muslim.uz

muslim.uz

 

ЎМИ матбуот хизмати

Неділя, 09 августь 2020 00:00

Тавсия этилган дуолар

Ҳар бир киши ўқиб юриши тавсия этиладиган дуолар;
Анас (розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг кўп ўқиб юрадиган дуолари:
«Аллоҳумма атина фид-дуня ҳасанатав вафил ахирати ҳасанатав вақина ъазабан-нар» эди.
(Маъноси: Парвардигоро, бизга бу дунёда ҳам яхшиликни ато қил, охиратда ҳам яхшиликни ато эт ва бизни дўзах азобидан асра.)
Имом Бухорий ва Муслим ривояти.

Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳумма инний асъалука ҳуда ваттуқо вал ъафофа вал ғина», - деб айтардилар.
(Маъноси: Эй Аллоҳ, сендан ҳидоят, тақво, иффат, ва бойлик сўрайман).
Имом Муслим ривояти.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳумма йа мусоррифал қулуб сорриф қулубана ъала тоъатика», деб айтардилар.
(Маъноси: Эй Аллоҳ, қалбларни айлантирувчи зот, қалбимизни тоатинг томонига айлантир).
Имом Муслим ривояти.

Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мана бу калималар билан дуо қилардилар: «Аллоҳумма инний аъзубика мин фитнатин нари ва аъзобаннари ва мин шаррил ғина вал фақри»
(Маъноси: Аллоҳим дўзах фитнасидан, дўзах азобидан, бойлик ва камбағалликнинг ёмонлигидан Сендан паноҳ тилайман.)
Абу Довуд Термизий, Насаий, ва Ибн Можалар саҳиҳ иснод билан ривоят қилган.

Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расуллуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Катта балиқнинг қорнида Раббиларига илтижо қилган Зиннуннинг (Юнус алайҳиссалом) дуолари: «Лаа илаҳа илла анта субҳанака инний кунту миназ золимин», эди. Бирор мусулмон киши мана шу калималар ила дуо қилса, ижобат этилади», - дедилар.
(Маъноси: Сендан бошқа илоҳ йўқ. Сени поклаб ёд этурман. Албатта мен золимлардан бўлдим).

Аллоҳ барчаларимизни мушкулларимизга ўзи нажот берсин. Омин.

 

ЎМИ матбуот хизмати

Ўзбекистон халқаро ислом академияси томонидан мамлакатимиз тарихида илк бор «Ислом энциклопедияси» китобининг биринчи томи нашрга тайёрланди.
 
Юртимизда «Жаҳолатга қарши маърифат» улуғвор ғояси асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканлигини кенг ёритиш ва бу соҳадаги илмий-маърифий фаолиятни жадал ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга Ислом ва жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш асосида ёшларнинг онгу тафаккурини шакллантириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
 
Ўзбекистон халқаро ислом академияси томонидан юртимизнинг ислом цивилизацияси ривожидаги юксак ўрни ва аҳамиятини илмий асосда чуқур ўрганиш ҳамда халқимизга етказиш мақсадида кўп жилдли «Ислом энциклопедияси»ни яратишга киришилди.
 
Ушбу лойиҳа Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги "Диний-маърифий соҳа фаолиятини тyбдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 июлдаги "Ўзбекистон халқаро ислом академиясини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида бажарилмоқда.
 
«Ислом энциклопедияси» кенг қамровли илмий-академик нашр бўлиб, унинг биринчи томини тайёрлашда Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессор-ўқитувчилари ҳамда юртимизнинг бошқа етакчи исломшунослари, шу билан бирга АҚШ, Буюк Британия, Туркия, Жазоир, Россия, Қозоғистон олимлари ҳам иштирок этди. Унда ислом дини асослари, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар, динимиз ривожига улкан ҳисса қўшган буюк алломалар, саҳоба ва тобеъинлар, муҳаддис, фақиҳ, муфассирлар ҳақида 1000 га яқин мақола, атама ва сўз бирикмалари, безак материаллари, харита ҳамда чизмалар ўрин олган. Айрим шахслар, воқеалар, атамалар илк марта илмий муомалага киритилди.
 
Энциклопедия ўзининг мазмун-моҳияти ва хусусиятларидан келиб чиқиб, илгари чоп этилган араб, тyрк, урду, форс, инглиз, немис, француз тилларидаги Ислом энциклопедияларидан принципиал фарқ қилади. Китобни тайёрлашда юртимиз ва минтақа мусулмонлари учун анъанавий бўлган ханафий-мотуридийлик тамойилларидан келиб чиқилган. Айни дамда мақолалар ёзилишида илмийлик ва холислик мезонларига амал қилинган. Мақолаларнинг акcарият қисми бирламчи манбалар - Қуръон, тафсир, Ҳадис, илмий-маърифий тадқиқотларга асосланган.
 
Нашр ишларида юртимиз ва хорижлик исломшунослар, диншунос, филолог, манбашунос ва бошқа соҳа вакилларидан иборат 200 нафардан ортиқ муаллиф, 50 нафарга яқин тақризчи ва маслаҳатчи иштирок этди. «Ислом энциклопедияси»ни 20 томда нашрдан чиқариш мўлжалланган бўлиб, унинг навбатдаги жилдлари бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
 
 
ЎзА
Субота, 08 августь 2020 00:00

Сукут – олтиндир

Тил буюк неъмат. Унинг жисми кичик, масъулияти оғир, вазифаси улкандир. Тоат ҳамда исённниг энг юқори чўққиси бўлган имон ва куфр тил сабабли рўёбга чиқади. Инсон тойилишига ҳам кўпинча тил сабаб бўлади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимнинг тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлса, у комил мўминдир”, дедилар (Имом Муслим).

Бу ҳадисдан инсон камолотга етиши учун тил, қўл ва барча аъзолар билан озор беришдан сақланиши лозимлиги тушунилади. Бошқа аъзоларга нисбатан тил орқали ғийбат, бўҳтон, ёлғон, чақимчилик, тилёғламалик, масхара, сўкиш, беҳаё сўзлар, сирни очиш каби гуноҳлар ва озорлар кўп содир бўлади. Шуниниг учун ҳадисда тил зикр қилинган. Баъзида унинг хатаридан жим туриш билангина нажот топиш мумкин.

Манбаларда жим тура олиш инсонга берилган нажот топиш омилидир, дейилади. Инсон ҳаётида жим туриш билан дунё ва охират саодатига эришади. Бугунги кунда жамиятнинг энг кичик бўғими бўлмиш оила арзимаган бир оғиз сўз, ўрнида айтилмаган ортиқча гап, ўз вақтида тилни тиймаслик билан бузилиб кетмоқда. Натижада қанча-қанча норасида болалар тирик етим бўлиб қолмоқда. Оилада аёл бирозгина сукут сақлаши, эр эса бир мудддат ўзини босиб, жим туриши билан ҳал бўладиган муоммо сўзлаш билан аланга олмоқди. Натижа эса ҳаммага маълум. Келинг бироз жим турайлик!

Сукут сақлаш инсонга зийнат ва ҳайбатни  зиёда этади ва ҳатто қўрғон вазифасини ҳам ўтайди. Баъзилар кўп эшитиб, кам гапирадиган одамни кўрсалар ”Ҳайбатли одам экан ёнларида гапиролмадим”, бошқалар эса жим турадиган болани кўрганда беихтиёр “Бу бола одобли эканми?” деганларига гувоҳ бўламиз. Софван ибн Салим (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: “Расуллуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларга бадан учун енгил бўлган, осон ибодатнинг айтайми? У – жим туриш ва чиройли хулқдир” дедилар” (Имом Абу Дунё).

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жим туриш ҳикматдир. Жим турувчилар эса жуда камдир”, дедилар” (Имом Байҳақий).

Бошқа бир ҳадисда: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким жим турса нажот топади”, дедилар”(Имом Термизий).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётлари давомида сукут сақлашни биз умматларга таълим бердилар. Жобир ибн Самура (розияллоҳу анҳу): “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) узоқ вақт жим турардилар”, деб ривоят қилади. Абу Молик Ашжаъий отаси (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: “Биз Набий (алайҳиссалом)ни атрофларида ўтирганимизда узоқ жим турганларини кўрардик. Саҳоба (розияллоҳу анҳум)лар кўп гапириб юборсалар табассум қилардилар”. 

Уламолар айтади: “Тинглаш вақтида жим туриш фазилат, синов келганида жим туриш сабрдир, дейилган”. Бишр ибн Ҳорис Ҳофий айтади: “Сўзловчи жим турувчидан кўра тақволи бўлолмайди. Ўз ўрнида сўзлаб, ўз ўрнида сукут қилган олимгина ундан афзал бўлиши мумкин”. Саҳл ибн Абдуллоҳ “Аллоҳ таолони танувчилар илмли бўлсалар ҳам жим турадилар ва изн билан гапирадилар. Шунинг учун уларда лағв бўлмайди”, дейди. Донишмандлар: “Инсон сўзлашни ўрганишига икки йил кифоя қилса, жим туришни ўрганишига эллик йил керак бўлади” дейди. 

Жамият аъзолари жим туриш-сукут сақлаш билан зийнатланса оилалар мустаҳкам, фуқаролар хулқ-одобда намуна бўладилар. Бу эса ўз навбатида жамиятни тараққиётнинг юқори чўққисига одимлашига сабаб бўлади.

 

Баҳриддин Жўрабек ўғли

Top