muslim.uz
Кунига қанча сув ичасиз?
Шифокорларнинг айтишича, Қонимизнинг 83 фоизи, суягимизнинг 22 фоизи, мускулларимизнинг 76 фоизи, миямизнинг 85 фоизи сувдан иборат экан. Танамизда содир бўлаётган ҳар қандай ҳолат, деярли сув билан боғлиқ. Масалан, биз нафас олиш ва чиқариш эвазига кун давомида ярим литр, бир суткада эса 1,5 литгача сув йўқотамиз. Сув организмдаги ёғ, крахмал ва бошқа минералларни эритади ҳамда қон тўқималаридаги ҳужайраларни ва организмдаги токсинларни тозалайди.
Турли хилдаги газли ичимликлар, шарбатлар, чой ва кофе инсон организми учун керакли миқдордаги сувга бўлган эҳтиёжни қондиролмайди. Қиёслаш учун, Сиз кийимларингизни ювиш учун сувдан фойдаланасизми ёки чойдан? Албатта, сувдан! Шундай экан, инсон танаси ҳам табиий сувга ҳар доим эҳтиёж сезади.
Агар сизнинг танангиз керакли миқдордаги сув билан тўйинмаса, унда турли муаммолар келиб чиқа бошлайди. Бу дастлаб буйрагингиз, сўнгра жигарингизга салбий таъсир кўрсатади. Ҳамда организмдаги ёғларнинг парчаланиш жараёни секинлашади ва инсон ортиқча вазн йиға бошлайди.
Инсон мисининг 85 фоизи сувдан ташкил топгани учун, кун давомида етарли миқдорда сув ичилмаса, бу бош оғриғига ҳам сабаб бўлар экан. Олимларнинг таъкидлашича, инсон организмидаги токсинлар инсон териси орқали чиқиб кетади. Шунинг учун кўпроқ суюқлик ичиш керак экан. Ўртача 65 кило вазнли инсон эрталабдан кечгача 2 литр сув ичса мақсадга мувофиқ бўларкан. Бу инсон организми учун керак бўлган, кун давомида бўлиб-бўлиб ичиладиган энг кам сув миқдоридир.
Эслатиб ўтамиз, шифокорлар жуда совуқ, муз солинган сувни ичишни тавсия қилишмайди. Тадқиқотларда аниқланишича, муз солинган сув инсон организми учун жуда зарарли бўлиб, моддалар алмашинувини секинлаштириб, кишининг ортиқча вазн йиғишига сабаб бўлади.
ЎМИ матбуот хизмати
Яхшилик қилсанг, яхшилик кўрасан
Муқаддас динимиз – ғоят гўзал, барча замон ва маконларга мос ва хос. Исломнинг гўзаллиги шундаки, мусулмон киши ўзига раво кўрган нарсасини дўстига, биродарига илинмагунича ҳақиқий мўмин бўла олмайди. Шу боис динимизда инсонлар фақат яхшилик қилишга даъват этилади. Қилинган яхшилик туфайли кўнгиллар равшан тортади, ўзгача руҳий тетиклик туюлади, ҳузур-ҳаловат, хотиржамлик барқарор бўлади.
Аллоҳ таоло Ар-Раҳмон сурасининг 60-оятида: «Эҳсон (эзгулик)нинг мукофоти фақат эҳсон (эзгулик)дир», деб марҳамат қилади. Муқаддас динимизнинг эзгулик, хайру саховат, меҳр-оқибат, мурувват каби олижаноб ғоялари жамиятда ижтимоий адолатнинг қарор топишига хизмат қилмоқда.
Динимиз буюрган хайрли амалларга узукка қўйилган кўздек ярашиб тушган саховат тадбирлари бугунги карантин даврида ҳар қачонгидан ҳам кенг қулоч ёяётганининг боиси шундаки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир» (Бақара сураси, 261-оят), деб марҳамат қилган.
Аллоҳ таоло бу мисол билан битта хайрли иш учун битта эмас, то 700 ва ундан ортиқ савоб ато этиши мумкинлигини билдирмоқда.
Ҳақиқатан, инсоннинг икки дунё саодатига эришиши эзгу амаллар устига бино қилинган. Қадимдан бир майизни қирқ бўлишиб ейишга одатланган халқмиз. Қўшнимиз оч экан, ўзимиз тўқ ҳолда ухлай олмаймиз. Бунга бизнинг диний, маърифий маданиятимиз асло йўл қўймайди. Бугунги синовли кунларда халқимиз муҳтожларга ўзининг нонини бермоқда, кийимини улашмоқда.
Хабарингиз бор, коронавирус инфекцияси туфайли бу йилги муборак ҳаж амалини бажариш чекланди. Бундай фурсатни ғанимат билган саховатпеша юртдошларимиз Исломнинг бешинчи арконини адо этиш учун йиғган маблағларини эҳтиёжманд, кам таъминланган оилаларга ҳадя қилмоқда. Бу эзгу анъаналаримизни, урф-одатларимизни бутун дунёга ибрат қилиб кўрсатиш мумкин.
Атрофимизда умри давомида яхши ниятлар билан тўплаган маблағларини кўмакка муҳтожлар оилаларга тарқатаётган, уларга уй-жой қуриб бераётган, энг муҳими, ҳаётий эҳтиёжларини қондираётган ватандошларимиз кўплаб топилади. Уларни ҳақли равишда ЗАМОНАМИЗ ҚАҲРАМОНЛАРИ дейиш мумкин. Зеро, мутафаккир бобомиз Алишер Навоий ҳазратлари:
Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким Каъба вайрон бўлса, обод айлагай, дея илтифот қилади.
Ўз вақтида қилинган эҳсоннинг савоби улуғ бўлади. Ўзи муҳтож бўла туриб, ўзгаларга эзгулик улашган, уларнинг кўнглини кўтарган кишининг икки дунёси обод бўлиши тажрибада кўп кузатилган. Муҳтарам Президентимиз айнан шу масалага алоҳида эътибор қаратаётганлари бошига кулфат тушган кишиларнинг кўнглини кўтармоқда.
Юртбошимизнинг Ўзбекистон халқига йўллаган Қурбон ҳайти табригида бугунги мураккаб пандемия даврида ўзаро тотувлик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳити тобора юксалиб боришининг алоҳида жиҳатларини баён қилдилар. Бу – барчамиз учун ибрат, қилинажак эзгу ишларимизнинг асосий режаси бўлиши шарт.
Давлатимиз раҳбарининг “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қуввалашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ўз вақтида қабул қилинган тарихий ҳужжат бўлди. Фармонга биноан, 2020 йил 1 сентябрдан пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори ойига 262 минг 470 сўм, ёшга доир энг кам пенсиялар ҳамда ногиронлик нафақалари ойига 513 минг 350 сўм этиб белгиланди.
Дунёда иқтисодий инқироз кечаёитган бир пайтда халқимизга бу қадар ҳиммат кўрсатилиши, ўйлайманки, ҳеч биримизни бефарқ қолдирмайди. Бу неъматларга шукр қилиб, ушбу синовли кунларда осойишталикни сақлаган ҳолда, балоларга сабрли бўлиб, дуою фотиҳалар қилишимиз айни муддаодир.
Хулоса сифатида ушбу ҳадисни келтирмоқчиман: “Саховат – бир дарахт. Унинг илдизлари жаннатда, шохлари дунёга тушиб туради. Кимки унинг шохидан ушласа, илдизлари (жаннат) сари тортади. Бахиллик ҳам бир дарахт., унинг илдизлари дўзахда, шохлари ер юзига бўлади. Унинг шохидан ушлаганларни ўз домига тортади”.
Ҳа, азизлар, хулоса ўзингиздан.
Абдуқаҳҳор ЮНУСОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари
Давлат раҳбарининг ҳайит совғаси
Юртимизда ажиб ўзгаришлар замони кечяпти. Корнавирус пандемияси билан боғлиқ нохушликларни ҳисобга олмасак, ҳар тонгда қувончли бир хабар эшитамиз, ҳар куни ишхонага келганда компьютерни ёқиб Интернетга кирганда халқимиз ҳаётига доир ажойиб бир янгиликни кўриб қалбимиз қувончга тўлади.
Бу ўзгаришлар, нафақат халқимизни, балки хориждаги глобал сиёсатчиларни ҳам мамнун этмоқда. Жумладан, АҚШнинг энг кўп ададли газеталаридан бири “The New York Times” газетасида Ўзбекистон ҳақида чоп этилган катта мақолада “Жаноб Мирзиёев ўзгаришларни бошлаб берди ва энди АҚШ ҳамда Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан боғлиқ ҳар қандай муносабатларни, у хоҳ инвестиция, хоҳ тараққиёт дастурлари бўлсин, мамлакатда инсон ҳуқуқлари аҳволининг янада яхшиланиши билан боғлаши ниҳоятда муҳимдир”, дейилади.
Ушбу юксалишлар жараёнида, айниқса, Ислом динимизга давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибор қаратаётгани халқимизни беҳад мамнун қилаётир.
Ўтган давр ичида муҳтарам Президентимиз томонидан чиқарилаётган ҳужжатлар элимизнинг диний маърифатга бўлган иштиёқини қондириш, ёшларимизнинг илм олиш борасидаги эҳтиёжини таъминлаш ва диний соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш йўлидаги дадил қадамлар бўлиб, диний-маърифий ишлар салмоғини янада юқорига кўтармоқда.
Хусусан, диний соҳада хизмат қилаётган масжид имом-хатиблари, ходимлари, мадраса мударрислари ва диний-илмий марказлар илмий тадқиқотчиларига берилган имкониятлар қувончимизга қувонч қўшди.
Президент табриги ва Фармони нафақат диний соҳа ходимлари, балки бутун халқимизга ҳайит совғаси бўлди.
Шу билан бирга, Фармонга асосан ижтимоий нафақа олувчиларнинг умумий сони 600 мингга кўпайиб, жорий йилнинг декабрь ойига қадар 1,2 млн.га етказилиши кўзда тутилаётгани ва бунга бюджетдан қўшимча 426 млрд. сўм ажратилиши юртимизнинг ҳар бир фуқароси қалбида қувонч ҳисларини пайдо қилди. Зеро, шу каби эзгу амаллар натижасида Қурбон ҳайитидек улуғ байрам шодиёнаси йил мобайнида давом этиб, ҳар лаҳза кўплаб оилаларга хурсандчилик улашиб туради ва бу барчамиз учун амалий ибрат намунасидир.
Албатта, Яратганнинг бизга берган неъматларига шукр қилиб, сабр-қаноатда дуо ва илтижолар қилсак, иншоаллоҳ, юртимиз янада равнақ топиб бораверади.
Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Наманган вилоят бош имом-хатиби
Истихора намози ҳақида
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ҳамма ишларда истихора қилишни худди Қуръондан сурани таълим бергандек, таълим берар эдилар. У зот:
«Қачон бирингиз бир иш қилмоқчи бўлса, фарз намоздан бошқа икки ракат намоз ўқисин. Сўнг: «Эй бор Худоё! Албатта, мен Сендан илминг ила истихора қиламан. Сенинг қудратинг ила қудрат сўрайман. Сендан улуғ фазлингдан сўрайман. Албатта, Сен қодирсан, мен қодир эмасман. Сен билурсан, мен билмасман. Сен ғайбларни яхши билувчи Зотсан.
Эй бор Худоё! Агар ушбу иш менга динимда, маошимда ва ишим оқибатида яхши эканини билсанг (ёки ҳозирги ишимдаю келгусида) уни менга тақдир қилгин, менга осон қилгин, сўнгра уни мен учун баракали қилгин. Агар ушбу иш мен учун динимда, маошимда ва ишим оқибатида (ёки ҳозирги ишимдаю келгусида) ёмон эканини билсанг, уни мендан буриб юбор, мени ундан буриб юбор. Ва менга қаерда бўлса ҳам яхшиликни тақдир қил. Сўнгра мени унга рози қил, десин ва ҳожатини айтсин», дедилар».
Шарҳ: Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорийдан ривоят қилинган ушбу ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ишларни тўғриси зоҳир бўлмаган нарсаларда Аллоҳга қайтиш, ҳар қандай муҳим ишларда Ундан маслаҳат талаб қилишни ўргатмоқдалар. Бу истихорани таълим беришда худди Қуръон сураларини таълим бергандек ғоят аҳамият қилардилар. Агар бандага бирор иш мушкул бўлиб, тўғриси қайси нарсада экани ноаниқ бўлиб қолса, туриб икки ракат намоз ўқиб, Аллоҳга юзланиб, у ишни ҳақиқатини очиб беришини талаб қилиб, албатта сўраётганида Холиқга сано айтиб, дуо қилиб, ўша дуосида тазарруъ ва бўйин эгиб, махлуққа хос синиқ ҳолда туришини уқтирмоқдалар. Чунки инсон ўзига фойда ҳам зарар ҳам келтира олмайди. Демак, мусулмон киши Раббисига юзланаётганида ўша истихора қилиб сўраётган нарсаси дини ва дунёсида яхшилик бўлса ўша ишни осон бўлишини, бордию дини, дунёси, ҳаёти ва охиратида ёмон бўлса қалбидан у нарсани бошқа нарсага буриб юборишини сўрамоғини уқтирмоқдалар. Бу нарса фақат бандани Раббисига бўйсуниши ва убудийятга иқрор бўлишининг бир намунасидир. Аллоҳ фазлини ўз бандалари устида доим бўлишини яхши кўради. Бандаларнинг ўша фазлга етишиш учун фақат Унга юзланиб, фазлини талаб қилишса кифоя. Чунки Аллоҳ таоло бандаларини қўл чўзишганида ноумид қайтаришдан азизроқдир.
“Бандаларим Сиздан (эй Муҳаммад) Мен ҳақимда сўрасалар, Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларининг дуосини ижобат қиламан. Бас, ҳақ йўлга юришлари учун (улар ҳам) Менинг (даъватимга) жавоб қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар”. (Бақара сураси,186-оят).
Киши итихора намозини ўқигандан кейин мазкур иш ҳақида ўйламай, Аллоҳ ихтиёр қиладиган нарсани кутиб юради. Кейин кўнглига тушиб, ўзига маъқул бўлиб, қилгиси келиб қолса, қилади. Бу ҳақда туш кўриши ҳам мумкин. Агар иш бир тарафга бўлмай туриб қолса, истихора намозини яна қайтадан ўқийди. Қайта ўқиш етти мартагача бўлиши мумкин. Истихора намозининг биринчи ракатида Фотиҳа сурасидан кейин Кофирун сурасини, иккинчи ракатда Ихлос сурасини ўқийди.
Кўриниб турибдики, истихора намози ҳам бошқа намозлар каби бандани Аллоҳ таолога боғловчи омилдир. Бир ишни қилмоқчи бўлганда Аллоҳ таолонинг ўзига ёлвориб, яхши йўл кўрсатишни сўрашдир. Бу маъно эса, мусулмон киши ҳаётида намознинг ўрни қанчалар муҳим эканини яна бир бор кўрсатади. Мусулмон киши ҳатто қиладиган дунёвий ишида ҳам дунёнинг холиқи ва бошқарувчиси Аллоҳ таолонинг ўзидан маслаҳат сўраш имконига эгадир.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1) Истихора намозини мустаҳаб эканлиги ва намоздан кейин ҳадисда келган дуони ўқишлик.
2) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига меҳрибон эканлиги ҳамда ҳар бир ишда умматларини тўғри йўлга бошлашлари.
3) Мўмин киши ҳар қандай ишини Аллоҳ таолога топширмоқлиги.
ЎМИ матбуот хизмати