www.muslimuz

www.muslimuz

Бугун, 21 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабаларининг 50-битирув хатмонаси ва Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларининг 80 йиллик таваллуд айёми муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.

Файзли маросимда диний соҳа раҳбарлари, таниқли уламолар, профессор-ўқитувчилар, фахрийлар, имом-хатиблар, талаба-ёшлар, отинойилар, ота-оналар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Қуръони карим тиловати билан бошланган тадбир аввалида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари меҳмонларни ташриф билан қутлаш баробарида битирувчи талабаларни аҳли илм бўлганлари ва Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларини табаррук ёшлари билан муборакбод этиб, эзгу тилакларини билдирдилар.

Муфтий ҳазратлари ўз сўзида кейинги йилларда диний-маърифий соҳада улкан янгиликлар қилинаётгани, айниқса, диний таълимни янги босқичга олиб чиқиш бўйича кўплаб саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётгани, хусусан, Тошкент ислом институтида ўқув дастурлари тубдан янгилангани, Араб тили бўйича халқаро сертификат бериш жорий этилгани, “Саҳиҳул Бухорий”, “Сунани Термизий” каби мўътабар китобларни хатм қилиш йўлга қўйилгани, таълим муассасаларидаги Қуръони карим ва тажвид курсларида ҳар йили 10 мингдан зиёд фуқаро таълим олаётганини қайд этдилар.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг дин ва миллатлараро муносабатлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Музаффар Камилов сўзга чиқиб, Юртбошимиз бошчилигида мамлакатимизнинг барча жабҳаларида бўлгани сингари диний-маърифий соҳада улкан ислоҳотлар амалга оширилаётгани, бу каби хайрли ишларни халқаро ҳамжамият ҳам алоҳида эътироф этаётганини таъкидлади. Шу билан бирга Тошкент ислом институти нуфузи нафақат минтақамизда, балки Ислом оламида машҳур экани, ушбу даргоҳни битирган талабалар масъулиятли ва шарафли вазифаларда динимиз равнақи, Ватанимиз ривожига ҳисса қўшишлари лозимлигини қайд этиб, битирувчиларга эзгу тилакларини йўллади. Шунингдек, Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларини узоқ йиллик самарали фаолияти тўғрисида сўз юритиб, 80 йиллик таваллуд айёмлари билан қутлади.

Маросимда сўз олган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Тошкент ислом институти ректори Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов ҳам битирувчи талабалар ва Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларини самимий табриклаб, мазкур таълим муассасаси фаолиятига оид сўнгги янгиликлар билан барчани таништирди.

Тадбир якунида Муфтий ҳазратлари барча битирувчи талабаларга туҳфалар улашдилар. Шунингдек, Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларига диний соҳа мутасаддилари, уламолар ва меҳмонлар ўз ҳадяларини топширдилар.

Сўнгги сўзни Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари олиб, барча иштирокчиларга миннатдорлик билдириш баробарида эл-юртимиз равнақи, битирувчи талабаларининг келгуси фаолиятига муваффақиятлар сўраб хайрли дуолар қилдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Шу йил 20 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари раисликларида “Ҳаж – 2024” мавсумини юқори даражада ўтказиш бўйича видеоселектор йиғилиш бўлиб ўтди. Унда ҳаж делегацияси вакиллари, ишчи гуруҳи аъзолари, элликбошилар ва шифокорлар жамоаси иштирок этди.

Мажлисда Муфтий ҳазратлари ҳаж қилувчи инсон Ҳақ таолонинг меҳмони экани, шу боис ҳаж амалини бажараётган кишига кўмак берган, унинг оғирини енгил қилган инсон улуғ ажру савобларга ноил бўлишини сўзлаб, ҳар бир ишчи гуруҳи аъзоси ва элликбошилар ана шундай улуғ даражаларни мақсад қилиб, Раҳмоннинг меҳмонларига Ўзи рози бўладиган даражада сидқидилдан хизмат қилиши лозимлигини алоҳида қайд этдилар.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ўз сўзлари давомида муборак сафарга қадар зиёратчилар билан мунтазам суҳбатлар ташкил этиш ва уларда ҳажнинг тартиб-қоидалари, фарз, вожиб ва суннатлари, ўзига хос машаққатларини тушунтириш ва зикру дуолар қилиш ва юртдошларимизнинг барча саволларига батафсил жавоб бериш зарурлигини таъкидладилар.

Шу билан бирга ҳаж сафарини адо этиш бахтига муяссар бўлган юртдошларимиз муборак заминдаги ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб, уни мазмунли ва ибодатлар билан ўтказиши учун элликбошилар бор куч-ғайратни сарфлаши лозимлигини қайд этдилар.

Йиғилишда зиёратчиларнинг ибодатлари мукаммал бўлиши учун уларга қулай шарт-шароитларни муҳайё қилиш борасида Макка ва Мадина шаҳарларидаги ҳаж ишчи гуруҳи фаолият олиб бораётгани, авиқатновлар жадвали тасдиқлангани, виза расмийлаштириш ишлари давом этаётгани, меҳмонхоналар зиёратчиларни кутиб олишга шай ҳолга келтирилгани, Мино, Арафот ва Муздалифадаги жойлар кўздан кечирилгани ҳақида ҳам маълумот тақдим этилди.

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Шифокорлар гуруҳи раҳбари Алишер Саатов кабилар сўзга чиқиб, ташкилий ишлар, тибббий жиҳатлар, хат-ҳужжатлар, жамоавий тартиб-интизомга риоя этиш, қонун-қоидаларга амал қилиш, ҳожилар хавфсизлини таъминлаш ва огоҳликга оид муҳим тавсияларни бердилар.

Шунингдек, жорий мавсумда “Ҳаж – 2024” ишчи гуруҳи, шифокорлар ва элликбошилар зиммасига жуда катта масъулият юклангани, шу боис ҳар ким ўз вазифасини виждонан тўла бажариши зарурлиги таъкидланди.

Тадбир якунида Ҳақ таолодан бу йилги ҳаж мавсуми муваффақиятли ўтишини сўраб хайрли дуолар қилинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Шу йил 15-16 май кунлари “Мир Араб” ўрта махсус ислом таълим муассасасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари талабалари ўртасида “Баркамол авлод – 2024” спорт мусобақасининг республика босқичи ўтказилди.

Очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг мусобақа иштирокчиларига йўллаган табриклари ўқиб эшиттирилди.

Бухоро вилояти Спорт соғломлаштириш комплексида спортнинг стол тенниси, тош кўтариш, миллий кураш, шахмат турлари  бўйича  иштирокчилар ўз кучларини синовдан ўтказишди.

Ушбу жараёнларни тажрибали спорт мутахассисларидан иборат ҳакамлар ҳайъати Ўзбекистон спорт федерациясининг Бухоро вилоятидаги вакиллари адолатли баҳолаб борди.

Якуний натижалар қуйидагича бўлди:

Шахмат
1-ўрин Мир Араб олий мадрасаси талабаси Ҳайдар Одиловга;
2-ўрин “Саййид Муҳйиддин махдум” мадрасаси талабаси Расулов Раҳмонжонга;
3-ўрин “Кўкалдош” мадрасаси талабаси Омонов Асомиддинга насиб этди. 
Аёл-қиз талабалар ўртасида:
1-ўрин “Жўйбори Калон” мадрасаси талабаси Назарова Гавҳарбегим;
2-ўрин Тошкент ислом институти талабаси Муротова Нодирахон;
3-ўрин “Хадичаи Кубро” мадрасаси талабаси Олимова Дилноза эгаллади. 

Стол теннис
1-ўрин “Саййид Муҳйиддин Махдум” мадрасаси талабаси Олимов Нодирбек;
2-ўрин Мир Араб олий мадрасаси талабаси Тешабоев Асрорбек;
3-ўрин “Ҳидоя” мадрасаси талабаси Хусанбоев Абуфайз сазовор бўлди. 
Аёл-қиз талабалар ўртасида:
1-ўрин “Жўйбори Калон” мадрасаси талабаси Рахмонова Фотимахон;
2-ўрин  “Хадичаи Кубро” мадрасаси талабаси Кимсанбоева Робия;
3-ўрин Тошкент ислом институти талабаси Қодирова Меҳриноз эгаллади. 

Тош кўтариш
1-ўринни “Саййид Муҳйиддин махдум” мадрасаси талабаси Суванқулов Исломжон; 
2-ўринни “Ҳидоя” мадрасаси талабаси Убайдуллаев Қобилхон;
3-ўринни “Кўкалдош” мадрасаси талабаси Эшбоев Абдуллоҳ қўлга киритди.

Миллий кураш
1-ўринни “Имом Фахриддин ар-Розий” мадрасаси талабаси Ғуломжонов Мухриддин;
2-ўринни “Мир Араб” мадрасаси талабаси Равзатулло Мусулмон;
3-ўринни “Кўкалдош” мадрасаси талабаси Рахматуллозода Абдуллоҳ эгаллади.

Жамоалар ўртасида эса якуний натижалар қуйидагича бўлди:
1-ўрин “Саййид Муҳйиддин махдум” мадрасаси жамоаси;
2-ўрин Мир Араб олий мадрасаси;
3-ўрин “Имом Фахриддин ар-Розий” мадрасасига насиб этди. 

Ғолибларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан қуйидаги мукофотлар топширилди.

Шахсий биринчилик ғолиблари учун:
1-ўрин олтин медаль, биринчи даражали диплом, ноутбук;
2-ўрин кумуш медаль, иккинчи даражали диплом, телевизор (LED 32 ҳажмда);
3-ўрин бронза медаль, учинчи даражали диплом ва шарбат чиқаргич.                                                                                                       

Жамоалар бўйича совринлар:
1-ўрин 1-даражали кубок, замонавий смарт доска;
2-ўрин 2-даражали кубок, музлатгич;
3-ўрин 3-даражали кубок, кир ювиш машинаси.

Мураббийлар ва қолган иштирокчилар “Мир Араб” мадрасаси ва ҳомийларнинг совғалари топширилди.

Эслатиб ўтамиз: “Баркамол авлод – 2024” спорт мусобақалари Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ҳар икки йилда бир маротаба ўтказилади.

 

Салоҳиддин ШЕРХОНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси,
Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири

Муносабат

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Рамазон ҳайити Аллоҳнинг раҳмат-мағфирати ёғиладиган, ажру мукофот бериладиган ва хурсандчилик айёмидир. Шундай файзли кунларга етказгани учун Ҳақ таолога шукроналар айтиб, халқимизга қут-барака, бахту саодат ва тинчлик-офият беришини сўраб, дуолар қиламиз.

Рамазон ойида юртимизга Аллоҳ таолонинг раҳмати янада зиёда ёғилади. Мўмин-мусулмонлар субҳидамда саҳарлик дастурхони атрофида жам бўлиб, дуолар қилишади. Файзли оқшомларда эса ифторликлар қалбларни сурурга тўлдиради, ҳамжиҳатликда таровеҳ намозлари адо этилади.

Юртимизда жорий Рамазон ойининг ҳам ғоят хушнудлик билан ўтгани кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир, десак, хато эмас. Бу борада давлатимиз раҳбарининг қарори қабул қилиниб, тегишли чора-тадбирлар кўрилиши юртимиздаги мўмин-мусулмонларга кўрсатилаётган эътиборнинг яна бир ифодасидир. Айниқса, ушбу айёмларда дам олиш кунларининг кўпайтириб берилаётгани халқимизни яна ҳам хурсанд қилиб, байрамни қариндошлар, дўсту оғайнилар билан муносиб тарзда ўтказишга имкон яратмоқда.

Мана шундай ишларнинг узвий давоми сифатида куни кеча Президентимизнинг “Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Ушбу қарорда белгиланган муҳим вазифалар байрам кайфиятини янада ошириб, муборак айёмни янада мазмунли ўтказиш учун шароит ҳозирлади. Бу эса ҳайитнинг юртимизда кўтаринки руҳда ўтишига асосий омил бўлмоқда.

Қайд этиш жоизки, Рамазон ойида аксарият юртдошларимиз рўза тутиш билан бирга, савоб амалларни кўпроқ бажаришга интилди. Ота-оналар, қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар, кексалар, устозлар, беморлар ва муҳтожларнинг кўнгли олинди. Имконияти борларнинг эҳтиёжмандларга ҳиммати баланд бўлди. Аллоҳ таоло фарз қилган закотлар адо этилди, фитр садақаси ҳамда фидялар берилди.

Қутлуғ ойда 2 мингдан зиёд масжидда таровеҳ намози ўқилди, 1600 дан ортиқ жомеда 3 мингдан зиёд қорилар таровеҳ намозида Қуръони каримни хатм қилди. Мухлис халқимиз Ҳақ таоло Каломига сомеъ бўлди.

Масжидларда Қуръони карим хатмоналарини Рамазон ойининг 27 санаси — Қадр кечасида якунланиши янада файзу баракали бўлди. Ушбу тартибни жорий қилишдан мақсад юртдошларимизнинг Қуръони карим тиловатидан кўпроқ баҳраманд бўлишидир. Шу орқали ўлкамиздаги аксар масжидларда Қадр кечасида жамланган мўмин-мусулмонларимиз бир пайтнинг ўзида ҳам дуо, ҳам илтижо, ҳам Ҳақ таолога муножот қилдилар.

Аллоҳ таоло қутлуғ ойда халқимиз ҳаётида кўплаб хайрли ишларни насиб этди. Хусусан, бу йилги Моҳи Раҳмон ойида халқимиз қувонч билан эслаб юрадиган воқеликлардан бири мамлакатимиз бўйлаб ўтказилган ифторликлар ва Наманган вилоятидаги эҳсонда Президентимизнинг иштирок этганидир. Ушбу оқшомда юртимизнинг барча ҳудудида, вилоят, шаҳар ва туманлардаги маҳаллаю гузарларда ифторлик дастурхонлари ёзилиб, ёши улуғ, нуроний ва мўйсафидларнинг дуолари олинди. Шунингдек, Юртбошимизнинг ташаббуси билан ногиронлиги бор, эҳтиёжманд оилалар, Меҳрибонлик, “Саховат” ва “Мурувват” уйларида яшаётган кишилар ҳолидан хабар олиниб, уларга ифторликлар ташкил этилди, ҳадялар улашилди. Меҳрга муҳтож кўнгиллар шод этилди. Албатта, бундай хайрия тадбирларида саховатли инсонлар ва фаол имом-хатибларимизнинг жонбозлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Рамазон ҳайити ислом динининг учинчи рукни бўлмиш рўза ибодатининг адо этиш муносабати ила нишонланадиган катта қувончли воқеадир. Ийдул Фитрни дунё мусулмонлари қатори юртимиз аҳли ҳам катта шодиёна ва хурсандчилик ила ўтказади. Ушбу кун Яратган Эгамнинг раҳмати Ер юзига ёғиладиган, қалблар завқланадиган, рўзадорларга ажрлар бериладиган ажойиб фурсат.

Яратган Парвардигор бутун дунё мусулмонларига Рамазон ҳайити байрамини муборак айласин, бутун оламга тинчлик-хотиржамлик ато этсин, ибодатларимизни даргоҳида қабул қилсин, она-Ватанимизни янада обод, халқимиз ҳаётини фаровон айласин!

 

Муҳаммадолим МУҲАММАДСИДДИҚОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари.

 

 Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Сиз азизларни мусулмон умматининг энг қадрли айёми бўлган муборак Рамазон ҳайити – Ийдул фитр билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Мана шундай файзли лаҳзаларда Қодир Аллоҳга беҳад шукроналар айтиб, юртимизга тинчлик-фаровонлик, халқимизга қут-барака, фарзандларимизга бахту саодат сўраймиз.

Аллоҳ таолога шукрки, Рамазон ойи юртимизда кўтаринки кайфиятда ўтди. Бу улуғ ойда тоат-ибодатлар билан машғул бўлиб, хайру саховат ишларини кўпайтирдик.

Масжидлардаги Қуръони карим хатмлари, таровиҳ намозлари ва дуою илтижолар шарофатидан ўлкамизга файзу барака ёғилди. Жамиятимизда дўсту биродарлик, меҳр-оқибат туйғулари юксалди.

Ҳайит айёми бир ой рўза тутгандан кейин бандаларга тақдим қилинган раббоний зиёфат, чексиз хурсандчиликдир.

Ушбу кунда Ер юзига Аллоҳнинг раҳмати ва марҳамати ёғилади. Ҳақ таоло Каломи шарифида бундай баён қилади: “Айтинг: “Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, албатта, шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! ...”. (Юнус сураси, 58-оят).

Имом Термизий бобомиз ривоят қилган ҳадиси шарифда Ийд кунлари ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ушбу кунлар еб-ичиш ва хурсандчилик қилмоқ кунларидир”, деб марҳамат қилганлар. Шу боисдан бу кунни бутун дунё мусулмонлари қатори юртимиз аҳли ҳам катта шодиёна ва байрам қилиб ўтказади.

Яратган Парвардигорга беҳисоб ҳамдлар бўлсинки, бу йил юртимизда 1 600 дан зиёд масжидда таровеҳ намозларида хатми Қуръон ўқилди. Рамазон ойининг йигирма еттинчи куни оқшоми, яъни Қадр кечасида Қуръони карим хатмлари якунланиб, барча масжидларда бир вақтнинг ўзида халқимиз Ҳақ таолога юзланди.

Мана шундай жамул-жам илтижолар ижобатидан, юртимиз янада равнақ топади, ҳаётимиз тинч ва фаровон ўтади, икки дунёимиз саодатли бўлади, инша Аллоҳ.

Мамлакатимизда кечаётган уйғониш ва юксалишлар ҳамюртларимиз ҳаётида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Сўнгги йилларда амалга оширилаётган диний соҳадаги ислоҳотлар, янги очилаётган масжид-мадрасалар, қайта обод бўлаётган қадамжолар ва кўпайиб бораётган Қуръони карим курслари ҳамда ҳаж-умра қилувчилар сонининг йил сайин ошиб бораётгани халқимизни ниҳоятда мамнун этмоқда.

Бундай шодиёналар қаторида бу йилги Моҳи Раҳмон ойи халқимиз учун эсда қоларли воқеаларга жуда ҳам бой бўлди. Президентимиз бутун мамлакатимиз бўйлаб ўтказилган ифторликда иштирок этдилар. Ушбу тарихий оқшомда юртимизнинг барча ҳудудларида, вилоят, шаҳар ва туманлардаги ҳамма маҳалла-ю гузарларда ифторлик дастурхонлари ёзилди. Аҳил оила бўлиб яшаётган кўпмиллатли халқимиз гўёки бир дастурхон атрофида жам бўлди. Қуръони карим оятлари тиловат қилинди ва ёши улуғ, нуроний ва мўйсафидларнинг дуолари олиниб, минглаб инсонларга қувонч улашилди.

Қутлуғ ойдаги савобли ишлардан яна бири давлат Раҳбарининг ташаббуси билан ногиронлиги бор оилалар, "Меҳрибонлик", "Саховат" ва "Мурувват" уйларида яшаётган кишилар ҳолидан хабар олиш каби савобли ишлар барчага шодлик бахш этди.

Республикамиздаги эҳтиёжманд, ижтимоий кўмакка муҳтож 36 500 дан ортиқ фуқаролар учун ифторлик дастурхонлари ёзилди.

“Вақф” хайрия жамоат фонди “Инсон” марказлари билан ҳамкорликда хайрия ишлари орқали ёрдамга муҳтож кишиларнинг кўнгилларини кўтарди.

Ҳазрати Алишер Навоий “Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай, онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай”, деган ҳикмати муборак динимизнинг асл моҳияти билан ҳамоҳангдир.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Заифларга яхшилик қилиш орқали Менинг розилигимни истанглар! Зеро, сизлар заифларингиз туфайли ризқланасиз ва муваффақиятга эришасизлар”, деб марҳамат қилганлар.

Шундай экан, қутлуғ ойларда қалбига шодлик кирган мана шундай ҳамюртларимизнинг ихлосли дуолари ила Яратган Парвардигор юртимизга тинчлик-хотиржамлик ва ҳаётимизга фаровонлик ато этади.

Рамазон ойидаги илгари сурилган муҳим ташаббуслардан яна бири "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида ободлик ва кўкаламзорлаштириш каби ишлар маҳалла гузарларида байрам кунларининг янада файзли ўтишига омил бўлмоқда. Халқимизни – кексаю ёш барчани эзгу амал атрофида жипслаштирди. Ушбу лойиҳада нуронийлар, маҳалла фаоллари, диний соҳа вакиллари, миллий маданий марказлар масъулларининг бирдам иштирок этгани алоҳида файз қўшди, дейиш мумкин.

Айни кунларда Маккаю мукаррама, Мадинаи мунавварада умра амалларини адо этиб турган ва мамлакатимизда ҳаж сафарига тайёргарлик кўраётган юртдошларимизнинг Ватанимиз ҳаққига дуолар қилишаётгани нур устига нур бўлмоқда.

Қайд этиш керакки, кейинги йилларда хорижда ўқиётган ва ишлаётган ватандошларимизни қўллаб-қувватлаш бўйича салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Рамазон ойида 40 нафардан зиёд уламолар АҚШ, Россия, Жанубий Корея, Туркия давлатларига сафарга юборилди. У ерлардаги имом-домлалар томонидан ватандошларимизни дину диёнатга даъват этиш билан бирга ҳозирги таҳликали вазиятда огоҳ бўлиб яшашлари ҳақида суҳбатлар қилинди.

Муҳтарам Президентимизнинг Сайхунобод туманидаги ташаббуслари асосида бугун барча имом-хатибларимиз, диний соҳа ходимлари аҳолини ҳалол ва фаол меҳнатга кенг тарғиб қилмоқдалар.

Таъкидлаш жоизки, барча ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад – она Ватанимизни янада обод этиш, фаровонлигини ошириш ва халқимизнинг хотиржам ҳаётини таъминлашдир.

Ийдул Фитрни дунё мусулмонлари қатори юртимиз аҳли ҳам катта шодиёна ва хурсандчилик ила ўтказади. Ушбу кун Яратган эгамнинг раҳмати Ер юзига ёғиладиган, қалблар завқланадиган, рўзадорларга ажрлар бериладиган ажойиб фурсатдир.

Ҳайит кунига ўтар кечасини зикру тасбеҳ ва дуои истиғфор билан ўтказиш савобли амаллардандир.

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Кимки Рамазон ва Қурбон ҳайитининг кечасини бедор ўтказса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмайди”, деганлар.

Саҳиҳ ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Ҳар бир қавмнинг ўз байрами бор, бу (Ийд куни) бизнинг байрамимиздир”, деб марҳамат қилганлар.

Ҳофиз ибн Ҳажар ҳазратлари эса: “Ҳайит кунлари шодликни изҳор қилиш диннинг шиорларидандир”, деганлар

Шундай экан азизлар, ҳайит кунининг тонгидан покланиб, хушбўйликлар сепиб ва энг гўзал, янги ёки тоза кийимларимизни кийиб, намозгоҳга бормоғимиз фазилатли амалдир.

Эрта тонгдан мўмин-мусулмонлар билан Ийд намозини ўқиймиз. Имом-домлалар хутба ўқиб, амру маъруф ва панду насиҳатлар қиладилар. Намоздан кейин одамлар бир-бирларини табриклаб, эзгу тилаклар билдирадилар.

Айём кунларида табаррук отахон, мунис онахонлар, қариндош-уруғлар, ёру биродарлар, бева-бечоралар, беморлар ҳолидан хабар олайлик! Уларга байрам кайфиятини улашайлик.

Ҳайит кунларини оила даврасида нишонлаб, яқинларимизга байрам кайфиятини бериш ҳам хайрли амал ҳисобланади. Шу боис бу кунларда иложи бўлса, ота-она, ака-ука, аҳли аёлимиз ва фарзандларимизга совғалар улашилса, уларнинг қувончига сабаб бўлиб силаи раҳм қилган бўламиз.

Азизлар! Мана шундай дуолар ижобат бўладиган лаҳзаларда Қодир Эгам бутун оламга, айниқса, жонажон диёримизга тинчлик-хотиржамликни, тараққиёт ва фаровонликни ато айласин, халқимиз ҳаётини янада тўкин қилсин, барча бошлаган эзгу ишларимизда Яратганнинг Ўзи мададкор бўлсин!

Тутган рўзаларимиз, ўқиб-тинглаган хатми Қуръонларимиз, илтижо ила қилган дуоларимизни Аллоҳ таоло даргоҳида қабул қилсин.

Яна бир бор жонажон халқимизни, бутун дунё мўмин-мусулмонларини Ийдул Фитр байрами билан чин юракдан табриклайман!

 

Шайх Нуриддин Холиқназар,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Сторінка 1 з 674
Top