
muslim.uz
Қуръон мусобақаларини рағбатлантириш учун 700 минг АҚШ доллари ажратилди
Миср Вақф вазирлигининг маълум қилишича, мамлакатда миллий ва халқаро Қуръон мусобақалари ғолибларини рағбатлантириш учун 1,2 млн миср фунти, қарийб 700 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилган.
Саъди ал-Абад газетасининг хабарига кўра, ушбу маблағлар, аввало Мисрда учта категорияда ўтказиладиган миллий Қуръон мусобақаларининг ғолибларига берилади. Шунингдек, бу пуллар ҳар йили Мисрда ўтказиладиган халқаро Қуръон мусобақаси ҳамда ногиронлар ўртасида ташкил этиладиган мусобақа ғолибларига ҳам берилади.
2019 йилнинг 29 март куни Мисрда Шимолий Африка мамлакатлари ўртасида XXVI халқаро Қуръон мусобақаси бошланади. Ислом.уз нашрининг хабар беришича, Миср Вақф вазирлиги ташкил этаётган ушбу мусобақа уч босқичда ўтказилади.
Биринчиси, диний билим олувчи талаблар ва битирувчилар, иккинчиси Қуръони каримни камида ярмини ёд олган оддий иштирокчилар ва учинчиси 12 ёшгача бўлганлар иштирокчилар ўртасида бўлиб ўтади. Мусобақада қатнашувчиларнинг энг юқори ёши 40 деб белгиланган. 2018 йилги XXV халқаро Қуръон мусобақасида 50 зиёд давлатдан ҳофизи Қуръонлар қатнашган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ҳадис илми мактабига замонавий автобус топширилди
Бугун, 27 март куни Самарқанд вилоятидаги Ҳадис илми мактабига замонавий автобусни топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов замонавий автобусни Ҳадис илми мактабига топшириш чоғида давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан ушбу таълим даргоҳини ташкил қилиниши мамлакатимиз маънавий тараққиётининг бугунги босқичида муҳим аҳамият касб этиши, келгусида ушбу мактабдан ҳадис олимлари етишиб чиқишига тилак билдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари маросимда олий мактабдаги жуда кўп қулайликлар билан бирга ушбу замонавий автобус Ҳадис илми мактаби фаолиятида катта хизмат қилиши, энг замонавий ва қулай шароитлардан унумли фойдаланган талаба-ёшлар келгусида Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Доримий каби улуғ муҳаддислар бўлиб етишишларига умид боғладилар. Шунингдек, Аллоҳ таборака ва таолонинг берган неъматларига шукр қилиш, неъматларни янада зиёда бўлишига асосий омил эканини шарҳладилар. Муфтий ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ҳам мазкур олий мактабга муносиб совға топширилишини билдирдилар.
Маросимда мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, таниқли уламолар, бош имом-хатиблар, мадрасалар мудирлари ва тажрибали имом-хатиблар иштирок этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Муфтий ҳазрат ўзи таълим олган Тошкент ислом институтига китоблар совға қилди
Президент ташаббуси ўлароқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ўзлари таълим олган Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтига ўзларининг шахсий кутубхоналаридан китоблар совға қилдилар. Тақдим этилган адабиётлар орасидаги "Тафсири Ирфон", "Ҳидояи шариф", "Муножотнома", "Мақомоти Юсуф Ҳамадоний" ва "Муҳаммад Ҳаким Термизий рисолалари" каби асарларни алоҳида таъкидлаш керак.
Ушбу китоблар институт талабалари янада чуқур билим олиши, дунёқарашини кенгайтириши, маънавиятини ривожлантиришга катта ҳисса қўшади. Инсоннинг маънавий улғайишида китоб муҳим аҳамият касб этади. Фарзандларимиз қалбида китобга нисбатан меҳр-муҳаббатни янада кучайтириш, уларда мутолаага бўлган иштиёқни оширишимиз лозим.
Эслатиб ўтамиз, Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида 19 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, китобхонликни тарғиб қилиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Йиғилишда давлат раҳбари аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш масаласига тўхталар экан, “Ҳар бир раҳбар ўзининг шахсий кутубхонасидан ўзи таълим олган мактаб кутубхонасига китоблар совға қилса, бу яхши ташаббус бўлиб китобхонликни ривожлантириш билан фарзандларимиз тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади”, деб таъкидладилар.
Ҳақиқатдан ҳам, ўсиб-униб келаётган йигит-қизлар жамиятда ўз ўрнига эга бўлган, маълум бир ютуқларга эришган кишиларга ҳавас қилади, уларга ўхшашга интилади, ортидан эргашади. Улар томонидан совға қилинган китоблар албатта ўқилади, асраб-авайланади, қадрли совға саналади.
Ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаймиз ва барчани унда иштирок этишга даъват этамиз.
Тошкент ислом институти Матбуот хизмати
Китоблар совға қилинди
2019 йил 19 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз Раҳбари аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш масаласига тўхталиб, «Ҳар бир раҳбар ўзининг шахсий кутубхонасидан ўзи таълим олган мактаб кутубхонасига китоблар совға қилса, бу яхши ташаббус бўлиб, китобхонликни ривожлантириш билан фарзандларимиз тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади», – дея таъкидлаган эди.
Мана шундай эзгу ташаббусдан руҳланиб, Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти мудири Ўткир Ғузаров ушбу тумандаги 3-сонли мактаб кутубхонасига ўз ҳисобидан бадиий ва илмий-оммабоп китобларни туҳфа этди.
Дарҳақиқат Ислом илм-маърифат динидир. Қуръони каримнинг 811 ўрнида илм сўзи келиши ҳам фикримизни тасдиқлайди. Демак, билим олишга чорлаш энг савобли амаллардандир.
Шундай экан барчани ушбу эзгу ишда фаоллик кўрсатишга чорлаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати