабар бермоқда Тошкент ислом институти сайти.

ZOOM дастури орқали ўтказилиб, 80дан ортиқ тадқиқотчилар, устозлар, талабалар ва қизиқувчилар иштирок этган тадбирни модератор сифатида Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров кириш сўзи билан очиб берди. Кириш сўзида Миродил Ҳайдаровнинг илмий-касбий фаолияти тўғрисида қисқача маълумот берилди.

Шундан сўнг, китоб муаллифи Исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Миродил Ҳайдаровга сўз берилиб, “Шариат ва Ўзбекистон кодексида Оила ҳуқуқи: ҳанафийлик мазҳаби асосида никоҳ ва талоқ масалалари” номли китоби тақдимоти бошланди.

Миродил Ҳайдаров китобнинг аҳамияти тўғрисида гапириб, ундаги никоҳ ва талоқ масалалари ҳанафийлик мазҳабидаги энг муътабар китоблардан бири Бурҳониддин Марғилонийнинг “Ал-Ҳидоя” асари ва Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексидаги тегишли моддаларнинг қиёсий таҳлили араб тилида илмий асосда тадқиқ этилганини таъкидлади. Шунингдек, никоҳ ва талоққа оид замонавий масалаларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатволаридан кенг фойдаланиб, мавзунинг ҳозирги кунимиздаги аҳамиятини очиб берди.

Таъкидлаш жоизки, буюк аждодимиз Бурҳониддин Марғилонийнинг тўққиз аср аввал (ҳижрий 573 йил, мелодий 1178 йил апрель ойида) таълиф этган “Ал-Ҳидоя” асаридаги никоҳ ва талоққа оид китоби илк бор Оила кодексидаги моддалар билан араб тилига таржима қилиниб, қиёсий тадқиқ қилиниши диний ва ҳуқуқий соҳадаги янгиликлардан бири бўлди.

Китоб тадқиқоти орқали Миродил Ҳайдаров ўз асарида оилалардаги келишмовчилик ва ажримларнинг олдини олишда шариат ва қонуннинг тутган роли, никоҳ ва талоқ масаласида ўзбошимчаликка йўл қўймаслик, оилада эр ва хотиннинг шаръий ва қонуний ҳуқуқлари, оилавий муносабатларни тартибга солиш каби муаммоларга алоҳида тўхталиб ўтган. Хусусан, муаллиф ҳанафий мазҳаби қоидалари асосида Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексидаги Никоҳ ва никоҳнинг тугатилишига оид баъзи моддаларга тўлдириш ва қўшимчалар киритиш бўйича ўз таклифларини билдириб ўтди.

Тақдимотдан сўнг, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов, ТИИ “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси Муҳаммад Айюбхон Ҳомидов ва профессор Бахтиёр Тўраев китобнинг аҳамияти ҳақида гапириб, муаллифнинг меҳнатига юқори бериб, зарур ўринларда ўз таклифларини бердилар.

Миср Араб Республикасининг “Мактабат Ал-Азҳарийя лит-турос” нашриётида араб тилида чоп этилган ушбу китоб мутахассислар томонидан ҳам катта қизиқишга сабаб бўлди. Жумладан, Шайх Муҳаммад Тавфиқ Рамазон ал-Бутий, Дамашқ университети профессори доктор Бадиъ Саййид ал-Лаҳҳам, Шайх Исмоил Булбул ҳамда юртимиздаги исломшунос олимлар эътирофига лойиқ деб топилди.

 

ЎМИ матбуот хизмати

«КazakhTourism» миллий компанияси янги сайёҳлик йўналиши сифатида Қозоғистон ҳақида имижли видеороликларини яратиш ниятида.
Kazakh-tv.kz маълумотига кўра, уч тилдаги – қозоқ, рус ва инглиз тилларидаги ушбу видеоролик республиканинг фавқулодда сайёҳлик салоҳиятини яққол намоён этади. Дарвоқе, мутахассислар мамлакат ва бутун Марказий Осиё минтақаси диққатга сазовор омилга эга эканини ҳам айтишади. Бу ерда Шарқ ва Ғарб, шунингдек, замонавий инфратузилма ва қадимий цивилизацияларнинг бой тарихи уйғунлашиб кетган. Бу ерда антик даврнинг энг машҳур олимлари ишлаган. Замонавий Ўрта Осиё минтақасида улар учун бу қадар жозибадор бўлган нарсаларни туристлар туркий дунёнинг буюк алломалари изидан бориб топишлари мумкин. Бирлашган саёҳатлар уларга бу имкониятни бериши мумкин. Ўзбекистонлик мутахассислар Қозоғистон Республикаси Туркистон виляотидаги Аҳмат Яссавий мақбараларига, сўнгра Ўзбекистоннинг Тошкент вилоятидаги "Зангиота" ёдгорлик мажмуасига ва Қорақалпоғистондаги Ҳаким ота Бакирғоний мақбарасига ташрифларни қамраб оладиган трансчегаравий саёҳатларни ҳам ишлаб чиқишни таклиф этмоқда.
«Мы предлагаем сформировать Единый календарь культурных мероприятий стран тюркоязычных государств, в рамках которых необходимо будет координировать организацию различных фестивалей, демонстрирующих культуры и традиции тюркоязычных стран», - сказал председатель Государственного комитета по развитию туризма Узбекистана, Азиз Абдухакимов.
"Биз туркий тилли мамлакатларда маданий тадбирларнинг ягона тақвимини яратишни таклиф қиламиз, унда туркий тилли мамлакатларнинг маданияти ва анъаналарини намойиш этувчи турли фестивалларни ташкил этишни мувофиқлаштириш керак бўлади", - дейди Ўзбекистон туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов.
Ихтисослашган сунъий йўлдош телеканали Қозоғистон, Туркия, Озарбайжон, Ўзбекистон ва Қирғизистон доимий аъзо бўлган Туркистон Кенгаши давлатларининг сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилади. Мутахассислар республикаларда туристик йўналишларнинг ягона харитасига эга умумий Интернет порталини яратишни ҳам таклиф қилмоқдалар. Сайтда маҳаллий ва хорижий сайёҳларга туркий халқларнинг тарихи, маданияти, анъаналари ва замонавий ҳаёти ҳақида маълумотлар берилади, виртуал саёҳатлар ва экскурсияларни жойлаштириш имконини беради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Янгиликлар

Top