Мақолалар

Ўзбекистон ҳожилари маънавият тарғиботчиларига айланади

“Халқ сўзи” махсус мухбири

Абдували СОЙИБНАЗАРОВ

Саудия Арабистонининг Макка ва Мадина шаҳарларидан хабар қилади.

 

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш кўп миллатли Ўзбекистондаги янгиланишларнинг асосий устувор йўналишидир. Шундай ажралмас ҳуқуқлардан бири — дин эркинлиги. Мамлакатимизда эътиқод қилувчилар ибодат амалларини эмин-эркин адо этишлари учун барча шарт-шароит яратилмоқда.

Бу йил ҳам дунё мусулмонлари қатори Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварага келган юртдошларимиз зиммаларидаги фарзлардан бири — ҳаж ибодатини муваффақиятли бажариб, юртимизга қайтишмоқда. Ҳожилар Мино, Арафот, Муздалифа, Маккадаги Масжидул Ҳаром каби  муқаддас жойларида ҳаж амалларини бажариб, гуноҳлардан покланиш билан бирга, мустақил юртимиз ва меҳнатсевар халқимизга ҳамда барча мўъмин-мусулмонларга Аллоҳ таолодан тинчлик, хотиржамлик, файзу барокат, яхшиликлар, фаровонлик сўраб, дуолар қилди.

Бу йил жами 15 минг нафар фуқаро ҳаж ибодатига муяссар бўлди.

— Юртдошларимиз бу йилги барча хизмат ва амалий ишлардан мамнун, — дейди ҳожи Зумрад ая Абророва. — То она Ватанимиздан жўнаб, Мадина ва Макка шаҳарларига бориб жойлашгунимизча, бутун зиёрат даврида ҳам катта ҳурмат ва иззатда бўлдик. Биз учун тикилган махсус кийимлар, “Ҳаж” қўлланмаси, шифокорлар кўриги, замонавий махсус автобуслар, барча шароитга эга меҳмонхоналар ҳамда ўзимизнинг ошпазларимиз томонидан ҳожиларимиз учун тайёрланган миллий таомларимиз, қўйинг-чи, барча-барчаси муқаддас масканларда эмин-эркин ибодатларимизни адо этишимиз учун муҳайё қилинди. Бундай имкониятларни яратиб берган Президентимиз ва шу ишларга мутасадди бўлганлардан чексиз миннатдормиз.

Бу каби эътибор ва шароитларни арабистонлик мутасаддилар ҳам юқори баҳолаб, Ўзбекистон Президентига ҳурмат ва дуоларини изҳор этишди. Айниқса, жорий йил 5 июнь куни Президентимизнинг Саудия Арабистонида бўлиб турган муфтий шайх Нуриддин Холиқназар билан ҳаж мавсуми жараёнлари, Макка ва Мадина шаҳарларида зиёратчиларга яратилган шароитлар ва ҳамюртларимиз кайфияти тўғрисида ўтказган телефон орқали суҳбати юртимиз мусулмонлари томонидан тарихий воқеа сифатида баҳоланди. Зеро, бирор мамлакат раҳбари ўз зиёратчилари ҳолидан хабар олиши камдан-кам бўлади. Бундан барча зиёратчининг боши осмонга етди. Давлатимиз раҳбари юртдошларимизнинг муқаддас ҳаж ибодатини мукаммал адо этиб, соғ-омон келишларини тилади. Ўзбекистонга қайтгач, ҳожилар жамиятдаги меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёшлар тарбияси ва оилалар тотувлигида ибрат бўлишларига умид билдирди.

Шайх Нуриддин Холиқназар Президентимизнинг юртимиз ҳожиларига билдирган эзгу тилакларини ватандошларимизга етказди. Ҳожиларимиз бундай юксак эътиборни катта хурсандчилик билан қабул қилди ва жонажон Ватанимизнинг тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Президентимизнинг узоқ йиллар барчамизга бош бўлиб юришларини Аллоҳ таолодан сўраб, дуо қилдилар.

Давлатимиз раҳбари томонидан кўрсатилган эътибордан руҳланган ҳожилар Шайх Нуриддин Холиқназар бошчилигида эзгу ташаббус лойиҳасини ишлаб чиқди. Унга кўра ўзбекистонлик ҳожилар юртга қайтганларидан кейин “Янги Ўзбекистон фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз” шиори остида фаолиятни йўлга қўяди.

Ёдингизда бўлса, ўтган йилнинг 22 декабрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтган ва унда давлатимиз раҳбари Ибрат домланинг “Уламо ғайрат этканда миллат, албатта, ислоҳ топур”, деган ҳикматли сўзларини ёдга олган, зиёлилар, нуронийлар, ҳаж ва умрага бориб келган юртдошларимиз маънавият тарғиботчиси бўлиши, одамларни яхшиликка бошлаши кераклигини таъкидлаган эди.

Ҳожиларимиз ушбу эзгу ташаббус доирасида бугунги мураккаб замонда жонажон халқимизни бирлаштириб, она Ватанимиз тараққиётига холис хизмат қилиш, аҳоли орасида тинчлик-осойишталикка йўналтирилган тарғибот ишларини олиб бориш, шукроналик ҳиссини янада кучайтириш ва дахлдорлик туйғусини оширишга қаратилган тадбирларни ташкил этишни мақсад қилишди. Шунингдек, ҳожиларимиз маҳаллаларда адашганлар бўлмаслигига эришиш, жамиятда аҳил-иноқликни мустаҳкамлаш, оилалар тотувлигини таъминлаш, ёшларни Ватанимизга садоқатли қилиб тарбиялаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, муаммоли ва ажрим ёқасидаги оилаларни ислоҳ қилишга қаратилган ишларни ҳам амалга оширади.

Ташаббусдан эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга моддий ва маънавий кўмак бериш, хайрия, меҳр-мурувват ва ёрдам кўрсатиш ишларини кўпайтириш, ўз навбатида, турли маросимлар, тўй-маъракаларда дабдабабозлик, исрофгарчиликка йўл қўймасликка йўналтирилган тарғибот тадбирлари ҳам ўрин олган. Ҳожилар юртимизга қайтганларидан сўнг ушбу ташаббусларни қатъий амалга оширишга ўз ҳиссаларини қўшиш ниятида эканликларини билдирди.

— Муборак ҳаж зиёрати давомида мусулмон кишига суннат, фарз ва вожиб амалларни адо этиб, юртимизга омон қайтяпмиз, — дейди Ҳожимурод Атақулов. — Бизнинг галдаги вазифамиз одамларни яхшиликка чақириш, ёмонликдан қайтариш, маҳаллаларда маънавий ишлар самарадорлигига эришиш учун ҳиссамизни қўшишдан иборат бўлади.

Ҳожиларимиз тинчлик ва ҳамжиҳатлик тилаб, дуо қилганлари бежиз эмас. Юртдошларимизнинг зиёратларини бекаму кўст адо этишлари, уларга яратилаётган шароитлар ҳам тинчлик ортидан.

Меҳмонхона, кўча-кўй ва дўконларда турли миллат вакиллари билан суҳбатлашиб қоласиз. Имом Бухорий юртидан эканимизни билгач, Ўзбекистонга ҳавас қилишларини яширишмайди.

Шу ўринда эслатиб ўтиш керакки, мустақилликнинг дастлабки йилларида Маккаю Мадинада муқаддас ҳаж амалини адо этишга муяссар бўлган ватандошларимиз сони бармоқ билан саноқли бўлган эса, бугунги кунда 15 мингдан зиёд ўзбекистонлик муқаддас зиёратга борди. Кейинги етти йилда 60 мингдан зиёд юртимиз мусулмонлари ҳаж амалларини бажарди.

Бундан ташқари, қисқа муддатда Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада малакали кадрларни тайёрлаш бўйича комплекс тизим яратилди. Олимларимизнинг бой меросини ўрганиш ва оммалаштириш мақсадида илмий тадқиқот марказлари фаолият бошлади. Бунга мисол сифатида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот марказларини келтириш мумкин.

Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасида кенг кўламли таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Буюк мутафаккирларнинг асарларини аҳоли, айниқса, ёшларимиз орасида кенг ўрганиш ҳамда тарғиб қилишга эътибор кучайди. Зеро, бу асарларда исломнинг асл моҳияти, муқаддас динимизнинг инсонпарвар ғоялари мужассам. Бу, айниқса, ҳозирги таҳликали даврда, дунёда турли кучлар дин моҳиятини бузишга ва ёшларни ҳақиқий йўлдан адаштиришга уринаётган бир пайтда жуда долзарб.

Бундай ишларда халқимиз ва чет эллик меҳмонларни аждодларимизнинг бебаҳо мероси билан кенг таништиришга, маърифатли ислом ғояларини илгари суришга хизмат қиладиган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаол иштирок этиши муҳим. Бугунги кунда тарихчи олим ва уламолар билан биргаликда марказ фаолиятини янги мазмун билан бойитиш ишлари олиб борилмоқда.

Дарҳақиқат, жаҳоннинг турли минтақаларидаги уруш даҳшатлари инсоният бошига беҳисоб бало-офатлару қандай кулфатлар ёғдириши мумкинлигини ўйлаб, бехосдан юрагингиз увишиб кетади. Урушлар инсоният бошига кулфатлар ёғдираётгани сир эмас. Ана шу қирғинбарот жанжаллар туфайли одамлар ҳалок бўлмоқда, гўдакларнинг чинқириқлари, мазлумларнинг дод-войлари эшитилаётир.

“Юртимиз ҳамиша ҳозиргидай фаровон, гўзал, мамлакатимизда доимо тўкин-сочинлик бўлсин! Оилаларимизни тинчлик-осойишталик ҳеч қачон тарк этмасин!” Саудияда бўлган ҳожиларимиз ана шундай дуолар билан машғул бўлди.

Таъкидлаш керакки, айнан Президентимизнинг ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари, Саудия Арабистони раҳбарлари билан олиб борилган музокаралар натижасида ҳаж ва умра зиёратларига квоталар миқдори оширилди. Қолаверса, Саудия Арабистони билан ўрнатилган қалин дўстона муносабатлар бунга имкон бермоқда.

Давлатимиз раҳбари кейинги икки йилда Саудия Арабистонига икки марта ташриф буюрди. Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистонига ташрифлари доирасида юртимизда улуғ алломалар номи билан илмий марказлар ташкил қилинганини, ислом маданияти обидалари асраб-авайланаётганини таъкидлаб, Саудия олимларини Ўзбекистонга келиб, бу борада илмий ҳамкорликка даъват қилишлари замирида ҳам тарихий улуғ мақсад ётибди. Зеро, бугун ҳам муқаддас масжидларда ҳар куни буюк муҳаддислар Имом Бухорий, Абдулҳамид Кеший, Имом Термизий ривоят қилган ҳадислар айтилади. Бу улуғ зотларнинг номлари зикр қилинади.

Кези келганда айтиш лозимки, икки томонлама ҳамкорлик алоқалари ривожида ҳаж ва умра сафарларининг аҳамияти алоҳида. Хусусан, ўтган асрларда Туркистон мусулмонлари Макка ва Мадинага асосан Эрон ва Ироқ, Афғонистон, Ҳиндистон ва Ҳинд океани, Каспий денгизи, Озарбайжон, Грузия, Қора денгиз, Ўрта ер денгизи, Миср ва Қизил денгизи йўли орқали боришган. Туркистондан Макка ва Мадинага олиб борувчи ушбу йўллар асрлар давомида халқимизнинг Арабистон билан ижтимоий, маданий, сиёсий, иқтисодий ва илмий алоқаларида муҳим роль ўйнаб келди.

Шу нуқтаи назардан, ислом оламида азалдан юртимиз мусулмонларига нисбатан ўзига хос ва мос ҳурмат шаклланган. Маълумотларда келтирилишича, ХХ аср бошларига қадар Макка ва Мадина шаҳарларида турли ҳомийлар ҳамда маҳаллий ҳукмдорлар томонидан Туркистондан борган зиёратчилар учун қулай шароит яратиш, уларнинг ҳаж ибодатини адо қилиш давомида қолишларига мўлжалланган 27 та вақф такяси, яъни ўзига хос мусофирхоналар фаолият юритган. Макка ва Мадина шаҳарларида зиёратчилар учун “Ўзбек”, “Бухоро”, “Нақшбандий”, “Марғиноний”, “Бухорий”, “Самарқандий”, “Тошкандий”, “Андижоний”, “Хўқандий”, “Намангоний” ва бошқа номлар билан такялар ташкил этилган. Улар ўзбек халқининг миллий маданияти, урф-одатларига мос равишда қурилган ва таъмирланган. Уларда мусофирлар учун ўзбек миллий таомлари тортилган ҳамда Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий, Бобораҳим Машраб каби ўзбек адабиёти вакилларининг шеърлари ўқилиб, ғазалхонликлар ташкил қилинган. Шу жиҳатдан, ушбу такяларни ўзига хос ўзбек миллий маданий масканлари ҳам дейиш мумкин.

Бугун ҳам Ўзбекистон ва Саудия муносабатлари юксак даражада тараққий этмоқда. Саудия Арабистони ҳам Ўзбекистон каби ижобий маънода ўзгарди, ислоҳотлар давом этяпти. Саудияда “Vision 2030” дастури амалга оширилаётган бўлса, мамлакатимизда “Ўзбекистон — 2030” стратегияси йўлга қўйилган.

“Vision 2030” — Саудия Арабистонининг йирик иқтисодий ислоҳотлар дастури. У мамлакатни анъанавий иқтисодий тизимдан ривожланган, барқарор, кучли ва халқаро миқёсда рақобатбардош иқтисодий тизимга эга давлатга айлантириш учун жорий қилинмоқда.

Кейинги йилларда мамлакат ташқи сиёсат борасида фаоллик кўрсатиб, ўзининг анъанавий ҳамкор давлатлари географиясини кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда. Шунга кўра, Саудия Арабистони мусулмон дунёсидаги етакчилик мақомини мустаҳкамлаш, ривожланаётган мусулмон давлатларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шу билан бирга, истиқболли бозорларни излаб топиш мақсадида Марказий Осиё минтақасига эътибор қаратмоқда.

Сўнгги беш йилда Саудия минтақага йўналтирган сармояларининг энг катта қисмини Ўзбекистон иқтисодиётидаги турли тармоқларга, хусусан, энергетика соҳасига киритди. Шунга кўра, айтиш мумкинки, янгиланаётган Саудия Арабистонининг иқтисодий келажаги учун пойдевор вазифасини ўтаётган “Vision 2030” янгиланаётган Ўзбекистоннинг ҳам иқтисодий жиҳатдан ривожланишига таъсир кўрсатиши мумкин.

Мухтасар айтганда, янги Ўзбекистонни қуриш жараёнида ҳаётимизнинг барча соҳаси қатори диний-маърифий йўналишдаги ишларимиз ҳам янги босқичга кўтарилиб бормоқда. Қувонарли жиҳати, ҳаж зиёратига борувчилар сони бир неча баробар оширилди, умра зиёратчилари учун қўйилган квота ва чекловлар бекор қилинган. Шунингдек, табаррук қадамжолар обод этилиб, эҳтиёжманд кишилар, кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилаётгани Ватанимизда тинчлик ва осойишталик, аҳиллик ва ҳамжиҳатликни сақлаш, халқимиз ҳаётини янада эркин, обод ва фаровон этиш гарови бўлиб хизмат қиляпти.

Read 1974 times

Мақолалар

Top