muslim.uz
Кундалик дарсни ёдлаш учун энг афзал вақтлар
- Саҳар пайти ва Бомдод намозидан сал олдинроқдаги таҳажжуд вақти;
- Бомдод намозидан кейин қуёш чиққунича бўлган вақт;
- Шом ва Хуфтон намозлари орасидаги вақт;
- Уйқуга ётишдан олдинги аниқ бир вақт.
Киши ухлаётган пайтда ҳам ақли уни банд қилиб қўйган бошқа ишлар билан машғул бўлиб туради. Шунга кўра Қуръон ёдлаётган талаба уйқуга ётганидан кейин ҳам ухлагунича хотирасида оятларни доимий такрорлаб туради. Уйқудан турганида эса унинг тили беихтиёр олдин ёдлаган оятларини такрорлаётганини ҳис этади.
Агар киши уйқудан уйғониб, туришга имкон топса,таҳажжуд вақтида, тура олмаса, Бомдод намозидан кейин эрта тонгда ўша дарсни китобга қараб ёки ёддан камида ўн беш марта қайтарса, уни ажойиб бир тезликда ёдлаб олганигагувоҳ бўлади.
Тана дам олиб, зеҳн турли ўй-хаёллар ва бошқа чалғитувчи нарсалардан фориғ бўлиб турган бир пайтда ақлнинг бундай катта ютуққа эришиши унинг доимий ҳаракати маҳсули бўлса, Расулуллоҳ алайҳиссалом бир ҳадисларида баён қилган барака ҳам бунга сабаб бўлади. Ҳадиси шарифда шундай баён қилинган:
اَللَّهُمَّ بَارِكْ لأُمَّتِى فِى بُكُورِهَا
«Аллоҳим, умматимнинг эрта тонгда қилган ишларига барака бергин».
Абу Довуд, Термизий, Насаий ва бошқалар ривоят қилганлар.
Талаба Бомдод намозидан сўнг масжиддан чиқиб кетишга шошилмасдан, қуёш чиққанидан кейин ишроқ намозини ўқишга ҳаракат қилсин. Чунки ҳадиси шарифда шундай дейилган:
عن أَنَسٍ بْنِ مَالِكٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَنْ صَلَّى الْغَدَاةَ فِي جَمَاعَةٍ ثُمَّ قَعَدَ يَذْكُرُ اللَّهَ حَتَّى تَطْلُعَ الشَّمْسُ ثُمَّ صَلَّى رَكْعَتَيْنِ كَانَتْ لَهُ كَأَجْرِ حَجَّةٍ وَعُمْرَةٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ تَامَّةٍ تَامَّةٍ تَامَّةٍ رَوَاهُ التِرْمِذِى
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким Бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра то қуёш чиққунича Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, сўнгра икки ракъат намоз ўқиса, унга бир ҳаж ва бир умранинг савобичалик савоб берилади».
Анас ибн Молик айтади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ»,дедилар».(Термизий ривояти)
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтганлар:
أَفَلَا يَغْدُو أَحَدُكُمْ إِلَى الْمَسْجِدِ فَيَعْلَمُ أَوْ يَقْرَأُ آيَتَيْنِ مِنْ كِتَابِ اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ خَيْرٌ لَهُ مِنْ نَاقَتَيْنِ وَثَلَاثٌ خَيْرٌ لَهُ مِنْ ثَلَاثٍ وَأَرْبَعٌ خَيْرٌ لَهُ مِنْ أَرْبَعٍ وَمِنْ أَعْدَادِهِنَّ مِنْ الْإِبِلِ. رَوَاهُ مُسْلِمُ
«Сизлардан бирортангиз эрталаб масжидга бормайдими, Аллоҳ таолонинг Китобидан икки оятни ўрганади ёки ўқийди. Шундай қилиши унинг учун икки туядан яхшироқдир, уч оятни ўрганса ёки ўқиса, уч туядан яхшироқдир, тўрт оятни ўрганса ёки ўқиса, тўрт туядан ва ундан бошқа кўплаб туялардан яхшироқдир». (Муслим ривояти)
Ушбу ҳадисда масжиднинг эрталабки ҳавоси у ерда туриб, ажр-савоб олишдан ташқари, ўқиш ва ёдлаш учун ҳам энг яхши жой эканига ишора қилинган.
Қуръони карим борасида ажойиб маълумотлар
Бир киши ҳузурига аёли кирганида намоз ўқишни бошлабди. Тонг отиб кетибди, лекин у аёлига қиё ҳам боқмабди. Бу иши ҳақида маломат қилинганида, у киши: «Мен эр кишининг аҳли унинг ҳузурига кирганда ўқиладиган икки ракъат суннат намозини ўқишга турган эдим. Лекин Қуръоннинг ажойиблигига берилиб, аёлимни ҳам унутиб қўйибман», деган экан.
Жоҳиз айтади: «Аллоҳ таоло Ўз Китобини араблар ўз гапларини жумла ва фаслларга ажратиб атаган номларининг акси билан номлади. Яъни улар гапларини «девон» деб номлаган бўлсалар, Аллоҳ таоло Ўз Каломини «Қуръон» деб номлади. Аллоҳ таоло унинг айрим бўлагини «сура» деб номлади, улар эса шундай бўлакни «қасида» деб номлашган. Улар ўз гапларининг бир бўлагини «байт» деб аташса, Аллоҳ таоло суранинг бир бўлагини «оят» деб номлади. Аллоҳ таоло суралар охиридаги мослашувни «фосила» деб номлади, улар бундай ҳолатни «қофия» деб номлашарди».
Аллоҳ таолонинг иккитагина оятида ҳижоия ҳарфларининг 29 таси ҳам жамланган. Улар: «Оли Имрон» сурасининг 154-ояти, ва «Фатҳ» сурасининг 29-ояти.
Қуръони карим 30 порадан иборат. Унинг суралари сони 114та. Қуръон суралари 6236 оятни ўз ичига олади. Атонинг фикрига кўра Қуръони карим 77439та сўздан ташкил топган. Ибн Аббоснинг сўзларига қараганда, Қуръонда 323671та ҳарф қатнашган. Унда 8804та замма ҳаракати, 53242та фатҳа ҳаракати, шунингдек, 39582та касра аломати, 1771та мад – чўзиш белгиси, 1252та ташдид аломати, 134550та нуқта ишлатилган.
Қуръони каримда «Қуръон» лафзи 68та ўринда келган.
Ҳарф эътиборидан Қуръони каримнинг тенг ярми «Каҳф» сурасининг 19-оятида келган وَلْيَتَلَطَّفсўзининг охиридаги «фе» ҳарфи, деб белгиланган.
Шунингдек, сўз эътиборидан Қуръони каримнинг тенг ярми «Ҳаж» сурасининг 20-оятидагиوَالْجُلُودُ сўзи экани аниқланган.
Оятлар эътиборидан эса Қуръони каримнинг тенг ярми فَأَلْقَى مُوسَى عَصَاهُ فَإِذَا هِيَ تَلْقَفُ مَا يَأْفِكُونَ«Шуаро» сурасининг 45-оятидир.
Шунингдек, суралар ҳисобига кўра Қуръоннинг тенг ярми «Ҳадид» сурасининг охирига тўғри келади.
Қуръондаги энг катта сура – Бақара сураси.
Қуръондаги энг кичик сура – Кавсар сураси.
Қуръондаги энг узун оят – Бақара сурасининг 282 ояти (Қарз ояти).
Қуръондаги энг узун калима فَأَسْقَيْنَاكُمُوهُ Ҳижр сураси 22 ояти.
Қуръони каримда ح ҳарфи фақатгина иккита жойда кетма-кет келади: عُقْدَةَ النِّكَاحِ حَتَّى Бақара сураси 235 оят, لَا أَبْرَحُ حَتَّى Каҳф 60 оят.
Қуръони каримда ك ҳарфи фақатгина иккита жойда кетма-кет келади: مَنَاسِكَكُمْ Бақара сураси 200 оят, مَا سَلَكَكُمْ Муддассир 42 оят.
Қуръони каримда غ ҳарфи кетма-кетма ҳолда фақатгина битта жойда келади: وَمَنْ يَبْتَغِ غَيْرَ الْإِسْلَامِОли Имрон сураси 85 оят.
Қуръони каримда энг кўп марта ك ҳарфи иштирок этган сура Бақара сурасининг 282 ояти бўлиб, унда 23 марта такрорланган.
غ ҳарфи билан бошланган оятлар иккита бўлиб, улар: Ғофир сурасининг 3-ояти билан, Рум сурасининг 2-ояти.
ظ ҳарфи билан фақатгина Рум сурасининг 41-ояти бошланади.
Охирида икки пайғамбарнинг исми келган сура бу Аъло сурасидир.
Аввалида икки мевани зикри келган сура бу Тин сурасидир.
Ҳар бир оятида Лафзи жалола бўлган сура Мужодала сураси.
Лафзи жалола Қуръони каримда 980 марта зикр қилинган.
Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Муҳаммад исмлари Қуръонда 4 маротаба зикр қилинган.
Қуръонда энг кўп зикр қилинган пайғамбар бу Мусо алайҳиссаллом.
Қуръонда саҳобалардан фақатгина Зайд ибн Ҳорисанинг исмлари зикр қилинган.
Қуръонда фақатгина бир аёлни исми зикр қилинган. У ҳам бўлса Марям онамиз.
Солиҳ бир инсон ҳақида ғаройиб ҳикоя
У зот шандай деди: «Бир куни тунда саҳар вақтига яқин йўл бўйидаги хонамда «Тоҳа» сурасини ўқир эдим. Тугатиб бўлгач, енгил мудроқ босди. Шунда осмондан бир инсон тушди, қўлида бир саҳифа. У кўзимнинг олдида саҳифани очган эди, қарасам, «Тоҳа» сураси. Ундаги битта калимадан бошқа ҳамма калиманинг остига ўнта ҳасанот битиб қўйилган. Мен ўша битта калиманинг ости ўчирилган ҳолда, унинг остида ҳеч нарса йўқлигини кўриб: «Аллоҳга қасамки, бу калимани ҳам ўқидим, нега савобини кўрмаяпман?» дедим. Шунда у инсон: «Тўғри, сен ўқидинг, биз савоб ёзган эдик. Бироқ Арш томонидан бир нидо қилувчининг «Унинг савобини ўчиринглар!» деган нидосини эшитиб, уни ўчирдик», деди. Мен уйқумда йиғлаб: «Нега бундай қилдингиз?» деб сўрадим. У: «Бир киши ўтиб кетаётган эди, у сабабли шу калимада овозингни кўтардинг, натижада савоби кетди», деди».
Хушовозлардан қироат эшитиш
Чиройли овозда қироат қиладиган инсонлардан тиловат эшитиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати ва улуғ инсонлар, обидлар ва Аллоҳ таолонинг солиҳ бандаларининг одатидир. Бунинг мустаҳаб ишлардан эканлигига иттифоқ бўлган.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан келган саҳиҳ ривоятда у киши шундай дейди: “Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга Қуръон ўқиб бер”, дедилар. Мен: “Ё Росулаллоҳ, мен сизга қироат қилиб бераманми, ваҳоланки у сизга нозил бўлганку?”, дедим. Шунда У зот: “Мен Қуръонни ўзимдан бошқадан эшитишни яхши кўраман”, дедилар. Мен Нисо сурасини ўқиб,
فَكَيْفَ إِذَا جِئْنَا مِنْ كُلِّ أُمَّةٍ بِشَهِيدٍ وَجِئْنَا بِكَ عَلَى هَؤُلَاءِ شَهِيدًا
“Ҳар бир умматдан (ўз пайғамбарини) гувоҳ сифатида келтирганимизда ва Сизни (эй, Муҳаммад!) уларга гувоҳ қилиб келтирганимизда, (уларнинг ҳоли) не кечур?!”(Нисо сураси, 41-оят.)оятига келганимда у зот: “Ҳозир кифоя қилади”, дедилар. Ўгирилиб қарасам кўзлари ёшга тўлган эди”. (Бухорий ва Муслим ривояти.)
Доримий ва бошқалар ўз санади билан ривоят қилади: Абу Мусо Ашъарийрозияллоҳу анҳуга Умар ибн Хаттоброзияллоҳу анҳу: “Бизга Роббимизни эслатгин”, дер эдилар. Шунда Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу у зотнинг ҳузурларида қироат қилиб берарди.
Баъзи солиҳ инсонлар бошқаларнинг қироатлари сабаб оламдан кўз юмганликлари ривоят қилинади.
Баъзи уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари айтиладиган ўринда аввалида ҳам, тамом бўлганида ҳам бир овози чиройли қорининг қироат қилишини мустаҳаб санаганлар.
Қуръон тиловат қилувчи инсон мажлисга муносиб ва лойиқ жойдан қироат қилиши ва унинг қироати хавфу-ражо, панду-насиҳат, дунёда парҳезкор бўлиш, охиратга тарғиб қилувчи, унга таёргарлик кўриш, орзу ҳавасни камайтириш ва ҳусни хулққа далолат қилувчи оятларни тиловат қилиши мақсадга мувофиқ.
Жалолиддин Ҳамроқулов
"Новза" жомеъ масжиди имом-хатиби
Тошкент ислом институти кафедра мудири
Уйқудан олдин ўқиладиган суралар
Уйқудан олдин Оятал Курсий, Ихлос сураси, Муаввизатайн, Бақара сурасининг охирини ўқиш мустаҳабдир. Бу эътибор қаратиш муҳим бўлган ва таъкидланган ишлардандир. Бу борада бир неча саҳиҳ ҳадислар ривоят қилинган.
Икки саҳиҳ тўпламда Абу Масъуд Бадрийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Кимки кечқурун Бақара сурасининг охирги икки оятини ўқиса, унга кифоя қилади”. Бир жамоа уламолар “кифоя қилади” деган иборани “кечаси қоим бўлишга кифоя қилади” деб изоҳлайдилар. Бошқалар эса “кечаси етадиган ёмонликларга кифоя қилади” дейдилар.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар кеча Ихлос сурасини ва Муаввизатайнни ўқирдилар.
Али розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоят келтирилади: “Исломга кирган ақлли бирор инсонни оятал курсийни ўқимасдан ухлаганини кўрмаганман”.
Али розияллоҳу анҳудан қилинган яна бошқа ривоятда шундай дейдилар: “Исломга кирган ақлли бирор инсонни Бақара сурасининг охирги уч оятини ўқимасдан ухлаганини кўрмаганман”. (Бунинг исноди Бухорий ва Муслимларнинг шартига кўра саҳиҳдир.)
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Бирор бир кечани Ихлос сураси ва Муаввазатайнни ўқимасдан ўтказмагин”, дедилар. (Шундан кейин) мен бирор бир кечани Ихлос сураси ва Муаввазатайнни ўқимасдан ўтказмадим”.
Иброҳим Нахаъийдан ривоят қилинади: “Улар (аввалгилар) ҳар кеча ана ўша уч сура (Ихлос сураси ва Муаввазатайн)ни ўқишликни мустаҳаб билардилар”.
Яна ушбу кишидан ривоят қилинади: “Улар ётоққа ётган вақт Муаввизатайнни ўқишни таълим берардилар”.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зумар сураси ва Бани Исроил (Исро) сурасини ўқимагунларича ухламасдилар”. (Термизий ривоят қилган ва буни ҳасан ҳадис деган.)
Ҳар кеча уйқусидан уйғониб кетса Оли Имрон сурасини охири إِنَّ فِي خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ оятидан охиригача ўқишлик мустаҳаб. Чунки, икки саҳиҳ тўпламда Оиша онамиздан қуйидаги ривоят мавжуд: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар уйғониб кетсалар, Оли Имрон сурасини охирини ўқир эдилар.(Бухорий ва Муслим ривояти)
Жалолиддин Ҳамроқулов
"Новза" жомеъ масжиди имом-хатиби
Тошкент ислом институти кафедра мудири
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.