muslim.uz
Таборак (Мулк) сураси фазилатлари
Таборак (Мулк) сурасида ер, осмон ва бошқа мавжудотларни яратишдаги ҳикматлар, Аллоҳнинг қудрати, бу дунёда имонсиз ўтганларнинг охиратдаги афсус-надоматлари, ризқ-рўз талаб қилиш, табиий офатлар – ер ютиши, осмондан бало ёғилиши хавфи, ҳидоят, залолат каби масалалар баён этилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонда ўттиз оятдан иборат бир сура бор. Ким уни ўқиса, гуноҳлари кечирилгунича шафоат қилади. У Таборак сурасидир”, деганлар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насоий ривояти).
Таборак сураси “шафоатчи” номи билан машҳур. Шу сабаб бўлса керак, кўп мусулмон диёрларида, хусусан бизнинг юртда маййит дафн этилгандан кейин Таборак сураси ўқилади.
Саҳобалар бу сурани “қутқарувчи” деб аташган. Зеро, Таборак сураси бандани шафоат қилиши ҳақида ривоятлар келган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “Қуръондаги ўттиз оятдан иборат сура соҳибини жаннатга киритгунча тортишади. Бу Таборак сурасидир”, дейилган (Имом Табароний ривояти).
Анас ибн Нуфайлдан ривоят қилинишича, қиёмат куни бир банда тирилтирилади. У биронта ҳам гуноҳни қолдирмай ҳаммасини қилганди. Бироқ Аллоҳни ягона деб билар, Қуръоннинг фақат битта сурасини ўқирди. Уни дўзахга киритиш буюрилади. Шунда ўша кишининг ичидан бир нарса учқундек отилиб чиқиб: “Ё Аллоҳ! Мен Пайғамбаринг алайҳиссаломга нозил қилганинг (Қуръондан) бир сураман. Мана бу банданг мени ўқирди”, дейди. Ўша сура бандани жаннатга киритгунича шафоат қилади. Таборак сураси (Аллоҳнинг изни билан бандани азобдан) қутқаради (Имом Дайламий ривояти).
Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен (Таборак сураси) умматимдан ҳар бир мўмин банда қалбида бўлишини хоҳлардим”, деганлар (Имом Ҳоким ривояти).
Термизийшунос немис олими
Бугунги кунда Германия Европадаги шарқшунослик ва исломшунослик фанлари ривожланган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Охирги икки юз йил давомида бу мамлакатдан юзга яқин йирик исломшунос ва шарқшунос олимлар, араб, форсий ва туркий тилларда ёзилган мўътабар манбаларнинг моҳир таржимонлари етишиб чиқди. Жумладан, Фридрих Август Деофидус Тоулукнинг (1799-1877) “Ваҳдати вужуд” номли китобини мутолаа қилган диалектика мактаби назариётчиси ва файласуфи Георг Вильгельм Фридрих Гегель (1770-1831) шу даражада Мавлоно Жалолиддин Румий қарашларининг таъсири остига тушиб қоладики, унинг “ваҳдати вужуд” назариясини ўзининг “Фалсафий фанлар энциклопедия”сида ҳам келтиради.
Филология фанлари доктори, профессор Аннемарие Бригитта Шиммел Германиянинг XX асрдаги машҳур исломшунос ва шарқшунос олимаси ҳисобланади. У ислом тарихи, адабиёти, фалсафаси ва айниқса, тасаввуфга доир 120 дан ортиқ асар ёзган. Шу жумладан, унинг “Жонон менинг жонимда” номли асари олмон тилидан ўзбек тилига таржима ва нашр қилинган.
Исломшунос немис олимлардан яна бир Аннемарие Шеммел бўлиб, у тасаввуф таълимотининг йирик тадқиқотчиларидан бири сифатида аҳамиятга молик асарлар қолдирган. Жумладан, у ўзининг “Шамс шукуҳи” номли китобида Мавлоно Жалолиддин Румийнинг тасаввуф фалсафаси ва илоҳиётга оид фикрларини тадқиқот доирасига тортар экан, унга нисбатан бўлган ҳар қандай шубҳани бартараф этиш, унинг нуроний ва самимий чеҳрасини кўрсатишга ҳаракат қилади. Шиммел ўз асарларида ваҳий, инсон мақоми, моддий дунё акси, ҳақиқий ишқнинг асл илдизи каби мавзуларга оид Румийнинг фалсафий фикрларига жиддий эътибор қаратади.
Бугун биз батафсил ёритмоқчи бўлган машҳур немис исломшунос ва тасаввуфшунос олими БерндРудольф Радткдир. У 1944 йилда Германияда туғилиб, 1966-1974 йиллар мобайнида Швециянинг Базл университитетида тадқиқотчи сифатида фаолият олиб борган.
БерндРудольф Радтк Марказий Осиёдан чиққан буюк мутафаккирлар ҳаёти ва илмий меросини тадқиқ қилиш борасидаги изланишлари билан ҳам шуҳрат қозонган. Б.Р.Радткнинг ана шундай қимматли тадқиқотларидан бири унинг машҳур исломшунос олим Фритис Майер илмий раҳбарлиги остида “Учинчи ҳижрий (милодий IX аср) асрнинг мусулмон олими Ал-Ҳаким ат-Термизий” мавзусида ёқлаган докторлик диссертацияси эди.
У 1992 йилдан буён Утрих университетида форс ва араб тиллари мутахассиси сифатида талабаларга сабоқ бериб келмоқда.
Бернд Рудольф Радткнинг немис тилида ёзилган юздан ортиқ мақолалари асосан ислом дини тарихи, фалсафаси ва маданияти, тасаввуф таълимоти тадқиқотига бағишланган бўлиб, Европадаги бир қатор илмий журнал ва мажмуаларда нашр этилган, “Араб адабиёти энциклопедияси” ва “Ислом энциклопедияси” каби йирик фундаментал илмий манбаларга киритилган.
БерндРудольф Радтк ўттиз йилдан ортиқ давр мобайнида олиб борган тадқиқотлари натижасида улуғ мутасаввиф ва муҳаддис, “Ҳакимия” тасаввуфий-ирфоний мактабининг асосчиси, улуғ юртдошимиз Ҳаким ат-Термизий ҳаёти ва маънавий меросига оид бир қатор рисола ва илмий мақолалар эълон қилган. Бу борада айниқса, унинг “Ал-Ҳаким ат-Термизий” номли монографияси алоҳида ўрин тутади.
Радткнинг Ҳаким ат-Термизий ҳаёти ва меросини ўрганиш бўйича амалга оширган йирик ишларидан яна бири мутафаккирнинг араб тилида ёзилган “Бадв уш-шаън” асарининг немис тилига қилган таржимасидир. Ундан сўнг 1996 йилда БерндРадтк америкалик олим Жон Укин билан ҳамкорликда Англияда Ҳаким Термизийнинг “Бадв уш-шаън” ва “Сийрат ул-авлиё” асарларини инглиз тилидаги таржимаси ва шарҳи билан бирга нашр эттирган. “Сийрат ул-авлиё”нинг Б.Радтк томонидан нашрга тайёрланган танқидий матни (аслиятда, араб тилида) эса 1992 йил Байрутда чоп этилган. Мазкур асарнинг инглиз ва араб тилларидаги вариантлари асосида бир қанча тасаввуфий асарларни инглиз тилидан форс тилига таржима қилган эронлик тасаввуфшунос олим Мажидиддин Кайвоний 2000 йилда “Мафҳуми “валоят” дар оғози ирфони исломий” (“Ислом ирфонининг бошланиши даврида “валоят” тушунчаси”) номи остида форс тилига таржима қилиб, чоп эттирди.
Ҳозирги кунда БерндРудольф Радткнинг ўндан ортиқ ёзган асарлари жумладан, “Ҳаким Термизийнинг уч асари” номли монографияси, “Мистик ал-Ҳаким ат-Термизий”, “Ал-Ҳаким ат-Термизий – IX аср ислом дини пешвоси”, “Хуросон ва Трансоксиания (Мовароуннаҳр)лик илоҳиёт пешволари ва мистик (суфий)лар” каби асар ва мақолалари жаҳон тасаввуфшунослигида қимматли тадқиқотлар сифатида кенг фойдаланилади. Чунончи, Термизий алломалар ҳаёти ва илмий-адабий мероси бўйича тадқиқотлар олиб борган ўзбек олимлари Р.Абдуллаев ва Ж.Чўтматов бир неча ўринда Б.Радткнинг Ҳаким ат-Термизийга оид рисоласига мурожаат этганлар.
Хулоса қилиб айтганда, Б.Радткнинг ислом тарихи ва фалсафасига оид тадқиқотлари жаҳон исломшунослиги тарихида ўзига хос аҳамиятга эга. Уларни ўзбек тилига таржима ва нашр қилиш шак-шубҳасиз, ўзбек исломшунослигининг ривожи учун ҳам хизмат қилади.
Мухлисабону Махкамова
Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси
Исломшунослик факултети талабаси
Соболезнования в связи с кончиной кыргызского богослова Чубака Ажы Джалилова
Председатель Управления мусульман Узбекистана, муфтий Усмонхон Алимов от имени мусульман Узбекистана и себя лично выразил глубочайшие соболезнования мусульманам Кыргызстана и семье великого теолога в связи с кончиной Чубака Ажы Джалилова, одного из ученых-ханафийцев, много лет служившего в сфере религии в Кыргызстане.
“Сотрудники Управления мусульман Узбекистана разделяют вашу боль утраты. Разделяя эту великую скорбь и потерю наших братьев и сестер, мы просим Аллаха дать им терпение. Действительно, в Коране говорится: «Воистину, мы принадлежим Аллаху и воистину, мы к Нему вернемся!» (Аль-Бакара 2: 156). Пусть будут признаны и вознаграждены усилия известного ученого Чубака Ажы Джалилова по распространению учений школы Ханафия, удовлетворению потребностей мусульман и укреплению дружбы между нашими народами. Пусть Всемогущий дарует доброе терпение семье покойного ученого, его детям и внукам, и наполняет эти беды добрыми делами.Мы молим Всевышнего, чтобы Он взял покойного ученого по Своей бесконечной милости и принял его в райские сады”, -говорится в тексте соболезнования.
Экс-муфтий, экс-член Совета улемов Кыргызстана и известный на постсоветском пространстве религиозный деятель Чубак Ажы родился 21 января 1975 года в селе Мундуз, входящем в Базар-Коргонский район Джалал-Абадской области в селе Бай-Мундуз в семье интеллигентных людей. Его отец Жалилов Тажибай был учителем математики, а мать учителем английского языка. В семье второй из шестерых детей. Выпускник расположенного в Кыргызстане исламского университета имени хазрети Умара (1992-1996 гг). Одновременно с учёбой в 1995—1998 годах преподавал арабский язык в Кыргызском национальном университете в факультете Востоковедения. В 2000-2002 гг учился в институте арабского языка при международном университете «Умм аль-Кура» в Мекке, Саудовская Аравия; В 2002-2006 гг в этом же университете получил образование по направлению фикх . В 2005—2007 годах занимал должность эксперта по Центральной Азии во Всемирной исламской лиге. С 2008 по 2010 году возглавлял отдел фетв Духовного управления мусульман Кыргызстана и преподавал в Исламском университете. В июле 2010 года по 2012 год был избран главой (Великим муфтием) Духовного управления мусульман Кыргызстана.
Пресс-служба Управления мусульман Узбекистана
Ота-онанинг асосий вазифалари
Диёримизда оила маънавияти ва маданияти асрлар давомида ўзига хос тарзда шаклланган. Ватанга, ота-онага содиқлик ва фидойилик ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Булар заминида ёшларга оилада, таълим масканларида, маҳаллаларда бериладиган таълим тарбия ётади. Шунинг билан биргаликда фарзанд тарбиясидаги энг муҳим омил бу – ота-она тарбияси, уларнинг фарзандига қилган эътиборидир. Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади”, деган мақол бежиз айтилмаган.
Серфарзандлик ва болажонлик; катталарга ҳурмат, кичикларга мурувват; эркакларнинг оиладаги юқори мавқеи, аёлларнинг ройишлиги; оила ва никоҳнинг муқаддаслигига эътиқод; ота-оналарнинг фарзандлар олдидаги ҳамда фарзандларнинг ота-оналар олдидаги бурч ва масъулиятининг муҳим қадрият сифатида эътироф этилиши; оила шаъни ва обрўсининг авайлаб асралиши; келин ва қайнона муносабатларининг ўзига хослиги; катта оилаларда бобо ва бувиларнинг раҳнамолиги; қариндошлар, қўни – қўшнилар, маҳалла – кўй олдидаги мажбуриятини теран ҳис қилиш каби ўзбек оиласига хос бундай хусусиятлар замирида динимиз таълимотлари ётади.
Дунёда ота-она энг улуғ зотлар ҳисобланади. Чунки улар ўз фарзандлари учун ҳаётини, меҳрини бағишлайди. Фарзанди катта бўлиб, оила қуриб кетгандан кейин ҳам у ҳақда қайғуришдан тўхтамайди.
Ота-она фарзанди дунёга келиши билан уни парвариш қилиб, катта қилади, касал бўлса, даволайди, едиради, кийдиради, уни оқ ювиб, оқ тарайди. Умуман, фарзандини ҳаётда керакли барча нарсалар билан таъминлашга ҳаракат қилади. Ҳатто бунинг учун ўзлари ейиш-ичиш, кийиниш ва шу каби нарсалардан маҳрум бўлсалар ёки кечалари уйқудан қолсалар ҳам.
Бугун ёшларимиз бахтли, чунки уларнинг ота-оналари бошида, улар учун керакли нарсаларни ортиғи билан олиб бермоқда. Тўғри, бу ишлар ота-онанинг фарзанд олдидаги асосий вазифаларидан ҳисобланади. Афсуски, баъзи ота-оналар ўзларининг вазифалари фақат шу деб ўйлашади. Ҳолбуки, булардан ҳам муҳим, булардан ҳам қийин ва булардан ҳам асосий вазифа ҳам бор, бу фарзанднинг маънавий-ахлоқий тарбиясидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бундай марҳамат қиладилар: “Ота-она фарзандига яхши хулқдан ҳам ортиқроқ нарса бера олмайди”. Демак, ота-она фарзандига берадиган энг яхши нарсаси қимматбаҳо кийим, яхши таом ёки ажойиб совға эмас, балки гўзал хулқ ва яхши тарбияси экан. Чунки кийим, таом ёки совға болага маълум вақт фойда беради, вақт ўтиши билан эса эскиради. Гўзал хулқ, яхши тарбия эса фарзандга умри давомида фойда беради. Нафақат умри давомида, балки вафотидан кейин охиратда ҳам наф келтиради. Зеро, ҳадиси шарифда: “Банда гўзал хулқи ила кечалари ибодатда қоим бўлувчи ҳамда кундузи рўза тутувчининг даражаси – савобига эришади”, дейилган.
Тан олиш керакки, баъзи оилаларда ота-она эрталабдан кечгача ишлаб, кўча-кўйда юради, уйда бўлган вақтларида ҳам ўз ишлари билан овора бўлиб фарзандларига вақт ажрата олмайди. Натижада фарзанд тарбияни телефон, интернет, телевизор ҳамда кўча-кўйдан олмоқда. Шундай тарзда улғайган бола яхши хулқли, одобли, илм-маърифатли ва келажакда эл-юртига хизмат қилиб, ота-онасига раҳмат олиб келадиган бўлиб улғайишига ким кафолат бера олади?!
Фарзандларимиз, бўш вақтларида нима билан шуғулланмоқда, куни билан вақтини нималарга сарфлаяпти, уйдаги телевизор ёки компютерда нималарни томоша қилаяпти, сиз олиб берган телефондан яна қандай ишларда фойдаланмоқда, интернетда қандай маълумотларни ўқиб, қандай лавҳаларни кўрмоқда, кўчада кимлар билан дўст бўлиб, улар билан вақтини қандай ўтказмоқда ёки сиз бераётган пулларни қаерларга сарфлаяпти?! Бундай ишларда фарзандни назоратсиз қолдириш мумкин эмас.
Бир одам ўғли билан бирга ҳазрат Умар (р.а.)нинг ҳузурига келди:
“Бу ўғлим, менга итоат этмайди”, дея шикоят этди.
“Аллоҳдан қўрқмайсанми, нега ота-онангга қарши чиқасан? Ота-онанинг фарзандда жуда кўп ҳақлари бор”, дея ҳазрати Умар ўсмирни огоҳ этиб, танбеҳ бердилар.
“Эй мўминлар амири, боланинг ҳам отада бирон ҳаққи борми?” дея сўради ёш йигит.
“Ҳа, бор. Аввал яхши хотинга уйланиши, бола туғса, яхши исм қўйиши, унга Қуръони каримни ва фарз ибодатларини ўргатиши, уйланадиган ёшга етгач уйлантириши – боланинг отасидаги ҳақларидандир”, дедилар ҳазрати Умар.
“Аллоҳга қасамки, отам мусулмон аёлларни қолдириб, 400дирҳамга сотиб олган бир чўри билан турмуш қурди. Менга яхши исм қўймади. Исмимни қурт – ҳашорат маъносида Жуҳла деб қўйди. Менга Қуръони каримдан ва ибодатлардан ҳеч нарса ўргатмадилар”, деди. Буни эшитган ҳазрати Умар ўсмирнинг отасига қараб: Ўғлим менга итоат этмайди, дейсан. Ҳобуки, у сенга қарши чиқишдан аввал сен уни ҳақларини топтаб, фарзандинг олдидаги вазифаларингни адо этмабсан-ку. Энди бор, аввал ўз вазифаларингни бажар, - дея ҳалиги кишига танбеҳ берган экан.
Ҳадис шарифда “Фарзандинг ё жаннатинг ёки дўзахингдир”, деб айтилган. Агар ота-она фарзандини яхши хулқли, одобли ва имон-эътиқодли қилиб тарбияласа, бундай фарзанд қиёмат кунида ўзи билан ота-онасини ҳам жаннатга етаклайди.
Шундай экан, ҳар бир ота-она фарзандларининг тарбиясига кўпроқ эътибор бериши, уларга алоҳида вақт ажратиб, одоб-ахлоқдан таълим бериши, уларни доимо назорат қилиб бориши, ёмонларга яқин йўлатмаслиги лозим экан. Ана шунда улар ота-онаси ва эл-юртига хизмат қиладиган, уларга икки дунёда обрў олиб келадиган, юзларини ёруғ ва бошларини юқори қиладиган фарзандлар бўлиб катта бўлишади.
ЎМИ матбуот хизмати