Мақолалар

Ҳайит байрами арафасидамиз!..

Мисрнинг машҳур муфассир олимларидан Умар Абдулкафи ҳафизаҳуллоҳ айтадилар:
"Ҳар йили Рамазоннинг охирги соатларида нима содир бўлишини биласизларми?

Рамазоннинг охирги куни, сўнгги соатларида, яъни аср намозидан бошлаб то шом намозигача бўлган вақтда Аллоҳ таоло бутун Рамазон ойи давомида жаҳаннамдан қанча инсонларни озод қилган бўлса (Саҳиҳ ҳадисда Рамазоннинг ҳар кечаси Аллоҳ таоло жуда кўп сонли бандаларини жаҳаннамдан озод қилиши хабари келган), яна шунчасига дўзахдан омонлик берар.
Яна у шундай фурсатки, унда қилинган дуо ижобатсиз қолмас.
Бу фурсатни ганимат билиб, Роббига дуо қилганлар ва Ундан магфират сўраганларга офиятлар бўлсин!
Эслатма учун дўстларингизга юборинг, бизни ҳам суюкли дуоларда йўқлаб қўйинг".

Субҳаналлоҳ! Демак, Роббимизнинг бандаларига нисбатан саховати, марҳамати янада зиёда бўлар экан-да! Эй меҳрибон Аллоҳ, ўзимиз, ота онамиз, устозларимиз, аҳлларимиз, фарзандларимиз, қариндошларимиз, бизнинг устимизда фазли, яхшилиги бор ҳар кимки бор, орасида тақдирига дўзахий деб ёзилгани бўлса, ушбу куннинг барокатидан жаннатий бандаларинг қаторига қўш, жаҳаннамга бардош қила олмаймиз!

Эртага байрам – мўмин-мусулмонлар шодиёнаси. Рамазоннинг ҳар бир лаҳзасидан унумли фойдаланган, гуноҳларига тавбалар қилган, солиҳ амалларни қилишда жидду жаҳд қилган кишилар борки, Ҳайит байрамининг шукуҳи, таровати, баракасини янада яхшироқ ҳис қилса керак.

Ҳайит айёмини Сиз қандай ўтказасиз?
Бугун ҳайит арафаси – байрамга тайёргарлик кўриладиган кун! Уйингизни безатишга, шодиёна кайфиятини ташкил этишга ҳаракат қилинг! Турли тансиқ таомлар тайёрлаш, дастурхонни чиройли қилиш учун керакли масаллиқлар ҳозирланг!
Ота-онангиз, аҳлингиз, айниқса, болажонларга байрам совғаларини тайёрлаб қўйинг! Шундай қилингки, байрам таровати уларнинг хотирасида муҳрланиб қолсин. Ҳар ким ўз шароитидан келиб чиқиб тайёргарлик қилаверади. Асосийси, хонадонингизда байрам шукуҳи сезилиб турсин, ўзгача кун экани билинсин! Ахир Рамазонга етганимизнинг ўзи катта бир байрам бўлса, Рамазон рўзасини охиригача эсон-омонликда тутиб борганимиз, Аллоҳ таоло шунга муваффақ қилгани, Рамазонда Роббимизнинг чексиз фазли, марҳаматидан насибадор бўлганимиз қанчалар улуғ бахт, катта саодат эмасми?! Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

قُلْ بِفَضْلِ اللّهِ وَبِرَحْمَتِهِ فَبِذَلِكَ فَلْيَفْرَحُواْ هُوَ خَيْرٌ مِّمَّا يَجْمَعُونَ {يونس/58}

Айтинг: “Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса (бойлик) ларидан яхшироқдир (Юнус сураси, 58-оят).

Демак, эртага Ҳайит! Мўмин-мусулмонлар учун ҳақиқий байрам! Аллоҳ таоло ва Расули байрам қилишга буюрган кун! Ушбу кунни Аллоҳ таоло ва Расули буюрган деб байрам қилсак, уни муносиб ўтказиш учун қанча саъй-ҳаракат қилсак, иншааллоҳ, барчаси номаи аъмолимизга ибодат деб ёзилади.

Эслатма! Имконияти борлар ўз оиласи учун байрам тадоригини ҳозирданоқ бошласин, агар аҳлингиздан орттира олсангиз яқин қариндошлар, қўни қўшни, дўсту биродарларингиз ичидан муҳтожлари ва эҳтиёжмандларини топиб, йўқлаб қўйинг! Улар ҳам барча аҳли Ислом каби байрам тароватини ҳис қилишсин, фарзандларининг юзларида айём сабаб табассум порласин, қалблари қувончга тўлсин!

Фитр садақасини бермаган бўлсангиз, бугуноқ адо қилишга ҳаракат қилинг! Фитр садақасинниг миқдори:

2 килограмм буғдой - 8000 сўм.
4 килограмм арпа - 12 минг сўм.
2 килограмм майиз - 70 минг сўм.
4 килограмм хурмо - 120 минг сўм.

Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу 4 маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя. Иншааллоҳ, бу Рамазонда йўл қўйган айрим камчиликларимизнинг ўрнини қоплашига умид қилинади.

Ҳайит байрамингиз муборак бўлсин!

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ

Read 2784 times

Мақолалар

Top