muslim.uz

muslim.uz

Кеча, 12 январь куни хориж сафарида бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Россия Федерациясининг Ставрополь ўлкаси муфтийси Муҳаммад ҳожи Раҳимов ва бир гуруҳ ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари билан учрашдилар. Шунингдек, Пятигорск шаҳридаги масжид ва мадрасалар фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Дастлаб Ставрополь ўлкаси муфтийси билан бўлган мулоқотда томонлар бугунги кунда Ислом дини қадриятларини асраб-авайлаш, мусулмон давлатлари ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлаш йўлида тинимсиз меҳнат қилиш зарурлиги тўғрисида сўз борди. Жумладан, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Ўзбекистонда дин соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, катта янгиликлар ва улкан ўзгаришлар тўғрисида гапириб бердилар. Ҳазрат сўзларида давом этиб, Ўзбекистон ва Ставрополь мусулмонлари идораси алоқалари йилдан-йилга сайқалланиб келаётгани, охирги икки йилда икки мусулмонлар идоралари вакиллари бир неча бор мулоқот қилишганини таъкидладилар.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари Ставрополь ўлкасидаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари билан учрашиб, юртимизда дин соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, янги масжид-мадрасалар очилгани, илмий марказлар, ихтисослашган мактаблар ташкил этилгани, кенг миқёсда Қуръон мусобақаси уюштирилаётгани, шунингдек, ватанга садоқат, оила муқаддаслиги, огоҳлик мавзуларида амру-маъруф қилиб бердилар.
Бундан ташқари меҳнат мигрантларининг яшаш ва ишлаш шароитлари билан қизиқиб, уларнинг берган саволларига муфтий ҳазратлари жавоб бердилар. Кўп йиллардан буён Ставрополь ўлкасида яшайдиган, асли самарқандлик бўлган табаррук ёшдаги онахон билан учрашиб, дилдан суҳбатлашдилар.
Ҳозирги кунларда Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий ва дин соҳасида кенг кўламли ўзгаришлар тўғрисида муфтий ҳазратлари “Пятигорск” радиосига интервью бердилар.
Ставрополь ўлкасига сафар давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ташкилий қўмита томонидан Матбуот хизматига маълум қилинишича, ушбу мусобақада қатнашишни хоҳловчилар кўплигини инобатга олиб, талаб-истаклардан келиб чиққан ҳолда иштирокчиларни рўйхатга олиш шу йил январь ойининг 14 санаси кечки соат 19:00 гача давом этади.
Ташкилий қўмита берган маълумотга кўра, 13 январь санасигача 2770 нафар иштирокчи ҳужжат топширган.
Эслатиб ўтамиз, ушбу кўрсатгич:
8 январда 733 нафар;
9 январда 1101 нафар;
10 январда 2079 нафар;
11 январда 2255ни ташкил этган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Аввал хабар берганимиздек, Қуръони карим мусобақасига иштирокчиларини рўйхатга олиш жараёни давом этмоқда.

Республикамизнинг вилоят ва туман марказларида Қуръон мусобақаси ҳақидаги баннерлар осилмоқда. Жумладан, Жиззах вилоятининг Зомин тумани ва Навоий вилояти кўчаларида буни кўриш мумкин. Унда Қуръон мусобақаси ҳақида маълумот берилган.
Эслатиб ўтамиз, Қуръон мусобақасига рўйхатга олиш шу йил январь ойининг 15 санасигача давом этади.


ЎМИ Матбуот хизмати

Ота-она, уларнинг ризолигини олиш ҳақида гапириш шунчалик оғирки, бундан кўра игна билан чоҳ қазиш осонроқдир. Чунки бу шундай масъулиятли вазифаки, қайси инсон боласи ҳоли ҳаёти давомида бунинг уддасидан чиқа олган, буни фақат Яратганнинг ўзи билади.

Чунки, меҳрибон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фарзанд бўйнидаги бу юкнинг нақадар оғирлигини қуйидаги ҳадиси шарифларида шундай ифода этганлар:

Ҳадис. “Фарзанд ҳеч қандай яхшилик билан отанинг ҳаққини адо қила олмайди. Фақат отасини қул бўлган ҳолатда топса ва уни сотиб олиб, ҳурриятига етиштирсагина ҳаққини адо қилган бўлади.” (Бухорий, “Адаб-ул Муфрад”, Муслим)

Бошқа ҳадис.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига бир киши келиб:

“Эй Расулуллоҳ, отам менинг молимни ўзиники қилиб олмоқчи”, дейди. “Сен ҳам молинг ҳам отангнинг молисизлар”, деб буюрдилар. (Ибни Можа)

Қуръони каримнинг 13 та жойида ота-онага яхшилик қилиш, уларга қандай муносабатда бўлиш ҳақида эслатиб ўтилган. Ота-она розилигини олиш, уларга хизмат қилиш ҳақида умумий тушунчаларга эга бўлсакда, намоз ёки рўза каби ибодатларни бажариш учун арконларига риоя этиш қанчалик қатъий талаб этилган бўлса, бу хизматда ҳам айрим жиҳталарни, албатта, ўқиб ўрганиб олиш зарурдир. Нима учун дейсизми? Бу саволларга китобни ўқиш давомида, албатта, етрали мулоҳазаларга эга бўласиз деган умиддамиз. Чунки ота-она розиликларини топиш умр бўйи бажариладиган нозик ва ҳассос хизмат бўлганидан доимий эътиборни, таълим-тарбияни талаб этади. Ҳар бир нафаси имтиҳодан иборат бўлган инсоннинг ҳаётида шундай вазиятлар бўладики, айнан шу лаҳзалар унинг бир умрлик тоат-ибодатига ё салбий ёки ижобий жиҳатдан татигулик бўлиб қолади. Бу хизматнинг нақадар нозиклигини Ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу хулосаларидан ҳам билиб олиш қийин эмас:

“Агар ота-онанг сен билан муроса қилишни бошласа ва сенга гапираётганда безовталанишинг ва ғазабинг чиқишидан қўрқиб, эҳтиёткорлик билан сўзларни саралаб гапиришни бошласа, демак сен ота-онангга оққ бўлаётганингни билиб қўй!”

Бу танбеҳни бераётган одам ким? Бу зот Имом Абу Ҳанифанинг машҳур шогирдларидан Абдуллоҳ ибн Муборак ибн Возиҳ ал-Марвазийдир. Бу зот ҳақида Абу Ваҳб шундай дейди: “Абдуллоҳ ибн Муборак ёнидан бир кўзи ожиз киши ўтиб: “Менинг ҳақимга дуо қилишингизни сўрайман”, деди. Абдуллоҳ унинг ҳаққига дуо қилгандилар. Аллоҳ унга кўзини қайтариб берди. Мен эса бу воқеага гувоҳ бўлиб тургандим. 

Демак юқоридаги ҳадиси шариф ва азизларимизнинг хулосаларидан танланган мавзунинг нақадар муҳимлигига, бу борадаги билим ва савимизни ошириш эса ҳар қачонгидан ҳам зарур эканига яна бир бор амин бўлмоқдамиз.

Уламоларимиз ота-онанинг дилини оғритмасдан, айтганларини бажариб, қайтрганларидан қайтиб, улар билан чиройли муносабатда бўлиб, дуои хайрларини олиб юриш ҳам бу дунё ҳам охиратдаги яхшиликларга васила бўлишини маълум қиладилар.

Улуғбек Султоннинг “Ота-онага хизмат қилиш одоблари” китобидан

 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бирор иш машаққат ёки маҳзунлик келтирса:
«Я ҳайю, я қойюму бироҳматика астағийсу», дер эдилар. (Маъноси: «Ё Ҳай ва Қайюм сифатли Зот, Сенинг раҳматинг ила ёрдам сўрайман) Имом Термизий ривояти

ЎМИ Матбуот хизмати

Top