muslim.uz
Аллоҳнинг китобларига имон
Аллоҳ таоло инсонни яратди ҳамда уни Ўзининг ер юзидаги халифаси этди. Инсонлар кўпайиб ер юзида тарқалдилар. Аллоҳ уларга тўғри йўлни кўрсатиш учун муқаддас китобларни туширди. Бу китоблар замон, макон ва жамиятларга эътиборан турли ҳажмда бўлган. Уларнинг баъзиси саҳифалар шаклида ёки катта ҳажмда бўлиб, китоб шаклига келтирилганлари ҳам бор. Улардан энг машҳурлари тўрт самовий китоблардир: Забур, Таврот, Инжил ва Қуръон. Бу китоблар мазкур тартиб билан Мусо, Довуд, Исо ва Муҳаммад алайҳиссаломларга юборилган. Бошқа пайғамбарларга эса унча кўп бўлмаган самовий таълимотлар туширилган бўлиб, ҳажми фақат бир неча саҳифадан иборат бўлган. Шунинг учун ҳам улар “Саҳифалар” деб аталади. Одам алайҳиссаломга ўн саҳифа, Идрис алайҳиссаломга ўттиз саҳифа, Иброҳим алайҳиссаломга ўн саҳифа юборилгани каби.
Мазкур китоб ва саҳифаларда Аллоҳ таоло бандаларига фарз қилган диний ибодатларни адо этиш қоидалари ва ижтимоий ҳаётдаги одоб-ахлоқ йўллари баён этилган.
Муҳаммад-Акмалхон ШОКИРОВ
Олимхон тўра ўғли Шайх Юсуфхон тўра Шокировнинг
“Ислом ақида, ибодат ва ҳаёт тарзи” китоби асосида тайёрлади
Имом-хатиблар учун семинар ташкил этилди
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакиллиги вилоятдаги имом-хатиблар ва уларнинг ноибларининг фидоийлиги, фуқаролик масъулияти ва вилоятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасидаги фаоллигини ошириш, уларнинг ушбу йўналишдаги кўникма ва тажрибаларини мустаҳкамлашга қаратилган семинар машғулотлари ташкил этди.
Ҳафтада бўлиб ўтган машғулот дарслари Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари ҳамда Пастдарғом, Пойариқ ва Ургут туманларида олиб борилди. Вилоят имом-хатиблари беш гуруҳга жамланган ҳолда ўзларига яқин ҳудуддаги семинар машғулотларида иштирок этдилар.
Семинарда Ўзбекистонда Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Самарқанд вилояти фаоллари йиғилишида сўзлаган нутқи мазмун-моҳияти ва аҳамияти, имомларнинг йўлдан адашган, суиқасд қилиш, жиноят содир этишга мойил, фарзанд тарбиясига эътиборсиз бўлган ва бошқа ижтимоий хавфли гуруҳга кирувчи фуқаролар билан суҳбатлар ўтказиш жараёнида суҳбатдошига ижобий таъсир кўрсатиш усуллари ҳамда имомларнинг жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашдаги масъулиятини ошириш чоралари каби долзарб мавзуларидаги маърузалар тингловчиларга етказилди.
Маърузаларни Самарқанд вилоят бош имом хатиби З.Эшонқулов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Х.Нормуродов, Самарқанд давлат университети, Самарқанд давлат чет тиллар институти профессар-ўқитувчилари, “Зарафшон”, “Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири Ф.Тошев, Ҳ.Олимжон мусиқали ва драма театри раҳбари Б.Шарипов, вилоят касаба уюшмалари бирлашмаси Кенгаши раиси М.Бобоёров, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси, Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейи раҳбари Х.Муҳаммедов, Имом Бухорий халқаро маркази ходимлари, туман бош имом- хатиблари олиб бордилар.
Шунингдек, масжидларнинг мутаваллилари ҳам машғулотларга жалб этилди. Уларга мутахассислар молиявий тушумларни қонунчиликда белгиланган тартибда амалга ошириш ҳамда банк молиявий фаолияти бўйича зарур тушунчалар бердилар.
ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги
“Ёт ғояларга қаршимиз”
Ўтган ҳафта "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юртида “Мазҳаблар ва йўналишлар” фани ойлиги муносабати билан иккинчи ва тўртинчи курс талабалари ўртасида “Биз ёт ғояларга қаршимиз” мавзуида мусобақа ўтказилди. Мусобақа шартлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Айдарбек Тулеповнинг “Ислом ва ақидапараст оқимлар” китоби асосида олиб борилди.
Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад талабаларнинг мазҳаблар ва оқимлар ҳақидаги билимларини ошириб бориш, уларда турли диний экстремистик ва террористик оқимларларга қарши иммунитетни шакллантириш, талабалар орасидан қобилиятли ва истеъдодли талабаларни аниқлаб олиб, уларнинг истеъдоди ва ижодий қобилиятини намоён қилиш ва муносиб рағбатлантиришдир.
Қуръони карим тиловати билан бошланган мусобақа қуйидаги олтита шарт асосида олиб борилди.
- Ҳар бир гуруҳга олтитадан савол
- Гуруҳнинг ҳар бир аъзосига учтадан тест саволи. Жавоб беришга бир дақиқа вақт берилди.
- Эркин ижод саҳна кўриниши.
- Тезкор савол жавоб икки дақиқа ичида саволларга жавоб бериш.
- Ҳар бир гуруҳ биттадан кўргазмали қурол: баннер, слайд, ролик тайёрлаш .
- 2016-2017 ўқув йилида фан юзасидан газета, журнал, интернет сайтларида гурух талабалари эълон қилган мақолалар.
Жамоа иштирокчилари ўз чиқишларида шартларга пухта тайёргарлик кўрганини намойиш қилди. Китоб асосида тузилган саволларга аниқ ва лўнда жавоблар бердилар. Талабалар тайёрлаган саҳна кўринишлари томошабинларда катта таассурот қолдирди. Талабалар мусобақага тайёргарлик жараёнида мазкур фан юзасидан ўз билимларини мустаҳкамлаб олдилар.
Жалолиддин АҲМЕДОВ,
"Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Ўйин ортидаги “ўйин”
«Техника асри», «интернет асри» деб аталаётган шиддаткор даврда яшаяпмиз. Ушбу давр инсониятга ақл бовар қилмас имкониятлар эшигини очди. Шунинг баробарида қатор муаммолар ҳам бўй кўрсатди. XXI аср нафақат юқори технологиялар асри бўлди, балки маънавий хуружлар авж олган нотинч юзйилликка ҳам айланиб улгурди. Бу хуружлар инсонга руҳий таъсир ўткаиш усулларнинг хилма-хиллиги билан хатарлидир.
Ҳозирги вақтда компьютер ўйинлари фақат ёшлар эмас, балки катталарнинг ҳам ажралмас эрмагига айлангани барчага маълум. Айни ўқиш, билим олиш, касб-ҳунар танлаш давридаги ёшларнинг компьютер ўйинхоналарини тўлдириб ўтириши бугуннинг кўз юмиб бўлмас муаммосига айлангани рост. Улар севиб, қизиқиб, ўйнаётган ўша ўйинлар бир-бирини ваҳшиёна тарзда қийнаш, ўлдириш, қувлаш ва ҳоказолардан иборат. Бугунги болаларни оддий ўйинлару ўйинчоқлар қизиқтирмайди. Уларнинг онгу шуурини компьютер ўйинлари шу даражада банд қилдики, бўш қолдим имкон туғилгунча ўйинлар оламига шўнғишга интилади улар. Мунтазам равишда даҳшатли ўйинлар ўйнаган болалар ва ўсмирларда жиззакилик, бемеҳрлик, қўрслик ортиб, ўз ишига бўлган масъулиятсизлик юзага келади. Яна бир хавфли тарафи, бола онгида кечаётган виртуал ўйинлардаги зўравонлик, қотиллик, беҳаёлик, ўғирлик иллатлари эртага реал ҳаётда синаб кўрилиши эҳтимолдан холи эмас. Биргина мисол, ушбу ўйинлар ичида турли хил кўринишга эга бўлган «ГТА» ўйинини олайлик. Унда ўйин қахрамони тўғри келган одамни уриб ўлдириб, машина олиб қочиб, машинада йўлда учраган одамларни уриб кетаверади ва отишмалар билан йўлни давом эттиради. Буни эса сизу бизнинг фарзандимиз бошқармоқда. Энг даҳшатлиси, эса ўзининг бу ишидан хурсандчилиги юзида акс этиб, нима қилиб бўлса ҳам янада кўпроқ ўлдириб, ўйин охирига етишга интилмоқда. Ёки бўлмаса «CALL OF DUTE» «MEDAL OF HONOR» «COUNTER STRIKEI» каби таъсир кучи юқори бўлган ўйинларни олайлик. Бу ўйинлар моҳиятига юртпарварлик ғояси сингдирилган ўйинларга ўхшайди. Аслида эса унда бир гуруҳ одамларни ўлдириб якка ҳукмронликка эришиш мақсад қилиб қўйилган. Ўзим гувоҳ бўлган бир воқеа. Кечкурун ишдан қайтаётганимда компьютер ўйинхонасидан бир гуруҳ мактаб ўқувчиларининг сўзлари эътиборимни тортди. Улар бугун ўйинда нечта жойни ёқиб юборгани, қанча одамни ўлдирганини мақтаниб сўзлашарди. Нега улар мактабда нечта юқори баҳо олгани-ю, қайси китобни ўқиб тугатгани билан мақтаниш ўрнига бу каби зарарли ўйинлар асирига айланиб, қайси босқичдан ўтганию, қайси ўйинда ғалаба қозонгани билан мақтаняпти?
Зўравонликни тарғиб этувчи видео ўйинлар билан машғул бу ёшларнинг эртаси учун жавобгарликни, аввало, ота–она, қолаверса, маҳалла-куй ҳис қилиши керак. Фарзандини назоратсиз қолдириб айбни фақат компьютер, телефондан эмас, ўзларидан қидириш пайти келмадимикан? Қўшнимизнинг ўғли ҳар сафар репетиторга кетяпман деб онлайн ўйинларга муккасидан кетгани сабаб унверситетга киролмагач, ўз ишидан пушаймонлигини билдириб, маслаҳат сўраб келганди. У ўз хатосини тушуниб етиб аввалгидек ўқишга меҳр қўйди. Лекин ана шу хатога муккасидан кетган ўсмирлар қанча!
Юртимизда фарзанларимизни бундай ўйинлар чангалидан халос этиш учун, уларни носоғлом ахборот хуружларидан ҳимоялаш дастури ишлаб чиқилган. «Ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида»ги қонунда ёшлар орасида шафқатсизлик, ҳаёсизлик ва зўравонликни ташвиқ қилишга қаратилган ҳар қандай хатти-харакатлар манъ этилган.
Фарзандлар – қалб райҳонларидир. Уларнинг гул-гул яшнаши ва бўй кўрсатиши учун юртимизда яратилган имкониятлардан ўз ўрнида оқилона ва унумли фойдаланиш даркор. Уларни ёт унсурлардан асраш ва муҳофаза этиш биз катталарнинг бирламчи вазифамиздир.
Ғолибжон ХИДИРОВ,
Китоб туманидаги Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
Орамиздаги яхшиларимиз танлови бошланмоқда
Аллоҳ таолонинг марҳаматининг кенглигини қарангки, биз бандаларига Исломни дин, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар, Қуръони каримни дунё ҳаётига дастур, қиёматда эса шафоатчи қилиб берди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни ўқинглар! Зеро, Қуръон қиёмат куни шафоат қилади” (Имом Муслим ривояти), деб бизга уни ўқишнинг фойдаси қанчалик кўплигининг хабарини бердилар.
Яна бир ҳадиси шарифда эса: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, ўргатганингиздир” (Имом Бухорий ривояти), дея яхшиларимизнинг ким эканини ҳам англатдилар.
Қуръони карим Аллоҳнинг каломи бўлгани туфайли Саодат асридан бошлабоқ уни фасоҳат билан ўқишга катта эътибор қаратиб келинмоқда. Аллоҳ таоло барчамизни зеҳн, хотира, ғайрат-шижоатдан бенасиб этмаган бўлса-да, Қуръони каримни ёдлаб олишдек бахт ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Алалхусус, уни фасоҳат билан ўқиш эса ҳофизул Қуръонларга насиб этадиган бебаҳо неъматдир.
Буни қарангки, Қуръони каримни ёдга олгандан сўнг ҳофизлик масаласи ҳам ўртага чиқиб, қоридан Аллоҳ таоло ато этган ширали ва баланд овоз, кучли нафас, нафасни узоқ вақт тутиб тура олиш ва яна кўплаб фазилатларни талаб қилар экан.
Айни кунларда Кувайтда 12 апрель куни бошланган VIII Халқаро Қуръони карим мусобақаси давом этаётганидан хабардормиз.
Дунёнинг 80 давлатидан 124 нафар вакиллар тўртта ниҳоятда жиддий йўналишлар бўйича беллашаётган мусобақада юртимизнинг икки нафар вакили – Тошкент ислом институти талабаси Аъло Нуриддинов ва “Саййид Муҳйиддин махдум” Ислом билим юрти талабаси Аҳмадулло Абдуҳалимов ҳам иштирок этмоқда.
26 апрель куни эса пойтахтимиздаги “Хожа Аламбардор” масжидида Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ўтказиладиган “XXVII Қорилар мусобақаси” кўрик-танловининг Республика босқичида бошланади.
Унда ёш қори ва қорияларимиз мураттаблик, мужаввидлик йўналиши бўйича Мадина мусҳафига мувофиқ тажвид қоидаларига риоя қилиб ўқиш юзасидан баҳслашадилар.
Ушбу мусобақа юртимиздан кўплаб мураттаб қорилар етишиб чиқишига, ёш қориларимиз ва қорияларимизнинг ўзларидаги истеъдодини намоён этишига, уларнинг бошқа юртларга ҳам бориб қорилар мусобақаларида иштирок этиб қайтишига, улардаги ҳофизлик санъатининг кўпчилик эътирофига сазовор бўлишига, юртимиз шарафининг юксалишига ҳисса бўлиб қўшилади. Мана бугун Қувайтдаги Халқаро мусобақа қатнашчилари бўлиб турган Аълохон ва Аҳмадуллохонлар ҳам ана шундай мусобақаларда тобланиб, обдон пишигандан сўнг устозларнинг, элнинг дуосини олиб йўлга чиққанлар.
Муҳтарам ҳожиларимиздан бири гапириб берган эканлар. У киши бундан бир неча йил ҳаж амалларини бажариб келган экан. Маккаи Мукаррамада, Мадинаи Мунавварада қориларнинг гўзал тиловатларини тинглаб қалблари юмшаб юм-юм йиғлабди. Кейин дўконга кириб таржимон ёрдамидами, бир чорасини қилибми, хуллас, энг зўр қорининг кассетасини беришини сўрабди. Дўкончи бир кассетани қўлига олиб жуда кўп вақт тўлқинланиб гапирибди. Ҳожи ака унинг гапларини тушунмаса-да, берилиб мақтаётганини тушунибди. Хонасига келиб завқи ичига сиғмай ҳамхонасига кассетани кўрсатган экан, ҳамхонаси арабча ёзувни тутила-тутила “Ўзбекистон, Раҳматулло қори Обидов” деб ўқибди-да, Эй ўзимизнинг Раҳматулло қорими? Деб ҳайрон бўлиб қолибди...
Ана, юртимизнинг шонини, миллатимизнинг шарафини қаранг! Ҳазрати Усмон Мусҳафи сақланаётган муборак маконда бундан ўзгача бўлиши мумкинми!..
Ёш қориларимизнинг ҳам катта ютуқларга эришиб, кўрик-танловда яхши ўринларни олишини ва келажакда дунёнинг энг машҳур қориларидан бўлишини тилаб қоламиз.
Дамин ЖУМАҚУЛ. журналист
Қорилар мусобақаси иштирокчиларининг билим даражаларини
Б А Ҳ О Л А Ш М Е З О Н И
- Мусобақа иштирокчиларининг билим даражалари 100 баллик тизим асосида баҳоланади.
- Мураттаблик йўналиши бўйича баллар қуйидагича тақсимланади:
а- Ҳифз учун- 40 балл;
б- Тажвид учун - 40 балл;
в- Тараннум учун - 10 балл;
г- Савт учун- 10 балл.
- Мужаввидлик йўналиши бўйича баллар қуйидагича тақсимланади:
а- Тажвидга риоя қилиши- 30 балл;
б- Тажвид қоидаларини билиши учун- 20 балл;
в- Ёддан ўқигани учун - 20 балл;
г- Тараннум учун - 15 балл;
д- Савт учун- 15 балл.
- Берилган саволларга Мадина мусҳафига мувофиқ тажвид қоидаларига риоя қилиб ўқиш шарт.
- Иштирокчилар қуйидаги баҳолаш мезонлари асосида баҳоланадилар:
5.1. Иштирокчи ҳифзда адашса ёки қўпол хато (яъни, лаҳни жалий) қилса, масалан ҳарфни ёки ҳаракатни алмаштириб қўйса, қуйидагича баҳоланади:
5.1.1. Агар иштирокчи ҳифзда хатога йўл қўйса, унга танбеҳ берилади ва ҳифзи учун ажратилган мураттаб йўналишидаги 40 балл ва мужаввид йўналишидаги 20 баллдан 0.5 балл олиб ташланади. Агар тўғрилай олмаса иккинчи бор танбеҳ берилади ва яна 0.5 балл олиб ташланади. Яна тўғрилай олмаса унга луқма (айтиб) берилади ва 1 балл олиб ташланади. Шунда жами бўлиб 2 балл олиб ташланади.
5.1.2. Агар иштирокчига ҳеч қандай танбеҳсиз луқма берилса, масалан қироатда тўхтаб қолди, ундан 2 балл олиб ташланади. Демак, ҳар бир луқма бериш, хоҳ у икки танбеҳ билан, хоҳ бир танбеҳ билан, хоҳ умуман танбеҳсиз бўлсин, ундан 2 балл олиб ташланади.
5.1.3. Агар иштирокчига “фалон сурани ўқи” дейилса, у сурани бошлашни билиши лозим. Агар билмаса унга луқма берилади ва ҳифздаги каби 2 балл олиб ташланади.
5.1.4. Гарчи иштирокчи саволнинг дастлабки онларида бир калима ўқимасдан хатога йўл қўйса ҳам унга юқоридаги бандлардаги шартлар қўлланилади.
5.1.5. Агар иштирокчи танбеҳдан олдин хатосини тўғриласа, ёки танбеҳ билан бир пайтда хатосини тўғриласа ундан балл олинмайди.
5.2. Иштирокчи тажвид билан ўқишда хатога йўл қўйса, қуйидагича баҳоланади:
5.2.1. Тажвидда ҳар бир хато учун мураттаб йўналишдаги тажвид учун ажратилган 40 балл ва мужаввид йўналишидаги 30 баллдан 0.5 балл олиб ташланади. Айнан бир хатонинг ўзи неча бор такрорланса шунча марта 0.5 баллдан олиб ташланади.
5.2.2. Агар иштирокчи ҳифзда хатога йўл қўйса ва унга танбеҳ берилса, тўғрилаш учун ортга қайтиб ўқийдиган бўлса қайтиш жараёнида ҳам тажвидга риоя қилиши талаб этилади. Акс ҳолда ундан тажвидга олинадиган балл олиб ташланади.
5.2.3. Агар иштирокчи тажвидда хато қилса ва танбеҳдан олдин дарҳол ўзи тўғриласа ундан балл олинмайди. Бифроқ бу хато мусобақа ниҳоясида унинг зарарига ҳал қилувчи омил бўлиши мумкин.
5.3. Агар иштирокчи сура аввалида “басмала” ўқишни тарк қилса, унга танбеҳ берилади лекин ҳеч қандай балл олиб ташланмайди.
- Ҳар бир ҳакам ўзининг йўналиши бўйича иштирокчига балларни рақам ва ёзув билан белгилаб боради.
- Ҳайъат раиси бошчилигида камида учта ҳакам иштирокчининг заифлигига келишса, саволнинг миқдорини камайтиришлари мумкин, барчасига жавоб кутишлари шарт эмас.
- Ҳайъат аъзолари натижа эълон қилингунига қадар иштирокчилар тўплаган балларни сир сақлашлари лозим.