muslim.uz

muslim.uz

Ғуломиддин Холбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими етакчи мутахассиси: 
 
– Рамазон ойидан кейин ҳижрий-қамарий тақвимнинг ўнинчи ойи ҳисобланадиган Шаввол келади. Ушбу ой ҳам фазилатли ва баракотли ойлардандир. Бу ойда соғлиғи ва имкони бор кишилар нафл рўза тутса кўп ажру-савобга эга бўлиши ваъда қилинган. 
 
Абу Айюб Ансорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан шаввол ойидан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади” (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари). 
 
Демак, ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, шавволнинг олти кунида рўза тутган киши умр давомида рўза тутганлик савобини қозонар экан. 
 
Зеро Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)...” (Анъом сураси, 160-оят). 
 
Бу олти кунлик рўзани Рамазон ҳайитининг эртасидан бошлаб тутиш мумкин. Шунингдек, шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Бу ҳақда “Зоҳирийя” ва “Хулоса” номли фатво китобларимизда Шаввол ойидаги олти кунлик рўзани кетма-кет тутилиши шарт эмаслиги, балки ой давомида тутиб ҳам адо этиш мумкинлиги айтиб ўтилган. 
  
Шавволнинг олти кунида рўза тутишнинг яна фойдаларидан бири шуки, у Рамазон рўзасидаги йўл қўйилган камчилик-нуқсонларга каффорат бўлади. 
Зеро беайб – Парвардигори олам! Банда камчилик ва хатолардан холи эмас. Бу – худди фарз намозлар ортидан ўқилган суннат намози кабидир. Ушбу суннатлар фарзда билиб-билмай йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилади. 
  
Қиёмат куни банданинг нафл ибодатлари унинг фарз-вожиб амалларда йўл қўйган нуқсонларини тўлдиради. Қолаверса, шавволнинг олти кунида рўза тутиш ўз моҳияти билан мусулмон кишининг рўзадан зерикмаганига, балки унга рағбати кучли эканига далолат қилади. 
  
Бу ойдаги рўзанинг ҳикмати ҳақида Аллома Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ бундай деган: “Рамазон ойидан кейин рўза тутиб юришга одатланиш – Рамазон ойи рўзасининг қабул бўлгани белгисидир. Чунки Аллоҳ таоло бандасининг бирор амалини қабул қилса, ундан кейин уни (бошқа) солиҳ, хайрли ишларга бошлайди, давомли қилади”. Валлоҳу аълам. 

Ғуломиддин ХОЛБОЕВ

ЎМИ Фатво бўлими ходими,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

 
 
Муҳайё Тошқораева, ЎзА
 
Манба: http://uza.uz
 
Неділя, 24 май 2020 00:00

Рамазон ҳайити табриги

Ўзбекистон – бағрикенг диёр. Бу сатрлар қисқа бўлишига қарамай, уларда оламжаҳон маъно бор. Юртимизда ўн олти хил диний конфессияга тааллуқли бўлган 136 дан ортиқ миллат ва элатлар бир тан – бир жон бўлиб яшаб келадилар. Бунинг энг эътиборли ва қадрли жиҳати шундаки, қайси бир диний йўналишга тегишли бўлмасин, қайси бир миллат вакили бўлмасин, юртдошларимиз доимо ўзаро тотувлик ва ҳамжиҳатликда ҳаёт кечирадилар.

Мана бугун юртимизда муборак Рамазон ойи ниҳоясига етиб, ўттиз кунлик рўза тутишдан сўнг ўзбекистонликлар ҳайит байрамини кутиб олиш тараддудида. Байрам фақат мусулмонларнинггина эмас, балки бошқа дин вакилларининг ҳам диққат-эътиборида.

Бунинг ёрқин ифодаси сифатида республикамизда фаолият юритиб келаётган диний конфессиялар раҳбарларининг Ўзбекистон мусулмонлари идораси, муҳтарам муфтий ҳазратлари номига ўз табрикномаларини йўллаганларида кўришимиз мумкин.

Ўз табрик хатларида дин пешволари муфтий Усмонхон Алимов ва у орқали мамлакатимизнинг бутун мусулмон аҳлини кириб келаётган муборак байрам билан қутладилар. Конфессиялар раҳбарлари қисқа сатрларда Ўзбекистон халқига тинчлик ва омонлик, юртимиз осмонининг доимо мусаффо бўлишлигини изҳор этганлар.

Диний конфессиялар раҳбарларининг табрикларига қўшилган ҳолда, Ўзбекистонда динлараро бағрикенглик ва миллатлараро тотувликнинг доимо бардавом бўлишлигини тилаб қоламиз. 

 

Табрик йўллаганлар: 

Митрополит Викентий - Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси раҳбари;

Епископ Ежи Мацулевич - Рим-католик черкови раҳбари;

Арамаис Григорян - Арман апостоллик черкови раҳбари;

Аркадий Исахаров - яҳудийлар диний жамоаси раиси;

Холматжон Аширов - Ўзбекистон Библия жамияти директори. 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Азиз юртдошлар, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва ўз номимдан Сизларни муборак Рамазон ҳайити билан чин қалбдан муборакбод этамиз.

Ҳақ таборака ва таолодан қутлуғ ойда тутган рўзаларимиз қабул, ибодатларимиз мақбул ва дуоларимиз мустажоб бўлишини сўраймиз.

Мана шундай файзли кунларга етказгани учун Аллоҳ таолога чексиз шукроналар айтамиз. Фазилатли кунларда Қодир Аллоҳдан халқимизга тинчлик-осойишталик, қут-барака ва турли бало-офатлардан Ўзи ҳимоя қилишини тилаб дуолар қиламиз.

Рамазон ҳайитини дунё мусулмонлари қатори юртимиз аҳли ҳам катта шодиёна ва хурсандчилик ила ўтказади. Ушбу кун Яратган Эгамнинг раҳмати Ер юзига ёғиладиган, қалблар завқланадиган ажойиб фурсатдир.

Алҳамдулиллаҳ, Рамазони шариф рўзасини тутиш барчамизга насиб этди. Мўмин-мусулмонлар субҳидамда саҳарлик дастурхони атрофида ибодатга киришдилар, файзли оқшомларда ифторлик қилиб, уйларида таровеҳ намозларини адо этдилар.

Шу йилнинг 20 апрель куни қабул қилинган муҳтарам Президентимизнинг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида меҳр-саховат тадбирлари оширилиши, Қуръони карим хатмлари онлайн узатилиши элимизни чексиз хурсанд қилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан “САХОВАТ ВА КЎМАК” умумхалқ ҳаракатининг эълон қилиниши ушбу муборак ойнинг мақсад-моҳиятига айни мувофиқ келадиган улкан савобли иш бўлди.

Меҳр-мурувват ойи бўлмиш Рамазонда мўмин-мусулмонлар ҳиммати баланд, шижоати юксак бўлди. Қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар, беморлар, муҳтожларнинг кўнгли олинди. Молиявий ибодат ҳисобланган закотлар адо этилди, фитр садақаси ва фидялар берилди.

Эҳтиёжманд кишиларни қўллаб-қувватлаш учун ҳар бир имом-хатиб томонидан олийҳиммат инсонлар билан биргаликда кўмакка муҳтож оилаларга моддий-маънавий ёрдам қилинди.

Барча юртдошларимиз муборак Рамазон ойида бошланган саховат ва кўмак тадбирларини бундан кейин ҳам фаол давом эттиришлари, ўзларининг кундалик вазифалари қилиб олишлари дини мубинимиз ғояларига мувофиқ иш бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Бас, яхшиликларга шошилинг”, деб марҳамат қилади.

Маълумки, бугунги синовли кунларда халқимиз бир тан-у, бир жон бўлиб, дунё халқлари бошига келган ушбу касалликка сабр-матонат, ҳамжиҳатлик билан қарши курашмоқда. Мана шундай вазиятда Бухоро ва Сирдарёда рўй берган офатлар халқимизнинг иродасини синади.

Муҳтарам Юртбошимиз офатдан зарар кўрган аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиб, халқимиз ҳамжиҳат бўлиб, бундай синовларни кўп бор енгиб ўтгани ва энг муҳими, кайфиятни туширмай, биргаликда курашиш кераклигини таъкидладилар. Азият чеккан юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламдаги инсонпарварлик ишларини ташкил этдилар.

Муборак ойда мана шундай эзгу ишлар аҳил ва иноқлигимизни янада мустаҳкамлади, синовли кунларни Яратган Парвардигорнинг мадади ила осон енгиб ўтишда асосий омил бўлмоқда.

Кўнгилларга хурсандчилик олиб кирадиган ишлардан яна бири – диёримизнинг ҳар бир ҳудудида хушовоз қориларининг хатми Қуръонлар ўқишлари бўлди. Юртимиз аҳли ижтимоий тармоқлар орқали Илоҳий каломни тўғридан-тўғри тингладилар. Бундай ташаббусдан миннатдор эканларини изҳор этдилар. Шубҳасиз, юртимиз узра Илоҳий калом янграши баробарида Яратган Парвардигорнинг раҳмати ҳам ёғилиб турди.

Яқинда муҳтарам Президентимизнинг “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорлари эълон қилинди. Ушбу қарорда белгиланган муҳим вазифалар Рамазон ҳайитининг юртимизда карантин қоидаларига амал қилган ҳолда, кўтаринки руҳда ўтишига асосий омил бўлади.

Ушбу қарорда белгиланган муҳим тадбирлар байрам кайфиятини янада ошириш, ушбу айёмни янада мазмунли ўтказиш учун улкан шароит ҳозирлайди, инша Аллоҳ.

Яна бир муҳим масала: Табаррук айём арафасида озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган бир гуруҳ юртдошларимизни афв этиш тўғрисида Давлатимиз раҳбарининг фармонлари қабул қилингани халқимизга хос кечиримлилик ва меҳр-шафқат фазилатларининг олий намунаси бўлди. Бу галги афв бирмунча каттароқ миқёсда бўлиши қалбларни янада қувончга тўлғазди.

Ҳеч шубҳасиз, ушбу улуғ айём арафасида билиб-билмай нотўғри йўлга кирган инсонларни кечириш уларни оиласига ҳам хурсандчилик, бахт ва умид киришига сабабчи бўлди. Оиласи бағрига қайтган юртдошларимиз бундан буён оилавий тўкинлик, тинчлик-хотиржамликнинг қадрига етиб, Ватанимиз равнақи йўлида ҳалол меҳнат қилишларига ишонамиз.

Бундай улуғ ишларга бош бўлган давлатимиз раҳбари ва барча масъулларга халқимиз номидан чексиз миннатдорлик изҳор этамиз.

Бизлар мана шундай неъматларнинг қадрига етиб, динимиз ривожига кўрсатилаётган шароитларни Аллоҳ таолонинг улуғ марҳамати деб қабул қилишимиз, бунинг шукронасини ҳамиша адо этишимиз лозим.

Азизлар, эртага катта байрам – Рамазон ҳайити Ислом динимизнинг учинчи рукни бўлмиш рўза ибодатининг адо этилиши муносабати билан нишонланадиган қувончли воқеадир.

Улуғ алломаларимиз: “Ҳайит кунлари шодликни изҳор қилиш диннинг шиорларидандир”, деганлар. Исломнинг шиори бўлган икки байрам – Рамазон ва Қурбон ҳайитларида хурсандчилигимизни, саховатимизни ҳар қачонгидан кўра кўпроқ намоён қилишимиз лозим.

Мўътабар китобларимизда келтирилишича, мўмин-мусулмонлар Рамазон ойи рўзасини адо этиб, Рамазон ҳайитига етишганларида, Аллоҳ таоло: “Эй фаришталарим, ҳар бир ишчи ўз ҳақини талаб қилади, мен уларни мағфират қилдим”, дейди. Шунда бир нидо қилувчи: “Эй Муҳаммад уммати, манзилларингизга қайтинглар, батаҳқиқ, гуноҳларингиз савобларга, яхшиликларга алмаштирилди”, деб нидо қилади. Шунда Аллоҳ таоло: “Эй бандаларим, Менинг учун рўза тутдингиз, Менинг учун оғиз очдинглар, бас, мағфират қилинган ҳолда ўринларингиздан туринглар”, дейди. Мўмин-мусулмонлар мана шундай бахтга муяссар бўладилар, инша Аллоҳ.

Имом Бухорий ҳазратлари ривоят қилган ҳадиси шарифда Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннатнинг бир эшиги бор, у Раййон деб аталади. Қиёмат куни ундан фақат рўзадорлар киради”, деб марҳамат қилинган. Мана шу бахт барчамизга насиб этсин.

Азизлар, бу йил Рамазон ҳайитини карантин мезонларидан келиб чиқиб, уйларимизда, оиламиз бағрида ўтказамиз. Бу ҳам аслида биз учун бир имконият. Негаки, аввало, ота-оналаримизнинг даврасида бўлиб, уларнинг панду насиҳатларига қулоқ соламиз, фарзанду аржумандларимизга эса байрам шукуҳини тушунтирамиз.

Ҳайит кунлари оила бағрида ҳам байрам кайфиятини нишонлаш мумкин. Уйга қилинадиган харажатларни одатдагидан яхшироқ қилиш лозим. Иложи бўлса, аҳли оилаларга совға ва ҳадялар улашилса, янада савобли. Бунда ҳадяларни қўни-қўшни, эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож инсонларга ҳам берилса, нур устига нур бўлади.

Бугун барчамиз жоме масжидларни тўлдириб, жамоат бўлиб намоз ўқишни жуда соғиндик, илҳақлик билан кутмоқдамиз. Яна бир оз сабр қилсак, ушбу касаллик хавфи камайса, яна жоме масжидлар эшиклари мўмин-мусулмонларимизга очилади, биргаликда файзли ибодатларимизни давом қиламиз, инша Аллоҳ.

Қайд этилганидек, Рамазон ҳайити – Ийдул Фитр байрами буюк байрам, ҳақиқий тантана, қувончли воқеадир. Зеро, ҳар бир мўмин-мусулмон учун Аллоҳ таолонинг ибодатини адо этиш чинакам шодиёна, улуғ саодатдир.

Яратган Парвардигор бутун дунё мусулмонларига Рамазон ҳайити байрамини муборак айласин, бутун оламга тинчлик-хотиржамлик ато этсин, ибодатларимизни даргоҳида қабул этсин, она-Ватанимизни жаннатмакон қилсин, халқимиз ҳаётини янада фаровон айласин.

Муҳтарам Юртбошимизни, бутун элимизни, дунёдаги мўмин-мусулмонларни Ийдул Фитр – Рамазон ҳайити байрами билан яна бир бор табриклаймиз, тинчлик-барқарорлик, қут-барака, бахт-саодат тилаймиз!

Аллоҳ таолонинг Ўзи юзларимизни ёруғ қилсин, йўлимизни ҳамиша очиб берсин. Халқимизни, жонажон Ватанимизни офату кулфатлардан, балою қазолардан Ўзи сақласин.

Азиз юртдошлар, Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин!

Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари 
идораси раиси, муфтий

Қадрли ва муҳтарам ватандошлар!

Авваламбор, сиз азизларни, юртимиздаги барча мўмин-мусулмонларни, нуроний отахон ва онахонларимизни, қадрли ака-укаларимиз, опа-сингилларимизни, азму шижоатли ёшларимизни, иймон-эътиқодли халқимизни муборак Рамазон ҳайити билан чин қалбимдан табриклаб, самимий тилакларимни билдираман.

Рамазони шариф эзгулик, хайру саховат ва меҳр-оқибат ойи сифатида эл-юртимизнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида азал-азалдан алоҳида ўрин эгаллаб келади.

Ушбу қутлуғ ойда сабру қаноат, шукроналик, руҳий покланиш, меҳр ва кўмакка муҳтожларга янада эътиборли бўлиш, савобли амаллар қилишдек олижаноб фазилатлар бу йил юртимизда ҳар қачонгидан ҳам яққол намоён бўлди, десам, ўйлайманки, сизлар ҳам бу фикрга қўшиласиз.

Мард ва матонатли халқимиз коронавирус пандемияси, бошимизга тушган турли синовлар ва табиий офатлар шароитида “Оллоҳ сабр-тоқатли инсонлар билан биргадир”, деган илоҳий ўгитга амал қилиб, тушкунликка берилмасдан, янада аҳил
ва бирдам бўлиб, инсонпарварлик, ҳамжиҳатликнинг юксак нумунасини кўрсатганини жаҳон ҳамжамияти эътироф этмоқда.
Бу билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди.

Асрлар давомида халқимиз онгида бағрикенглик, меҳр-мурувват, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, мустаҳкам ирода каби ибратли фазилатларни шакллантиришда табаррук Рамазон ойига хос қадриятларнинг ўрни ва таъсири албатта беқиёсдир.

Бу йил карантин туфайли Рамазон амаллари ва ибодатларини адо этишда юзага келган маълум қийинчиликларни тўғри тушуниб, бу масалага оқилона ёндашган, айни вақтда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатида фаол иштирок этаётган ҳиммати баланд тадбиркорларимиз ва фермерларимизга, турли касб эгалари бўлган кексаю ёш барча ватандошларимизга шу улуғ айём кунларида яна бир бор чуқур миннатдорчилик билдираман.

Азиз дўстлар!

Маълумки, ҳозирги кунда бутун дунё аҳли каби биз ҳам коронавирус пандемияси билан боғлиқ мушкул вазиятни бошимиздан ўтказмоқдамиз. Шу ўринда бир ҳақиқатни эслатиб ўтишни зарур, деб биламан.

Карами кенг Аллоҳ таоло муқаддас Қуръони каримда инсонларни масъулиятли синов кунларида сабр ва қаноатли бўлишга даъват этиб, “Албатта, қийинчилик билан бирга енгиллик ҳам бордир”, деб марҳамат қилади.

Чиндан ҳам, ҳар қадай ташвиш ортида енгиллик ва ёруғлик борлигини коронавирус касаллигидан соғайиб чиқаётган, табиий офатлар туфайли уй-жойидан айрилган, лекин давлатимиз ва эл-юртимзнинг катта ёрдами ва кўмаги билан ўз ҳаётини янгитдан йўлга қўйиб олаётган минглаб ватандошларимиз қалбдан ҳис этмоқдалар.

Шу маънода, бугунги қийинчиликлар албатта ўтиб кетади, ҳали қанча хурсандчилик кунлар, байрам ва ҳайитларни барчамиз биргаликда нишонлаймиз, деб ишонаман.

Шубҳасиз, ҳар қандай машаққатни меҳнат ва матонат, сабру чидам билан мардона енгиб ўтган олижаноб халқимиз бу синовлардан янада кучли ва қудратли бўлиб чиқади.

Ана шундай қатъий ишонч ва кўтаринки кайфият билан бугунги кунда юртимизни тараққий эттириш йўлида даврнинг ўзи талаб этаётган, биз бошлаган кенг кўламли ислоҳот
ва ўзгаришларни бир ёқадан бош чиқариб, изчил амалга ошириб, олдимизга қўйган улкан марраларга албатта эришамиз.

Сиз, азиз ва муҳтарам ватандошларимни эзгу ниятлар рўёбга чиқадиган, хайрли амаллар учун беҳисоб савоблар ёғиладиган, ўзаро бирдамлик, дўстлик ва аҳиллик туйғулари тараннум этиладиган шукуҳли Ийд-ул-Фитр билан яна бир бор чин юракдан муборакбод этаман.

Фурсатдан фойдаланиб, жаҳондаги барча мўмин-мусулмон биродарларимизни ҳам халқимиз номидан самимий қутлаб, уларга тинчлик-осойишталик, файзу барака ва фаровон ҳаёт тилайман.

Нияти пок, мақсадлари улуғ халқимизнинг ушбу саодатли онларда қилаётган тоат-ибодатлари ва дуолари ижобат бўлсин!

Парвардигори олам доимо йўлимизни ҳам, юзимизни ҳам ёруғ қилсин! Юртимизни, элимизни турли бало-қазолардан Ўзи асрасин!

Ватанимиз тинч, халқимиз соғ-саломат бўлсин!

Рамазон ҳайити барчамизга муборак бўлсин!

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

Манба: prezident.uz

Мисрнинг машҳур муфассир олимларидан Умар Абдулкафи ҳафизаҳуллоҳ айтадилар:
"Ҳар йили Рамазоннинг охирги соатларида нима содир бўлишини биласизларми?

Рамазоннинг охирги куни, сўнгги соатларида, яъни аср намозидан бошлаб то шом намозигача бўлган вақтда Аллоҳ таоло бутун Рамазон ойи давомида жаҳаннамдан қанча инсонларни озод қилган бўлса (Саҳиҳ ҳадисда Рамазоннинг ҳар кечаси Аллоҳ таоло жуда кўп сонли бандаларини жаҳаннамдан озод қилиши хабари келган), яна шунчасига дўзахдан омонлик берар.
Яна у шундай фурсатки, унда қилинган дуо ижобатсиз қолмас.
Бу фурсатни ганимат билиб, Роббига дуо қилганлар ва Ундан магфират сўраганларга офиятлар бўлсин!
Эслатма учун дўстларингизга юборинг, бизни ҳам суюкли дуоларда йўқлаб қўйинг".

Субҳаналлоҳ! Демак, Роббимизнинг бандаларига нисбатан саховати, марҳамати янада зиёда бўлар экан-да! Эй меҳрибон Аллоҳ, ўзимиз, ота онамиз, устозларимиз, аҳлларимиз, фарзандларимиз, қариндошларимиз, бизнинг устимизда фазли, яхшилиги бор ҳар кимки бор, орасида тақдирига дўзахий деб ёзилгани бўлса, ушбу куннинг барокатидан жаннатий бандаларинг қаторига қўш, жаҳаннамга бардош қила олмаймиз!

Эртага байрам – мўмин-мусулмонлар шодиёнаси. Рамазоннинг ҳар бир лаҳзасидан унумли фойдаланган, гуноҳларига тавбалар қилган, солиҳ амалларни қилишда жидду жаҳд қилган кишилар борки, Ҳайит байрамининг шукуҳи, таровати, баракасини янада яхшироқ ҳис қилса керак.

Ҳайит айёмини Сиз қандай ўтказасиз?
Бугун ҳайит арафаси – байрамга тайёргарлик кўриладиган кун! Уйингизни безатишга, шодиёна кайфиятини ташкил этишга ҳаракат қилинг! Турли тансиқ таомлар тайёрлаш, дастурхонни чиройли қилиш учун керакли масаллиқлар ҳозирланг!
Ота-онангиз, аҳлингиз, айниқса, болажонларга байрам совғаларини тайёрлаб қўйинг! Шундай қилингки, байрам таровати уларнинг хотирасида муҳрланиб қолсин. Ҳар ким ўз шароитидан келиб чиқиб тайёргарлик қилаверади. Асосийси, хонадонингизда байрам шукуҳи сезилиб турсин, ўзгача кун экани билинсин! Ахир Рамазонга етганимизнинг ўзи катта бир байрам бўлса, Рамазон рўзасини охиригача эсон-омонликда тутиб борганимиз, Аллоҳ таоло шунга муваффақ қилгани, Рамазонда Роббимизнинг чексиз фазли, марҳаматидан насибадор бўлганимиз қанчалар улуғ бахт, катта саодат эмасми?! Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

قُلْ بِفَضْلِ اللّهِ وَبِرَحْمَتِهِ فَبِذَلِكَ فَلْيَفْرَحُواْ هُوَ خَيْرٌ مِّمَّا يَجْمَعُونَ {يونس/58}

Айтинг: “Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса (бойлик) ларидан яхшироқдир (Юнус сураси, 58-оят).

Демак, эртага Ҳайит! Мўмин-мусулмонлар учун ҳақиқий байрам! Аллоҳ таоло ва Расули байрам қилишга буюрган кун! Ушбу кунни Аллоҳ таоло ва Расули буюрган деб байрам қилсак, уни муносиб ўтказиш учун қанча саъй-ҳаракат қилсак, иншааллоҳ, барчаси номаи аъмолимизга ибодат деб ёзилади.

Эслатма! Имконияти борлар ўз оиласи учун байрам тадоригини ҳозирданоқ бошласин, агар аҳлингиздан орттира олсангиз яқин қариндошлар, қўни қўшни, дўсту биродарларингиз ичидан муҳтожлари ва эҳтиёжмандларини топиб, йўқлаб қўйинг! Улар ҳам барча аҳли Ислом каби байрам тароватини ҳис қилишсин, фарзандларининг юзларида айём сабаб табассум порласин, қалблари қувончга тўлсин!

Фитр садақасини бермаган бўлсангиз, бугуноқ адо қилишга ҳаракат қилинг! Фитр садақасинниг миқдори:

2 килограмм буғдой - 8000 сўм.
4 килограмм арпа - 12 минг сўм.
2 килограмм майиз - 70 минг сўм.
4 килограмм хурмо - 120 минг сўм.

Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу 4 маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя. Иншааллоҳ, бу Рамазонда йўл қўйган айрим камчиликларимизнинг ўрнини қоплашига умид қилинади.

Ҳайит байрамингиз муборак бўлсин!

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ

Top