muslim.uz

muslim.uz

Америка Қўшма Штатларидаги “Туркистон-Америка жамияти” сўровига биноан Тошкентдаги “Новза” жоме масжиди имом-хатиби Жалолиддин қори Ҳамроқулов жамиятимиз аъзоларининг Рамазон ойидаги диний маросимларга бошчилик қилдилар. Жалолиддин қори Ҳамроқулов Рамазон ойининг файзли кечаларида мўмин-мусулмонларга хатми Қуръон ўқиб, маърифий суҳбатлар қилиш каби савобли ишларни амалга оширдилар.
Натижада, жамиятимиздаги хатми Қуръонга келувчилар сони кундан-кунга кўпайди. Охирги куни тахминан юздан зиёд ватандошлар ташриф буюришди. Рамазон ойининг 27-тунида, яъни Қадр кечасида хатм Қуръон ниҳоясига етди. Намозхонларимиз бу йилги хатми Қуръон тўғрисида жуда кўп дил изҳорларини билдиришди. Жумландан табаррук 90 ёшни қоралаган Мирза наим ота: “Мен бу йилги хатми Қуръон ва қори домладан жуда хурсандман. Айниқса, қори домланинг очиқ чеҳралари, зукколиги ва саволларимизга аниқ жавоб беришлари менда катта қизиқиш уйғотди. Бундан илҳомим келиб жуда кўп савол бердим ва ажойиб жавоблар олдим”, дея ўз таассуротларини билдирди.
Шунингдек, 70 ёшли Ғанишер ака эса: “Мен одатда уйимга яқин бўлган жомега қатнар эдим. Рамазон ойининг биринчи куни жамият раиси Абдулла ака “Ватандан бугун қори келади ва хатм бошлаймиз” дедилар. Мен бу хабарни эшитиб жуда мамнун бўлдим. Жамиятга келиб, имом-домлани чиройли овозлари ва суҳбатларидан ором олдим. Бирор кун ҳам хатми Қуръонни қолдирмадим”, деб ўз фикрларини билдирди.
“Туркистон-Америка жамияти” вице-президенти Воҳид Сабрий: “Мен Саудия Арабистонида 11 йил яшаганман. Ушбу қорининг қироатлари, айниқса, мавъизалари мароқли ва ҳузурбахш экан. У кишидаги яна бир ҳислат бошқалардан бегонасирамаслик менга ёқди. Тезда жамиятга келаётган одамлар билан киришиб кетди.”, деб фиркларни баён этди.
– “Бу йилги хатми Қуръонга ўхшаган хатмни ҳеч учратмаганман. Машааллоҳ жуда ҳам гўзал бўлди. Имом-домланинг юриш-туришидан, гап сўзидан шундоқ Ватан иси уфуриб турди. Бизда она-заминга бўлган соғинч тафти сал бўлсада босилди, унга бўлган муҳаббат эса янада зиёда бўлди.”, дея ўз дил изҳорларини билдирди Абдуҳалим ака.
Хулоса қилиб айтганда, “Туркистон-Америка жамияти” вакиллари муборак Рамазон ойида шундай юқори кайфиятда ибодат қилганлари, хуш овоз қорининг қироатига сомеъ бўлганлари ва мазмунли мавъизасидан кўп манфаат олганларидан чексиз мамнун эканларини изҳор этишди ва она-Ватан – Ўзбекистоннинг яна фаровон бўлишини тилаб дуолар қилишди.
2016 йил 17 июль куни Жалолиддин домлани она-Ватанлари – Ўзбекистонга кузатиб қўйдик ва энг эзгу тилакларнинг ҳамроҳ бўлишини тиладик.


Абдулла ХЎЖА,
АҚШдаги “Туркистон-Америка жамияти” раҳбари

  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қовоқ, гўшт ва нондан тайёрланган шўрва, ҳолва ва асал ёқар эди.
  • Гўштлардан эса, жонлиқнинг қўлини, биқин ва елка гўштини ёқтирар эдилар.
  • Кўкатларни ва қотган нонни сирка билан, тарра, тарвузни хурмо билан ҳамда таррани туз билан қўшиб ейиш ҳам У зотга хуш ёқар эди.
  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам еган таомлар орасида яна ҳайс (ёғ, сариёғ ва пишлоқ аралаштириб пишириладиган таом), сариёғ, пишлоқ, қуритилган гўшт, пиширилган гўшт, товуқ гўшти, тувдоқ гўшти (ов қилинадиган, гўшти мазали йирик қуш), пишган, қуритилган ва хом хурмонинг ёғи, узум, хабис (сариёғ, асал ва ун аралаштирилиб, оловда пишириладиган таом) ҳам бор эди.
  • У зот саримсоқ ва шу каби хиди азият берадиган нарсалардан ва зобб (саҳроли жойда яшайдиган, териси тикончали бўлган, кўриниши эчкиэмарга ўхшайдиган ҳайвон) каби иштаҳа тортмайдиган нарсаларни ейишдан четланар эдилар.
  • Таомни ёмонлаб, айбламасдилар. Агар иштаҳалари тортса тановул қилардилар, бўлмаса тарк қилар эдилар.
  • Садақа қилиб берилган нарсаларни емасдилар.
  • Ёнбошлаб таом емасдилар.
  • Ўзларининг олдиларидан истеъмол қилар эдилар.
  • Ерга ўтирганларида ернинг устида танаввул қилардилар.
  • Таомдан сўнг, дастурхон олингач: “Алҳамдулиллаҳил лазий ҳамдан касийрон, тоййибан, мубарокан фийҳи, ғойро макфиййин ва ла муваддаъин ва ла мустағнан анҳу Роббуна” (маъноси: Аллоҳ таолога чексиз, гўзал ҳамдлар бўлсин. Роббимиз ҳеч кимга муҳтож эмас, У Зот дуода доимо эсланар ва У Зотдан ҳеч қачон беҳожат бўлинмас), деб айтар эдилар.
  • Баъзида: “Алҳамдулиллаҳил лазий ютъиму ва ла ютъам, манна алайна, фаҳаадана, ва атъамана, ва сақона. Алҳамдулиллаҳиллазий атъама минат тоам, ва сақо минаш шароб, ва каса минал аро, ва ҳада миназ золала, ва бассоро минал ама” (маъноси: (бандаларини) таомлантириб, Ўзи таомланмайдиган, бизларга яхшилик қилиб ҳидоят йўлига бошлаган ҳамда бизларни таомлантириб суғорган Зот Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Таомдан едириб, ичимлик ичирган, либос билан зийнатлаган, гумроҳликдан тўғри йўлга бошлаган, кўриш неъматини ато этган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин), деб дуо қилар эдилар.
  • Баъзан таомдан кейин яна шундай дуо қилардилр: “Алҳамдулиллаҳил лазий атъамании ҳаазаа ва розақонииҳи мин ғойри ҳавлиммин минний валаа қувваҳ” (маъноси: менга бу таомни инъом қилган, менинг кучим ва қудратимсиз ризқлантирган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин).
  • У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Мадинаи мунаввара атрофидан ичимлик суви олиб келинар эди.
  • Расулуллоҳ тинган сувни ихтиёр қилардилар.
  • Гоҳида у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам учун эски, чармли мешларда сув совитилар эди.
  • У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимликни ўзларининг ёғочдан бўлган, дағалроқ, четларига темир қуйилган қадаҳларида ичар эдилар.
  • Яна шишадан бўлган қадаҳлари ҳам бор эди. Гоҳида ундаги сувдан таҳорат олардилар. Баъзида шишали қадаҳда яна сут, талқон ва асал ҳам ичар эдилар.
  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг ёқтирган ичимликлари сут эди. Уни ичаётганларида: “Аллоҳумма барик лана фийҳи, ва зидна минҳу” (Аллоҳим бизларга унда барака бер ва уни бизларга кўпайтириб бер), деб айтардилар. Бошқа бир ривоятда: “Аллоҳумма барик лана фийҳи ва абдилна биҳи ма ҳува хойр” (Аллоҳим, бизларга унда барака бер ва ундан яхшисига алиштириб бер), деб айтар эдилар.
  • Баъзан сутга сувни аралаштирар эдилар.
  • Агар бирор нарса ичсалар, уч марта танаффус қилиб (яъни, нафас олиб) ичар эдилар ва ичиб бўлганларидан кейин Аллоҳ таолога ҳамд айтардилар.
  • Баъзан ҳар бир нафас олишларида ҳамд айтар ва охирида Аллоҳ таолога шукр қилардилар.
  • Кўпинча ўтириб ичар эдилар.
  • Оз ҳолатда туриб ичганлар.
  • Саҳобаларига сув улашиб, охирида ўзлари ҳам ичардилар ва: “Қавмнинг соқийси (суғорувчиси) охирида ичади”, дердилар.
  • Агар саҳобаларига сув ичирмоқчи бўлсалар ўнг тарафдагилардан бошлардилар. Бир кун ўнг тарафларига кичкина бола, чап томонларига эса улуғ саҳобалардан бирлари ўтириб олган эди. Шу пайт бир ичимлик олиб келинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан ичдилар ва ёш болага: “Булардан бошлашимга рухсат берасанми?”, деб чап томонларидаги улуғ саҳобийга ишора қилдилар. Шунда ҳалиги ўнг томонларидаги бола: “Йўқ! Сиздан бўлган насибамга ҳеч кимни афзал кўрмайман”, деди.
  • Пайғамбар алайҳиссалом уйқудан олдин аёллари билан суҳбатлашар эдилар. Уларга гапириб, гапларига ҳам қулоқ тутар эдилар.
  • Ухлашларидан олдин таҳорат олардилар, ҳар бир кўзларига уч мартадан сурма сурар эдилар ва ўнг томонларига ёнбошлаб ётардилар. Сўнгра: “Аллоҳумма инний асламту нафсий илайка, ва важжаҳту важҳий илайка, ваалжаъту зоҳрий илайка, роҳбатан ва роғбатан илайка, ла малжаъа валаа манжаа минка илла илайка, Ааманту бикитаабикаллазий анзалта ва бинабиййикаллазий арсалта” (Аллоҳим, албатта мен Сендан қўрқиб, Сенга талпиниб, Ўзингга жонимни топширдим. Юзимни сенга қаратдим, белимни Сенга топширдим. (Азобдан) Сақланадиган бошпана ҳам, нажот топадиган жой ҳам фақат сендандир. Сен нозил қилган китобга, Сен юборган пайҳамбарга иймон келтирдим), деб айтардилар. Ва яна: “Кимки бу дуони ўқиб, сўнгра ўша кечада вафот этса, Ислом фитратида вафот этибди”, деган эдилар.
  • Агар кечанинг ўртасида ёки ундан бироз олдин ёки кейинроқ туриб қолсалар, қўллари билан юзларини силар эдилар ва “Оли Имрон” сурасининг охирги ўн оятини ўқирдилар. Кейин туриб таҳорат олар ва намоз ўқирдилар.
  • Агар ухласалар фақат кўзлари ухлар эди, муборак қалблари уйғоқ турар эди.
  • У зот қон олдирар ва бунга тавсия қилиб: “Сизлар даволанадиган нарсанинг энг яхшиси бу қон олдиришдир”, деб айтар эдилар.
  • У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳина билан ҳам даволанар эдилар. Агар бирор жойларида яра ёки шу каби енгил жароҳат бўлса, ўша жойга ҳина қўйишга буюрар эдилар.
  • У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам пайшанба ва душанба куни сафарга чиқишни яхши кўрар эдилар. Сафарга чиққанларида: “Аллоҳумма Антас соҳибу фис сафар, вал холийфату фил аҳли. Аллоҳумма инний аъузу бика минал фитнати фис сафар, вал каабати фил мунқолаб. Аллоҳумма иқбиз ланал арзо ва ҳаввин алайнас сафар” (Аллоҳим, Сен сафарда йўлдошсан, аҳли-оилада халифасан. Аллоҳим, Сендан сафардаги фитнадан, қайтишдаги ғамгинликдан паноҳ беришингни сўрайман. Аллоҳим, бизлар учун ерни ушлаб тур ва бизга сафарни енгил қил.), деб айтар эдилар.
  • Агар уловга минсалар: “Субҳаналазий саххоро лана ҳаза вама кунна лаҳу муқринийн” (Бизларга буни бўйсундириб қўйган Зот (барча айбу нуқсонлардагн) покдир. Биз бунга қодир эмасдик.), деб айтардилар.
  • Бирор бир мусофир билан хайрлашмоқчи бўлсалар унга: “Аставдиъуллоҳа дийнака вааманатака ва ховатийма амалака, заввадакаллоҳут тақва ва ғофаро занбака ва лаққокал хойро ҳайсу таважжаҳта” (Сени динингни, омонатингни ва амалингнинг хотимасини Аллоҳга омонат қилиб топширдим. Аллоҳ сени тақвоингни зиёда, гуноҳларингни мағфират қилсин. Сенга қаерда бўлсанг ҳам яхшиликни йўлиқтирсин), деб айтардилар.
  • Агар тунда бирор ерга тушиб тунамоқчи бўлсалар, ўша ерга хитоб қилиб: “Роббий ва Роббикиллаҳ, аъузу биллаҳи мин шаррики ва шарри ва фийки ва шарри ма дабба алайки, аъузу биллаҳи мин кулли асад, ва асвад ва ҳайятин ва ақраб, ва мин шарри сокинил балад ва шарри валидив ва ма валад” (Роббим ва сенинг Роббинг Аллоҳдир. Аллоҳдан сенинг ёмонлигингдан ва сендаги нарсаларнинг, сенинг устингда ўрмалаб юрувчи нарсалардан паноҳ беришини сўрайман. Аллоҳдан барча шер ва қора нарсалардан, илон, чаён ва мана шу маконда яшовчилардан ва Иблис ва унинг болаларидан паноҳ беришини сўрайман), деб айтардилар.
  • Уловларининг устида нафл намозларни ўқир эдилар. Бироқ фарз намозларни эмас. Сафардан қайтсалар: “Ойибуна Таибуна ли Роббина ҳаамидун” (Қайтувчилар Роббиларига тавба қилувчилар, Роббиларига ҳамд айтувчилар), деб айтар эдилар.
  • Оилаларининг олдига кирганда эса, “Авбан, авбан, ли Роббина тавбан, ла юғодиру алайна ҳавбан” (қайтдик, қайтдик, Роббимизга бизларга гуноҳни ташлаб қўймайдиган тавба билан қайтдик), деб кирардилар.
  • Сафардан фақат кундузи чоштгоҳ вақтида келар эдилар. Келишлари биланоқ аввал масжидга кириб, икки ракат намоз ўқир эдилар, сўнгра, саҳобалари билан кўришиш учун ўтирар эдилар.
  • Кечаси уйларини тақиллатиб келмасдилар. Фақат уларнинг келишлари маълум бўлсагина, шундай қилар эдилар. Кечаси ўз оиласига хабар бермасдан кириб боришдан асҳобларини ҳам қайтарар эдилар. 

 

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

БАРАТОВ Ғиёсиддин манбалар асосида тайёрлади.

Басмала – “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим” – “Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)” жумласининг қисқартма шаклидир. У Намл сураси 30-оятининг бир бўлаги ҳисобланади. Ҳар бир хайрли ишни басмала билан бошлаш суннатдир. Жумладан, Қуръони карим қироатини ҳам. Суралар бошида басмалани айтиш суннат. Ўқувчи сура ўртасидан бошлаб қироат қилганида эса ихтиёрлидир, хоҳласа, айтади, йўқса, “истиоза” билан кифояланади. Лекин басмала билан бошлагани афзал. 

Ваҳий – луғатда “тезлик билан махфий ишора қилиш” деган маънони англатади. Истилоҳда эса, Аллоҳ таолонинг пайғамбарлардан бирига нозил қилган Каломидир. Ушбу атамани пайғамбар (алайҳиссалом)лардан бошқага нисбатан қўллаш мумкин эмас. Яъни, пайғамбар бўлмаган одамга ваҳий тушди, дейилмайди. 

Ийҳоъваҳий сўзидан умумийроқ бўлиб, набий ва расуллардан бирига ваҳий нозил қилиш ҳам, пайғамбар бўлмаган кишиларга ишора қилиш ёки қалбига бирор нарсани солиш ҳақида гап кетганда ҳам қўлланилади. Шунинг учун бу лафзни набийга ва набий бўлмаганларга нисбатан ишлатиш мумкин. 

Истиоза – “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожим” (“Қувғин этилган шайтон (васвасаси)дан Аллоҳ паноҳ беришини сўрайман”) жумласининг қисқартмасидир. Луғатда “паноҳ тилаш” маъносини англатади. Истилоҳда эса қироатни бошлашдан олдин Аллоҳ таолодан шайтон ёмонлигидан паноҳ сўрашдир. Суранинг хоҳ аввалидан, хоҳ ўртасидан бошлаб қироат қилганда “истиоза”ни айтиш мустаҳабдир. Айрим уламолар вожиб дейишган. 

Қироат – арабча “قرأ” сўзи ўзагидан олинган бўлиб, “Қуръон тиловат қилиш, ўқиш” каби маъноларни ифодалайди. 

Қори – арабча “قرأ” сўзи ўзагидан олинган бўлиб, “Қуръон қироат қилувчи, ўқувчи” маъноларни англатади. 

Қуръон – арабча “قرأ” сўзи ўзагидан олинган бўлиб, “ўқиш, жамлаш” каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса, Қуръон Аллоҳ таолонинг Жаброил (алайҳиссалом) воситасида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га туширган, тиловати ибодат ҳисобланган Каломидир. 

Маданий – ҳижратдан кейин Мадина ва бошқа жойларда нозил бўлган cуралар. Бу атама 26 та сурага нисбатан қўлланилади. Маданий оятлар адади 1456 та бўлиб, Қуръоннинг 37 фоизини ташкил этади. Маълумки, Қуръони карим оятлари бир жойда эмас, балки Макка, Мадина, Тоиф, Жуҳфа, Байтул Мақдис, Ҳудайбия каби шаҳарларда ва Мино, Арафот, Бадр, Уҳуд каби ерларда туширилган. 

Маккий – Маккада ҳижратгача нозил бўлган суралар. Бу атама 88 та сурага нисбатан қўлланилади. Маккий оятлар адади 4780 та бўлиб, улар Қуръоннинг 63 фоизи ташкил этади. 

Мусҳаф – луғатда “саҳифаланган” маъносини англатади. Истилоҳда эса, ўзида бир қанча саҳифани жамлаган китобга “мусҳаф” дейилади. “Мусҳаф” ибораси асосан Қуръони каримга қўлланилади. Бу Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу)нинг Мусҳафи бўлиб, қолган Мусҳафлар ундан кўчирилган. У зот халифалик даврида ваҳий котиби бўлмиш Зайд ибн Собит ва бир қанча саҳобалар (розияллоҳу анҳум)га бир неча Мусҳаф кўчиришни буюради. Мусҳафлар тайёр бўлгач, бирини ўзи ва Мадина аҳли учун сақлаб, қолганларини Макка, Шом, Куфа, Басра каби жойларга юборади. Ана шу Мусҳафлар “Усмон Мусҳафи, Имом Мусҳафи” дейилади. 

Оят – луғатда “мўъжиза, аломат, ибрат, далил” сингари маъноларни англатади. Истилоҳда эса, сураларнинг тугалланган маънога эга бўлаги “оят” дейилади. Қуръони карим 6236 оятдан иборат. 

Пора – форсча сўз бўлиб, “қисм, жуз, бўлак” каби маъноларни англатади. Қуръони карим 30 порадан иборат. Ҳар бир пора 20 бетни, яъни 10 варақни ташкил этади. Пора маълум сура ёки оятлар адади билан белгиланмайди. Мисол учун, Бақара сураси 2 порадан зиёдроқдир. Айрим поралар эса ўз ичига бир неча сурани олган, жумладан, 30-порада 37 та сура жой олган. 

Рубъ – Бир поранинг тўртдан бир қисми, яъни 5 бет. Қуръони карим 240 рубъдан иборат. 

Сура – луғатга кўра, “шараф, мақом, қўрғон” каби маъноларни билдиради. Истилоҳда эса, “сура” деб Қуръони карим оятларининг бошланиши ва тугаши белгиланган қисмига айтилади. Қуръони карим 114 сурадан иборат. 

Тажвид – луғатда, “чиройли қилиш, сифатини ошириш” каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса, тажвид деб, ҳар бир ҳарфнинг махраж, сифат, мад, тарқиқ, тафхим каби тажвид қоидаларидан иборат ҳақини бериш тушунилади. Тажвидни назарий жиҳатдан билиш фарзи кифоя, унга амал қилиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёл учун фарзи айндир. Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “...Қуръонни «тартил» билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг!” (Муззаммил сураси, 4-оят). 

Тафсир – луғатда “очиб бериш, баён қилиш, шарҳлаш” каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса, Қуръони карим лафзларини талаффуз этиш кайфияти (қироатлар), уларнинг (луғавий) маънолари, муфрад ва таркибий ҳукмлари (сарф, наҳв ва балоғат қоидалари), таркиб ҳолатида далолат қиладиган (ҳақиқий ва мажозий) маънолари ва у илмнинг тўлдирувчилари (носих, мансух, нозил бўлиш сабаблари ва қиссалар)дан баҳс қиладиган илмдир. Бу илмга луғат, сарф, наҳв, балоғат, усулул фиқҳ ва қироат илмларини чуқур ўрганиш билан эришилади. 

Ҳизб – Қуръони каримнинг олтмишдан бир қисми, яъни ярим пора.

 

Толибжон ҚОДИРОВ

тайёрлади.

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top