muslim.uz

muslim.uz

Бугунги кунда Германия Европадаги шарқшунослик ва исломшунослик фанлари ривожланган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Охирги икки юз йил давомида бу мамлакатдан юзга яқин йирик исломшунос ва шарқшунос олимлар, араб, форсий ва туркий  тилларда ёзилган мўътабар манбаларнинг моҳир таржимонлари етишиб чиқди. Жумладан, Фридрих Август Деофидус Тоулукнинг (1799-1877) “Ваҳдати вужуд” номли китобини  мутолаа  қилган  диалектика мактаби  назариётчиси ва файласуфи Георг  Вильгельм Фридрих Гегель (1770-1831) шу даражада Мавлоно Жалолиддин Румий қарашларининг таъсири остига тушиб  қоладики, унинг “ваҳдати вужуд” назариясини ўзининг “Фалсафий фанлар энциклопедия”сида ҳам  келтиради.

     Филология фанлари доктори, профессор Аннемарие Бригитта Шиммел Германиянинг XX асрдаги машҳур исломшунос ва шарқшунос олимаси ҳисобланади. У ислом тарихи, адабиёти, фалсафаси ва айниқса, тасаввуфга доир 120 дан ортиқ асар ёзган. Шу жумладан, унинг “Жонон менинг жонимда” номли асари олмон тилидан ўзбек тилига таржима ва нашр қилинган.

Исломшунос немис олимлардан яна бир Аннемарие Шеммел бўлиб, у тасаввуф таълимотининг йирик тадқиқотчиларидан бири сифатида  аҳамиятга молик асарлар қолдирган.  Жумладан, у ўзининг “Шамс шукуҳи” номли китобида Мавлоно Жалолиддин Румийнинг тасаввуф фалсафаси ва  илоҳиётга оид  фикрларини тадқиқот доирасига  тортар экан, унга нисбатан  бўлган ҳар қандай  шубҳани  бартараф этиш, унинг  нуроний ва  самимий чеҳрасини  кўрсатишга  ҳаракат қилади. Шиммел ўз асарларида ваҳий, инсон мақоми, моддий дунё акси, ҳақиқий ишқнинг асл илдизи каби мавзуларга оид Румийнинг фалсафий фикрларига жиддий эътибор қаратади.

Бугун биз батафсил ёритмоқчи бўлган машҳур немис исломшунос ва тасаввуфшунос олими Берндт Рудольф Радткдир.  У 1944 йилда Германияда туғилиб, 1966-1974 йиллар мобайнида Швециянинг Базл университитетида тадқиқотчи сифатида фаолият олиб борган.

Берндт Рудольф Радтк Марказий Осиёдан чиққан буюк мутафаккирлар ҳаёти ва илмий меросини тадқиқ қилиш борасидаги изланишлари билан ҳам шуҳрат қозонган. Б.Р.Радткнинг ана шундай қимматли тадқиқотларидан бири унинг машҳур исломшунос олим Фритис Майер илмий раҳбарлиги остида “Учинчи ҳижрий (милодий IX аср) асрнинг мусулмон олими Ал-Ҳаким ат-Термизий” мавзусида ёқлаган докторлик диссертацияси эди.

У 1992 йилдан буён Утрих университетида форс ва араб тиллари мутахассиси сифатида талабаларга сабоқ бериб келмоқда.

Берндт Рудольф Радткнинг немис тилида ёзилган юздан ортиқ мақолалари асосан ислом дини тарихи, фалсафаси ва маданияти, тасаввуф таълимоти тадқиқотига бағишланган бўлиб, Европадаги бир қатор илмий журнал ва мажмуаларда нашр этилган, “Араб адабиёти энциклопедияси” ва “Ислом энциклопедияси” каби йирик фундаментал илмий манбаларга киритилган.

Берндт Рудольф Радтк ўттиз йилдан ортиқ давр мобайнида олиб борган тадқиқотлари натижасида улуғ мутасаввиф ва муҳаддис, “Ҳакимия” тасаввуфий-ирфоний мактабининг асосчиси, улуғ юртдошимиз Ҳаким ат-Термизий ҳаёти ва маънавий меросига оид бир қатор рисола ва илмий мақолалар эълон қилган. Бу борада айниқса, унинг “Ал-Ҳаким ат-Термизий” номли монографияси алоҳида ўрин тутади.

Радткнинг Ҳаким ат-Термизий ҳаёти ва меросини ўрганиш бўйича амалга оширган йирик ишларидан яна бири мутафаккирнинг араб тилида ёзилган “Бадв уш-шаън” асарининг немис тилига қилган таржимасидир. Ундан сўнг 1996 йилда Берндт Радтк америкалик олим Жон Укин билан ҳамкорликда Англияда Ҳаким Термизийнинг “Бадв уш-шаън” ва “Сийрат ул-авлиё” асарларини инглиз тилидаги таржимаси ва шарҳи билан бирга нашр эттирган. “Сийрат ул-авлиё”нинг Б.Радтк томонидан нашрга тайёрланган танқидий матни (аслиятда, араб тилида) эса 1992 йил Байрутда чоп этилган. Мазкур асарнинг инглиз ва араб тилларидаги вариантлари асосида бир қанча тасаввуфий асарларни инглиз тилидан форс тилига таржима қилган эронлик тасаввуфшунос олим Мажидиддин Кайвоний 2000 йилда “Мафҳуми “валоят” дар оғози ирфони исломий” (“Ислом ирфонининг бошланиши даврида “валоят” тушунчаси”) номи остида форс тилига таржима қилиб, чоп эттирди.

Ҳозирги кунда Берндт Рудольф Радткнинг ўндан ортиқ ёзган асарлари жумладан, “Ҳаким Термизийнинг уч асари” номли монографияси, “Мистик ал-Ҳаким ат-Термизий”, “Ал-Ҳаким ат-Термизий – IX аср ислом дини пешвоси”, “Хуросон ва Трансоксиания (Мовароуннаҳр)лик илоҳиёт пешволари ва мистик (суфий)лар” каби асар ва мақолалари жаҳон тасаввуфшунослигида қимматли тадқиқотлар сифатида кенг фойдаланилади. Чунончи, Термизий алломалар ҳаёти ва илмий-адабий мероси бўйича тадқиқотлар олиб борган ўзбек олимлари Р.Абдуллаев ва Ж.Чўтматов бир неча ўринда Б.Радткнинг Ҳаким ат-Термизийга оид рисоласига мурожаат этганлар.

Хулоса қилиб айтганда, Б.Радткнинг ислом тарихи ва фалсафасига оид тадқиқотлари жаҳон исломшунослиги тарихида ўзига хос аҳамиятга эга. Уларни ўзбек тилига таржима ва нашр қилиш шак-шубҳасиз, ўзбек исломшунослигининг ривожи учун ҳам хизмат қилади. 

 

Мухлисабону Махкамова

Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси

Исломшунослик факултети талабаси

 

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоятидаги вакили, вилоят бош имом хатиби Зайниддин Эшонқулов иштирокида Самарканд шаҳри отинойилари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда 139 нафар отинойига фаолиятларини юритиши учун Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг махсус гувоҳномалари топширилди.
“Отинойилар касбий маҳорати, билим савиясини оширишга қаратилган ўқув машғулотлари ташкил этилиши бизга жуда яхши имконият бўлди, – дейди ЎМИ Самарканд вилояти бош имом хатибининг хотин-кизлар масалалари буйича маслахатчиси Н.Темирова. – Ўқув машғулотлари якуни бўйича ўтказилган тест синовларидан муваффақиятли ўтган 847 нафар вилоятимиз отинойиси махсус сертификатни қўлга киритиб, фаолият юритаётган эди.
Ушбу отинойиларимиз жорий йилнинг 20-23 июнь кунлари Республика комиссиясидан имтиҳондан ўтишди. Якуний натижаларига кўра, 550 нафар отинойи Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг отинойилик фаолиятини юритиш бўйича гувоҳномасига сазовор бўлишди. Ана шу гувоҳномалар вилоятимиз бош имом хатиби З.Эшонқулов иштирокида Самарканд шахрининг 139 нафар отинойисига берилди. Бу эса ўз навбатида отинойилар зиммасидаги масъулиятни янада оширади.
Аллоҳ таоло отинойиларимизга халқимиз маънавий-маърифий дунёқарашини бойитиш йўлида сарф этаётган беминнат меҳнати, хизмат ва вақтларининг ажру мукофотини зиёда қилсин”.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

vendredi, 10 juillet 2020 00:00

Воқеа сураси фазилатлари

Воқеа – қиёмат номларидан бири. Воқеа сурасида қиёмат қоим бўлганда рўй берадиган ҳодисалар баён этилган, охиратда бандалар оладиган мукофотлари, жаннат неъматлари, дўзах аҳлининг азоб-уқубатлари тафсилоти келтирилган.

Ибн Асокир нақл қилишича, Абдуллоҳ ибн Маъсуд розияллоҳу анҳу вафот этиши арафасида бетоб бўлиб қолди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳумо уни кўргани бориб, ҳол-аҳвол сўради:

– Нимадан шикоятинг бор?

– Гуноҳларимдан.

– Нимани хоҳлайсан?

– Парвардигорим раҳматини.

– Сенга табиб буюрайми?

– Табиб (яъни, Аллоҳ) мени бетоб қилди.

– У ҳолда сенга совға-салом буюртирайми?

– Ҳожати йўқ.

– Сенга керак бўлмаса, қизларингга қолади.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бунга жавобан бундай деди:

– Қизларим камбағал бўлиб қолишларидан қўрқяпсанми? Мен уларга ҳар кеча Воқеа сурасини ўқишни буюрганман. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар кеча Воқеа сурасини ўқиса, зинҳор қашшоқликка учрамайди”, деганларини эшитганман.

Тунда Воқеа сурасини бошидан охиригача ихлос билан ўқиган одам қашшоқлик кўрмайди: ризқи кенг бўлади, касб-корига барака киради. Тажрибада синаб кўрганлар бунинг ҳақиқат эканини таъкидлашган.

Воқеа сураси кенг ризққа сабаб бўлиши ҳақида бундан бошқа ривоятлар ҳам бор. Жумладан, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Воқеа бойлик сурасидир. Уни (ўзингиз) ўқинг, фарзандларингизга ҳам ўргатинг”, деганлар (Ибн Мардавайҳ ривояти).

ЎМИ матбуот хизмати

Коронавирус пандемияси туфайли бутун дунё мусулмон оламида бўлгани каби юртимизда ҳам инсонлар диний-маънавий эҳтиёжини таъминлаш ишлари кенг миқёсда олиб борилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси халқимизнинг диний ва ижтимоий масалаларга оид билимларга бўлган чанқоғини қондириш мақсадида ижтимоий тармоқлар орқали имом-хатибларнинг жума маърузаларини онлайн тарзда бериб бормоқда.

Шундай синовли кунларда Аллоҳ таолодан бу синовларни тезроқ кўтаришини сўраб, хайрли ишларда бардавом бўлиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Шуларни инобатга олиб, юртимизда карантин бошлангандан буён жума маърузалари узлуксиз равишда ижтимоий тармоқлар орқали онлайн узатилмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги вакиллари бош имом-хатиблари жума маърузасини онлайн олиб бормоқда.

Бугунги жума маърузаси "Исломда соғлом турмуш тарзи" мавзуида бўлади.

Сиз ҳам қуйидаги линклар орқали жума маърузасини онлайн тамоша қилиб, маърифат олишингиз мумкин.

https://www.facebook.com/fitratuz/videos/1152708925096483/ 
https://www.facebook.com/naqshband.uz 
https://www.facebook.com/hazratnavoi.uz/ 
https://www.facebook.com/zamaxshariy/ 
https://www.facebook.com/Ravza.uz.sahifasi/videos/1210736232596680/ 
https://www.facebook.com/story.php?story_fbid=1197039117342661&id=100011097518323 
https://www.facebook.com/nasafziyouz.qashqadaryo/videos/937934719967507 
https://www.facebook.com/imonuz/ 
https://www.facebook.com/muslimun.uz 
https://www.facebook.com/sammuslim.uz 
https://www.facebook.com/profile.php?id=100043744688730 
https://www.facebook.com/zayniddin.eshonqulov.9/videos/293567312022882/ 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Аллоҳ таоло инсонга беҳисоб неъматлар берди. Шу билан бирга уни ушбу неъматлар ҳақида синов қилиб, имтихондан ўтказишни ҳам ирода килди. Ҳақиқий мўмин  киши ҳаётида учрайдиган барча салбий ҳолатларга сабр-тоқат килади ва Парвардигордан бунинг эвазига ажру-савоб ато қилишини сўрайди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар мўминга ҳурсандчилик етса, шукр қилади. Бу унга  хайрлидир. Агар  унга бирон зарар етса, сабр килади. Бу ҳам унга хайрлидир”,  деганлар. Яна бир ҳадиси шарифда эса: “Исломга ҳидоят қилинган, яшашидан рози ва қаноатли кишига жаннат бўлсин. Ўзларингизга қаноатни лозим тутинглар. Чунки қаноат битмас-туганмас бойликдир”, дейилади (Имом Табароний).

      Мўминнинг саодати Аллоҳ унга ризқ қилиб берган нарсага рози бўлишидир. Аллоҳнинг Раззоқ сифатига имон келтириб, Унга ҳақиқий таваккал қилиш, борга ҳам, йўққа ҳам шукр қилиш қаноатдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) турмушнинг барча жабҳасида қаноатли эдилар. У зот (алайҳиссалом) бундай  дердилар: “Бойлик мол-дунёнинг кўплигида эмас, балки кўнгил тўқлигидадир” (Имом Бухорий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) кирганида, у зотнинг ёнбошларида бўйранинг изи кўриниб турарди. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу): “Эй, Аллоҳнинг Расули, тўшак солганингизда юмшоқроқ  бўлмасмиди?”, деди. Шунда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен дунёда иссиқ кунда бир дарахт тагида сояланиб, сўнг уни ташлаб кетган отлиқ кабиман”, дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).

        Қаноатли киши фақирликдан қўрқмайди, бахиллик ҳам қилмайди.  Гуноҳдан  сақланади, эзгуликда бардавом бўлади.  Инсон учун аслида бир кунлик  егулик ёки унга етарли маблағ, тинчлик ва сиҳат-саломатликнинг ўзи катта  бахтдир.

Инсон ҳарчанд ортиқча мол топишга уринмасин, тақдир қилинганидан ортиғига  эришолмайди. Агар у Аллоҳ берган  нарсага озми-кўпми, қаноат қилса, икки дунёда ҳам танглик кўрмайди. Расулуллоҳ   (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ таолодан: “Ё Аллоҳ, менга ризқ қилиб берган нарсаларинг билан мени қаноатлантир ва шуларда  менга барака ато эт. Менга келувчи нарсаларнинг фақат яхшисини бер!” деб қаноатли бўлишни сўраганлар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 

матбуот хизмати

Янгиликлар

Top