Мақолалар

Энди бепарволикка ҳаққимиз йўқ
Юртимизда карантин чекловлари янада кучайтирилди. Тўғриси, ҳатто энг одамови ва ёлғизланишни ёқтирадиганлар ҳам бундай чекловлардан зада бўлгани рост. Бироқ вазиятнинг шундай мураккаблашувига ўзимиз сабабчи бўлмадикми!?
 
Хатарли касаллик мамлакатимизга кириб келган дастлабки кунларда халқимизни бу балодан омон сақлаш учун зарур барча чоралар кўрилди. Беморликда шубҳаланганлар қатъий карантинга олинди. Коронавирусга чалинганлар, ҳатто касаллик аломатларсиз кечаётганлар зудлик билан шифохоналарга ётқизилди. Кўмак сўраган, эҳтиёжманд оила борки, барига озиқ-овқат маҳсулотлардан иборат моддий ёрдам кўрсатилди.
 
Кунлар исигач, касаллик ортга чекинишига умид билдирган эдик. Лекин, мутацияга учраган СOVID-19 ўз хоссасини ўзгартириб, яна мослашувчан, яшовчан, ўта хавфли, тез юқадиган бўлиб қолгани аён бўлмоқда.
 
Кўзга кўринмас бало ўзгардию лекин биз одамлар ўзгармадик. Карантин чекловлари май ойида секин-аста юмшатилиши билан кўча-кўйда гурра-гурра бемақсад тентираб юрганларни учратиш одат тусига кирди. Онахону келинларнинг тугун кўтариб тўй-тадбирларга, туғруқу йўқловларга бориши, эркакларнинг гап-гаштаги авж олди.
 
Дўконларда маҳсулотнинг ишлаб чиқариш санаси билан танишиб улгурмай, ёнгинангизда яна тўрт харидор тўпланади. Эҳтимолки, минг марта масофа сақланиши ҳақида огоҳлантрилсада, кассага ҳисоб-китоб қилиш учун барча ғужғон бўлиб олган. Талаб этилаётган икки метрлик ижтимоий масофа бу ерда йигирма сантиметр ҳам келмайди!
 
Тахминан уч-тўрт кунларча аввал электр энергияси пулини тўлаш учун банкка киргандим. Одамларнинг ўзини гўёки ҳеч нима бўлмаганидек тутиши ажаблантирди. Кимдир иши беш кундан буён битмаётганини пеш қилиб, ўзини банк ходими ўтирган дарчага уради. Бошқаси навбатнинг охирини кўра-била туриб, тиқилинч жойга, «очеред бошига» атайин суқилади. Навбат кутишни ҳеч ким истамайди. Барча биринчи!
 
Яшириб нима қилдик, бу каби ўзибўларчиликларга, бепарволик, бамайлихотирликка бозорда ҳам, супермаркетларда, турли ижтимоий объектларда гувоҳ бўлдик. Ёшлар тун қадар кўп қаватли уйлар атрофида тўпланиб, «дом»ни бошга кўтариб, «ҳиринг-ҳиринг» қилганида, тартибга чақирадиган, танбеҳ берадиган одамнинг ўзи топилмайди. Ниқоб тақмаган кўп, уни даҳанига тушириб олган, нотўғри таққан ундан ҳам бисёрлигига баримиз кўз юмдик. Ваҳоланки, бундай ҳолатлар юз берганида хорижий давлатларда тегишли қатъий чоралар кўрилаётганини чет эл сайтлари, ойнаижаҳон орқали кўриб, билиб турибмиз.
 
Масалан, 97 миллион аҳолиси бўлган Вьетнамда карантин қоидаларига сўзсиз амал қилиниши натижасида атиги 300 нафар "СOVID-19" билан оғриган бемор аниқланди. Одамларнинг ҳаётдан кўз юмишига йўл қўйилмади.
 
АҚШда мажбурий ўз-ўзини яккалаш тартибига риоя этмай, вирус юқтирган шахсларни 100 минг долларлик жарима солиш ёки қамоқ жазосига ҳукм этиш белгиланди. Малайзияда вирус хавфи тобора ортаётганини сезган одамларнинг ўзи интернет орқали карантин муддатини узайтиришни талаб этиб имзо тўпламоқда.
 
Франция, Полша, Чехия, Норвегия, Австралия, Аргентина, Малта каби давлатларда карантин қоидаларини бузганлик учун анчагина салмоқли миқдордаги жарима белгиланган. Исроилда карантин қоидасини бузиш 3 йилдан 7 йилга қамоқ билан жазоланади. Хитойда карантин пайтида ўзининг касаллигини била туриб, кўчада юрган одамга жиноий жавобгарлик белгиланган.
 
Карантин кучайтирилиши юртимизда мажбурий чора сифатида қўлланилди. Негаки, бепарволик сабаб кунига 300-400 дан ортиқ хавфли вирусга чалинган бемор аниқланяпти. Касалланганларнинг ҳаётдан кўз юмиш ҳолати кўпайди. Аҳвол шу тарзда кетса, минг ўринли шифохона уч-тўрт куннинг ўзида тўлиб кетиши, тиббиёт ходимлари ҳеч нарсага улгурмаслиги, наинки бутун бошли соғлиқни сақлаш тизими, иқтисодиёт ҳам танг аҳволда қолиши, издан чиқиб кетиши ҳеч гап эмаслигини воқеалар жараёнидан осонгина англаш мумкин. Айтиш, тасаввур этиш, кўз олдимизга келтириш қанча оғир, қўрқинчли бўлсада, бироқ бу бор ҳақиқат.
 
Шундай экан, бепарво бўлишга, бемақсад кўча-кўйда тентирашга, ўзимиз, яқинларимиз, юртдошларимизнинг соғлиғини, инсонга атиги бир марта ато этилган умрини хатарга қўйишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ!
 
ЎзА
Read 2217 times

Мақолалар

Top