muslim.uz

muslim.uz

П'ятниця, 10 ноябрь 2017 00:00

Алдагани бола яхшими?..

Болалигимиздан сеҳргарлар, ялмоғиз кампирлар, жодугарлар ҳақидаги кинофильм ва мультфильмларни кўриб улғайганмиз. Улар “абадайни- шабадайни” каби мазмуни қоронғу бўлган сўзларни айтиб “куф-суф” дейишса, кўз олдимизда ғаройиб ҳодиса юз берарди. Биз ана шу пойинтар-сойинтар сўзларни ҳақиқатан сеҳрли деб ишониб “абадайни- шабадайни куф-суф”, деб ҳам юрардик...

Бугунги болаларни бизга ўхшатиб сеҳргарлик билан алдаш камлик қилганидек, уларга жангарилик, урушқоқлик, меҳрсизлик, зўравонликни тарғиб этувчи мультфильмлар тақдим этилмоқда-ку, уларни болажонлар ота-оналари билан биргаликда роса мириқиб томоша қилмоқда. “Маша ва Маймоқвой” мультфильми бунга ёрқин мисолдир. Фарзандининг Маша каби жангари, ўзгаларни камситишдан лаззатланадиган, неъматларни исроф қилувчи инсон бўлиб тарбияланишини ҳеч ким истамайди. У ҳолда нега боласига унинг дискини олиб беради! Шунинг ўрнига боласига китоб олиб бериб, унга мутолаанинг фазилатларини тушунтириб, китобга бўлган муҳаббатини оширмайдими. Китобга ошно бўлган боладан ёмонлик чиқмаслиги эса ҳаммага аён. Боланинг қалбида эртак китоблардаги Олмос ботир, Кенжа ботирларга ўхшаб жасоратли, элсевар, юртпарвар бўлишга юракларида иштиёқ уйғонса қандай ажойиб!..

Шиддатли давр шуни тақозо этяптики, бола тарбиясида исломий қарашларни шакллантиришга кучли эҳтиёж пайдо бўлмоқда. Зотан, дилбандларимиз учун яратилаётган кино ва мультфильмлардаги тушуниксиз сўзлар ўрнига “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” деб ўргатиб, уларнинг кўз ўнгида янгилик яратайлик. Токи, улар ана шу муқаддас калом замирида қанчалар яхшилик, эзгулик, олижаноблик мужассам эканини теран англаган ҳолда улғайсинлар.

Зебо ОМОНОВА

Бир қанча масжидларда Жума мавъизаси бошлангунга қадар «Каҳф» сураси тиловат қилинади. Айримлар, нега, айнан, жума куни ушбу сура ўқилишига қизиқишади, баъзан сабаби ҳақида ҳам бир бирларидан сўрашаётгани қулоққа чалинади. Қуйида, бунинг сабабини билиб оласиз. Келинг, дастлаб, ушбу сура ҳақида қисқача маълумотга бериб ўтсак. “Каҳф” сураси Қуръони Каримдаги «Алҳамду» билан бошланган беш сурадан бири ҳисобланади. Бу сурада, тарихий қиссаларга асосий урғу берилган. 110 оятдан иборат суранинг 71 ояти қиссалардан иборат. Сурада каҳф(ғор)га кириб олган йигитлар, икки боғ, Одам ва Иблис, Мусо алайҳиссалом ва солиҳ банда ҳамда Зулқарнайн ҳақидаги қиссалар келтирилади.

Энди эса, жума куни нега, айнан, ушбу сура тиловат қилинишининг фазилати ҳақидаги қуйидагиларни келтириб ўтамиз:

  • Ҳофиз Абу Бакр ибн Мурдавайҳ Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким «Каҳф» сурасини жума куни ўқиса, қиёмат куни унинг қадами остидан нур чиқиб, осмону фалакни ёритади ва унинг икки жума орасидаги хатолари кечирилади», деганлар.
  • Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Абу Исҳоқ қуйидагиларни айтади: «Ал Баррознинг қуйидагиларни айтаётганини эшитдим. Бир киши «Каҳф» сурасини ўқий бошлади. Ҳовлида бир ҳайвон бор эди. Шунда, ҳайвон безовта бўла бошлади. Ҳалиги киши қараса, уни булут ўраб турибди. Бўлган ҳодисани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб берган эдик, У зот алайҳиссалом: «Эй фалончи, ўқийвер, у Қуръон тиловати учун тушган сакийнадир», дедилар».
  • Имом Муслим, Имом Насаий ва Имом Аҳмад Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким «Каҳф» сурасининг охирги ўн оятини ўқиса, Дажжол фитнасидан сақланади», деганлар.
  • Яна бошқа бир ривоятда: «Ким «Каҳф» сураси аввалидан ўн оят ёд олса, Дажжол фитнасидан сақланади», дейилган.

Юқоридаги ҳадиси шарифлардан маълум бўладики, жума куни ушбу сурани тиловат қилишнинг фазилати бисёр экан. Кимки ҳар жума «Каҳф» сурасини тадаббур билан ўқиса, дунё ва охират яхшилигига мушарраф бўлар экан. Демак, «Каҳф» сурасини ўқишга шошилайлик!

Илҳом Маърупов

тайёрлади.

Инсон доимо покиза бўлиб юришга, уйи, иш жойини саранжом қилишга одатланиши лозим. Бу билан ўзи саломат, яшаб, ишлаб турган ерида қут-барака бўлади. Дини мубинимиз ҳам инсонларни покликка чақиради. Тозалик имондан эканини уқтиради. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): “Албатта, Аллоҳ покдир, покликни севади, У тозадир, тозаликни севади...”, деганлар.

Динимизда тирноқларни вақтида қисқартириш ҳам тозаликнинг бир белгиси бўлиши билан бирга, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатлари ҳам ҳисобланади. Муҳаммад мустафо (с.а.в.) “Ким жума куни тирноқларини қисқартирса, Аллоҳ таоло ундан касалликни чиқариб, ўрнига шифо киргизиб қўяди”, деганлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким жума куни тирноқ олса, Аллоҳ уни кейинги жумагача балолардан сақлайди. Уч кун қўшимчаси ҳам бор”, дедилар.

Демак, тирноқ олиш орқали инсон турли касалликлардан халос бўлар экан. Яна бир ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Кимки, жума куни тирноқларини қисқартирса, у инсон мохов касалидан ҳам омон бўлади”.

Бир куни Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳузурларига бир киши келиб кўз оғриғидан шикоят қилди. Шунда Расули Акрам (с.а.в.): “Ким кўз оғриғи касалидан нажот топишни ва дунёда бой-бадавлат бўлишни хоҳласа, пайшанба куни аср намозидан кейин тирноқларини қисқартирсин”, дедилар.

Шу ўринда тирноқ олишнинг тартиби ҳақида ҳам билиб олсак, фойдадан холи бўлмайди. Имом Нававий бу борада шундай деганлар: “Тирноқ олишлик аввал қўллардан бошланади. Биринчи ўнг қўлнинг кўрсаткич бармоғидан бошлаб, сўнг ўртанча бармоқ, кейин номсиз бармоқ, сўнг жимжилоқ ва ниҳоят, бош бармоқнинг тирноқларини қисқартириш лозим. Кейин чап қўлнинг жимжилоғидан бошлаб, навбат билан бош бармоққача тирноқлар қисқартирилади. Қўллардан сўнг ўнг оёқнинг жимжилоғидан бошлаб, чап оёқнинг жимжилоғида тугатилади”. Ушбу тартиб уламолар наздида мустаҳаб саналади.

Илҳом Маърупов

тайёрлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 ноябрь куни Самарқандга ташриф буюрдилар. Бу Президент расмий веб-сайтида хабар берилди. 

Давлатимиз раҳбари Ҳазрати Хизр мажмуасида бўлиб, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилинди. 

Шавкат Мирзиёев мазкур мажмуада олиб борилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди. 

Президентимизнинг шу йил 25 январдаги “!Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан изчил ишлар амалга оширилмоқда. 

Аввалроқ, 2017 йил 31 август куни пойтахтимизда, 2 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида мустақил давлатимиз асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримовнинг улуғвор ҳайкаллари очилган эди. 

Айни пайтда Ислом Каримов дафн этилган ёдгорлик мажмуаси ҳудудида сўнгги пардозлаш ишлари амалга оширилмоқда. 

Президентимиз 2017 йил 27 август куни Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида мақбара қурилишини якунига етказиш, зиёратчилар учун шароитларни янада яхшилаш, ҳудудни ободонлаштириш бўйича кўрсатмалар берган эди. Ўтган вақт мобайнида бу ерда кенг қамровли ишлар бажарилди. Натижада мажмуа яхлит меъморий ансамблга айланди. Мақбара атрофида Ҳазрати Хизр масжиди билан уйғун ҳолда миллий услубда айвонлар барпо этилди. Зиёратга чиқиш ва тушиш йўлаклари чети мармар панжара билан ўралди, қариялар учун замонавий лифтлар ўрнатилди. 

Зиёратга келувчиларга йилнинг тўрт фаслида ҳам қулай бўлиши учун зарур шароитлар яратилди. Атрофдаги йўлаклар таъмирланиб, автомобиллар тўхташ жойи барпо этилди. Қабристон девори реконструкция қилиниб, ҳудуди янада ободонлаштирилмоқда. 

Давлатимиз раҳбари зиёратгоҳга келувчилар учун катта қулайликлар яратилганини таъкидлаб, бу ердаги шароитларни янада яхшилаш бўйича мутасаддиларга тавсиялар берди.

ЎМИ матбуот хизмати

Ассалому алайкум, ҳурматли мухлислар! Жума айёмингиз муборак бўлсин! 

Muslim.uz портали ишончли ва фойдали хабар ва мақолаларни тақдим этишда давом этади. 

Маълумки, портал ижодкорлари Сиз азиз мухлисларга бир биридан ажойиб янгидан янги лойиҳаларни тақдим этиб келишмоқда. Бугун, муборак жума кунида “Жумадан жумагача” деб номланган янги лойиҳамиз ишга тушганини маълум қилмоқчимиз. Унда порталимизда бир ҳафта давомида эълон қилинган сара мақола ва хабарларнинг дайжести бериб борилади. 

Ушбу лойиҳамизнинг биринчи сонини эътиборингизга ҳавола этамиз. 

Жума, 3 ноябрь 

Эроннинг Шероз шаҳрида Дунё мусулмон ёшлари Қуръон форуми ўтказилди. Форумга Эрон ҳамда дунёнинг турли минтақаларидан 700 га яқин қорилар иштирок этди. 

Россиялик дастурчилар томонидан араб тили ва Қуръони каримни ўрганувчилар учун янги дастур тақдим этилди. Дастур мустақил равишда араб алифбосини ўрганишда жуда қўл келади. 

Ҳиндистон Олий суди икки дин вакиллари никоҳини бекор қилиш тўғрисидаги қуйи инстанция қарорини бекор қилди. Суд ушбу қарори билан мусулмон оиласини сақлаб қолишга ҳукм чиқарди

Тошкент ислом институтида Махсус сиртқи бўлимга 2017-2018 ўқув йили бошланаётгани муносабати билан байрам тадбири ўтказилди. 

Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари дунёдаги энг нуфузли 500 мусулмон рўйхатидан жой олди.

 Шанба, 4 ноябрь 

Дубайдаги “Kite Beach” соҳилида БАА асосчиси ҳисобланган Шайх Зайд ибн Султон ан-Наҳаённинг сурати амирлик рамзи бўлган байроқ (4 мингта) ёрдамида тасвирланди. 

“Илмфеед” гуруҳи томонидан олинган видеолавҳа ижтимоий тармоқларда тарқатилди. Ушбу лавҳада тўтиқуш “Фотиҳа” сурасини ўқиди.

 Якшанба, 5 ноябрь 

Санкт-Петербург жоме масжидида Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Жасур Раупов томонидан маъруза қилинди. Маъруза диний экстремистик оқимлар, ватанга садоқат, оила, унинг муқаддаслиги, огоҳлик мавзуларига бағишланди. 

Душанба, 6 ноябрь 

Фидель Кастрони қойил қолдирган ўзбек ўғлони Шароф Рашидов ҳақида мақола эълон қилинди. 

Туркия Миллий ассамблеяси собиқ депутати Содиқ Бадак Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг маслаҳатчиси лавозимига тайинланади. 

Сешанба, 7 ноябрь

Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа шаҳрида дунёдаги энг катта байроқ ўрнатилгани бўлди. 

БААнинг Шаржа шаҳрида китоблар намойишига бағишланган халқаро кўргазма бўлиб ўтди. 

Ҳиндистонда кенгуру шаклидаги ахлат қутисини илоҳий шакл деб ҳисоблаган одамлар унга сиғинишни бошладилар. 

Чоршанба, 8 ноябрь 

“Йил имоми-2017” кўрик танлови Республика босқичи ўтказилди

Ўзбекистонда “Ҳалол” стандартлари жорий этилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинди. 

Пайшанба, 9 ноябрь 

Саудия Арабистонида чўл бағридан келажак шаҳри барпо этилади. Шаҳар қурилишига 500 миллиард доллар сарфланиши кўзда тутилган. 

Ўзбекистон делегацияси аъзолари Астрахан шаҳридаги Қизил масжид ва Қора масжидларида меҳнат муҳожирлари билан учрашувлар ўтказдилар.

Top