muslim.uz

muslim.uz

Середа, 14 сентябрь 2022 00:00

Меҳмон ризқ-рўз келтиради

Инсон мақсадлари йўлида доимо изланади. Унга етиш учун эса энг зарур омил тинчлик ва осойишталикдир. Юртимиз ва ҳар бир оиладаги ҳотиржамлик кишининг иш самарадорлигини ошишига, оила мустаҳкамлигига асос бўлади. Қолаверса, мамлакат тараққиётига, фаровонлигига замин яратади.

Муҳтарам Президентимиз тинчлик-осойишталик ва барқарорликни таъминлаш, мамлакатимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш, халқимиз учун муносиб турмуш шароитини яратишни бош мақсад қилиб белгилаб бердилар. Куни кеча Юртбошимизнинг "Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик" сарлавҳаси остидаги мақолалари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.

Бу галги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг 22-мажлиси Янги Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтиши барчани диққат марказини тортмоқда. Шунинг учун ҳам муҳтарам Юртбошимиз ўз мақолаларида “Самарқанд руҳи” – ҳамкорлик, ўзаро англашув ва дўстлик ифодаси”деяаниқлик киритдилар.

Биламизки, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти 2001 йил 15 июнда ташкил этилганхалқаро минтақавий ташкилот ҳисобланади. Унинг саммитлари 2004, 2010 ва 2016 йилларда Тошкент шаҳри мезбонлигида ўтказилган эди.

Бугун тўртинчи бор, аввалгиларидан ўта фарқли,оламшумул аҳамиятга эга. Президентимиз таъбирлари билан айтганда бу саммит “Башорат қилиш мушкул бўлган янги бир давр” да Янги Ўзбекистон раислигида ўтказилмоқда.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг асосий мақсади унга аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш ҳамда сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий, шунингдек, таълим, энергетика, транспорт, туризм, атроф-муҳитни муҳафаза қилиш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, терроризм, экстремизм ва айирмачиликка қарши биргаликда курашиш ташкилотнинг асосий вазифалари сирасига киради. Бундан ташқари, ўзаро боғлиқлик, озиқ-овқат ва инновациялар, рақамли трансформация ва “яшил” иқтисодиёт каби муҳим йўналишларни қамраб олиши ҳам ҳамкор ташкилотлар, хусусан, юртимиз учун бебаҳо ютуқлар гарови дейишимиз мумкин.

Давлатимиз раҳбарининголиб бораётган одилона сиёсатлари тинчлик, хавфсизликдир. Хусусан тараққиётимизга раҳна солиши мумкин бўлган ҳар қандай таҳдид ва хатарларга қарши муросасизларча бор имкониятдан фойдаланишни ўз олдиларига қўйган енгилмас куч сифатидаги мақсадлари барчамизга аён. Қарасангиз, ҳамкор давлатлар асосан қўшниларимиз, дўстларимиздан иборат бўлиб, ташкилотнинг мақсади ҳам айнан шу йўналишга қаратилганини кўрасиз. Албатта, бу каби ҳамкорликдан фақат биз ривож топамиз ва тараққиёт стратегиямизга кенг кўламли мадад оламиз. Зеро, тинчлик, барқарорлик Янги Ўзбекистон давлати ва аҳолисининг бош мақсади эканлиги сўзимизнинг далили бўла олади.

Муҳтарам Юртбошимиз ўз мақолаларида кўзланган улуғ мақсадни шундай таъриф этадилар: “Самарали халқаро ҳамкорлик – бу дунёда барқарор, ишончли ва фаровон тарақиётнинг энг муҳим омилидир. Айнан шундай ёндашув замонамизнинг долзарб муаммоларини баҳамжиҳат ҳал этиш, янги хавф-хатар ва ижтимоий ларзалардан ҳимояланиш учун энг аниқ, мақбул ва самарали йўл ҳисобланади”.

Ушбу Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг 22-мажлиси айнан афсонавий шаҳар бўлмиш Самарқандда ўтказилиши бежиз эмас. Зеро, Ўзбекистон давлати маданий маркази ҳисобланган Самарқанд шаҳри эрамиздан аввалги VII асрда ташкил топган. У ўзининг деярли 3 минг йиллик тарихий ёдгорликларига эга. Хусусан, ҳазрати соҳибқирон Амир Темур сулоласи бошқаруви даврига тегишли архитектура ёдгорликлари билан машҳур. Айтиш жоизки, унда қадимги Миср, Хитой, Ҳиндистон, Греция ва Римдаги шаҳарсозлик  дурдоналари каби буюк меросимиз ҳазинаси мавжуддир.

Ўрта Осиёнинг сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётида катта мавқега эга бўлиб келган Самарқанд шаҳрининг Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашганлиги, ўз тарихида бутун ҳоқонларни бирлаштирганлиги, асри саодатдан сўнг Имом Абул Мансур Мотуридий раҳнамоликларида имон-эътиқоддаги тойилишларнинг олдини олишда ислом оламига ечим топиб бера олганлиги, ислом дунёсида ҳадис йиғиш тамаддунида энг муқаддам Имом Бухорий ҳазратларидек буюкларни етиштирганлиги, бугунги кунда эса, маданият шаҳрибўлиб турган Самарқандда саммитни ўтиши ҳамма-ҳаммамизни дилимизга кенг ёруғлик ва беқиёс эзгуликни солмоқда. Ишонамизки, ҳамкор ташкилотлар анжумани юртимиз ривожига ўзининг залварли хиссасини тақдим этади. Бу билан юртимиз тинч бўлади, тараққиётимиз мунаввар бўлади, халқимиз тенги йўқ ризқ-рўзга эга бўлади. Албатта мақсадлар ҳосил бўлади, инша Аллоҳ!

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти дунёдаги йирик минтақавий ташкилотлардан бири, унга аъзо давлатларнинг умумий ҳудуди 34 миллион квадрат километр, Евроосиё қитъаси ҳудудининг 60 фоиздан ортиғини жамлаган бўлиб, уларнинг умумий аҳолиси сони эса 3,2 миллиардни ташкил қилади.

Саммит ишида ташкилотга аъзо 8 та мамлакат – Покистон Ислом Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Ўзбекистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Ҳиндистон Республикаси, шунингдек, ташкилот ҳузуридаги 3 та кузатувчи давлат  – Беларусь Республикаси, Мўғулистон ва Эрон Ислом Республикаси етакчилари иштирок этади.

Фахрий меҳмон сифатида 4 та давлат – Туркия Республикаси, Озарбайжон Республикаси, Туркманистон ва Арманистон Республикаси, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, бошқа нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари қатнашиши кўзда тутилмоқда.

Янги Ўзбекистон раислигида ўтадиган тарихий анжуманда муҳтарам Президентимизга Тангри таоло Ўзи мадад қилиб, дунё подшохлари эргашган Баховуддин Нақшбандий, Хожа Ахрор Валийдек азиз бўлган зотларнинг руҳи ҳамроҳ бўлсин!

Имом Бухорий ва Имом Термизийдек муқаддас динимизга оламшумул хизматда бўлган улуғларнинг омадидек омад берсин!

Буюк соҳибқирон Амир Темур ҳазратларининг тоат ибодатлари, қилган барча бунёдкорликларидек буюк яратувчилик насиб этсин!

 

Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили

Шу ҳафта давомида юртимизнинг бир гуруҳ таниқли ва воиз уламолари Тошкент вилоятидаги масжидларга ташриф буюриб, пешин ва хуфтон намозларини жамоат билан бирга адо этиб, мўмин-мусулмонларга маърифий суҳбатлар қилиб беришди.

Хусусан, бугун, 10 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов пешин намозига Қибрай туманидаги “Дареш бобо” жоме масжидига ташриф буюриб, мўмин-мусулмонларга муҳим мавзуда мавъиза қилиб, ҳадис ва уламоларнинг сўзлари асосида мазкур мавзуни кенг шарҳлаб берди.

Манфаатли маъруза давомида Иброҳимжон домла Иномов намозхонларга уламолар Тошкент вилояти масжидларида бўлиб илм-маърифат улашаётгани, соҳага оид янгилик ва ўзгаришлардан бохабар қилинаётгани ҳақида маълумот берди. Сўнгра Ҳақ таолодан юрт тинчлиги, халқ фаровонлигини сўраб хайрли дуолар қилинди.

Бундай суҳбатлар  “Дўрмон” масжидида  Абдуқаххор домла Юнусов, "Байтқўрғон” масжидида Исоқжон домла Бегматов, “Ўнқўрғон” масжидида  Салохиддин домла Тошанов, “Машариб Ота” масжидида Закариё домла Ҳафизуллаев, “Ҳожи Туроб ўғли ҳожи Абдулла” масжидида Ибн Турсун Билол қорилар иштирокида бўлиб ўтди.

Халққа манзур бўлаётган бундай илмий суҳбатлар яна давом этади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Инсоният эзгу мақсадини, орзу-умидини амалга ошириши учун энг катта таянч тинчлик ва осойишталикдир. Бугун бу неъмат ҳар қачонгидан ҳам қадрлироқ туюлмоқда. Чунки жаҳонга кечаётган турли таҳдиду урушлар ҳар кимни огоҳ бўлишга, тинчликнинг асраб-авайлашга ундамоқда. Шу боис, бугун юртимиз бўйлаб жума намозларида қилинган маърузалар ҳам ана шу долзарб мавзуда бўлди.

Шу кунларда юртимизнинг бир гуруҳ таниқли уламолари Тошкент вилояти масжидларга ташриф буюриб жума намозини жамоат билан бирга адо этиб, мўмин-мусулмонларга маърифий суҳбат қилиб бераётгани ҳақида хабар берган эдик. Ана шу ташрифларнинг давоми сифатида бугун уламоларимиз Тошкент туманидаги масжидларда бўлишиб, жамоатга “Тинчлик – олий неъмат” тўғрисида мавъиза қилиб, ояту ҳадислардан далиллар келтириб, ҳаётий воқеалар асосида суҳбат қилдилар. Шу билан бирга намозхонларни осойишталикни асрашга, қадрига етишга ва бу кунларга шукрона айтишга ундадилар. Ислом дини инсон учун тинчлик ва омонлик дини эканлиги ҳақида сўз юритдилар.

Хусусан, "Хасанбой ота” масжидига йиғилганлар намозхонлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномовнинг мазкур мавзудаги маърузасидан баҳраманд бўлиб катта манфаат олдилар.

Таниқли уламолар иштирокидаги бундай жума мавъизалари “Ҳамд” масжидида Абдуқаҳҳор домла Юнусов, "Хасан ибн Собит” масжидида Исоқжон домла Бегматов, “Ҳазрати Билол” масжидида Ҳасан домла Қодиров, “Ҳожи ота” масжидид Закариё домла Ҳафизуллаев, “Чувалачи” масжидида, Ибн Турсун Билол қори, "Эшон бува” масжидида Бахтиёр домла Сатторов, "Эшонхўжа ота” масжида Зиёвуддин домла Мирсодиқов, “Эшонбува” жоме масжидида Жасур домла Раупов иштирокида бўлиб ўтди.

Жума намозлари сўнггида жамоат ва юртимиз ҳақига хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

П'ятниця, 09 сентябрь 2022 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Диний идорага қарашли "Shamsuddinxon Boboxonov" НМИУ жамоаси нашриёт ходими Бахтишод ЭСОНОВнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло марҳумни Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!

Аллоҳ таоло марҳумнинг барча солиҳ амалларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин, барча саҳву хатоларини кечириб, раҳматига чулғасин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилиб, охиратларини обод айласин!

Ҳақ таоло марҳумнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Сторінка 40 з 2297

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top